Андорра миллий термаси ўз тарихида 3-ғалаба (!)ни нишонлади. Камтарин жамоага ноёб натижа тақдим этган ягона гол ҳаттоки, клуб футболида ҳам рақиблар дарвозасини деярли нишонга олмайдиган ўйинчи ҳисобига ёзилди. Хўш, андорраликлар ҳисоб бўйича 3-ғалабани қандай қўлга киритишди? Bombardir.ru сайтининг қуйидаги мақоласи шу ҳақда.
Андорра миллий жамоаси сардори ёзда ўйин бобида сезиларли тараққиётга эришаётганлари ҳақида гапирганди. Мана, Евро-2020 саралаши доирасидаги навбатдаги учрашувда унинг фикри амалий тасдиқ топди. «Митти» жамоа ҳам савия, ҳам таркиб нуқтаи назаридан ўзига нисбатан кучлироқ саналган Молдова термасини 1:0 ҳисобида мағлибиятга учратди. Андорра - қудратли Испания ва Франция ўртасида жойлашган мўъжазгина мамлакат. Тушунарлики, андорраликлар ҳам кўплаб кичик мамлакатлар каби кучли миллий жамоага эга эмаслар. Энди заифгина терманинг нодир муваффақиятига дахлдор 5та факт билан танишамиз.
1-факт. Андорра термаси 2017 йилнинг 9 июнидан буён майдондан илк марта расмий ўйин ғолиби сифатида чиқиб кетди. Андорраликлар ўшанда ЖЧ-2018 саралаши доирасида Венгрия термасини қабул қилиб, кутилмаганда, 1:0 ҳисобида устун келишганди.
2-факт. Андорраликлар Молдова термаси устидан қозонилган ғалаба эвазига ўз гуруҳлари турнир жадвалида охирги ўриндан 1та юқори поғонага сакрашди. Душанба кун (кеча)ги турдан олдин молдоваликларда ҳам 3 очко бор эди (улар ўз майдонларида айнан Андорра термасини енгишган), лекин тўплар нисбати андорраликларда яхшироқ. Умуман олганда, Андорра термаси ўз тарихида бирор саралаш турнирини охирги ўриндан юқорида якунлаган эмас. Демак, «митти» жамоа бу сафар ўзининг энг яхши натижасини қайд этиш имкониятига эга.
3-факт. Андорра термаси якунига етган Европа Миллатлар лигасида яхшироқ натижа кўрсатишга яқин келганди. Чунончи, бу мусобақада гуруҳлар жамоалар савиясига қараб шакллантирилади. Қисқаси, андорраликлар ўз гуруҳларида нисбатан кучсизроқ саналган Грузия, Қозоғистон ва Латвия термаларига қарши ўйнашди. Бироқ улар 4та учрашувда дуранг натижа қайд этишдию, бирор рақибни енгиш уддасидан чиқишмади. Шу тариқа турнирни худди Латвия термаси каби 4 очко билан якунлаган доимий аутсайдер фақат тўплар нисбатига кўра, охирги ўринда қолди, барибир.
4-факт. Молдова термасига қарши баҳсдаги ягона гол 29 ёшли ярим ҳимоячи Марк Валес ҳисобига ёзилди. У бунга қадар Андорра миллий жамоаси сафида нақ 62 марта майдонга тушган, аммо лоақал 1та гол урмаганди. Хуллас, Марк жамоадаги дебют голини 63-ўйинида нишонлади. Энг қизиғи, Андорра футболи қаҳрамонига айланган ярим ҳимоячи ўзи ўйнаган охирги 3та клуб - «Саннефьорд» (Норвегия), СИКе (Финляндия) ва «Оспиталитете» (Испания)да ҳам гол қувончини туймаган экан. Ваҳоланки, улар сафида жами 63 марта майдонга тушган.
5-факт. Жамоасардори - 39 ёшли Ильдефонс Лима июль ойида берган интервьюсида ўйин бобида сезиларли силжишга эришаётганларини таъкидлаганди. «Футбол оиласига кириб келганимизда, аввалига дуч келган рақиб бизга 6-7тадан гол «тортиқ» этар ва бу гўёки, меъёр ҳисобланарди. Энди ўйинни бироз кучайтирдик, тактик лаҳзаларни ҳам фаҳмлай бошладик. Бундан 15 йилча муқаддам Европада ҳаттоки, ўртамиёна жамоалар сирасига кирмайдиган рақиблар ҳам бизни бемалол 3:0 ҳисобида мағлубиятга учратишарди. Мана, ўтган йили Миллатлар лигаси доирасида ўз майдонимиздаги бирор ўйинни бой бермадик. Асосийси, на грузинлар, на қозоқлар ва на латишлар ўйин бобида устунлик қилишди. Ваҳоланки, уларда профессионал даражадаги чемпионат бор. Қолаверса, терма жамоалар бинойидек клубларда ўйнайдиган профессионал футболчилардан тузилган. 2017 йили эса расмий учрашувда Венгрия термасини мағлуб этдик. Бу жамоа бир йилча олдин Европа чемпионатида чакки таассурот қолдирмаганди...», - деганди Лима. Ҳа, унинг тараққиёт ҳақидаги гапларида жон борга ўхшайди...
Андорра миллий жамоасининг тарихдаги 3та ғалабаси
(расмий турнирлар ҳисобидан)
1). 2006 йил. Андорра - Македония - 1:0 (ЖЧ-2006 саралаши)
2). 2017 йил. Андорра - Венгрия - 1:0 (ЖЧ-2018 саралаши)
3). 2019 йил. Андорра - Молдова - 1:0 (Евро-2020 саралаши)
Андорра термаси ҳисобида яна 4та ғалаба бор, фақат улар ўртоқлик ўйинларида қўлга киритилган:
1). 2000 йил. Андорра - Беларусь - 2:0
2). 2002 йил. Андорра - Албания - 2:0
3). 2017 йил. Андорра - Сан-Марино - 2:0
4). 2018 йил. Андорра - Лихтенштейн - 1:0
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20