Қайднома

Қидирув

Карен САФАРОВ: «Бизга футбол менежменти бўйича курслар етишмаяпти»

Карен САФАРОВ: «Бизга футбол менежменти бўйича курслар етишмаяпти»

  21.10.2019 10:18
  0
  151
Карен САФАРОВ: «Бизга футбол менежменти бўйича курслар етишмаяпти»

Газетамизнинг аввалги сонларида футбол менежменти масаласи бир неча марта кўтарилган. Бугун ушбу мавзуга яна тўхталишга қарор қилдик. Бунга суҳбатдошимиз - Ўзбекис­тондаги халқаро (Европа) сертификатга эга ягона футбол менежери сабабчи бўлди. Карен Сафаров Андижон давлат университетининг спорт факультетини, Россиядаги спорт менежменти бўйича олий курсларни тамомлаган. Суҳбатимизнинг дастлабки қисмидаёқ рўпарамизда ўз ишининг мутахассиси ўтирганини тушундик. У барча саволларга аниқ, очиқ тарзда жавоб берди, ҳар бир гапини далиллар билан исботлади.

 - 2000 йиллар бошида Москвадаги мураббийлар олий мактабида ўқиш имкониятига эга бўлган экансиз...

- Ҳа, шундай бўлган. Аммо чуқур мулоҳазадан сўнг мураббийлик иши менга тўғри келмаслигини тушундим, бу касбга қизиқиш туғилмагани сабабли, Москвага бормадим. Футбол менежменти, раҳбарлик, бошқарув кабиларга ҳамиша илиқ муносабатга бўлганман. Россиядаги менежментлик курсларидан хабар топгач, эдим ва дарҳол ўқишни бошладим.

- Таҳсил жараёни қандай кечди?

- Вақтимнинг ярми умумий спорт менежментини ўрганишга кетди, қолган ярми эса - бевосита спорт турининг ўзига бағишланди. Мен, албатта, футболни танладим.

- У ерда қандай баҳо олдингиз?

- Барчамиз «аъло»га топширдик, ваҳоланки, ҳар биримизга алоҳида топшириқ берилганди.

- Бу футболдаги коррупциядан дарак эмасми?

- Ўйлашимча, худди шундай. Шунчаки, ўқиш жараёнида ушбу сўз гапирилмади, аммо ҳар доим хаёлда турди. Мана, мен ҳам индамадим. Умуман олганда эса, сиз ҳақиқатни гапирдингиз.

- Аслида, коррупцияга қарши қандай курашиш керак?

- Бевосита коррупцияга қарши курашиш мантиқсизлик, ушбу иллатга боғлиқ инсонлар билан курашиш лозим. Футболимиздаги одамларнинг коррупцияга олиб борувчи йўлларини тўсиш керак.

- Яхши ғоя. Келинг, яна менежментга қайтамиз. Футболимизда машҳур менежерлар бисёр - Баҳром Давлатов, Бахтиёр Бобоев, Александр Шапран, Виталий Ни, мураббийликка келгунга қадар Вадим Абрамов ва Самвел Бабаян ҳам шу касб эгалари бўлишган. Уларнинг қайси бири футбол менежменти бўйича махсус курсларда ўқишган?

- Бу борада нимадир дейишим қийин, уларнинг ҳар бири билан танишман, аммо футболдаги ҳаётларини ўрганиб чиқмаганман. Ҳаммалари бўлмасада, кўпчилиги оммалашган йўлдан боришган: маъмурликдан бошлашган, йиллар ўтгани сари тажриба тўплаб, сўнгра раҳбариятда лавозимни эгаллашган.

- Лекин сиз бу йўлдан бормай, бирданига раисликка тайинландингиз.

- Ҳа, 2009 йилнинг январида «Андижон» ФК техник директорлигига таклиф қилишди. Ўшанда 34 ёшдан ўтгандим, бунга қадар футболда ишламагандим. Кечирасиз, сизга савол берсам бўладими?

- Албатта.

- Ҳозир клубларда раҳбарлик қилаётганларнинг қайси бири футбол менежментлиги бўйича таҳсил олишган?

- Жавоб беришга қийналяпман...

- Саволим бежиз эмас, зеро бизда бундай курслар йўқ. Мураббийлар, ҳакамлар учун бор, футбол менежменти ва бўлажак раҳбарлар учун йўқ. Жуда ғалати. Демак, дипломли ва сертификати бор мутасаддиларга эга эмасмиз, мутахассисларни етиштирмаяпмиз, бу эса ҳозирги раҳбарларнинг клуб менежментининг нозик жиҳатлари бўйича етарли ўқувга эга эмаслигини кўрсатади. Бу хато эмасмикан?

- Ўзбекистонда ўз фаолияти орқали даромад орттирадиган клублар борми?

- Умуман, бизда даромадли футболнинг ўзи йўқ. Ўзимиздаги катта, мини, пляж ва аёллар футболини олайлик - барчаси зарарга ишлайди. Умид қиламанки, қачондир вазият ўзгаради, лекин ҳозирча, камида яқин йиллар ичида ҳеч нарса ўзгармайди, янгиланишлар учун қандайдир аломат кўрмаяпман.

- Футболимиз даражаси қачон ўсишни бошлайди?

- Тайинли жавоб беришим мушкул. Мустақилликнинг илк йилларида Собиқ иттифоқ пайтидаги мураббийлар ва футболчилар ҳисобига футболимиз даражаси баланд бўлганди. Бундан юқорига кўтарилмади, бир муддат савия сақланиб турди, кейин эса, 90-йиллар охирига келиб позициямизни бой бера бошладик. Ҳозирги савиямиз чорак аср аввалгисидан анча паст. Бу саволингизга кимдир аниқ жавоб беради, деёлмайман.

- Жамоа кучини қандай аниқлаш мумкин?

- Ҳақиқий кучни фақат халқаро ареналар аниқлай олади. Ички чемпионатимизда ғолибликка эришаётган клубларга эътибор қаратмайман, уларнинг кейинчалик Осиё Чемпионлар Лигасида қандай қатнашишларини кузатаман.

- Тайёргарлик жараёнида қандай жамоаларга қарши ўйнаган маъқул - кучлиларгами ёки кучсизларга?

- Менимча, кучли рақиблар маъқулроқ. Чунки бундай жамоалар билан ўйинда заиф жиҳатларимиз аниқланади, ўз кучимизга етарлича баҳо бериш имконияти туғилади. Тайёргарлик пайтида кучсиз рақиб устидан қозонилган ғалабадан кўра, кучли жамоага ютқазиш кўпроқ фойда келтиради.

- Футболимизда сиз ҳурмат қилмайдиган одамлар борми?

- Ҳа, бор - ёши кичрайтирилган футболчилар. Бизда бундайлар жуда кўп, уларнинг фаолияти ёлғон билан бошланган. 15 ёшимда менга ҳам айни таклиф билан чиқишган, мамлакат термасига киришим учун шундай қилишим кераклигини айтишган. Мен кўнмаганман, термага «тоза» ҳужжатларим билан кирганман ва бу билан фахрланаман.

- Миллий жамоамизнинг энг заиф нуқтаси қайси?

- Бизда барча позициялар у қадар мақташга арзигулик эмас, аммо энг заифи сифатида ҳимояни кўрсатаман. 90-йиллар бошида Геннадий Денисов, Фарҳод Магометов, Александр Тихонов, Андрей Фёдоров, Февзи Давлетов, Улуғбек Рўзимов тўп суришди. Мустафо Билолов, Сергей Ковшов, Андрей Микляев ҳам улардан кучсиз эмасдилар. Олег Буров, Виктор Макаров, Игорь Волковни ҳам алоҳида эътироф этиш мумкин. Ҳозир савия ва маҳорат бобида деярли тенг бўлган 12 кишининг номини санадим. Тўрт ҳимоячи билан ўйнаганда, уч комплект борлигини англатади. Яъни, терма мураббийларида танлов катта бўлган. Ҳозир-чи? Мудофаа чизиғида бир хил футболчилар тўп суриб, ўйиндан сўнг энг кўп танқидларга учрашади. Аммо ўша ҳимоячиларни термага чақиришаверади, афтидан, уларга ўринбосар йўқдек.

- Футболдаги қайси фикр-мулоҳазаларга қўшилмайсиз?

- Бир неча йиллар аввал «Футбол шарҳи» кўрсатуви меҳмони шундай деганди: «Биздаги мураббийлар орасида жаҳон даражасидаги юксак малакали мутахассислар кўп». Бу фикрга қўшилмайман. Хулосамни ягона критерий орқали исботлашим мумкин. Мураббий юқори, боз устига халқаро даражадаги мутахассис мақомига эришиши учун у ўша юксак халқаро даражада катта натижалар, йирик ғалабалар қайд этиш лозим. Миллий жамоа­миз ҳозирча битта «олтин»га эга - Акрамов бошчилигида Осиё ўйинлари-94да қўлга киритилган. Кейинчалик бирорта медаль ҳам, кубок ҳам ютилмади. Клубларимизда битта расмий соврин бор - «Насаф» легионер мураббий билан ОФК кубогига эга бўлган. Мен ҳозир бутун жаҳон тан олган критерийни айтиб ўтдим. Студия меҳмонининг нимага асосланиб бундай деганини тушуниш қийин. Бу фикрни қаердан олди экан?

- Футболимизга доир энг қўпол фикрни эслай оласизми?

- Адашмасам, бир йил аввалги ўйиндан сўнг термамиз сардори ўйламай гапирганди: «... яхшиси, умуман ўйнамаган маъқул». Тун ярмидан ўтганда Facebook тармоғида ушбу интервьюнинг видео варианти жойланганида, остида юзлаб изоҳлар қолдирилди, уларнинг аксариятида сардор шаънига ҳақоратлар ёзилганди. Футболчилик - шундай касбки, уни танлаганлар ҳеч қачон ҳис-ҳаяжонларга берилмай, ўйлаб гапиришлари лозим.

- Сиз учун барча йилларда термани сардор сифатида олдинга бошлаган ҳақиқий етакчи ким?

- Бунақаси ягона - Фарҳод Магометов.

- Бирор маротаба федерация қарорига қўшилмаганмисиз?

- Мен спорт принципларига амал қилиниши тарафдориман. Федерация қуйи лигага тушиб кетган жамоаларни яна элитада сақлаб қолганини тушунмаганман. Тушиб кетишдими, демак олий лигага муносиб эканликларини қуйи дивизионда исботлашсинда, футбол қонунлари асосида қайтишсин. Акс ҳолда, амалдаги тартиб, регламент, спорт принциплари инобатга олинмаган бўлади.

- Энг қизиқарли мулоҳаза қайси?

- 2014 йили «Андижон» чемпионат тугашига тўртта тур қолганда, олий лигадан тушиб кетиши аниқ бўлди. Мавсум якунланганидан сўнг футболчилардан бири шундай деди: «Биз жуда ёмон ўйнадик, аммо яхши пул ишладик». Ёмон ўйнаб, яхши даромад орттиришнинг икки хил йўли бор. Ё жамоа мунтазам равишда ўйинни сусайтиради ёки ўйинчилар тотализаторда ўзларига қарши пул тикишади. Одатда, бундай нарсалар ҳақида оммага ошкора маълумот берилмайди, бу йигит эса ўз гапи билан мулоҳаза юритишга имкон яратди. Аммо келинг, уни аҳмоққа чиқармайлик, шунчаки, у жуда қувноқ футболчи.

 

 

МАЪЛУМОТ УЧУН:

 

Карен Сафаров - Андижон футболи тарбияланувчиси, 90-йилларнинг машҳур футболчиларидан бири. 1984-1994 йилларда Ўзбекистон ўсмирлар, ёшлар, олимпия термаларида ўйнаган. 1991 йили Собиқ иттифоқ ёшлар термасига (18 ёшлилар) чақирилган. Ўзбекистон футболининг 100 йиллиги (1912-2912) Энциклопедиясида «Ҳурмат зали» аъзоси. «Футбол фахрийлари лигаси» асосчиси (2008), «Пахтакор-79» хотирасига бағишлаб ўтказилган ўйин ташаббускори (2010), «Шарқ юлдузи» фахрийлар жамоаси асосчиси (2011).

 Игорь РЕШЕТНИКОВ суҳбатлашди


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz