Қайднома

Қидирув

«Бавария»ни ким тўхтатди?

«Бавария»ни ким тўхтатди?

  20.10.2019 03:07
  0
  189
«Бавария»ни ким тўхтатди?

Бундеслиганинг чин «қирол» клуби - «Бавария» аввалига ЧЛ доирасида Лондонга сафар уюштириб, ўтган мавсум финалчиси «Тоттенхэм» додини берди - 7:2, кейин эса миллий чемпионат 7-турида «Хоффенхайм» билан тўқнашиб, кутилмаганда, 1:2 ҳисобида енгилди. Боз устига, ўз майдонида. Зинсхаймнинг нисбатан камтарин жамоаси сафида арманистонлик ҳужумчи Саркис Адамян бош ролни бажарди. «Альянц Арена»даги ўйинни жамоасининг бошланғич таркибида бошлаган «нотаниш» йигит 52-дақиқада «Бавария» ярим ҳимоячиси Корентин Толиссо хатосидан унумли фойдаланиб, жарима майдони ташқарисидан кучли зарба берди. Мануэль Нойер бу вазиятда дарвозасининг яқин бурчагига йўналтирилган тўпни қайтаролмади. Кейинчалик польшалик Роберт Левандовски ўртадаги мувозанатни тиклади. Қолаверса, «Бавария» яна бир қатор ўта қулай вазиятлар яратди. 79-дақиқага келиб, Адамян яна бир бора катта саҳнага кўтарилди. У шунчаки, биринчи голини такрорлади гўё - тўпни яна дарвоза бурчаги томон йўналтирди, Нойер яна ожиз. Тўғри, фарқли томони, «Хоффенхайм» ҳужумчиси бу сафар тўпни қабул қилиши билан зарба берди. Қисқаси, мюнхенликлар уни «ёпиш»га улгуришмади. Диққатни тортадиган жиҳати, Саркиснинг ҳар икки самарали зарбасидан кейин тўп марказий ҳимоячи Жером Боатенгнинг оёқлари орасидан ўтиб кетди...

 

Асосий факт шуки, Саркис Адамян Мюнхендаги баҳсга қадар Бундеслигада ҳали гол урган эмасди. Кўринишидан, арманистонлик ҳужумчи «Бавария»ни кутиб турган, шекилли. Аслини олганда, Саркис «Хоффенхайм» сафига ёзда қўшилиб, бирданига 3 йиллик шартнома остига имзо чекди. Арманистон миллий жамоасининг 26 ёшли ҳужумчиси аввалги мавсум Германия чемпионати иккинчи дивизиони (Бундеслига 2)да «Ян» клуби шарафини ҳимоя қилиб, 15та ўйинда 8та самарали узатмага муаллифлик қилганди. Обрўли Kicker нашри маълумотларига кўра, «Хоффенхайм» унинг трансферига 1,5 млн. евро тўлади.

Саркис 1993 йили Ереван шаҳрида туғилган. Орадан 5 йил ўтгач, Адамянлар оиласи доимий яшаш учун Германияга кўчиб ўтади. Бундеслига-2019|2020 7-тури қаҳрамони 2013 йили SVZга берган интервьюсида отаси Ереванда шахсий пойафзал фабрикасига эга бўлганини айтганди. Бироқ бизнеси орқага кетгач, 1998 йили оиласини олиб, Германиядан қўним топган. Ўша интервью вақтида катта Адамян юк ташувчи машина ҳайдовчиси бўлиб ишлар, Саркиснинг онаси эса пишириқ фабрикасида меҳнат қиларди. Умуман олганда, «Нойбранденбург» ва «Ганза» мактабларида таҳсил олган Адамян «Альянц-Арена»да «дубль» қайд этишигача Германияда бирор марта алоҳида кўзга ташланган эмасди. 

Саркис Адамян голлари ортидан келган мағлубият «Бавария» учун жорий мавсум ҳисобидан биринчисидир. Айни пайт Бундеслига турнир жадвали юқори қисмида ўта зичлик юзага келди. Қаранг, пешқадам - «Боруссия» М. ва 7-ўриндаги «Байер»ни атиги 2 очко ажратиб турибди. Бу иккиси орасида «Вольфсбург», «Бавария», «РБ Лейпциг», «Фрайбург» ва «Шальке» бор. Мюнхенда қимматли ғалабани тантана қилган «Хоффенхайм» эса ҳозирча 8 очкога эга (12-поғона).

***  Саркис Адамян Мюнхенда Бундеслигада атиги иккинчи ўйинини ўтказди.

***  Букмекерлар ўйиндан олдин мезбонлар ғалабасига арзимас коэффициент (1,13) белгилагандилар. Аксинча, «Хоффенхайм»нинг устун келишига пул тикканлар қийматни нақ 25 баравар (!) кўпайтириб олишди.

***  «Бавария» бош мураббийи Нико Ковач жанговар таркибга таянди. Яъни хорватиялик мутахассис Лондонда «Тоттенхэм»ни «эзиб ташлаган» таркибга атиги битта ўзгариш киритди - жароҳатланган Давид Алаба ўрнини Тьяго Алькантара эгаллади.

***  Саркис Адамян 2017 йилнинг ёзига қадар Германия футбол тизимида тўртинчи ўринда турувчи ҳудудий лигада ўйнаган.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz