Қайднома

Қидирув

Бундеслигада янги етакчи

Бундеслигада янги етакчи

  23.10.2019 01:11
  0
  522
Бундеслигада янги етакчи

Бундеслигадаги 7та турдан сўнг турнир жадвали ноанъанавий кўриниш касб этди. Умумий рўйхатдан фақат бир қатнашчи ажралиб қолган. Гап барчадан олдинда юришга одатланган «Бавария» эмас, сўнгги поғоналарда бораётган «Падерборн» ҳақида бормоқда. Ростини айтганда, бу клубнинг элитага қандай мақсадда қайтганини тушуниш қийин. Умуман, Soccer.ru сайти тақдим этган қуйидаги мақола аутсайдер эмас, балки Германия чемпионатининг янги етакчиси ҳақида. «Бавария» ва яна 4 жамоада 14тадан очко бор. Бу квартет етакчидан унча узоқда эмас. Иккинчи ўринда ҳали мағлубият нималигини билмаётган «Вольфсбург» боряпти. Энг юқоридан пастга қараётган клуб - «Боруссия». Фақат Дортмунд эмас, Менхенгладбахники.

Албатта, мюнхенликлар «Бриллиант қўл» фильмидаги Семён Семёнович Горбунковнинг сўзларини бироз ўзгартирган ҳолда, «Уларнинг ўрнида биз бўлишимиз керак эди», де­йишлари мумкин. Шундай экан, «Альянц-Арена»да «Хоффенхайм»ни мағлубиятга учратиш учун уларга ким халал берди? Умуман, ака-ука Нико ва Роберт Ковачларнинг Мюнхенда йўқотган нарсаси - «Бавария»даги анъанавийликнинг бой берилишидир. Юпп Хайнкес даврида баварияликлар Германиянинг кучли жамоасидан рақобатдан холи грандга айланишганди. Бундай устунлик Хосеп Гвардиола, Карло Анчелотти ва буюк қайтиш қилган Хайнкес даврида ҳам сақланиб қолди. Ўтган йилдан бошлаб гегемонлик бироз пасайгандек эди. Айни пайтга келиб эса буткул йўқолди. Албатта, «Бавария» - чемпион, суперклуб, Германиянинг потенциал кучли жамоаси, нафақат ички чемпионат, балки жаҳонда ҳам ўз ўрнига эга. Тўғри, бу жиҳатлар ҳамон ўз кучида. Аммо мазкур ҳолатда мюнхенликлардаги дахлсизлик йўқолди. Улар билан рақобатлашишни ўтган йилиёқ бошлаб юборишди. Янги чемпионатда эса баварияликлардан унчалик қўрқишмаяпти. Гўёки, Мюнхен гегемонияси тугайдигандек. Аниқроғи, танаффус олишади.

Бўлди, «Бавария» ҳақида шунча гап етарли. Яхшиси, олдинга қадам ташлаган жамоа хусусида суҳбатлашсак. Албатта, Гладбахнинг «Боруссия»си 1990 ва 2000 йилларда анча қийналди. «Айғирлар» еврокубокларда мунтазам қатнашишади, юқори ўринларни эгаллашади, лекин ҳар доим нафақат «Бавария», балки Дортмунд жамоасидан ҳам кейинги поғоналарда қайд этилдилар. Янги мавсумда эса «Боруссия» М. ножиддийлик ғуборидан бироз айрилгандек (бу узоқ давом этадими, йўқми, вақт кўрсатади). Бунда ёзда жамоа бош мураббийлигига тайинланган Марко Розенинг ҳиссаси катта.

Розе, Розе. Ким у Розе? Бирданига эслаш қийин. Ҳа, «Майнц»да Юрген Клопп ишлаган кезлари шундай ҳимоячи ўйнарди. Фаолиятини тугатгач, йўқолиб қолганди. Маълум бўлишича, Марко қадрдон шаҳри Лейп­цигга қайтиб, у ердаги «Локомотив»ни «тирилтириш»га уринди, аммо бир йилдан сўнг Германиянинг бош­қа қисмига кўчди. У ердан Маркони Австриянинг Зальцбургига жўнатишди ва Розе яхшигина мураббийлик мактабида таҳсил олди. 2017 йили лейпциглик мутахассис Моцарт юртидаги «Ред Булл»ни бошқариб, икки марта чемпионликка эришди, мамлакат кубогини ютди, Европада муносиб қатнашди. Қисқа муддатда Розе Австрия Бундеслигаси даражасидан Германия Бундеслигаси даражасига кўтарилди.

Австриянинг «Ред Булл»идаги фаолият муваффақиятли ташкилотнинг бошқа бир холдингига йўл очарди. Лекин «РБ Лейпциг» бош мураббийликка Юлиан Нагельсманни таклиф этди ва «меросхўр шаҳзода» яхши ҳолатда эди. Шу паллада Менхен-гладбахдан қўнғироқ бўлди. «Боруссия» устози Дитер Хеккинг «Гамбург»­га ўтиб кетгач, Бундеслиганинг бешинчи жамоасида бўш иш ўрни борлиги ойдинлашди. Уни айнан 43 ёшли Розе ҳисобига тўлдиришди.

«Айғирлар» ёзда адаш жамоага ўз етакчилари Торган Азарни сотишди. 25 миллион евролик таклифга рад жавобини бериб бўлмасди. Янги келганлар дастлаб у қадар ишончни оқлашмади. Қора танли швейцариялик Брель Эмболо «Шальке»да ўзига хос мақом орттирганди: «Менга шароит яратиб беринг, шунда эҳтимол, гол урарман». «Ред Булл»нинг ўнг қанот ҳимоячиси Штефан Лайнерни олайлик. У аслида керакмиди? Ҳужумчи Маркус Тюрам (Лилианнинг ўғли) ҳамда ярим ҳимоячи Рами Бенсабайни «қопдаги мушук»дек кўринишди.

Менхенгладбахликлар мавсумни ўртамиёна тарзда бошлашди. Уйда «Шальке» билан нурсиз дуранг. Сўнг­ра «Боруссия» Майнцда ўз мураббийининг собиқ жамоасини енгди - 3:1. Кейин «Боруссия Парк»да худди шу ҳисобда Лейпцигдан ташриф буюрган «қизил буқалар»га ютқазди. Шу паллада Розенинг ҳолати ёмонлашди. Қадрдон шаҳри клуби ва асосий рақобатчига имконият бой берилди. Боз устига, Марконинг Австриядаги икки йиллик фаолияти мобайнида унинг жамоаси бирор маротаба ўз майдонидаги учрашувда мағлубиятга учрамаганди. Германияда эса иккинчи ўйиндаёқ шундай вазият кузатилмоқда.

Аммо кейинги тўртта турда «Боруссия» ғалабага эришди - аввалига камтарона ҳисоблар қайд этилди: «Кёльн» билан - 1:0, «Фортуна» билан - 2:1. Кейин эса йирик муваффақиятлар келди. Меҳмонда «Хоффенхайм» жавобсиз учта гол ўтказиб юборди, «Аугсбург» эса 5:1 ҳисобида «янчилди». Шундай сериядан кейин «айғирлар» биринчи поғонага кўтарилиб олишди. Бу адолатли, мантиқан тўғри.

Янгилар ўзларини кўрсата бошлашди. Икки қора танли француз - Маркус Тюрам ва Алассан Плеа тез тил топишишди. Маркус 3та гол урган бўлса, Алассан рақиблар дарвозасини 4 марта ишғол қилиш орқали Франция термасида жароҳат олган Килиан Мбаппенинг ўрнини эгаллади. Брёль Эмболо эса 7та ўйинда 3та тўп киритди. Ўтган тўлиқ мавсумда у атиги 5та гол урганди. Штефан Лайнер ўнг қанотни ёпишдан ташқари, ўз ҳисобига битта гол ёздириб қўйди.

Ўрта чизиқда Деннис Закария, Флориан Нейхаус ва ёш словак Ласло Бенеш бетакрор ўйин кўрсатишмоқда. Кристоф Крамер ҳамда Патрик Херманндан эса бошланғич таркибда майдонга тушишга муносиб эканликларини исботлаш талаб этилмоқда. Шунга қарамай, захира ўриндиғи торроқ. Жароҳатланганлар кўп, улар орасида 2014 йилги жаҳон чемпиони Маттиас Гинтер, сардор Ларс Штиндль, асосий таянч ярим ҳимоячиси Тобиас Штробль, яна икки хавбек Йонас Гофманн, Фабиан Жонсон ҳамда қанот ярим ҳимоячиси Ибраима Траоре ҳам бор. «Аугсбург» билан ўйиндан сўнг лазарет Лайнер ҳисобига тўлдирилди.

«Боруссия» Менхенгладбахнинг энг юқорида юриши вақтинчаликми? Нимадир дейиш мушкул. Ҳозирги Германия чемпионати ҳозирча қизиқарли кечмоқда, натижаларни олдиндан айтиш қийин. Етакчилик масаласининг нечоғли жиддийлигига 19 октябрь куни Дортмундда ўтадиган икки «Боруссия» ўртасидаги баҳсдан сўнг баҳо бериш мумкин. Мазкур баҳс анча қизғин кечиши кутилмоқда.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz