Қайднома

Қидирув

«Қироллик» жарима тизими

«Қироллик» жарима тизими

  20.10.2019 01:03
  0
  425
«Қироллик» жарима тизими

ЖАҲОННИНГ ЭНГ СОВРИНДОР КЛУБИДА ҚОИДАБУЗАР ФУТБОЛЧИЛАРГА ҚАНДАЙ ЧОРА КЎРИЛАДИ? Бир қарашда, «Реал»да жорий этилган моддий жарима тизими «юмшоқ»роқдек. Лекин Мадридда ички тартибни қатъий назорат қилишади. Сир эмас, жаҳоннинг деярли барча футбол клубларида ўзига хос ички қоидалар борки, уларни бузган ўйинчиларга нисбатан алоҳида жарима чоралари белгилаб қўйилган. Бу тизим машҳур жамоаларда ҳам бор, албатта, гарчи уларнинг таркибида энг сара юлдузлар тўп суришсада. Яқинда Испаниянинг Marca газетаси «Реал Мадрид»даги жарима тизими ҳақида аниқ маълумотларни ошкор этди. Табиийки, жаҳоннинг энг бой ва совриндор жамоаларидан бири қоидага бўйсинмайдиганларга нисбатан қандай чора кўриши кўпчиликни қизиқтиради. Ўйлаймизки, championat.com сайтининг қуйидаги мақоласи «ИнтерФутбол» ўқувчиларини ҳам бефарқ қолдирмайди.

 

«Реал» футболчилари жуда катта миқдорда маош олишлари ўз-ўзидан тушунарли. Бироқ уларга қўлланиладиган моддий жазо анча «юмшоқ». Рақамларда айтсак, «Қироллик клуби» вакиллари ички тартибни бузган тақдирларида «писта пули» миқдорида жарима тўлашади - 250 евродан 3000 еврогача. Лекин масаланинг нозик томони шуки, футболчи арзимас қоидабузарлик туфайли ҳам моддий жазога йўлиқиши мумкин. Тўғри, қабул қилинган тизимни армия низомига қиёслаш қийин, аммо барчаси қатъий назорат остида. Қолаверса, белгиланган сумма жаҳон миқёсидаги ўртача иш ҳақи олдида бинойидек кўринади.

Хўш, «Реал» футболчиси қандай ҳолатларда жаримага тортилиши мумкин? Табиийки, барчаси алоҳида белгилаб қўйилган.

1. МашҒулотларгакечикиш

«Қироллик клуби» вакилларини моддий жазога тортилишларига энг кўп сабаб бўладиган ҳолат айнан маш-ғулотларга вақтида етиб келмасликдир. Бунда ўзига хос мураккаблик ҳам йўқ эмас. Ички тартибга мувофиқ, ҳар бир футболчи машғулотлар бошланишидан 45 дақиқа олдин базада тайёр туриши шарт. Жарима миқдори эса, футболчининг шу вақтдан қанча кечикишига боғлиқ:

5 дақиқа кеч қолиш - 250 евро

15 дақиқа кеч қолиш - 500 евро

15 дақиқадан кўп кеч қолиш - 1000 евро

Агар футболчи қандайдир сабаб билан машғулотлар жойига умуман келмаса, унда сўзсиз, 3000 евро йўқотади.

2. Мобиль телефонидан фойдаланиш

Ҳозирги даврда ҳаётни қўл телефонисиз тасаввур қилиш қийин. «Реал» раҳбарияти ҳам буни тўғри тушунади. Хуллас, футболчиларга гаджет олиб юриш тақиқланган эмас, лекин улардан фойдаланишда муайян қоидаларга амал қилиш шарт. Биринчидан, смартфон база ичида «Овозсиз» режимида бўлиши керак. Иккинчидан, назарий машғулотлар, тикланишга қаратилган тиббий жараён, кийиниш хонаси ва автобусда телофон ишлатиш қатъиян ман этилган. Ушбу қоидаларга риоя қилмаган футболчи биринчи марта 250 евро тўлайди. Бордию, қоидабузар тақиқланган жойларда телефонидан яна фойдаланса, унда клуб ғазнасига 500 ёки 1000 евро беришига тўғри келади.

3. ОртиҚча вазн тўплаш

Эден Азар ушбу банд ҳақида хабар топгач, енгил депрессия ҳолатига тушган бўлса, ажабмас. Зеро, бельгиялик ярим ҳимоячи «Реал» сафига қўшилганидан кейин ортиқча вазнга боғлиқ жиддий муаммоларга учради. Кўринишидан, Эден ниҳоят, ўз орзусидаги жамоа аъзосига айланганини бутун ёз бўйи севимли бувиси ёнида ўзгача нишонлаган, чоғи. Энди у аввалги спорт формасига қайтиш учун терга ботиб ишламоқда. Қизиқ, Азар семириб кетгани туфайли қанча жарима тўлаганкин? Бу борада аниқ маълумот йўқ, лекин катта миқдорда пул йўқотганини бемалол тахмин қилиш мумкин. Чунончи, «Реал»нинг ҳар бир футболчиси вазни ҳафтада бир марта ўлчаб кўрилади. Агар кимдир вазн ўлчаш жараёнини ўтказиб юборса, 250 евро миқдорида жарима тўлайди. Агар ўйинчининг белгиланган меъёрдан кўпроқ вазн орттиргани маълум бўлса, жарима миқдори 1000 еврони ташкил этади. Қисқаси, ушбу бандга мувофиқ, ҳар бир футболчининг вазни муайян меъёрдан ошиб кетмаслиги керак. Бунда албатта, ҳар кимга жуссаси ва организмига қараб, алоҳида ёндашилади.

4. Ўзбошимча кетиб Қолиш

Ғалати эшитилади, тўғрими? Лекин факт шуки, «Реал» футболчилари мураббийлар штаби рухсатисиз Мадриддан четга чиқиш ҳуқуқига эга эмаслар. Улар ҳаттоки, дам олиш кунлари ҳам ушбу қоидага амал қилишга мажбурлар. Бу масалада тартибни бузганларга турли миқдорда жарима солинади. Яъни ҳаммаси қоидабузар ҳаракатининг нечоғли жиддийлигига боғлиқ. Жариманинг максимал суммаси - 1000 евро. Мажбурий интервьюдан бош тортган, турли тадбирлар ва матбуот анжуманларида қатнашишни истамаган футболчи ҳам шу банд асосида жазога тортилади.

Marca нашри келтирган ҳужжатда кўрсатилган бандлардан ташқари, моддий жазога олиб келадиган яна бир қатор қоидалар бор, лекин уларнинг суммаси аниқ эмас. Демак, айрим тартиббузарликларга қанча жарима белгилашни клуб раҳбарияти ёки мураббийлар штаби ҳал қилади.

1. Жароҳатланган футболчилар ҳам жамоа йиғилган пайт базада бўлишлари шарт. Улар фақат шифокорнинг махсус рухсатномаси билан бу қоидани четлаб ўтишлари мумкин.

2. Футболчилар жамоанинг сафар ўйинлари ва йиғинлари давомида ўз хоналарига бегона кишиларни киритмасликлари керак.

3. Футболчилар матбуот анжуманларида клуб экипировкасида қатнашишлари шарт.

4. Жароҳатланган футболчилар ҳам ўйиндан олдин кийиниш хонасида жамоа билан бирга бўлишлари шарт. Улар жамоа майдонга тушгачгина хоҳлаган жойларига боришлари мумкин, аммо ўйин тугашидан чамаси 10 дақиқа олдин стадионга қайтишлари керак.

У.УМАРОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz