Қайднома

Қидирув

Ҳошим Мастурга нима ҳалақит берди?

Ҳошим Мастурга нима ҳалақит берди?

  22.10.2019 10:37
  0
  629
Ҳошим Мастурга нима ҳалақит берди?

2014 йили ҳамма «Милан» бағридан «отилиб» чиққан 16 ёшли йигитча ҳақида тинмай гапира бошлади. «Россонерлар» 2 мавсум олдин унинг учун ҳамшаҳарлари - «Интер» билан жиддий курашга киришишган ва якунда қобилиятли болакайни ўз томонларига оғдириш уддасидан чиқишганди. Ўша вақт Мастурга буюк иқтидор ва жамоа келажаги сифатида қарашди. Аждодлари Марокашдан бўлган, ўзи эса Реджо-нель-Эмилияда туғилган Ҳошим бир уринишда нафақат раҳбарият, балки асосий жамоа бош мураббийи Кларенс Зеедорфни ҳам шунчалик ҳайратлантирдики, нидерландиялик мутахассис уни таркибга жалб этишни пайсалга солгани йўқ. Мана, орадан 5 йил ўтди ва ҳозир ҳаммаси бошқача - 21 ёшли Мастур ўзига янги клуб қидириш билан овора...

 

- Ҳошим, охиридан бошлаймиз: ўтган мавсум «Пас Ламия» сафида атиги 6 марта кўриниш бердинг, боз устига, декабрь ойидан буён майдонга тушмадинг. Ўзи нима бўлди?

- Бир неча учрашувда бинойидек тўп сурдим, аммо кейин жароҳатлангач, Италияда даволанишга қарор қилдим. Афсуски, шифохонада янада жиддий муаммолар аниқланди. Хуллас, шифокорлар жароҳатдан бутунлай қутулиш учун узоқ тикланиш курсини тавсия этишди. Бу клуб раҳбариятига ёқмаган бўлсада, собиқ агентим Мино Райола билан маслаҳатлашиб, Италияда қолишни маъқул кўрдим. Чунки бир қатор жамоалар хизматимга қизиқиш билдирганди.

- 5 йил олдин ҳамма сенинг «Милан»нинг бош жамоаси сафига кирганинг ҳақида гапира бошлаганди. Кейинчалик ҳаммаси бирданига ўзгарди...

- Менимча, медианинг катта эътибори фаолиятимга салбий таъсир қилди. Клуб вакиллари ҳам, агентлар ҳам менга аввало, ўсиш йўлида ёрдамга муҳтож спортчи эмас, балки пул ишлаб олиш имконияти сифатида қарашди. Ваҳоланки, ўзим шунчаки, ўйнашни истардим, қолганига асло қизиқмаганман. Ортда қолган вақтда талаб даражасида шуғулландим, дейлик, «Малага»да ҳам, «Зволле»да ҳам ишга жиддий ёндашдим. Қисқаси, барчаси мен учун яхшигина тажриба бўлди.

- Нима, ўзинг қандайдир хатога йўл қўйган эмасмисан?

- Тушунинг, «Милан»да ҳаммаси ажойиб эди. Ҳар ҳолда, клуб худди оиламдек бўлиб қолганди. Тўғри, ҳозир баъзан 14 ёшда «Аякс»ни танламай, хато қилганим ҳақида ўйлайман. Чунки бу жамоадан ҳам аниқ таклиф олгандим. Эҳтимол, камтаринроқ жамоа сафида хотиржам ҳолда ўсишим керакмиди? «Милан» ихтиёридаги охирги йилда ҳам Примаверада ўйнашни хоҳлаганман, аммо мени асосий жамоа футболчисига чиқариб қўйишганди. Балки катта қаҳрамонликлар кутишгани ҳам ортиқча босим юклагандир...

- Хўш, айнан нимадан афсусланасан?

- Ҳеч нарсадан. Ҳар қандай тажрибадан ниманидир ўрганиш мумкин. Ҳали ёшман ва ўйлайманки, аслида нималарга қодирлигимни кўрсатиш учун вақт етарли.

- 21 ёшда келажак ҳақида бемалол ўйлаш мумкин. Кейинги режаларинг қандай?

- Майдонга қайтиш ва иқтидоримни намойиш этишни истайман. Айни пайт менга мутлақо ишонадиган одамлар гуруҳи билан ишлаяпман. Яна чинакам футболчи сифатида ўз сўзимни айта оламан - бунга шубҳа йўқ. Мақсадга эришиш йўлида ўта жиддийман.

- Таклиф ҳам борми?

- Ўзимга мос келадиган лойиҳани яқин орада танласам керак. Асосийси, кутишни биладиган, ўйиним ривожланишига ёрдам берадиган жамоа сафига қўшилишни истайман. Ҳозирги шароитда хотиржам шуғулланишим керак. Яна салоҳиятимга ишонишларини яққол ҳис этишни хоҳлайман, албатта.

- Саломатлигинг жойидами? Жароҳатдан батамом қутулдингми?

- Шикоятга ўрин йўқ. Ҳар куни режа асосида ишлаяпман ва тез орада майдонга ҳам тушаман.

- Ҳозирги «Милан» хусусида нима дейсан?

- Жамоа сафида тўп сураётган кўплаб йигитларни яқиндан танийман. Яхшигина жамоа шаклланган. Лекин яқинда мураббий алмашди ва жамоа энди қандай ўйнашини айтиш мушкул. Такрор айтаман, аслида жамоа ёмон эмас. Албатта, «Милан»нинг тез орада аввалги мавқеини тиклашидан умидворман.

А.ҲАМИДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz