Қайднома

Қидирув

Элдор Шомуродов: «30 ёшга тўлмагунча хитойга бормайман»

Элдор Шомуродов: «30 ёшга тўлмагунча хитойга бормайман»

  23.10.2019 09:03
  0
  761
Элдор Шомуродов: «30 ёшга тўлмагунча хитойга бормайман»

«Ростов» ва Шомуродов мавзусини давом эттирган ҳолда, ҳамюртимизнинг «Известия» нашрига берган интервьюсини эътиборингизга ҳавола этамиз. Маълумот учун, ушбу суҳбат РПЛ 13-тури арафасида уюштирилган.

РПЛнинг жорий мавсуми «Ростов» клуби учун ажойиб тарзда бошланди. Айни пайт донбўйи вакиллари мамлакат чемпионатида иккинчи ўринни эгаллаб туришибди. Улар пешқадам «Локомотив»дан фақат қўшимча кўрсаткичлар бўйича ортда қолишмоқда. Ўз навбатида, «сариқ-кўклар» 12та турдаги 23та гол билан сермаҳсуллик бўйича «Краснодар» (25та гол)дан кейин 2-поғонада боришмоқда. Бугунги кунда «Ростов»нинг асосий кучи сифатида 10та гол билан тўпурарлар рўйхатини бошқариб турган ўзбекистонлик форвард Элдор Шомуродовни кўрсатиш мумкин. Терма жамоалар ўйинлари туфайли юзага келган танаффус пайтида маҳоратли ҳужумчи билан интервью уюштирдик. Унда 24 ёшли форвард ўзининг самарадорлиги ва бошқа клублардан бўлаётган қизиқишлар тўғрисида гапирди.

- «Ростов»нинг бундай муваффақиятли стартини нима билан изоҳлайсиз?

- Учинчи мавсумдирки, Валерий Георгиевич Карпин қўл остида ўйнаяпмиз. Ва ҳар йили кучайишда давом этяпмиз. Яъни ҳар сафар муайян ўсишга эришяпмиз. Ўйлашимча, бу ерда гап профессионал ёндашувда. Жорий йил қандайдир ўзгача ўйнаяпмиз, десам тўғри бўлмайди. Карпин қўл остида жамоа ўтган мавсумларда ҳам яхши кўринганди. Шунчаки, кўп хатоларга йўл қўйгандик, ҳозир эса уларни бартараф этдик. Айни пайт биринчи давра эндигина якунланяпти, мавсум бўйича таҳлилни чемпионат якунига қолдирган маъқул.

- Бу мавсум «Ростов» ҳужумкорроқ ўйин кўрсатмоқда. Шахсан сиз учун бу қулайми?

- Чиндан ҳам, ҳозир биз кўпроқ ҳужум уюштиряпмиз, асосий вақтни олдинда, рақиб жарима майдончасида ўтказяпмиз, вазиятлар яратяпмиз. Албатта, бундай ўйнаш ёқимли. Мен учун шу тариқа тўп суриш қулайроқ.

- РПЛнинг 12та туридан сўнг тўртта жамоа 26тадан очко тўплаган ҳолда 1-4-ўринларни бўлишиб туришибди. Жадвалдаги бундай зичлик бўйича қандай фикрдасиз?

- Бу менга ёқяпти. Чемпионат анча қизиқарли тус олди. Ҳар бир турда бўшашишга ҳаққимиз йўқлигини тушуняпмиз. Ҳар қандай хатодан кейин анча қуйига «шўнғишимиз» мумкин. Мунтазам босим остида турасиз, қизиқ томони ҳам шунда.

- «Ростов» бир неча марта мавсумни муваффақиятли бошлаган, аммо вақт ўтгани сари пасайишга юз тутганди. Бундай сценарий такрорланмаслиги учун нима қилиш керак?

- Бу борада ҳозир ҳам ишлаяпмиз. Аввалги йилларни унутмаганмиз. Барқарорлик сақланиб қолиши учун бор кучимизни сарфлаяпмиз. Кўрамиз, уддалай олармиканмиз.

- РПЛдаги урилган голлар бўйича ҳозир энг яхши кўрсаткичга эга бўлиб турибсиз. Тўпурарлар пойгасини кузатяпсизми? Кимни энг асосий рақобатчи деб ҳисоблайсиз?

- Албатта, кузатяпман. Кимнинг асосий рақобатчи эканлигини эса барча тушуниб турибди - Соболев.

- РПЛнинг ҳақиқий юлдузига айланиб бораётганингизни ҳис қиляпсизми?

- Йўқ, мен мутлақо бундай деб ўйламайман.

- Футболчиларнинг юлдузлик касалига чалинмаслиги учун Валерий Карпин нима қиляпти?

- У кўпинча ҳазиллашиб бизни юлдуз дейиши мумкин. Умуман олганда эса, бош мураббийимиз биз билан кўп гаплашади. Карпин футболчиларга нима дейиш кераклигини ҳар доим билади. Мазкур ҳолатда ҳеч қачон футболчиларга босим қилмайди, бу эса ўзимизни ишончли ҳис қилишимизга замин яратади.

- Карпин ёзда «Ростов» футболчисига 50 млн. евро таклиф қилинсагина қўйиб юборишини айтганди. Сиз ўзингизга айни пайт қандай нарх қўйган бўлардингиз?

- Ўзимга баҳо беришни истамайман. Бу билан шуғулланадиган махсус одамлар, экспертлар бор, ўшалар баҳолашаверсин.

- Сизга Германия ва Хитой клубларидан қизиқиш борлиги ҳақида гап-сўзлар пайдо бўлди. Бу ҳақда маълумотга эгамисиз?

- Бу савол биринчи навбатда клубим «Ростов»га тегишли. Шахсан мен бундан бехабарман.

- Эшитишимизча, 30 ёшга тўлмагунингизча Хитой чемпионатига ўтмас экансиз. Шу ростми?

- Ҳа, чиндан ҳам шундай. Шу ёшга тўлмагунча у ерга бормоқчи эмасман.

- Агар Россиянинг топ-клуби ва Европанинг ўртамиёна жамоасидан таклиф тушса, қайси вариантни танлардингиз?

- Албатта, Европани.

- Кўпчилик ЖЧ-2018дан кейин футболга қизиқиш нари борса бир йил сақланиб туришини кутганди, аммо трибуналарда ҳамон мухлислар бисёр. Бу нима билан боғлиқ?

- РПЛнинг аксарият жамоалари томошабоп футбол кўрсатмоқда. Қолаверса, сермаҳсуллик ҳам ортди. Бундай ҳолат ҳамиша мухлисларга ёқади.

- Термангиз Қатарда ўтадиган ЖЧ-2022да қатнашиш учун курашмоқда. Ўзбекистон миллий жамоасининг мазкур турнирда дебют қилиш имкониятларини қандай баҳолайсиз?

- Саралашни у қадар ишончли бошлай олмадик, Фаластинга ютқаздик (0:2). Шундан сўнг кейинги ўйин-ларда ғалаба қозонишимиз шартлигини тушундик. Максимал кучни сарфлаб, муносиб натижага эришдик. Шу йўналишда давом этиш керак. Ҳали саралашда унча кўп ўйин ўтказилмади, келгусида нима бўлишини айтиш қийин. Барча биз ва Саудия Арабистони термасини гуруҳ фаворити деб ҳисобламоқда. Ўйлашимча, имкониятларимиз яхши.

- Клубдаги муваффақиятли стартдан сўнг термадаги мақомингиз ҳам мустаҳкамлангандир?

- Миллий жамоадаги мақомим ўзгарди, деёлмайман. У ерда ҳеч кимга «заявка»да жой кафолатланмаган. Аммо ўз клубингда яхши тўп сурсанг, барқарор ўйин кўрсатсанг, термага қабул қилишлари аниқ. Шундай экан, ҳар доим бунга муносиб эканлигимизни исботлашимиз даркор. Ҳар бир ўйинда максимал даражада мотивацияга эгаман.

- Топган пулларингизнинг катта қисмини ҳар ой Ўзбекистонга жўнатишингиз ростми?

- Ҳа, ўйлашимча, бу нормал ҳолат. Кўпчилик шундай қилади.

ЎТКИРБЕК тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz