Қайднома

Қидирув

Бутса ўрнига коньки

Бутса ўрнига коньки

  21.10.2019 08:05
  0
  333
Бутса ўрнига коньки

Чехия футболи афсонаси Петр Чех шу йилнинг ёзида бутсаларини михга илиб, «Челси»да техник масалаҳатчи вазифасига ўтганди. Мавсумлар оралиғида УЕФА Лондон клубига янги ўйинчиларни рўйхатдан ўтказишни тақиқлади, шу боис Чехнинг янги лавозимида юмуш кўп бўлмади. Унинг юртида хоккей оммабоплик бобида футболдан қолишмайди - биринчи рақамли спорт тури ва у бўш вақтини муз устида ўтказади. 37 ёшли кипер, ҳаттоки, ярим ҳаваскорлар лигаси вакили «Гилфорд Феникс» билан шартнома тузиб, муз майдончасидаги дебютини ҳам нишонлашга улгурди.

Британияда хоккей футбол каби машҳур эмас, лекин бутун мамлакатда ареналар етарли. 80-йилларда маҳаллий лигада кўплаб канадалик фахрийлар ўйнашган. Айни пайт Бирлашган қиролликда тўртта лига фаолият юритмоқда. Улар орасида Элит хоккей лигаси (EIHL) профессионал ҳисобланади, унинг етакчилари хоккей бўйича Чемпионлар Лигаси ва Қитъалараро кубокда қатнашишади. EIHLдан ташқари Англия, Уэльс ва Шотландия жамоалари яна учта ички ярим профессионал лигаларда иштирок этишади.

Юқорида айтганимиздек, Чех «Гилдфорд Феникс» билан шартнома тузди. Бу клуб 1992 йили ташкил топган, базаси Лондон яқинидаги кичик шаҳарчада жойлашган. 2017 йили «Феникс» Иккинчи миллий лига (NIHL2)га — Буюк Британиядаги энг суст лигага қўшилди.

Чех «Гилфорд»да шуғулланишни ёздаёқ бошлаганди. Ўшанда у 39-рақамни танлаган, сентябрь бошида эса шлемидаги аэрографияни намойиш этганди. Масканинг четки қисмларида Лондондаги собиқ жамоалари - «Челси» ва «Арсенал»нинг логотипи тасвирланган. Маҳаллий мутахассисларнинг таъкидлашларича, кипер хоккейга жуда тез мослашган. Петр рақиб томонидан йўлланган шайбаларни қайтаришни бошлаб юборди, катта эҳтимол билан жамоаси таркибини кучайтиради.

- «Феникс» сафида ўйнаш, янгича ўйин тажрибаси орттириш имконияти туғилганидан хурсандман, - деди Чех клубнинг расмий сайтига берган интервьюсида. - Умид қиламанки, бу ёш жамоага мавсумдаги мақсадларини рўёбга чиқариш, имкон қадар кўпроқ совринлар ютишида ёрдамим тегади. Профессионал футболдаги 20 йилдан сўнг бу мен учун ажойиб тажрибага айланади. Хоккейни болалигимдан томоша қилишни ва ўйнашни ёқтирганман.

NIHL2 баҳслари кечки пайт ёки эрта тонгда ўтказилади, чунки унда асосан ҳаваскорлар майдонга тушишади. Шундай экан, Чехда ўйинларга улгуришда муаммо бўлмаслиги турган гап. Маълумот учун, «Феникс» бош мураббийи ёрдамчиси Милош Мелишерик - собиқ хоккейчи, Петрнинг дўсти. Айнан у Чехни клубга таклиф қилганди.

Ўтган ҳафта Чех янги клубидаги дебютини ҳам нишонлади. «Суиндон Уайлд Кэтс»га қарши баҳснинг биринчи даврида Петр ишсиз қолди - унинг дарвозаси томон атиги 5та зарба йўлланди. Иккинчи даврда эса Чех хоккей посбони бўлишнинг нечоғли машаққатли эканини тушунди: рақиб 11та зарба йўллади, 2та гол урди, яна имкониятлар бўлди.

Учинчи даврдаги зарбалар бўйича статистика йўқ, аммо афтидан, Чех яна ишсиз қолган: «Гилдфорд Феникс» ютқазаётгани учун асосан ҳужум уюштирган, табиийки, «Суиндон Уайлд Кэтс» кўпроқ мудофаани ўйлаган. Асосий вақт ва «овертайм» дуранг билан тугади, буллитларда эса Петр дастлабки ва охирги зарбани қайтарди.

Ўйиндан сўнг собиқ футболчини учрашувнинг энг яхшиси деб топишди. Яна кимни ҳам танлашарди? Аммо кейинчалик Чех ушбу совринни эсламади - дарвозабон ушалган орзуси хусусида гапирди. «Болалигимда шундай ният қилгандим - ҳеч бўлмаса бир марта хоккей майдонида шайба суришни хоҳлагандим. Орзуим рўёбга чиқди. Бундай имкониятни энди мендан ҳеч ким тортиб ололмайди, ажойиб. Ўйлашимча, ёш ўйинчилар учун бу намуна бўлиши мумкин: орзу сари интилишда давом этилса, яхшиликларга эришиш муқаррар. Футболда ҳам худди шундай ҳолат кузатилган, барча ниятларим амалга ошган».

А.ИСРОИЛХОНОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz