Жорий мавсум янги ташкил этилган Ўзбекистон Лига кубоги мусобақаси ҳам якуний палласига кириб улгурди. Сешанба куни ўтказилган ярим финал ўйинларидан сўнг бош соврин учун кечадиган сўнгги баҳсда қатнашадиган икки жамоа номига ойдинлик киритилди. Бу клублар мухлисларга яхши таниш, чунки улар аввалроқ Coca Cola Ўзбекистон финалига ҳам йўл олишганди - «Пахтакор» ва АГМК.
Лига кубоги ярим финалларининг дастлабкиси Қўқонда ўтказилиб, унда Суперлигада чемпионликни нақд қилиб улгурган «Пахтакор» навбатдаги ғалабасини расмийлаштирди. Учрашув кутилганидек, меҳмонлар устунлигида ўтди, майдон эгалари эса ўз омадларини асосан қарши ҳужумлардан излашди. Баҳсдаги гол ҳам ўзини узоқ куттирмади. «Шерлар»нинг навбатдаги уринишларини жамоанинг жорий мавсумдаги тенгсиз тўпурари Драган Черан самарали якунлади - 0:1. Орадан икки дақиқа ўтиб, қўқонликлар пенальти тепиш ҳуқуқини қўлга киритишди ва 11 метрли жарима зарбасини Суҳроб Бердиев аниқ амалга ошириб, ҳисобни тенглаштирди. Шундан кейин ҳам ҳар икки жамоада қулай имкониятлар вужудга келган бўлсада, навбатдаги гол танаффус арафасида урилди. Ҳакам томонидан биринчи бўлимга қўшиб берилган вақт ўтиб бораётганда Одил Ҳамробеков узоқ масофадан «Қўқон-1912» дарвозасини ишғол қилди - 1:2. Кейинги 45 дақиқаликда ҳам ташаббус меҳмонлар томонида бўлди ва шунга мос равишда Игорь Сергеев ва Достон Ҳамдамовнинг голларидан сўнг ҳисоб 1:4 кўринишини олди. Бунга мезбонлар фақат бир марта, Шаҳбоз Эркиновнинг аниқ зарбаси билан жавоб қайтаришди, холос. Шу тариқа, «Пахтакор» «учинчи фронт»да ҳам муваффақиятли юришини давом эттириб, Лига кубоги финалига йўл олди.
Иккинчи ярим финалда АГМК ва Самарқанднинг «Динамо» клублари ўзаро куч синашишди. Олмалиқда кечган баҳсда Миржалол Қосимов шогирдлари мезбон эканликларини ҳис қилиб, дарҳол олдинга интилишди ва бу саъй-ҳаракатлар 7-дақиқадаёқ самара келтирди. Рақиб ҳимоячисининг қўпол ҳаракати сабабли ҳакам «Динамо» дарвозаси томон жарима зарбаси белгилади. Стандарт вазиятдан сўнг узатиб берилган тўпни Жасур Ҳакимов тўрга жойлади - 1:0. Биринчи бўлим худди шундай ҳисоб билан якунланди. Танаффусдан кейин ҳар икки жамоа вакиллари галма-галдан ҳужумлар уюштиришди. Умуман олганда, стадионга тўпланган мухлислар шу куни очиқ футбол гувоҳига айланишди. Лекин барибир, мезбонлар ҳам тажриба, ҳам жисмоний ҳолат бўйича устунликка эришиб, якунда йирик ғалабани тантана қилишди. 56-дақиқада Дилшод Жўраевнинг ўрнига захирадан майдонга тушган Жасур Умаров 83 ва 85-дақиқаларда рақиб дарвозасини ишғол қилиб, «дубль» муаллифига айланди. Қизиғи, шу голлар урилишидан аввал «Динамо» мураббийлари жамоа посбонини алмаштиришга қарор қилишганди. Айнан ўйинга қўшилган дарвозабоннинг хатолари ҳам самарқандликларга қимматга тушди.
Шу тариқа «Пахтакор» ва АГМК клублари ҳар икки кубок баҳслари финалида ғолиб номига ойдинлик киритадиган бўлишди. Аввалроқ ПФЛ Лига кубоги ҳал қилувчи ўйини номаълум муддатга қолдирилгани ҳақида хабар берганди.
«ҚЎҚОН-1912» - «Пахтакор» - 2:4 (1:2)
Ҳакамлар: Жасур Мухторов, Санжар Шоюсупов, Алишер Усмонов, Иброҳим Исмоилов.
Голлар: Суҳроб Бердиев (7-пен.), Шаҳбоз Эркинов (81) - Драган Черан (5), Одил Ҳамробеков (45}2), Игорь Сергеев (59), Достон Ҳамдамов (79).
«Қўқон-1912»: 1.Ислом Абдуллаев, 7.Жамшид Ҳасанов, 10.Қувондиқ Рўзиев (11.Темур Ҳакимов, 64), 14.Аваз Маматхўжаев (72.Алишер Саматов, 85), 15.Ойбек Рустамов, 19.Суҳроб Бердиев, 20.Иқбол Маликжонов, 23.Александр Мерзляков, 27.Жасур Ёқубов, 29.Ҳамидулло Абдуҳамидов, 91.Отабек Ҳайдаров (22.Шаҳбоз Эркинов, 72).
«Пахтакор»: 25.Элдор Суюнов, 3.Ҳожиакбар Алижонов, 9.Жалолиддин Машарипов (77.Ҳусниддин
Ғофуров, 84), 10.Драган Черан, 11.Игорь Сергеев, 15.Егор Кримец (23.Шерзод Аъзамов, 46), 17.Достонбек Ҳамдамов, 20.Одил Ҳамробеков, 27.Сардор Собирхўжаев (29.Владимир Козак, 82), 34.Фаррух Сайфиев, 55.Марко Симич.
Назоратчи: Константин Смирнов.
Комиссар: Александр Давиденко.
Шота Арвеладзе («Пахтакор» бош мураббийи): - Биз бу мусобақанинг финалига йўл олганимиздан хурсандмиз. Лига кубогининг биринчи финалчиси бўлганимиз ёқимли. Бизда турнир ғолиби бўлиш имконияти бор. Менимча, бугун биз финалга чиқишга кўпроқ ҳақли эдик. Ўйин давомида бир қатор вазиятларга эга бўлдик. Сўнгги пайтларда тиғиз тақвим бўйича ўйнашимизга тўғри келмоқда. Уч кун олдин Самарқандда «Динамо»га қарши тўп сургандик, бугун эса «Қўқон-1912» билан ўйнадик. Тўрт кундан кейин эса бизни Ўзбекистон кубоги финали кутиб турибди. Мавсумни эрта бошлаганимизни ҳам таъкидлашни истардим. Кези келганда, шогирдларимга бугунги ўйин учун миннатдорчилик изҳор этмоқчиман.
Азиз Тўхтабоев («Қўқон-1912» бош мураббийи): - Биринчи бўлиб тўп ўтказиб юборганимизга қарамай, учрашувни яхши бошлагандик. Биринчи бўлим охирида дарвозамиз яна ишғол қилинди. Ҳисоб 1:3 бўлиб турган пайтда тўп дарвоза устунига тегди. Вазиятлардан фойдалана олмадик. Қолаверса, бугун асосий таркибнинг айрим футболчилари майдонга туша олишмади. Холмуҳаммедов дисквалификацияда, Милич жароҳат олган, Жаҳонгир Аҳмадов, Собит Синдоров ва Ҳожимат Эркиновлар «Пахтакор» жамоасидан ижарага олинганлиги сабабли бугун уларнинг хизматларидан фойдалана олмадик. Шундай бўлса ҳам, майдонга тушган футболчилар борларини бериб ўйнашди. Бугун чиройли ўйин кўрсатишгани учун шогирдларимга раҳмат айтмоқчиман. «Пахтакор» ҳозирги кунда Ўзбекистоннинг энг кучли жамоаси. Буни ҳам тан олиш лозим.
АГМК - «ДИНАМО» - 3:0 (1:0)
Ҳакамлар: Олим Тўйчибоев, Шоҳруҳ Аъзамов, Максим Нехочин, Ҳусан Музаффаров.
Голлар: Жасур Ҳакимов (7), Жасур Умаров (83, 85).
АГМК: 32.Суҳроб Султонов, 20.Мирғиёс Сулаймонов, 77.Владислав Касминин, 44.Бобур Йўлдошев, 31.Сайдулло Раҳматов, 3.Эркин Бойдуллаев, 4.Миржамол Қосимов, 5.Дилшод Жўраев (30.Жасур Умаров, 56), 97.Жасур Яхшибоев (17.Мурод Тошматов, 63), 15.Жасур Ҳакимов (99.Шаҳзод Нурматов, 79), 7.Элгужа Григалашвили.
«Динамо»: 22.Шоҳруҳ Раимов (12.Шоҳруҳ Эшбўтаев, 79), 3.Темур Шарипов, 4.Ҳакимхон Аъламхонов, 11.Қадамбой Нурметов (41.Анвар Муродов, 81), 19.Санжар Баратов, Жасур Ўринов, 26.Комил Шарофиддинов, 28.Обид Ҳакимов, 50.Дилмурод Каримов, 70.Шоҳруҳ Абдураҳмонов, 90.Беҳзод Аҳмаджонов (5.Достон Абдураҳмонов, 68).
Назоратчи: Ғайрат Каримов.
Комиссар: Диёр Имомхўжаев.
Рафаэль Баласанян («Динамо» ёрдамчи мураббийи): - Йигитлар ўйиндан олдинги режага амал қилишди. Унга кўра, ҳар бир футболчи ўз ўрнида қатъий ўйнаши ва яратилган имкониятлардан фойдаланиш кўзда тутилганди. 75-дақиқагача ҳаммаси биз учун яхши кетаётганди. Афсуски, захирадан майдонга тушган дарвозабоннинг хатолари туфайли йирик ҳисобда ютқаздик. Бу посбонимиз яқинда жароҳатидан қутулганди, шу боис унга ўйин амалиёти беришга қарор қилгандик. Тўғри, натижа қониқарсиз, аммо футболчиларимизнинг ўйинидан деярли қониқдим.
Миржалол Қосимов (АГМК бош мураббийи): - Финалга чиққанимиздан хурсандмиз. Мавсум сўнгида ҳар уч кунда ўйин ўтказяпмиз, шу боис кичик ротацияни амалга оширдик. Биринчи голдан кейин йигитлар бироз хотиржамликка берилишди. Футболда бундай ҳолат кўп кузатилади. Иккинчи бўлимда барчасини жойига қўйдик ва финалга чиқдик.
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20