Қайднома

Қидирув

Суперлига, 22-турнинг "ҳикояси": Нестеров қайтди ва...

Суперлига, 22-турнинг "ҳикояси": Нестеров қайтди ва...

  22.10.2019 03:30
  0
  385
Суперлига, 22-турнинг

Терма жамоалар ўйинлари туфайли юзага келадиган танаффуснинг жамоаларга турлича таъсир қилиши кўпчиликка маълум. Дейлик, бу сафарги қисқа таътил миллий жамоамиз бош мураббийи фВадим Абрамов қўл остидаги «Бун­ёдкор»га акс таъсир этган кўринади. Чунончи, «қалдирғочлар» ўз майдонларида АГМКга бас келолмадилар. 22-турнинг яна бир эътиборли воқеаси - ОФК томонидан белгиланган дисквалификация муддатини тугатган Игнатий Нестеров майдонга қайтди ва «Локомотив» ниҳоят, дуранглар исканжасидан чиқди.

1-КУН: МЕҲМОНЛАР ОШИҒИ ОЛЧИ...

Суперлигада қолиш учун кураш олиб бораётган «Қўқон-1912» ва «Қизилқум» ўртасидаги ўйин қайсидир маънода кутилмаган натижа тақдим этди - 1:2. Ваҳоланки, қўқонликлар илк дақиқалардан ҳужумкор футбол кўрсатиб, меҳмонларга бинойидек босим ўтказишди. Бу фаоллик 25-дақиқада самара ҳам келтирди. Бу вазиятла Ҳамидулло Абдуҳамидов Суперлигадаги деб­ют голини нишонлади. Азиз Тўхтабоев шогирдлари танаффусга қадар ҳисобдаги устунликни мустаҳкамлашлари ҳам мумкин эди. Бироқ уларга ҳужумларнинг охирги палласида аниқлик етишмади. Биринчи бўлимга қўшиб берилган дақиқаларда эса «Қизилқум» ҳисобни тенглаштирди. Гол муаллифи - Салим Мустафоев. Танаффусдан кейин ҳам қўқонликлар устундек кўринишди, аммо жамоа етакчиси Мурод Холмуҳаммедовнинг йўқлиги яққол билинди. 67-дақиқада навоийликлар ғалаба голини нишонлашди - қанотдан узатилган тўпни Стивен Лустица боши билан дарвозага йўллади. Шу тариқа «Қизилқум» турнир жадвали «қора рўйхати»дан чиқиб олди, «Қўқон-1912» эса «қулаш» ҳудуди ёқасига тушди...

Улуғбек Бақоевнинг жамоаси - «Сўғдиёна» бу йил совриндорлар қаторига киришга яққол даъвогар. Жиззахликлар бу сафар «Металлург» майдонида ягона гол эвазига ғалаба қозониб, очколар ҳисоби бўйича 3-поғонадаги «Бунёдкор»га тенглашди. Барчасини ҳал қилган гол 37-дақиқада Санжар Рашидов томонидан урилди. У бу вазиятда чап қанотдан жарима майдонига етказиб берилган тўпни Александр Лобанов дарвозасига жойлаб қўйди. Шундан сўнг бекободликлар ҳужумга зўр беришди. Хусусан, Дониёр Усмонов, Баҳром Абдураҳимов ва Ислом Исоқжоновда ҳисобни тенглаштириш учун яхшигина вазиятлар юзага келди. Лекин уларга совуққонлик етишмади. Қолаверса, «Сўғдиёна» кипери Милан Митрович жуда ишончли ҳаракатланди. Қисқаси, у шу куни «Дарвозабон - ярим жамоа» ибораси бежиз пайдо бўлмаганини амалда исботлади.

«Бунёдкор» - АГМК учрашуви ҳам меҳмонлар фойдасига ҳал бўлди - 0:2. Эътиборли томони, Миржалол Қосимов жамоаси ҳар икки голини биринчи бўлимда урди. Аввалига Мурод Тошматов ўзини кўрсатган бўлса, танаффусга чиқиш арафасида Бобур Йўлдошев ҳисобдаги фарқни оширди. «Қалдирғочлар» иккинчи бўлимда ҳарчанд уринишмасин, вазиятни ўнглай олишмади ва Суперлига ҳисобидан 7-мағлубиятни тан олишди. Айтганча, Абрамов - Қосимов қарама-қаршилигида ҳисоб янада йириклашди - 1:6. Ҳа, Миржалол Қосимов миллий жамоамиз устози учун энг ноқулай рақиб, шекилли. АГМК қаторасига 2та ғалабадан кейин ўз мавқеини анча яхшилаб олганини ҳам ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз.

 

2-КУН: ЧЕМПИОН ҒАЗАБИНИ КЕЛТИРМАНГ...

«Насаф» ўз майдонида «Андижон»га айтарли имконият бергани йўқ. Ҳарқалай, қаршиликлар ўйинни катта устунликда бошлаб, меҳмон жамоа дарвозаси олдида етарлича хавфли вазиятлар яратишди. Қолаверса, фойдаланиш коэффициенти ҳам чакки бўлмади. Рўзиқул Бердиев шогирдлари 13-дақиқадаёқ ҳисобни очишди: Азиз Ғаниев бурчак тўпини амалга оширгач, Ҳумоюн Муртазоев боши билан аниқ зарба йўлллади. Ўйиндаги 2-гол ҳам «Насаф» тўпурари ҳисобига ёзилди. Мавсум кашфиётларидан бири 65-дақиқада дарвозабон Виталий Мирнийдан қайтган тўпга биринчи бўлиб етиб келиб, чемпионатдаги голлари сонини 13тага етказиб қўйди. Якунда Ойбек Бозоров ҳисобга нуқта қўйди - 3:0. Бу «Насаф» учун Суперлига-2019даги 2-йирик ҳисобли ғалабадир, «Андижон»нинг хунук мағлубиятлари сони эса 4тага етди.

«Динамо» - «Пахтакор» ўйинида ҳисобни мезбонлар очишди, кейин эса «шерлар» наъра тортишди, гўё. Аслида Бобур Қосимовнинг 28-дақиқада урган голига қадар ҳам янги чемпион назоратни ўз қўлида ушлаб турганди. Шота Арвеладзе шогирдлари фақат танаффусга чиқиш олдидан ҳужумларни самарали якунлашга ўтишди. Аввалига Ҳусниддин Ғофуров узатмасидан кейин Игорь Сергеев мувозанатни тиклади, кейин Одил Ҳамробеков ассистент ролини бажарди, Сардор Собирхўжаев эса дарвозани нишонга олди. Иккинчи бўлимда  эса «Пахтакор» кўплаб вазиятлардан 2тасини гол билан якунлади. Диққатга сазовор томони, ҳар икки ҳолатда яна Ҳусниддин Ғофуров ассистентлик қилди ва якуний зарбани захирадан майдонга тушган Достон Ҳамдамов йўллади. Факт: «Пахтакор» мавсумдаги 20-ғалабасини нишонлади, шундан 10таси йирик ҳисобда! «Динамо»нинг мағлубиятли серияси эса нақ 10та ўйинга етди.

Тур доирасидаги ягона дуранг натижа Термизда қайд этилди: «Сурхон» - «Навбаҳор» - 0:0. Учрашув олдидан ПФЛ томонидан сентябрь ойининг энг яхши дарвозабони сифатида тан олинган «Навбаҳор» кипери Ўткир Юсупов ўзига тегишли махсус совғани қабул қилиб олди. Икки томоннинг галма-гал ҳужумлари остида кечган баҳсда мухлислар бир неча гол кўришлари ҳеч гап эмасди. Бироқ охирги аниқ зарбани йўллайдиган футболчи топилмади. Энг баҳсли ҳолат эса 74-дақиқада кузатилди: «Навбаҳор» тўпурари Александр Касьян рақиб жарима майдони ичида тўп учун курашга киришган паллада йиқилиб тушди. Ўша вазиятда унга нисбатан қоида бузилгандек кўринди. Аммо бош ҳакам Зокир Қодиров ҳаракатни давом эттириш кераклигини кўрсатди. Финал ҳуштаги янграшига саноқли дақиқалар қолганида, «Сурхон» ҳимоячиси Раҳматулло Бердимуродов томонидан йўлланган кучли зарбани бартараф этган Ўткир Юсупов бежиз ой лауреати бўлмаганини исботлади.

Игнатий Нестеров майдонга қайтди ва «Локомотив» кетма-кет 4та дуранг (барчаси - 1:1)дан кейин ниҳоят, яна ғалаба кўчасига кирди. Қисқаси, «темирйўлчилар»нинг гол қўйиб юбормаганликларида ҳам, яна ғалаба қозонишганида ҳам Нестеровнинг ўзига яраша хизмати бор, албатта. Биринчи бўлим 0:0 ҳисобида тугагач, Самвел Бабаян танаффусда шогирдларига фақат олдинда ўйнаш ҳақида кўрсатма берган бўлса, ажабмас. Ҳар ҳолда, «Локо» иккинчи бўлимни янада фаол бошлади ва 62-дақиқада Олег Зотеев голидан кейин ҳисобда олдинга чиқиб олди. Ўйиндаги 2-гол эса 90}3-дақиқада Диёр Туропов зарбасидан кейин юзага келди. Ушбу ғалабадан сўнг «Локо»нинг 2-ўрин учун имконияти кескин ошган бўлса, «Бухоро» учун лигадан тушиб кетиш таҳликаси нисбатан кучайди.

«ҚЎҚОН-1912» - «ҚИЗИЛҚУМ» - 1:2 (1:1)

«БУНЁДКОР» - АГМК - 0:2 (0:2)

 «МЕТАЛЛУРГ» - «СЎҒДИЁНА» - 0:1 (0:1)

 «НАСАФ» - «АНДИЖОН» - 3:0 (1:0)

 «СУРХОН» - «НАВБАҲОР» - 0:0

«ДИНАМО» - «ПАХТАКОР» - 1:4 (1:2)

 «ЛОКОМОТИВ» - «БУХОРО» - 2:0 (0:0)

 

ТУР ҚАҲРАМОНИ - МИЛАН МИТРОВИЧ

«Сўғдиёна» дарвозабони агар Бекободда ўта ишончли ҳаракатланмаганида, жиззахликлар катта эҳтимолки, ортга 3 очко билан қайтолмасдилар. Демакки, Улуғбек Бақоев жамоасининг «бронза» учун курашдаги имконияти анча камаярди. Шуни ҳисобга олиб, «Металлург»га қарши сафар ўйинида ғалабага катта ҳисса қўшган Милан Митровични тур қаҳрамони сифатида эътироф этишга қарор қилдик. Зеро, у кучли учликда озгина «интрига» сақланиб туришини таъминлади.

 

ТУР ИҚТИБОСЛАРИ

- Футболчиларга фақат ғалаба қозониш шартлигини уқтиргандик. Зеро, ютқазишга ҳаққимиз йўқ эди. Афсуски, ўз хатоларимиз оқибатида голлар қўйиб юбордик... Азиз Тўхтабоев («Қўқон-1912» бош мураббийи).

- Совринли ўринлар учун курашдан кўра, Суперлигада қолиш йўлидаги ўйинлар қизиқарлироқ кечмоқда. Ҳамиджон Актамов («Қизилқум» бош мураббийи).

- Агар бугунги учрашув дейлик, 2 кундан кейин ўтказилганида, балки бошқача футбол намойиш этармидик. Умуман, ихтиёримда талаб даражасидаги захира бўлганида, бугун бошқа футболчилар хизматига таянардим. Вадим Абрамов («Бунёдкор» бош мураббийи).

- Вадим Абрамовнинг миллий жамоа бошқарувини қўлга олгани «Бунёдкор» ўйинига салбий таъсир қилдими? Менимча, йўқ. Лекин ташқаридан ҳаммаси осондек кўринади, барибир. Миржалол Қосимов (АГМК бош мураббийи).

- Ўйиннинг чиройли чиқишига ҳакам халақит берди. У нафақат «Металлург», балки «Сўғдиёна» вакилларига ҳам тўп учун курашишда имкон бермади. Яъни бўлар-бўлмасга, асоссиз равишда ҳуштак чалавериб, ҳаракатни тўхтатиб қўяверди. Андрей Шипилов («Металлург» бош мураббийи).

- Шогирдларимга зарбасиз, голсиз натижага эришиб бўлмаслигини тушунтирдик. Қолаверса, дарвозабонимиз яхши ҳаракатланди. Ундаги ишонч бошқа йигитларга ҳам кўчди. Улуғбек Бақоев («Сўғдиёна» бош мураббийи).

- Режамиз иш бермади. Натижа - адолатли ва «Насаф»ни ғалаба билан табриклайман. Александр Хомя­ков («Андижон» бош мураббийи).

- Стандарт вазиятлардан урилган голлар «Андижон» режасини бузиб юборди, менимча. Рўзиқул Бердиев («Насаф» бош мураббийи).

- Ҳаммаси профессионаллик даражасига боғлиқ. Ахир футболчилар чемпион бўлишганидан кейин ҳам маош ва мукофот пули олишда давом этишади. Қолаверса, чемпионатни, рақиблар ва мухлисларни ҳурмат қилиш шарт. Шота Арвеладзе («Пахтакор» бош мураббийи).

- Таслим бўлиш ниятимиз йўқ, имконият бор экан, охиригача курашамиз.

Тачмурод Агамуродов («Динамо» бош мураббийи).

- Бу ерда майдонни ўйиндан олдин суғоришар экан.  Биз эса умуман бошқача - қаттиқ майдонда машғулот олиб борамиз. Уни суғориш имконияти йўқ. Муҳсин Муҳаммадиев («Бухоро» бош мураббийи).

- Иккинчи бўлимда бутун иккинчи давра доирасидаги барча ўйинлардагидан кўра, кўпроқ вазиятлар яратдик. Самвел Бабаян («Локомотив» бош мураббийи).

- Жамоамизни худди «Сурхон» каби 1 очко унча қониқтирмайди. Чунки «Сўғдиёна» бу турда ғалаба қозонди. Андрей Канчельскис («Навбаҳор» бош мураббийи.

Бугун қайси жамоа биринчи бўлиб гол урса, катта эҳтимолки, ғалаба қозонарди. Владимир Андреев («Сурхон» бош мураббийи).

 

Тур Статистикаси

Ўйин: 7

Гол: 16  (ўртача: 2,28...)

Мезбонлар ғалабаси: 2

Меҳмонлар ғалабаси: 4

Дуранг: 1

Йирик ҳисобли ғалаба: 2 («Пахтакор» - 4:1; «Насаф» - 3:0)

Энг сермаҳсул ўйин: «Динамо» - «Пахтакор» (5та гол)

Энг кўп томошабин кирган ўйин: «Динамо» - «Пахтакор» (7600)

Огоҳлантириш: 28 (ўртача: 4)

Четлатиш: - 

Энг «қўпол» ўйин: «Қўқон-1912» - «Қизилқум» (8та «сариқ»)

Пенальти: - 

«Дубль»: 2 (Достон Ҳамдамов, «Пахтакор»; Ҳумоюн Муртазоев, «Насаф»)

«Хет-трик»: -

«Покер»: -

Автогол: -

 

 

1          ПАХТАКОР      22        20        2          0          68-13    62

2          ЛОКОМОТИВ   22        11        8          3          34-16    41

3          БУНЁДКОР      22        10        5          7          29-27    35

4          СЎҒДИЁНА      22        10        5          7          23-25    35

5          СУРХОН          22        9          5          8          23-26    32

6          НАСАФ            22        9          4          9          30-21    31

7          НАВБАҲОР     22        7          9          6          23-18    30

8          МЕТАЛЛУРГ    22        7          6          9          25-25    27

9          АГМК   22        7          4          11        27-32    25

10        АНДИЖОН       22        5          8          9          20-31    23

11        ҚИЗИЛҚУМ      22        5          7          10        21-41    22

12        ҚЎҚОН-1912     22        5          6          11        27-40    21

13        БУХОРО          22        4          7          11        15-34    19

14        ДИНАМО         22        4          6          12        21-37    18

 

Тўпурарлар

Драган Черан («Пахтакор») - 22та (5та - пен.)

Ҳумоюн Муртазоев («Насаф») - 13та

Игорь Сергеев («Пахтакор») - 12та

Зафар Полвонов (АГМК) - 11та

Темурхўжа Абдухолиқов («Локомотив») - 11та (1та - пен.)

Александр Касьян («Навбаҳор») - 10та (2та - пен.)

Хуршид Ғиёсов («Бунёдкор») - 10та (6та - пен.)...

 

 

23-тур

29 октябрь (сешанба)

ҚИЗИЛҚУМ - МЕТАЛЛУРГ

СЎҒДИЁНА - ДИНАМО

30 октябрь (чоршанба)

АНДИЖОН - БУНЁДКОР

БУХОРО - ҚЎҚОН-1912

31 октябрь (пайшанба)

АГМК - ЛОКОМОТИВ

НАВБАҲОР - НАСАФ

ПАХТАКОР – СУРХОН

Давоми бор. Мазкур таҳлилий мақолани тўлиқ ҳолда "ИнтерФУТБОЛ"нинг 22 октябрдаги сешанба сонида ўқишингиз мумкин.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz