Қайднома

Қидирув

Топқирга тажриба шартмас

Топқирга тажриба шартмас

  19.10.2019 03:13
  0
  478
Топқирга тажриба шартмас

Хорижлик касбдошларимизнинг қуйидаги материали ёшлар мураббийи мақомидан техник директор лавозимига кўтарилган Димитри де Конденинг 4 йиллик муваффақиятли фаолиятига бағишланган.

Дарҳақиқат, 2015 йилда «Генк» раҳбарияти клуб академиясида тарбияланувчиларга таҳсил бериш билан машғул бўлган мураббийга дабдурустдан техник директордек масъулиятли лавозимни ишониб топширганди. Табиийки, бу ўта қалтис қарор эди: биринчидан, де Конде музокаралар олиб бориш ва таркибни шакллантириш борасида ҳеч қандай тажрибага эга эмасди. Иккинчидан, унда «Генк»ни иқтидорли футболчилар билан таъминлашга қодир бўлган скаутлар тармоғи ҳам йўқ эди. Боз устига, янги техник директор таниқли агентлар билан доимий алоқалар бобида ҳам мақтана олмасди.

Бироқ ортда қолган 4 йил ичида Димитри замонавий трансфер бозорида кўпчиликни лол қолдирган ҳолда ғаройиб, баъзан ҳатто мантиққа зид натижаларни намойиш этмоқда. Яъни, муваффақиятга эришиш учун улкан тажриба ва муҳим алоқалар албатта зарур эмаслигини амалда исботламоқда. Аксинча, шундай кўмакчиларнинг йўқлиги уни мустақил равишда изланишга мажбур этмоқда ва де Конде фақат ўзига мақбул бўлган ечимлар асосида иш юритмоқда. Номдор жамоаларда бирор-бир қарорни кенг доирада, кўпинча бир-бирини инкор этадиган нуқтаи назарлар муҳокамасидан кейин қабул қилишади. «Генк»да эса Димитри фақат ягона скаут - Дирк Схуфснинг ёрдамидан фойдаланди ва ҳамкорликда ўз империясини ўрнатди.

Энди клуб шу 4 йил ичида Европа бозорини қайси тарбияланувчилари билан тўлдирганига эътибор беринг: Уилфред Ндиди, Леон Бэйли, Руслан Малиновский, Жозеф Айду, Сергей Милинкович-Савич, Омар Колли - буларнинг ҳар бири жамоага 2 млн.га етмаган баҳода харид қилинган ва кейин бир неча баробар кўпроқ даромад келтиришган.

Ўз соҳаси бўйича тариқча тажрибаси бўлмаган мутахассис ҳар куни таниқли экспертлар маълумотларини таҳлил қилиш асносида «Генк» учун бир қатор қоидаларни яратди. Уларнинг сони аста-секин кўпайиб, ҳозирда 9тага етди:

1. Жамоа таркибининг учдан бир қисмини ўз тарбияланувчилари ташкил этиши керак. Муҳим жиҳат: хорижий ёш иқтидорларни харид қилиш мумкин, аммо жамоа асосини академия сабоғини олган ўйинчилар ташкил этадилар. Чунки клуб анъаналарини яхши тушунадилар. Клуб ҳам, ўз навбатида, бозорни эътибордан қочирмаган ҳолда фаолият юритиши шарт: Тибо Куртуа, Кевин де Брюйне, Дивок Ориги, Кристиан Бентеке каби юлдузлар туфайли «Генк» академияси юксак нуфузга эга бўлди. Тарбияланувчилар баҳосининг юқори бўлишида бу муҳим роль ўйнайди;

2. Агар қайсидир позицияга ўз юртингиздан муносиб номзод топа олмасангиз, четга чиқинг ва ўзингиз изланг. Вақт ўтиши билан иқтидорли футболчиларни ўз кучи билан қидириб топиш «Генк» учун асосий қоидага айланди. Схуфс яна 5 нафар скаутни ўз сафига қўшиб олди. Шу тариқа клуб 7 нафар мутахассисга таркибни савияли футболчилар билан таъминлаш вазифасини юклади. Замонавий футболда кам учрайдиган ҳодиса;

3. 24 ёшдан ўтган хорижлик футболчиларни харид қилманг. Бунинг сабаби шуки, ўз маҳоратини бирданига намойиш эта олмаётган легионерга адаптация учун вақт бериши керак. Агар шунда ҳам футболчи ўз ўйинини топа олмаса, уни сотиб юбориш лозим бўлади. Ёш футболчини осонликча сотиб юбориш мумкин;

4. Ёшларга сармоя сарфлашдан чўчиманг. Катталар футболида атиги 2 ой бўлса ҳам тўп сурган ва техник маҳорати ҳамда мослашиш қобилияти талаб даражасидаги футболчи «Генк»ни қониқтиради;

5. Танлаган вариантингиздан воз кечманг: бугун имконсиз бўлган мақсадга эртага эришиш мумкин. Де Конде учун яна бир ибратли сабоқ. Бозордаги вазият тез-тез ўзгариб тургани боис, танланган футболчидан воз кечиш тўғри эмас. Янги номзод аввалгисидан савиялироқ бўла олмайди. Шу сабабли уни харид қилиш имкониятини сабр билан кутиш лозим;

6. Футболчини сотишдан аввал уни ўз истагингиз билан сотаётганингизга, шундай қилишга мажбур эмаслигингизга ишонч ҳосил қилинг. Бу ўз-ўзидан тушунарли: зарурат туфайли ўйинчини сотиш доимо зарарингизга ишлайди, уни истаган нархингизда сота олмайсиз. Де Конде бошчилигидаги сўнгги 3 мавсумда «Генк»нинг олди-сотдилари ижобий бўлмоқда. Демак, клуб ўз футболчиларини рисоладагидек баҳода пулламоқда;

7. Фақат савияси талабга жавоб берадиган футболчиларни трансферга қўйинг. Бу билан ўзингиз ва клуб нуфузини янада оширасиз. Харидор сизнинг ўйинчиларингиздан Куртуа ва де Брюйне савиясини кутади;

8. Янги футболчилар учун махсус дастур ишлаб чиқиб, уларнинг ҳурматини ўрнига қўйинг. Ҳозирда келажаги порлоқ легионерлар даражасига кўтарилган Сандер Берге Бельгияга келган пайтида Генкнинг қаерда жойлашганини айта олмасди. Кейинчалик Берге жамоа томонидан унга тақдим этилган режа жуда маъқул бўлганини эътироф этганди: бир йилдан кейин қаерда бўласан, кейинги шартноманг қанақа бўлади ва неча йилдан кейин топ-лигага йўл оласан. Дебютантга бўлган эътибор икки томонга манфаат келтиради: Бергега охирги икки трансфер дарчасида «Генк»ни тарк этиш имкониятини беришди. Бироқ ишлари режадагидек кетаётгани боис, футболчи ҳозирча топ-лига ғоясини рад этди;

9. Доимо шошилинч ўйинчи алмаштириш учун захира варианти борлигига ишонч ҳосил қилинг. «Генк», «Бенфика» ва «Базель» каби донор-клубларнинг бош қоидаси ана шундай. Етакчи футболчиларнинг қайсиси жамоани тарк этишга тўлиқ тайёр ва унинг трансфери 3 нафар номзод билан музокара бошлашга имкон беришига амин бўлишинг керак.

Мана шу қатъий қоидалар Бельгиянинг ўртамиёна клубига топ-чемпионатлар вакиллари билан муносиб рақобатлашиш имконини бермоқда. Тажрибасиз, лекин изланувчан де Конде ҳозир ҳам агентлар ёрдамидан умидвор эмас.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz