Қайднома

Қидирув

«Шаҳарлик жавоҳир» ёки ҳаммаси Фоден ҳақида

«Шаҳарлик жавоҳир» ёки ҳаммаси Фоден ҳақида

  21.10.2019 05:02
  0
  454
«Шаҳарлик жавоҳир» ёки ҳаммаси Фоден ҳақида

Манчестердаги фаолияти давомида Хосеп Гвардиола бир шогирдига ўзга футболчиларга нисбатан бошқачароқ муносабатда бўлмоқда. Яъни, талабчан мураббий ҳозирча бу футболчи зиммасига бирор-бир вазифани юклагани йўқ, фақат унинг маҳоратига сайқал бериш билан банд. Футболчи ҳам устоз ўгитларига сўзсиз амал қилган ҳолда, унинг кўрсатмаларини бекаму кўст адо этишга интилмоқда. Мухлис ва мутахассислар эса яқин келажакда замонавий футболнинг «ўзга сайёралик» вакиллари бўлмиш Месси ва Роналдуларни ҳам «чангида» қолдириб кетиши тахмин қилинаётган ноёб жавоҳирнинг майдонга тушишини интизорлик билан кутишмоқда. Bombardir.ru мухлислар эътиборига яқин келажакда ёрқин ўйинлари билан футбол оламини ҳайратга солиш тараддудини кўраётган Фил Фоден ҳақидаги ҳикояни ҳавола этди.

«У ҳеч қаёққа кетмайди»

Яқинда хорижлик касбдошларимиз каталониялик мураббийни «Манчестер Сити»нинг 19 ёшли ўйинчиси Фил Фоденга оид саволлар билан «ўқ»қа тутишди. Фил жорий мавсумда АПЛ доирасида атиги 10, ЕЧЛда эса 1 дақиқа (шу дақиқа ичида гол уришга улгурди) тўп сурди. Вақтини майдонга тушмай ўтказаётган футболчининг тақдири хусусидаги саволга жавобан Пеп шундай деди:

«Фоден - ҳар қандай вазиятда ҳам сотилмайдиган ягона футболчи. Ҳатто 500 миллион евро таклиф қилинганда ҳам, Фил жамоада қолади. Биз унинг позициясига бошқа футболчини харид қилмаймиз. Давид Сильва ўз фаолиятини якунласа, унинг ўрнини янги афсунгар билан тўлдиришни аввалдан белгилаб қўйганмиз. У биз билан биргаликда улғайди, бизнинг тенг ҳуқуқли вакилимиз ва тез орада АПЛнинг энг сара ўйинчилари қаторидан жой олади».

Келганидан бери фақат мақтовлар эшитаётган бўлсада, Фил Фоден жуда кам майдонга тушмоқда. Аввалги мавсумда у 300, ундан аввалгисида эса 43 дақиқа тўп сурди. Тўғри, ўйинчи ҳали жуда ёш, лекин юксак баҳолардан кейин уни тезроқ майдонда кўриш иштиёқи ҳам кун сайин кучайиб бормоқда.

Уни Иньестага Қиёслаб, бўлажак Месси

дейишмоҚда

Фил Фоденга «Сити»нинг асосий таркибида майдонга тушиш Гвардиола келганидан кейин насиб этди. 2016 йилнинг декабрида Пеп уни ЕЧЛ баҳсида синаб кўриб, шундай деганди: «Ёш ўйинчилар хусусида илиқ фикрлар билдириш жуда хатарли - улар аввало, ўз маҳоратларини маромига етказишлари лозим. Аммо бу йигитча - улкан салоҳият соҳиби. Уни 100 фоиз юзага чиқариши учун барча имкониятларимизни сафарбар этамиз».

«Манчестер Сити» ёшлар тараққиёти бўлимининг собиқ раҳбари Жим Кассел: «Филнинг ноёб иқтидори 6 ёшдаёқ яққол кўзга ташланиб турарди. У Мессини эслатади. Фоденнинг нималарга қодир эканлигини манчес­терликлар кўрган эмаслар. У камолотга эришиб, майдонга тушганида, худди Месси каби 3-4 рақиб ўйинчиларини осонликча ортда қолдиради».

Фоденнинг ЕЧЛдаги дебютидан кейин Гвардиола шундай фикр билдирди: «Бу йигитча борасида қачондир шубҳа пайдо бўлади, деб ўйламайман. Ўзи озғин бўлишига қарамасдан, ўта бақувват ўйинчи. Унинг тўп учун курашиши мени ҳайратга солмоқда».

Гвардиола 2017 йилдаги мавсумолди тайёргарлигидан сўнг:

«Тилим ожиз. Мақтов учун керакли ибораларни топишга уринсамда, кўрганларимни кўнгилдагидек ифодалай олмайман. Фоден - тенгсиз! Сизлар - бахтли инсонларсиз, менга ишонаверинглар. Чунки унинг асосий жамоадаги илк ўйинига гувоҳ бўлдинг­лар».

«Оксфорд» бош мураббийи Карл Робинсон «Сити»га қарши кубок беллашувидан кейин:

«Унинг оёқлари гўё тўпни сеҳрлаб олгандек. Фоденнинг ақл-заковати ҳамда майдонда керакли йўналишни бехато топа олиш қобилияти ҳайратланарли. Унинг ўйинида бошқа футболчиларда деярли учрамайдиган қандайдир табиийлик мавжуд. Филнинг ҳаракатларини кузатар эканман, беихтиёр Иньестанинг «Барса»даги ўйинлари ёдимга тушди».

Яна Гвардиола: «Фил Фоденни ижарага? Ҳеч қачон! Ҳеч қачон! Бунинг сираям иложи йўқ. У узоқ-узоқ йиллар давомида биз билан бирга бўлади. Фоден - мураббийлик фаолиятимдаги энг моҳир футболчи».

Бернарду Силва: «Фил шундай тиришқоқлик ва ғайрат-шижоат билан шуғулланишда давом этса, икки йилдан кейин сайёрамизнинг энг сара ярим ҳимоячиси мақомига кўтарилади. Фоденнинг босимни ҳис этиш-этмаслигидан бехабарман, лекин қандай завқ билан тўп суришини яхши биламан».

Нима учун Фил ҳозиргача ўйнамаяпти?

Гвардиоланинг айтишича, бунинг асосий сабабчилари - Фоденнинг жамоадаги рақобатчилари: Де Брюйне, Давид Сильва, Бернарду Силва ва Илкай Гюндоган.

Англия терма жамоаси устози Гарет Саутгейт ҳам Пепнинг фикрларини тасдиқлади: «Фил жисмоний ривожланишда давом этмоқда. Гвардиола унинг маҳоратидан хабардор. Лекин рақибларнинг кучли эканликларини ҳам инобатга олмоқда».

Сўнгги йилларда ўйин амалиётининг йўқлигига Фоденнинг муносабати:

Икки йил аввал: «Майдонга тушганимда ўйиндан завқ олишга интиламан. Бор эътиборимни унга қаратиб, маҳоратимни ошириш ҳаракатида бўламан. Жамоа сафида ҳар куни ниманидир ўрганишга уринаман. Қисқаси, футболдан лаззатланаман, зерикишга вақт йўқ».

Бир йил аввал: «Шошилишнинг ҳожати йўқ. Пеп нима қилишини яхши билади, мен керакли пайтда ўйинга қўшиламан. Давид Сильва ва Кевин де Брюйненинг ҳаракатларини ҳар куни кузатиш орқали ва улардан ибрат олиш эвазига маҳоратимни ошириб боряпман. Бундан таш-қари, Гвардиоланинг машғулотлари ўйинимга сезиларли таъсир кўрсатмоқда».

Ҳозир: «Гвардиоланинг ўз нуқтаи назари бор, мен ҳам ўз фикримга эгаман. Шунчаки, ўйинга тайёр эканлигимни биламан, буни ҳис этиб турибман. Мунтазам шайлигимни ҳар куни машғулотларда исботлашга ҳаракат қиламан.

Жамоадошларим бироз сабр қилишни маслаҳат бермоқдалар. Бироқ мен ўйинга чанқоқман, майдонга тушиш ҳуқуқи учун курашни давом эттираман ва исталган лаҳзада тўп суришга шайман. Агар Пеп инглизларнинг Туркияга қарши (21 ёшлилар ўртасидаги Евро саралаши) беллашувини томоша қилган бўлса, зўр бўларди. Лекин у бунинг ўрнига гольф ўйнашни афзал кўрган бўлса, хафа бўлмайман».

 

Фоден нималарга эришган?

1. 2000 йилнинг 1 январидан кейин туғилган футболчилар орасида «Манчестер Сити» учун гол урган дастлабки ўйинчи;

2. ЕЧЛнинг «плей-офф» босқичида тўп сурган энг ёш англиялик футболчи (17 ёшу 283 кунлик);

3. ВВС таснифига кўра, 2017 йилдаги энг яхши ёш спортчи;

4. 17 ёшли футболчилар тоифасида Англия терма жамоаси сафидаги жаҳон чемпиони;

5. 17 ёшлилар ўртасидаги ЖЧнинг энг яхши футболчиси;

6. АПЛнинг икки карра чемпиони;

7. Англия кубоги соҳиби;

8. Лига кубогининг икки карра соҳиби.

 

Ҳ.АТАВУЛЛАЕВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz