Қайднома

Қидирув

Соядаги 7 қаҳрамон...

Соядаги 7 қаҳрамон...

  23.10.2019 04:25
  0
  450
Соядаги 7 қаҳрамон...

Улар порлаяпти, биз эса сезмаяпмиз. Гап жорий мавсумни кўтаринки кайфиятда ўтказишига қарамай, мухлису мутахассислар эътиборидан четда қолиб кетаётган футболчилар ҳақида бормоқда. Хўш, улар кимлар?

«Борнмут»даги янги Энди Коул

АПЛ стартидаги икки асосий кашфиёт: Тэмми Абрахам ва Теему Пукки. Абрахам ҳақида шундоқ ҳам кўп гапирилди, Пуккининг ўсиши хусусида ҳам суҳбатлашдик. Бу икковлон жорий мавсум янги даражага кўтарилган бошқа бир футболчи - «Борн­мут» ҳужумчиси Каллум Уилсонни сояда қолдиришди. Бу форвард 8 ўйинда 5та гол ва битта самарали узатма муаллифига айланди. Уни Анг­лия термасига чақиришди, «МЮ» эса қишки трансферлар ойнасидаги асосий мақсадлари рўйхатига Манжукич билан бирга Уилсонни ҳам киритди.

Каллум эътирофга эришиш учун узоқ йўл босди. Фаолиятини Англия­нинг қуйи дивизионларида бошлаган. 22 ёшида 3-лигада ўйнаган (энг яхши тўпурар бўлган), «Борнмут»га ўтиб, Чемпионшипда порлади (43та ўйинда 33та голда қатнашди) ва жамоа билан АПЛга чиқди. Премьер-лигадаги старти ҳам ажойиб бўлди: 6та учрашувда 4та гол. Аммо жиддий жароҳат олиб, ярим йилни майдондан четда ўтказди. Тикланди, орадан 9 ой ўтиб, аввалгидек жароҳат олди - бу сафар бошқа оёғидан.

Аммо мавсум-2018|2019да қайтиб, йилни ажойиб тарзда ўтказди. Ўтган мавсум 30та ўйинда у 14та гол уриб, 10та «ассист» муаллифига айланди. Бу Мане, Варди, Кейн ва Сон Хюн Миннинг кўрсаткичларидан яхшироқ. Уилсонни Энди Коулга ўхшатишади. Рақиб жарима майдончасидаги шашти, ақлли очилишлари ва жамоадаги ҳамжиҳат ўйинга қўшилиши сабаби шу тариқа солиштиришяпти.

УзоҚ кутилган «портлаш»

Ла Лигада айни пайт уч нафар энг яхши тўпурар бор: Карим Бензема, Жерар Морено, Лорен Морон - барчалари 6тадан гол уришган. Морон «Бетис»нинг жорий мавсумдаги голларининг ярмига муаллифлик қилди (жамоада жами 11та гол бор). Ўтган йили у худди шунча тўп киритган, фақат буни 33та ўйинда амалга оширганди. Ёзда уни сотиб юборишлари мумкин эди, аммо янги мураббий Руби Лоренга ишонди. «Ҳаммаси ёмон эди, келгуси мавсум қаерда ўйнашимни билмасдим. Клуб янги ҳужумчи харид қилмоқчи бўлди. Бироқ Руби келгач, илк суҳбатдаёқ менга қатъиятлик бағишлади. Мураббийлар штабининг ишончи кучайишимга замин яратди. Ёзда Россияга кўчиб ўтиш варианти ҳам йўқ эмасди. Таклиф трансферлар ойнасининг сўнгги дақиқаларида келганди, жуда қулай бўлгани сабабли уни астойдил кўриб чиқдим. Олдимда бағоят яхши имконият юзага келганди. Қаллиғим Москвага кўчиб ўтишга тайёргарлик кўришимиз лозимлигини айтди, лекин ички туйғу қолишимни таъкидлайверди. «Бетис»дан кетишни хоҳламадим, бу клубни яхши кўраман».

2015 йилнинг ёзида «Вильярреал» ўз тарбияланувчиси Жерар Моренони «Эспаньол»га 1,5 миллион еврога сотди. У ерда Морено дарҳол ўзини кўрсатди: учта мавсумда мос равишда 7, 13 ва 16та гол. 2018 йилнинг ёзида «Вильярреал» хатосини тушуниб, Моренони ортга қайтарди. Тўғри, бунинг учун 20 миллион тўлашига тўғри келди.

Дастлабки мавсумда Морено ўртамиёна ўйин кўрсатди - 8та гол урди. Кейингисида эса ёрқинлик таъминланди: 8та ўйинда 6та гол ва 2та самарали узатма. Шу заҳоти эътирофга сазовор бўлди - уни фаолиятида илк маротаба Испания термасига чақиришди.

«Вильярреал» бош мураббийи Хавьер Кальеха ҳужумчининг манзилига илиқ сўзлар йўллади: «У жорий мавсумни ажойиб тарзда бошлади. Морено содиқ ва жамоавий ўйинчи. Барча учун меҳнат қилади, ўйин натижасини шахсий кўрсаткичларидан устун қўяди».

Чемпионатда  Левандовски ва Санчо, термада Мбаппенинг ёнида

Алассан Плеа - Бундеслигада «гол+пас» тизими бўйича Левандовс­ки ва Санчодан кейинги ўринни эгаллаб турибди: унинг ҳисобида 7та ўйин­да 4тадан гол ва самарали узатма бор. Қўшимчасига Плеани Франция термасига жалб этишди. Диққат қилинг: жароҳат олган Мбаппенинг ўрнига. Плеа - марказий ҳужумчи, сўнгги уч мавсумда камида 10та гол урган. Германияда иккинчи йилини ўтказмоқда - 2018 йилнинг ёзида «Боруссия» М.га «Ницца»дан ўтган.

Менхенгладбахликларнинг аввалги мураббийи Дитер Хеккинг Плеа ҳақида шундай деганди: «Алассанда ижобий сифатлар бисёр: у кучли, меҳнаткаш ва рақиб жарима майдончасида жуда хавфли». «Боруссия» М.нинг ҳозирги устози Марко Розе ҳам эътирофдан қочмади: «Алассан -­ мен учун энг яхши ўйинчи, уни жуда яхши кўраман. Ундаги сифатларни бошқа футболчиларда учратиш амримаҳол».

Плеанинг ўзи футболда эришган ютуқлари учун икки шахс - Клод Пюэль («Лион»да унга устозлик қилиб, марказий ҳужумга ўтказганди) ва Марио Балотелли («Ницца»да бирга ўйнаган)га миннатдорлик билдирди: «Балотелли мен билан тез-тез суҳбатлашарди, ундан кўп нарса қарздорман. Машғулотларда бирга шуғулланардик, у муҳим маслаҳатларини асло аямасди».

«А» сериядаги меҳнаткаш

«Брешия»даги 6та ўйинда Альфредо Доннарумма («Милан»даги дарвозабонга қариндошлиги йўқ) 4та гол урди. Ёши 28да, лекин жорий мавсум унинг учун «А» сериядаги биринчиси. Сўнгги икки мавсумда у иккинчи лигада порлаган - жами 46та тўп киритган. Доннарумманинг ўйин услубидаги энг яхши жиҳатларни унинг ўзидан эшитсак: «Кўпинча форвардлар рақобат туфайли шериклари билан ўзаро тушуниб ўйнашда қийналишади, дейишади. Мен учун ҳеч қачон бундай бўлмаган. Ўйин пайти кўп ҳаракат қиламан, бутун жамоа, бошқа ҳужумчилар учун бўш ҳудудлар яратишга интиламан. Агар шеригим муваффақиятга эришса, бундан фақат қувонаман. Бошқалардан тезроқ ўйлаш, ўйиннинг боришини олдиндан сезиш - фундаментал нарсалар. Ҳужум уюштириш пайтида ички сезги бўлиши лозим: ҳар доим аввал вазиятни ўрганиб, уни ўзгартириши мумкин бўлган устунликка эришишга ҳаракат қиламан. Тўпга бошқалардан аввалроқ етиб борсангиз, ғалаба сиз томонда бўлади. Жисмоний имкониятларим бошқа ҳужумчиларникидан фарқли равишда мақтовга арзимайди, аммо футболда бошқа муҳим жиҳатлар ҳам талайгина. Мен учун ҳимояга қайтиш, плеймейкерга кўмаклашиш муаммо эмас. Замонавий футболда умумийликка интилиш, кўп ҳаракат қилиш, барча ишни бир шингилдан бўлсада уддалаш керак».

Лига 1 стартидаги камтар Қаҳрамонлар

Виктор Осимхен - Франция чемпио­натининг энг яхши тўпурари ва асосий кашфиёти - у 9та ўйинда 7+2 кўрсаткичини қайд этди. Бу 20 ёшли йигитча ҳақида аввал ҳам кўп мақолалар тайёрланди. Ҳозир тўпурарлар рўйхатидаги бошқа икки ном - Дарио Бенедетто (5та гол) ва Ҳабиб Диалло (6та гол) тўғрисида гаплашсак.

Жорий йилнинг ёзида «Марсел»га Виллаш-Боаш келди ва шу заҳоти Бенедетто клубнинг асосий трансфер мақсади эканлигини таъкидлади. Ҳужумчини ойна ёпилишига оз фурсат қолганда сотиб олинди. Ҳозир эса бундан хурсандлар - Бенедетто 9та ўйинда 5та гол уриб, жамоадаги муҳим фигурага айланди.

«Бока Хуниорс»даги дастлабки мавсумида у 25та учрашувда 21та тўп киритгани ҳолда, жамоасини мамлакат чемпионига айлантирганди. Кейинги мавсум ҳам чакки бошланмади: 15та ўйин, 13та гол, 6та «ассист». Термада Игуаин ва Агуэро билан рақобатда ютиб чиқди. Лекин жиддий жароҳат сабабли мавсум охиригача футболдан четда қолди. Тикланиш учун 10 ой сарфлади, аввалги формасига қайтиши учун яна ярим йил кутди. «Бока» либосидаги сўнгги мавсумида чемпионатда атиги 2та гол урди. Гўёки, жароҳат фаолиятига нуқта қўядигандек туюлганди. Аммо Бенедетто Европага кўчиб ўтишни ихтиёр этди (ҳозир унинг ёши 29да) ва ҳаммаси жойида эканлигини исботлади.

Ўтган йили «Метц» Лига 2да қатнашганди. Жамоанинг асосий футболчиси Ҳабиб Диалло бўлганди - у 37та ўйинда 26та гол уриб, клубининг олий дивизионга қайтишига катта ҳисса қўшганди. Жамоа янги мавсумни ёмон бошлади - 9та ўйин­дан кейин 8 очко ва сўнгги ўрин. Ягона қувонтирувчи омил - Ҳабиб Диалло: жамоанинг ҳисобидаги 8та голдан 6тасига у муаллифлик қилди.

Ўз навбатида, Диаллода имкония­т­­лардан унумли фойдаланиш кўрсаткичи юқори - ўзи қатнашган ўйинларда 15та зарба йўллаган бўлса, улардан 6таси самарали чиққан. Сенегаллик ҳужумчи яккакурашларда фаол, жуда юқорига сакрайди. Ундаги асосий сифат - гол сезиш қобилияти: тўплар, гўёки, у турган ҳудудга интилаётгандек туюлади.

Ў.УМАРОВ тайёрлади 


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz