Қайднома

Қидирув

Александер Чеферин: «Санкт-Петербург мутлақо тайёр»

Александер Чеферин: «Санкт-Петербург мутлақо тайёр»

  17.10.2019 03:03
  0
  448
Александер Чеферин: «Санкт-Петербург мутлақо тайёр»

УЕФА Европа ЧЛ-2021 финал учрашуви мезбонлик ҳуқуқини Санкт-Петербургга ишониб топширди. Чунончи, Нева дарёси бўйидаги бу шаҳар ажойиб инфратузилмага эга - Питерга ташриф буюрган мухлислар бетакрор саёҳатдан ҳам баҳра олишлари мумкин. «Кўҳна қитъа» футболини бошқараётган ташкилот раҳбари Александер Чеферин ҳам ўз интервьюсида буни алоҳида таъкидлади. УЕФА президенти шунинг баробарида тарихда илк марта нақ 12та мамлакатда ташкил этилажак Евро-2020 турнири муваффақиятли ўтишига ишонч билдирди. Европа футбол уюшмаси бунинг учун мавжуд имкониятлардан тўлиқ фойдаланади. Чеферин шунингдек, клублар ўртасида йўлга қўйиладиган 3-евротурнир - Конференциялар Лигасидан кўзланган мақсад хусусида ҳам бафуржа тўхталди.

 

- Мана, ўтган йили ЖЧ-2018га мезбонлик қилган Россиянинг 11та шаҳридан бири - Нижний-Новгородда суҳбатлашиб ўтирибмиз. Бўлажак йирик мусобақа - Евро-2020 эса 12та шаҳарда, лекин бутун қитъа ҳудудида ташкиллаштирилади. Қолаверса, сиз УЕФА президенти сифатида дастлабки йирик турнирни қарши оласиз. Қитъа чемпионати ўйинларини бир вақтнинг ўзида шунча шаҳарда ўтказиш осон эмас, албатта...

- Шахсан менда турнир жуда катта қизиқиш уйғотишига шубҳа йўқ. Шу тариқа УЕФАнинг 60 йиллик юбилейига муносиб совға тайёрлашни мақсад қилганмиз. Тушунарлики, яхлит мусобақани бир неча мамлакатда ташкиллаштириш анча қийин масала. Тасаввур қилинг, турли шароитлар, хилма-хил қонунлар, турфа пул бирликлари... Шуларни назарда тутсак, ташкилотимиз олдида ўта мураккаб юмуш турибди. Муҳими, барчасини енгиб ўтишга тайёрмиз, фақат бўлажак мусобақа узоқ вақт хотиралардан ўчмаса, бас.

- Дейлик, мезбон мамлакатлардан бири жамоаси, масалан, Озарбайжон термаси саралаш босқичидан ўтолмади. Унда нима бўлади?

- Бу ҳақда ҳеч нарса деёлмайман, спорт тамойиллари бузилмайди, барибир.

- Албатта, футбол мўъжизалардан холи эмас, аммо мезбон жамоа саралаш босқичида қолиб кетса, ташкилотчилар логистика жиҳатидан қандай қийинчиликларга дуч келишлари мумкин?

- Логистика масаласида қўшимча муаммолар юзага келмайди. Бироқ мезбон жамоанинг мусобақада иштирок этмаслиги умумий муҳитга таъсир этиши мумкин. Ўз ўрнида шуни таъкидлашим жоизки, бўлажак қитъа биринчилигини чамаси 3 миллиондан кўп мухлис стадионларда кузатади. Дейлик, июль ойида 1,9 млн. дона чиптага ариза олдик. Чипталар тўлиқ сотилишига ишончим комил. Албатта, иштирокчилар орасида мезбон жамоалар кўпроқ бўлиши тарафдориман. Лекин саралаш жараёнига таъсир этишнинг имкони йўқ асло.

- Ҳа, ҳаммаси яшил майдонларда ҳал бўлади. Пайшанба оқшомида Россия термаси шотландларни мағлубиятга учратиб, финал босқичи йўлланмасини деярли нақд қилиб улгурди. Россиянинг Евро-2020 мезбонлари қаторига кирган шаҳари тайёргарлигини қандай баҳолайсиз?

- Санкт-Петербург мусобақага мутлақо шай. Бунга ўтган йили ЖЧ пайтиёқ ишонч ҳосил қилганмиз. Шаҳар тайёргарлик бобида мукаммал тест вазифаларини тўлиқ бажарди. Шунингдек, Россия ҳам синовдан аъло даражада ўтди. Текширувларда шахсан ўзим қатнашдим ва УЕФАнинг бу масалада хотиржам эканлигини бемалол таъкидлай оламан.

- Ўйлаб кўрилса, «Петербург» стадиони ноёб спорт иншооти эканлиги ойдинлашади. Арена бунга қадар Конфедерациялар кубоги ва ЖЧ ўйинларини қабул қилди. Энди эса Европа чемпионати баҳслари ҳамда ЕЧЛ финалига ўз бағрини очади. Айнан шу арена танланганининг асосий боиси нима?

- Аввало, эслатишим керак, миллий федерациялар 1та стадион номидан ариза бериши мумкин эди. Россия эса айнан Санкт-Петербург номзодини илгари сурди. УЕФА кейинчалик ЕЧЛ финалини ҳам шу шаҳарга топширишни маъқул кўрди. Чунки бу ўзимиз учун ҳам бебаҳо тажрибадир. Таомилга мувофиқ, ҳал қилувчи баҳс қитъанинг турли давлатларида ташкиллаштирилади. Лекин ҳар сафар мухлисларга ажойиб саёҳат имкониятини яратишимиз шарт.

- Футбол оламидаги энг йирик ташкилотлардан бирининг раҳбарисиз. Айтингчи, фаолиятингизда айнан қандай қийинчиликларга дуч келяпсиз?

- Вазифам жуда мураккаб, лекин шунинг баробарида ўта қизиқарли. Ҳар куни турли муаммолар, қийинчиликлар учраши табиий ҳол. Муҳими, футбол тараққиётга талпинаётгани бизга қўшимча қувват бағишлайди. УЕФАнинг ФИФА таркибига кирмаслиги ҳаммага маълум. Қисқаси, ташкилотимиз мустақил фаолият юритади, даромадимиз ФИФА ва ХОҚ каби йирик уюшмаларникидан 3-4 баравар кўп. Демоқчиманки, УЕФА кўлами бутун дунё футболини қамраб олган. Мисол учун, ЕЧЛ финали сайёрамиздаги энг йирик спорт воқеаси, шубҳасиз. Албатта, қийинчилик етарли. Бироқ чарчоқ ёки муаммолар кўпайиб кетган пайт менинг ўрнимга кўз тикканлар кўп эканлигини ўйлайман. Шундай экан, шикоятга ўрин йўқ, фақат ишлаш керак.

- ЕЧЛ финалини спорт оламининг энг йирик воқеаси сифатида таърифлаяпсиз, лекин уюшмангиз шу билан чекланишни истамай, янги турнирларни йўлга қўймоқда: Европа Миллатлар лигаси, энди эса клублар ўртасидаги 3-еврокубок мусобақаси. Буниси УЕФА раҳбари сифатида камтарин клубларга имконият яратиш режасими?

- Энг муҳими ва мураккаби - рақобат мувозанатини сақлаб қолиш. Айрим клубларнинг ўта бадавлатлиги ва бошқаларнинг қашшоқлашиб бораётгани - футбол келажаги учун улкан муаммо. Кичик давлатлар, шунингдек, айрим йирик мамлакатларда халқаро учрашувлар кўпайиши керак, жумладан, Россияда. Зеро, бундай ўйинлар катта манфаат келтиради, йирик ҳомийлар билан ҳамкорлик ёшлар футболи, умуман, спортга кўпроқ сармоя киритиш имкониятини беради. Ўйлашимча, янги турнир ҳам ўз ўрнини топади. Европа Конфедерациялар Лигаси номини танлаганимизга келсак, кўзланган мақсад - ҳудудларни имкон борича футболга жалб этиш ва жойлардаги жамоаларга имконият бериш.

- Демоқчисизки, Россия, Руминия, Болгария ёки Греция каби мамлакатлар вакилларига «Бавария», «Реал», «Ювентус»дек грандларга қарши тўп суриш имкониятини бериш муҳим, шундайми?

- Йўқ, гап тўлақонли 3-еврокубок турнири ҳақида кетяпти. Сиз айтган вариант рўёбга чиқиши учун эса  «Бавария» каби клублар турнирда қатнашиши лозим, аммо бунинг эҳтимоли жуда кам. Асосийси, янги мусобқада ҳам ЕЛ каби жамоаларнинг юксалиб боришига хизмат қилса, бас.

- Вақтида 3-еврокубок сифатида йўлга қўйилган Интертото кубоги ҳеч қандай натижа бермаганди. Европа Конфедерациялар Лигаси билан ўша омадсизлик такрорланиши мумкинлиги хусусида хавотир йўқми?

- Асло. Ҳаммасини ҳисобга олганмиз ва яна бир қизиқарли мусобақа юзага келишига ишонамиз. Дастлабки босқичда ЕЧЛ воситаларидан фойдаланишга тўғри келади, албатта. Кейинчалик ҳомийлар билан ҳамкорлик ҳисобига чексиз имкониятларга эга бўламиз. Камтарин жамоалар ўртасидаги баҳслар гоҳида «Бавария» ва «Барселона» савиясидаги грандлар беллашувларидан ҳам қизиқарлироқ кечади. Чунки улар чекка ҳудудларда ўтади.

- УЕФА тепасига 2016 йили келдингиз. Бунгача футболга қандай қарагансиз? Эшитишимизча, аслида футбол кишиси эмасдингиз. Қизиқ, бошида сизда ким кучлироқ таассурот қолдирган, севимли ўйинчингиз...?

- Футболга 1974 йилдан бошлаб чинакамига меҳр қўйдим. 1978 йили Аргентинада бўлиб ўтган ЖЧ мен кўрган илк мундиалдир. Ўша давр собиқ Югославияда барча спорт турларига жиддий эътибор қаратиларди. Лекин жойларда футболга муносабат турлича эди. Доимо шундай фикрдаман: енгил атлетика спорт қиролича бўлса, футбол - спорт қироли!

- Демак, спорт қиролининг асосий қисми қўмондонисиз...

- Шундай бўлишга интиламан.

- Айнан шу соҳада фаолият юритишингизни қачон ва қандай тушуниб етдингиз?

- Ҳаммаси жуда тез юз берди. Аслида ҳаттоки, Словения футбол федерацияси президенти бўлиш ҳам хаёлимга келган эмас. Ташкилот инқирозга юз тутган, юрист, яъни холис кўмакчига муҳтож эди. 5 йилдан кейин жаҳон футболида шундай вазият такрорланди: айрим футбол маъмурларини ҳибсга олишди, катта можаролар юзага келди. Шунда турли федерациялардаги касбдошларим менга УЕФА раҳбарлигини таклиф этишди. Қолгани шунчалик тез ривожландики, келажагим мени ташвишлантирмай қўйди. Ҳаётнинг ўзи ҳаммасини жой-жойига қўяди, ахир.

- Айтиш мумкинки, қисқа вақтда қийшиқ қайиқни тўғрилаб қўйдингиз...

- Биласизми, бу йил Римда бўлиб ўтган сайловда 100 фоиз овоз олганим кўп нарсани англатади. Демакки, қайиқ равон сузмоқда, аммо олдинда нималар кутаётганини ҳеч қачон билолмайсан. Соҳилдан қача узоқлашсанг, шамол шунчалик кучаяверади.

- Қайиққа муайян йўналишни белгилаб, жадал илгарилашни таъминладингиз. Айтингчи, УЕФА келажагини қандай тасаввур қиляпсиз? Янги турнирлар ва юксак технологиялар даврида мухлислар нималарни кутишлари мумкин?

- Аввало, фарзандларимиз биз каби эмасликларига эътибор қаратишни хоҳлардим. Улар 2 соат телевизор қаршисида ўтирадиган болалар эмаслар. Рақамли ёндашувни ўрганишимиз, нимани қандай амалга ошириш хусусида жиддий бош қотиришимиз лозим. Рақобатда мувозанатни таъминлай оладиган ечимни топиш шарт. Акс ҳолда, бадавлат клублар бойишда давом этиб, қолганлари ночорликка юз тутиши  аниқ. Қисқаси, ечилмаган муаммолар йўқ эмас. Лекин УЕФАни порлоқ келажагига шубҳа қилмайман. Тўғри, ривожланиш суръатини муайян даражада ушлаб туришнинг иложи йўқ, аммо доимо олға интилишда давом этиш - давр талаби.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz