Қайднома

Қидирув

Келишилмаган ўйинлар

Келишилмаган ўйинлар

  24.10.2019 06:05
  0
  617
Келишилмаган ўйинлар

Футбол билан келишган-келишган йигитлар шуғулланишади. Қанча-қанча сулув қизларни мафтун айлашади кўркам-кўркам келбатлари ила! Фақат улардаги бир жиҳат билан келишиш иложи йўқ. Гоҳо ёлғон сўзлаб юборадиган Шум бола каби улар ҳам ҳисобни ими-жимида келишиб қўйишади. Бунда «Бошқалар ҳам аҳмоқ эмас. Нима иш қилаётганимизни билиб қолишлари мумкин», - деб ўйлаб ҳам ўтиришмайди. Шунча гап-сўздан таъсирланишмайди, мухлислардан уялишмайди. Ачинарлиси, шу йўлга қадам босган жамоалардан бири номи - «Ифтихор». Клуб мухлислари «Ифтихор»нинг қайси ишидан фахрланишлари керак? Маълум миқдордаги маблағ эвазига бошқа жамоаларга очко улашганиданми?

 

Бундай футболнинг кимга ёки нима кераги бор? Моддий етишмовчилик кучайдими, футбол ўйнашга имкон йўқми, тамом, жамоани тар­қатиш - энг оқилона йўл. «Биз ҳам майдонда ўйнашимиз керак-ку! Футбол - ҳаётимиз мазмуни!» каби иддаолар келишилган ўйинларни оқловчи сабаб бўлолмайди ҳаргиз. Шу маънода айтсак, «Ифтихор» ва «Раш-Милк»ни Про-лигадан четлатилганини катта ҳақиқатлар пардасининг бир учини кўтариш сифатида баҳолаш мумкин. Ҳар ҳолда, ширин ёлғондан аччиқ рост яхши, ўзимизни алдамаганимиз маъқул. Аччиқ ҳақиқатни тан олишдан чўчимаса, ЎФА эътиборига бир неча савол: «Ифтихор» ва «Раш-Милк» қайси жамоалар билан келишиб ўйнаган, кимларга очко улашган? Ташаббус ўша жамоалардан чиққан бўлса-чи? Калаванинг учини чувалаштирилса, ҳақиқатнинг чегараси яна қайси клубларни қамрайди? Балки Про-лигада «тоза» жамоанинг ўзи йўқдир... Айтишга осон бундай хулоса. Агар дарҳақиқат, шундай бўлса, футболимизнинг келажаги чинакамига хавф остида. Ишқилиб, хавотирларимиз асоссиз чиқсин-да. Ахир бундай юз қоралик футболимизга асло ярашмайди!

Очиғи, Суперлигада ҳам, Про-лигада ҳам баъзи ўйинларни кўриб, одамнинг оғзи очилиб қолади. Ана, жанговарлик, мана, қарама-қаршилик. Энди «Бўларкан-ку шундай ўйнаса...», - деб қувониб турсангиз, ўша жамоа кейинги учрашувда рақибга «тасодифан» тўп узатиб қўйишлари, дарвоза устуни ёнидан ёки тўсини тепасидан ўтувчи зарбалари билан ажаблантиради. «Тавба, ўтган сафар тўп узатиши ҳам, зарбалари ҳам аниқ чиққанди-ку?! Маҳорат 3-4 кунда шунча пасайиб кетадими?» - дейишдан бошқа чора тополмайсан киши. Шарҳловчилар ҳам мисол учун, «Бугун «Бунёдкор»нинг куни эмас, шекилли...», - дейиш билан кифояланишади бундай вазиятда.

Дарвоқе, «Бунёдкор» - АГМК, «Сурхон» - «Навбаҳор» ёки «Лацио» - «Аталанта» учрашувлари ҳақида фикримиз қандай? Бизнингча, Римдаги ўйинда ҳаммаси сўнгги дақиқада пенальтига сабабчи бўлган футболчининг виждонига ҳавола. Икки жамоа ўзаро келишмагани аниқ. «Лацио» ҳисобни тенглаштирмасдан аввал «Аталанта» 4-голини ҳам уриши мумкин эди. Мўъжиза туфайли «Лацио» 4-голдан қутулиб қолди, яъни дарвозабон маҳорат кўрсатдию, пенальти ишланган ҳолатда «Лацио» ҳужуми шундай ривожландики, беихтиёр «Ҳаммаси табиий, бошқа чора қолмаганди», - деб юборасан киши. Бироқ пенальти тепилгач, майсани муштлаётган «Аталанта» дарвозабони кўз ўнгингиздан ўтаверади. Унга тўпни қўлдан чиқариб юборгани алам қилдими ёки норозиликка бошқа сабаб бор?

Ҳа, футболда шундай сабаб-оқибат воқелиги мавжудки, унга майдон ташқариси аралашолмайди. Ҳақиқатлар билан боғлиқ мулоҳазалар 90 фоизлик чегарада тўхтайди, у ёғига ўтиш мумкин эмас. Қайсидир мураббий рақибга ён босишни истаса, бу иш унчалик қийинчилик туғдирмайди. У оғзини «қора» қилиб, бирор футболчига топшириқ ҳам бермайди. Одатдагидек, жамоасини ўйинга тайёрлайди ва индамасдан асосий таркибда ёш дарвозабонни майдонга туширади. Бирор футболчи унга эътироз билдирадими? Йўқ, албатта. Эътироз билдирадиган футболчи жамоада тўп суролмайди. Ёш дарвозабон эса «ғалати ишонч»дан ҳаяжонланиб, гол қўйиб юборади ва мураббий фақат ўзигагина аён йўл билан мақсадига эришади. Қани унга эътироз билдириб кўринг-чи? Эътироз билдиролмайсиз. Чунки у ўзингизни ёшларга ишончсиз қарашда айблайди. «Ҳўл бало» дегани - шу. Дамингиз ичингизда юраверасиз.

Хуллас, ўйинларни келишувчилар, «пул-зако»си қошида унча-мунча донишманд ип эшолмайди.

Умуман олганда, келишилган ўйин­ларни келишилмаганларидан фарқлаш қийин эмас. Масалан, «Пахтакор»нинг ўйинни соғинган захира таркиби очко сув ва ҳаводек зарур «Динамо»ни аямади. Бу каби ўйинлардан сўнг, «Орзу бошқа, имкон бошқа!» деймиз. «Сўғдиёна»нинг 3-ўринга интилиши таҳсинга лойиқ, албатта. Бекободда беомон «жанг» кечди. Аммо «Бунёдкор»нинг мағлубиятини, изоҳлаш мушкул, барибир. «Қалдирғочлар» совриндор бўлишни исташмаётгандек, гўё. Назаримизда, Вадим Абрамов ҳам, Зайниддин Зидан ҳам икки ўт орасида қоврилишмоқда. Вадим Карленович қоврилаётган икки ўт ҳолида ҳозирча мулоҳаза йўқ. Зидан масаласида эса қарашлар турли-туман. Лекин аёвсиз бир ҳақиқат у тарафда: «Реал» янгиланишга муҳтож. Шунинг учун ҳам буюк футболчи ва мураббий ярадор йўлбарс мисоли ўзини ҳар томонга урмоқда, аниқроғи, таваккалига иш тутмоқда. У захира таркиб ишончдан руҳланиб, «Мальорка»ни енгади, деб ўйлади. Футболчилар эса ишончни оқлашолмади. Эҳтимол, Зидан ЕЧЛдаги аҳволни яхшилаш учун шундай йўл танлагандир... Эҳтимол. Яхшиси, ҳаммасини вақт ҳукмига ҳавола қиламиз ҳозирча ва баралла айтамиз: «Яшасин келишилмаган ўйинлар!»

Муҳаммад ВАЛИ, "ИНтерФУТБОЛ" газетаси


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz