Қайднома

Қидирув

Тоғлик топилма ёхуд Эндрю Робертсон ҳақида

Тоғлик топилма ёхуд Эндрю Робертсон ҳақида

  22.10.2019 01:11
  0
  222
Тоғлик топилма ёхуд Эндрю Робертсон ҳақида

Евро-2020 турнирининг саралаш босқичида «I» гуруҳида Бельгия ва Россия терма жамоаларидек жиддий рақибларга дуч келган Шотландия фаворитларга имкониятни бой бериб, йўлланмадан қуруқ қолди. Аслида АПЛнинг етакчи клубларида тўп сураётган футболчиларни ўз сафига жамлаган шотландлар мазкур баҳсларда ёмон тўп суришмади. Аммо асосий вазифани бажариш учун уларга бироз тажриба ва омад етишмади. «Футбол» ҳафтаномаси саралаш ўйинларида Шотландияни сардор сифатида майдонга олиб тушаётган «Ливерпуль» ҳимоячиси Эндрю Робертсон ҳақида мақола тайёрлади.

Слуцкий билан

ҳамкорлик

Бундан икки йил аввал «Ливерпуль» бош мураббийи Юрген Клопп «Халл Сити»нинг камтарин ҳимоячисини «Энфилд»га олиб келишда жонбозлик кўрсатган, «йўлбарслар» Леонид Слуцкий раҳбарлигида тўп сураётган эдилар.

«Слуцкий - ажойиб инсон. У билан кўпроқ ҳамкорлик қилишга улгурмадим. Бундан ташқари, «Ливерпуль» менга қизиқиш билдирганидан кейин мураббий менинг фаолиятимга эътибор бермай қўйди», - дея хотирлайди Робертсон. Молиявий муаммолар 2017 йилнинг июнида «йўлбарслар»ни иқтидорли ҳимоячидан воз кечишга мажбур этди. Эндрю жамоа ғазнасини 8 млн. фунтга бойитиб, «Энфилд»га ўтди, «қизиллар» эса энг тезкор ҳимоячилардан бирига эга бўлишди.

Кейинги икки мавсум 25 ёшли шотландияликнинг шиддатли тараққиётини исботлади: 2017|2018 йиллар мавсумида 22 марта майдонга тушган ҳимоячи кейингисини деярли тўлиқ (36) ўтказди. Аввалига «қизиллар»нинг испаниялик дебютанти Альберто Морено Робертсоннинг рақобатчиси бўлди. Бироқ юқори тезлик ва қанот бўйлаб амалга оширилган самарали рейд­лар эвазига Эндрю қисқа вақт ичида Клоппнинг ишончини қозонди.

«Довюрак тоҒлик»

Тез орада «Ливерпул»даги самарали иштирок эвазига юксалган нуфуз миллий терма жамоада ҳам акс эта бошлади - ўтган йилнинг кузида ҳимоячи ЕМЛ турнирининг гуруҳ босқичида Албания ва Исроил термаларига қарши беллашувларга «тоғликлар»ни сардор сифатида майдонга олиб тушди. Бу юксак эътирофдан биринчи бўлиб Юрген Клопп хабар топди.

«Қувончимга шерик бўлиши учун мураббийга хабар жўнатдим: «Мени сардорликка тайинлашди». У менга бош ҳарфлар билан жавоб йўллади: «ЭНДИ МЕН УЧУН ДОВЮРАК ШОТЛАНДИЯЛИКСАН!» («Довюрак» - Мэл Гибсон ижросидаги Шотландия мустақиллиги курашига бағишланган фильм) Ҳаммаси жуда ажойиб бўлганди», - дейди Эндрю.

Дарҳақиқат, Робертсоннинг тараққиётида германиялик мутахассиснинг ҳиссаси катта. Ахир яқин ўтмишда ҳимоячи тушкунлик даврини бошдан кечирган ва футболдан воз кечишга яқин турганди.

Чипталар сотувчиси

Ёш Эндрюнинг футболдаги илк қадамларига тоғли ўлка болакайлари ҳавас билан қарашларига шубҳа йўқ. Чиндан ҳам, мамлакатнинг икки номдор академияларидан бирида таҳсил олиш ҳаммага насиб этавермайди. Эндрюга эса бу борада икки карра омад кулиб боқди. Биринчидан, уни «Селтик» академиясига қабул қилишди. Иккинчидан, у айнан шу жамоанинг ашаддий мухлиси эди.

«Болалик пайтимда ота-онам ва укам билан «Селтик Парк»ка йўл олардик. Биз 4та мавсумий абонемент­ни харид қилгандик. Укам иккимиз ҳамма ёққа Хенрик Ларссон суратини илиб ташлагандик. Ларссон чинакам афсона эди. Менинг хонамдаги деворлар ҳам яшил рангда эди. Хуллас, «Селтик» оиламизнинг бир қисми бўлган, ҳозир ҳам шундай. Ўсмирлар жамоасида тўп сурар эканман, ўзимни «Селтик Парк»да ҳис этардим», - дейди ҳимоячи.

Бироқ Эндрюнинг орзулари рўёбга чиқмади. Унинг гавдаси нозик, бўйи паст эканлиги туфайли академияни тарк этишга мажбур бўлганлиги мурғак қалбига кучли зарба берди. Шу боис Эндрю футболдан воз кечиш ҳақида ўйлай бошлади.

Моддий танқислик туфайли 16 ёшли Эндрю «Хэмпден Парк»да чипта сотиш билан шуғуллана бошлади. Миллий терма жамоа ва «Куинз Парк» клубига тегишли стадионда концертлар ҳам бўлиб турарди. Робертсон ўша фаолияти эвазига футбол беллашувларини томоша қилиш имкониятига эга эди. Охир-оқибат, чиптачилик уни яшил майдонга қайтарди.

Ҳал қилувчи танлов

Бўш вақтларида мактаб жамоаси шарафини ҳимоя қилиб юрган Робертсон, иттифоқо, «Куинз Парк» скаутлари эътиборига тушди ва унда ўзи учун яхши таниш бўлган стадионда чипталар ва беллашувлар дастурларини сотиш эмас, балки яшил майдонда тўп суриш имконияти туғилди. Тўғри, бундай қарорни қабул қилиш Эндрю учун осон бўлмади.

Ҳамма гап шундаки, Шотландиянинг кекса клубларидан бўлмиш «Куинз Парк» анчайин таниқли ва сов­ринлар бобида фақат «Селтик» ва «Рейнжерс»дан ортда бораётган бўлсада, ҳаваскорлик мақомидан воз кечишни истамаган ҳолда тўртинчи дивизионда тўп суриш билан кифояланиб келарди. Бу эса профессионал фаолиятни орзу қилган йигитча учун кўнгилдаги вариант эмасди.

«Қарорим кўпчиликни ажаблантиришини билсамда, «Куинз Парк» таклифига розилик билдирдим. Чунки жамоа ёш иқтидорларни тарбиялаш борасида самарали тизимга эга эканлигини билардим. Айнан шу клубда мен ҳозирги савиямга эришдим», - дейди Робертсон.

Меҳнат-машаҚҚатлар маҳсули

17 ва 19 ёшгача бўлган жамоалардаги сабоқлардан сўнг 18 ёшли ҳимоячи Шотландия Лига кубоги доирасида «Эйрдри Юнайтед»га қарши асосий таркибда майдонга тушди. Ўша мавсумда Эндрю «Куинз Парк» либосида 43та ўйин ўтказиб, 2 гол ва 3 «ассист»ни ўз ҳисобига ёздириб қўйди.

«Бу жамоада завқ билан тўп сурдим. Лекин доимо ундан кучлироқ жамоада ўйнай олишимга ишонардим ва шунга интилдим», - дея эслайди ҳимоячи.

Дарҳақиқат, машғулотлар ва ўйинлардаги тиришқоқлик ва машаққатли меҳнат эвазига Робертсон «Данди Юнайтед» орқали «Халл Сити»га, у ердан «Ливерпул»дек шонли жамоа сафига кўтарилди ва 25 ёшида кўпчилик футболчилар учун ушалмас орзуга айланиши аниқ бўлган нуфузли соврин - ЕЧЛ кубогига сазовор бўлди. «Золушка» эртаги каби мўъжиза, дейсизми? Йўқ, футболчининг ўзи бу фикрни қатъиян рад этади: «Шу пайтгача ҳеч ким менга сеҳрли таёқчани кўрсатган ёки у билан ёрдамлашган эмас. Дунёнинг энг яхши жамоаларидан бирида тўп суриш ҳуқуқини ҳам лотереяга ютиб олган эмасман. «Ливерпул»да ўйнашим ва терма жамоада сардор эканлигимнинг сабаби битта. Бунга эришиш учун ҳаётнинг кўпгина лаззатларидан воз кечдим, тинимсиз тер тўкдим. Шу йўл билан бор маҳоратимни юзага чиқардим».

 

МУҲАММАДСОДИҚ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz