Қайднома

Қидирув

Камтар Суперюлдуз ёки яна Шомуродов ҳақида

Камтар Суперюлдуз ёки яна Шомуродов ҳақида

  24.10.2019 09:40
  0
  380
Камтар Суперюлдуз ёки яна Шомуродов ҳақида

Россиялик ҳамкасбларимиз Элдор Шомуродов ҳақида мақола тайёрлаб, уни айнан шу тариқа мақташди - РПЛ суперюлдузи. Sports.ru тақдим этган материал ўзбекистонлик ҳужумчининг ўтмиши ва бугуни билан боғлиқ. Хўш, ушбу мақолада нималар ҳақида ёзилди? Марҳамат, ўзингиз у билан танишиб чиқишингиз мумкин.

Шомуродовнинг РПЛ жорий мавсумидаги статистикаси ажойиб - 12та учрашувда 10та гол, 2та «ассист», ўзбекистонлик форвард «Ростов»нинг фақат учта ўйинида тўп киритмади. Шомуродов тўпни бош билан ўзига ўнглаб оладиган вазиятларда ҳам гол уряпти - бунга яқинда «Динамо» ҳимоячилари бевосита гувоҳ бўлишди. Кейинчалик у ЦСКАнинг мағлубиятга учратилишига ҳисса қўшди, шанба куни «Зенит» билан ўйин ўтказилди.

Элдор Европанинг нуфузли клубларидан бирига ўтиб кетмасидан аввал ушбу ҳужумчининг РПЛдаги фаолиятини таҳлил қилиб олсак. Бошланишида Шомуродов «Ростов»да гол урмади. Кучук ундан қандай фойдаланишни билмади, Карпин эса ундан ўнг қанот ҳимоячиси сифатида фойдаланди. Ўз вақтида, клубдагилар ижара ҳақида ўйлай бошлашди, аммо Шомуродов «Ростов»да қолиб, топ футболчи даражасига кўтарилди.

Қаҳрамонимиз Афғонистон билан чегарадош ҳудуд - Термиз шаҳрида улғайган. «Афғонистонда ҳеч қачон бўлмаганман, ҳеч қачон ушбу мамлакатга қизиқмаганман, - дейди форвард. - Афғонистоннинг нимасига қизиқиш мумкин? У пайтлари бошқа мамлакатларга боришни орзу қилганман. Болалигим қийин ўтган, деёлмайман. Айни пайт ота-онам ишлашмайди, авваллари эса отам футбол ўйнаган, онам ўзимизга тегишли озиқ-овқат дўконида ишлаган».

Шомуродовнинг болалиги сокин ва саргузаштлардан холи ўтган: кўчада футбол ўйнаган, фақат мураббийлар назорати остида. Уларнинг жамоаси қўшни шаҳарларда ташкил этилган турнирларга бориб, ҳар доим ғалаба қозонган. 12 ёшида уни «Машъал» клуби скаути пайқаган - ўша пайтлари Муборакда Ўзбекистондаги энг яхши академиялардан бири фаолият юритарди.

Бир сафар «Бунёдкор»га қарши баҳсда Шомуродовга Ривалдо билан қўл ушлашиб майдонга тушиш имконияти берилган - агар ёдингиздан кўтарилган бўлса, бразилиялик юлдуз фаолиятининг сўнгги дамларида Ўзбекистонда тўп сурганди. Бир неча йилдан сўнг Шомуродов ҳам «Бунёдкор» аъзосига айланди: унинг ўсмирлар термасидаги ўйинини кўргач, мамлакатнинг бош жамоасига чақиришган. Ўзбекистонлик футболчилардан бири Анзур Исмоилов интервьюларининг бирида у ерда мавсумдан олдин қурбонлик қилинишини айтганди.

«Ҳа, мавсум бошида қўй сўйилади, - дея ҳамюртининг гапларини тасдиқлади Шомуродов. - Қайсидир жамоалар стадионда, айримлар эса унинг ташқарисида шундай қурбонлик қилишади. Мухлислар чақирилмайди, ҳаммаси дарвоза ортида амалга оширилади. Мулла Қуръон тиловат қилади, қассоб қўйни сўяди. Гўшти эса муҳтожларга тарқатилади».

«Бунёдкор»да Шомуродов қанот форварди позициясида ўйнаган, 60тадан ортиқ ўйин ўтказиб, 18та гол урган. Жамоавий кўрсаткичлари орасида Ўзбекистон чемпионати кумуш медали ва кубок финали бор. Элдор ўз юртида ҳам самарали тўп сурган.

«Ўзбекистондаги дўстларимиз Элдорни кузатишимизни маслаҳат беришганди, - дейди Шомуродовнинг вакили Қаҳҳор Мўминов. - Гарчи у ўша пайт Осиёда у қадар обрўли футболчи бўлмасада, Россиядагига нисбатан машҳурроқ эди. 20 ёшида ОФК етакчиларидан бири ҳисобланган Ўзбекистон термасининг асосий ҳужумчисига айланганди. Агар Сурия тўсиғидан ўтишганида, ЖЧ-2018 «плей-офф» босқичида қатнашишарди.

Элдорга Осиёдан жамоа топиш ҳеч қачон қийин бўлмаган: «Ростов»дан аввал у яхшигина пул эвазига Қатар, Саудия Арабистони ёки БААга кўчиб ўтиши мумкин эди. Эҳтимол, Хитой бу ўринда истиснодир - у ерда нисбатан юлдузроқ футболчиларга эҳтиёж бор. Аммо унда фақат Европага, қисман Россияга бориш истаги бор эди. Буни асос сифатида қабул қилиб, биргаликда қарор чиқардик. Катта жамоаларда кучли босим ва рақобат борлигини инобатга олиб, бироз қуйироқдан бошлашни ихтиёр этдик. Элдор таклифимизга кўнди.

Унинг ўйинини кўриш учун уч марта Ўзбекистонга бордик - шартнома имзолаш бўйича шубҳа қолмаганди. Ҳаммамизни ҳайратга солган вазият ёдимда. У ажойиб гол урганди: ҳамма зарба йўлланиши ёки узатма берилишини кутиб турганда, у тўпни енгил ҳаракат билан «тўққизлик»ка жойлаб қўйганди. Ўшанда ҳақиқий футболчи эканлиги ойдинлашганди. Вазиятни бой бермай, зарур ҳужжатларни тайёрлашга киришгандик. Кейинроқ яна бир диққатга молик воқеа кузатилганди: Ўзбекистон термаси «Боруссия» Дортмунднинг иккинчи жамоаси билан ўйнаганди. Учрашувларнинг бирида германияликларнинг скаути шундай деганди: «Ўзбекларнинг чап қанотида кучли, тезкор ва баланд бўйли ҳужумчи бор экан. Ярмоленко услубида ўйнаркан, у сизларга тегишли эмасми?» Биз эса Элдор билан бир ой аввал шартнома имзолагандик ва ўша паллада бу келишув хато эмаслигини тушунгандик».

«Ростов»дан ташқари, Шомуродовни «Уфа», «Краснодар» ва РПЛнинг бошқа клубларига ҳам таклиф этгандик. ЦСКА ҳам қизиққан.

«Скаут футболчини кузатаётганда, кўплаб факторларни эътиборга олади, шу боис инсонни ниманидир назардан четда қолганликда айбламаслик керак, - дея фикрини давом эттирди Мўминов. - Яқинда Максим Дюков (ЦСКА селекция бўлими раҳбари) қўнғироқ қилди, ақлли, замонавий йигит. У хатоларини тан оладиганлар тоифасидан. Уларга Элдорни таклиф қилганимизда, қабул қилишмаганди. Дюков шундай деди: «Қаҳҳор, бизни ҳайрон қолдирдинглар. Клубимиз Шомуродовга етарли баҳо беролмаганди, бу йигитча эса ҳаммани ажаблантирмоқда». Биз, дарвоқе, Элдорни кўплаб клубларга таклиф этган бўлсак, фақат «Ростов» ижобий жавоб берди ва бунинг учун клубдагиларга раҳмат».

РПЛга қадар Шомуродов 4-3-3 схемасида қанот ҳужумчиси вазифасини бажарарди. Кучук бундай тактикадан фойдаланмасди, у 5-2-2-1ни маъқул кўрарди, Элдорга эса инсайд позициясидан жой ажратди.

«Аввалига Шомуродовнинг нима мақсадда сотиб олинганини кўпчилик тушунмаган, - дейди «Ростов»нинг медиа жамоаси собиқ ходимларидан бири Никита Кириленко. - Унинг 21-22 ёшида термада 20дан ортиқ ўйин ўтказгани таскин берарди, холос. Инсайд позициясида Шомуродовнинг иши қовушмади. У кенгроқ ҳудудга эҳтиёж сезарди. Кейинчалик Элдордан плеймейкер сифатида фойдаланишди - ундан паслар узатиш талаб этиларди. Бу чора ҳам фойдасиз чиқди. Кейинчалик эса, Карпин келгач, уни ижарага бериб юборишларига бир баҳя қолди - Мирзов қатори «Арсенал»га ўтиб кетиши кутилганди. Ўйлашимча, Шомуродов ҳам бунга тайёр эди. Аммо жамоада қолди, Карпин эса ундан ҳимоячи сифатида фойдалана бошлади. Шу билан ҳаммаси тугади, Элдор тез орада Осиёнинг бирор жамоасига ўтиб кетади, деб ўйлагандим».

Шомуродов «Сизран»га қарши кечган кубок ўйинида ҳимоячи позициясида майдонга тушди. «Ростов» ўшанда 4:0 ҳисобида зафар қучди, Элдор эса гол урди.

«Жуда қийин ва ноқулай бўлганди, аммо барибир, футболдан завқ олганман, - дейди Шомуродов. - Қанот ҳимоячисидан кўпроқ югуриш талаб этилади. «Сизрань» билан ўйинда мудофаа чизиғига қайтмаса ҳам бўлаверарди. Мени айнан шу сабабли ҳам ушбу позицияга қўйишганди»,

Ҳимоя чизиғидаги тажриба узоқ давом этмади: Элдорни «Динамо» билан ўйинда ҳам шу позицияга қўйишгач, кейинчалик ҳужумга қайтаришди. Бу ерда эса Шомуродов вазиятлардан фойдалана олмаслик муаммосига йўлиқди.

«У бир метрдан ҳам дарвозани аниқ нишонга ололмасди, - дейди Кириленко. - Ўйинларда ҳам, машғулотларда ҳам. Яъни Элдор тўғри очиларди, қулай позицияга чиқарди, лекин тўпни юқорига тепарди. Унга ҳамма «Шома, аниқ тепсанг-чи», дерди. Кейинчалик қаторасига уч марта тўсин ва устунни нишонга олган ҳолатлар бўлди, бу уни кучли босим остида қолдирганди, маш-ғулотларда ноаниқ зарбалари давом этди. Ўйлашимча, Шомуродовни Карпиннинг сўзлари руҳлантирган. Бир сафар Элдор Осиё кубогида кўп гол уриб қайтганда, Валера унга ўз услубида мурожаат этганди: «Шома, нима, сен фақат Покистон, Фаластин ва қирғизларга гол ура оласан холосми? Сенинг Осиё кубогинг - даража эмас, сен эса ўша ерда яхши ўйнайсан». Шунингдек, ҳазил тариқасида уни «қийшиқ таёқ» дерди. Бу сўзларда ёмонлик йўқ эди, ҳаммаси футболчининг манфаати учун айтилганди. Ва ўйлашимча, шундай киноялар орқали Карпин шогирдини илҳомлантирган. Кучук буни уддалай олмаган, чунки унинг ҳазиллари ғалати эди, Валера эса - бошқача».

Карпин ҳозир ҳам Шомуродов билан кўп ҳазиллашади. Интервью олаётган пайтимиз узоқдан овоз эшитилди: «Нима, машҳур бўлиб қолдингми, ҳаммага интервью беряпсан?». Шериклари ҳам мураббийдан қолишмайдилар.

«Бир сафар «Ростов-Арена»га экскурсияга борганимизда, у ерда ўзбеклар ҳам ишлашаётганди, - дейди Кириленко. - Бу воқеа 2018 йилнинг мартида бўлганди, стадион деярли тайёр бўлиб қолганди. Автобусдан тушганимизда, ўзбек қурувчилар Шомуродовни таниб қолиб, уни чақиришди: «Элдор, Элдор». Шундай ҳамма футболчилар ҳазиллашиб, Элдор улар билан қолиб, стадионни қуришда ёрдамлашиши мумкинлигини айтишганди. Буни аниқ ким айтганини билмайман, у Паршивлюк, Скопинцев ёки Песьяковдан бири эди».

Ниҳоят, 2019 йилнинг баҳорида Шомуродов нималарга қодирлигини кўрсата бошлади: «Спартак» билан ўйинда ғалаба голини урди, сўнгра «Ростов»ни «Краснодар» билан ўйинда мағлубиятдан қутқариб қолди. Айнан ўшанда у бошидан жароҳат олиб, голни сузувчилар қалпоғида урганди. «Ростов» реабилитологи ўшанда бу қалпоқча тўпга қўшимча импульс бағишлагани сабаб зарба шундай яхши чиққанини айтиб ҳазиллашганди.

«Жароҳат кучли эмасди, кўп қон оқмаётганди, аммо биринчи марта бошим боғланган ҳолда ўйнагандим, - дейди Шомуродов. - Умуман, аввалига менинг бошим ёрилмаган, бу Мартиновичнинг қони деб ўйлагандим. Бошимдан нимадир оқаётганини сезгач, адашганимни тушундим. Ярага нимадир сепишди, бошимга қалпоқ кийдиришди. Унинг сузувчилар қалпоғи эканлигини ҳам билмагандим, у унчалик қулай эмасди».

Ушбу воқеа кейинчалик ҳақиқий шоуга айланди, «Ростов» эса «Элдорка» қалпоқлари ҳақида ҳазиллар чиқарди: «Бу қалпоқларда сизни ҳеч ким тўхтатолмайди, бошингиз эса масъулиятли дамларда қутқаради!»

Жорий мавсум бошида Карпин Шомуродовни асосий ҳужумчи сифатида кўраётганини билдирди. Кейинчалик чемпионат бошланди ва кетма-кет голлар ёғилди. Шунга қарамай, Transfermarkt Шомуродовни жуда камтарона баҳоламоқда - атиги 2,5 млн. евро (ушбу сайтда унинг 750 мингга сотиб олингани ҳам қайд этилган).

«Transfermarkt вакилларини кўп танқид қилишади, ваҳоланки, у ердагилар жиддий ишлашяпти, - дейди Мўминов. - Келинг, тан олайлик: бундай баҳолаш объектив эмас, лекин футболда бошқа баҳолаш тизими йўқ. Элдор «Ростов»га ўтаётганда, у ерда 750 минг евро кўрсатилганди. Бу нотўғри: «Ростов» унинг учун камроқ пул тўлаган. Ҳозир Шомуродов энг яхши тўпурар, яқинда шартномани узайтирди, демакки, бугунги баҳо бошқача бўлиши лозим. Умуман олганда, футболчининг нархи унга айни пайт қанча таклиф этишаётганига қараб белгиланиши керак. «Штутгарт» 10 млн. евро атрофида беришини айтди, ЦСКА ҳам худди шундай таклиф билан чиқди. Мазкур ҳолатда қарор чиқариш «Ростов»га қолди. Қишда ушбу масалага яна қайтиш бўйича келишилди, бизда худди шунга ўхшаш рақамли таклиф бор. Бироқ кўряпманки, «Ростов» футболчини қишда сотиши қийинроқ, бу ерда уларнинг позицияси тушунарли. Куни кеча Ўзбекистонга бориб, Элдор ва унинг оиласи билан гаплашдим. Агар клуб бирор-бир топ-лигадан таклиф олса, ёзда жамоани алмаштиришга кўндирамиз. Ахир «Ростов» Шомуродов билан шартнома имзолаётганда, бу борада келишиб олгандик».

Шомуродов ҳақида ҳатто Жозе Моуриньо ҳам билади, уларнинг бирга тушган суратлари бор. Элдорни португалиялик мутахассис билан футболчининг манфаатларини ҳимоя қилувчи агентлик раҳбари Герман Ткаченко таништириб қўйганди.

«Ўшанда Герман Владимирович билан учрашув белгиланганди, - дейди Шомуродов. - У бир инсон келиши, уни кўриб ҳайрон қолишимни айтганди. Ва биз жойлашган хонага Моуриньо ташриф буюрди. Ўшанда у Осиё чемпионати ўйинларини шарҳлаганди, Герман эса Жозега менинг Ўзбекистон термаси футболчиси эканлигимни тушунтирди. Моуриньо билан суратга тушдик, бироз суҳбатлашдик. У, дарвоқе, Осиё кубогида нечта гол урганимни билар экан, бундан жуда хурсанд бўлдим».

Шомуродов учун Моуриньо шунчаки кутилмаган меҳмон эмас. Элдор айнан португалиялик мутахассис иш бошлаган пайтдан буён «Челси»га мухлислик қилади ва қачонлардир ушбу клубда ўйнаш ниятида.

«Болалик пайтим менда «Челси»нинг формаси бор эди. Айнан ўша, Абрамович келган пайтдагиси, - дейди Шомуродов. - Менга Дрогба, Торреснинг ўйинлари ёқарди, уларга «Челси»га келмасларидан аввал ҳам ҳавас қилардим. Энг ёқимли лаҳза - албатта, Чемпионлар Лигаси финали: Роббен пенальтидан фойдалана олмаган, Дрогба эса боши билан тўп киритганди. Термада ўйнашни орзу қилгандим, ўйнадим, энди топ-5 чемпионатларидан бирида тўп сурмоқчиман. «Челси» ҳақида орзу қилаётганим тушунарли, аммо менга Германия чемпионати ҳам ёқади».

Айни пайт Шомуродов инглиз тилини ўрганмоқда. Тўғри, ҳозирча унда Европа клублари ўйинчисини кўришмаяпти.

«Терма жамоанинг ўйинлари сабаб Шомуродов Москва орқали учишига тўғри келган, - дея эслайди Мўминов. - Элдорнинг бели оғриётганди, термадагилар эса «эконом» чиптасини олишганди. Футболчи уни алмаштириб, «бизнес» тоифасида учишни хоҳлади ва қанча тўлаши лозимлигини сўради. Унга маълумот беришди: 28 минг. Ўз навбатида, аниқлик киритишга уринишди: «Нима, шунча пулингиз борми?». Ҳа, Москва мана шунақа шафқатсиз. Ростовда эса вазият тамомила бошқача: у ерда асосий вақти селфи ва дастхат тарқатиш билан ўтади».

Элдор - балки, лигадаги энг камтар футболчи бўлса керак. Даставвал у «Ростов»да энг кам маош олувчилардан бири эди, аммо ўша пулни ҳам сарфламасди. Топганининг деярли ҳаммасини отасига жўнатади, у эса ўғлининг молиявий ҳолати билан шуғулланади. Шунингдек, Шомуродов палов егани ресторанга эмас, Ростовдаги оддий бозорга боради.

«У ернинг ресторан эмаслигидан заррача хавотирга тушмайман, Ўзбекистонда бундай жойлар жуда кўп, - дейди Шомуродов. - У ердагилар кимлигимни билишмайди, ўзим ҳам футболчи эканлигимни айтмасликка уринаман. Бу ўз юртимнинг Ростовдаги бир қисми, паловни жуда яхши пиширишади, килограмми 2 минг рубль туради».

«Ростовга келганида, маҳаллий ўзбеклар билан танишди, - дейди Кириленко. - Унга шаҳардан чиқаверишдаги «Алмаз» бозоридаги жойни тавсия қилишди. У ерда асосан эҳтиёт қисм-лар ва енгил саноат маҳсулотлари сотилади. Элдор бир сафар ошга чақирди, буюрттирди, бордик. Агар Шомуродов бўлмаганда, у ерга киришим амримаҳол эди - камтарона жой. Аммо муҳит ёмон эмас: стол бор, ерда ўтирадиган жой ҳам. Ҳамма ўзбекчада гаплашади. Болалар полда ўйинчоқ машиналарни ўйнашаётганди. Албатта, ўзбеклар биздан фарқланишади. Агар ватандошлари бошқа мамлакатда ўзини кўрсатса, у билан фахрланишади. Уларда Элдор бор, уни кутиб олишди, палов, нон беришди. Бундай паловни ресторанда тайёрлашмайди».

Дарвоқе, ресторанлар ҳақида гапирадиган бўлсак, Элдор спиртли ичимлик ичмайди. «У ҳеч қачон алкоголь истеъмол қилмаган, - дейди Мўминов. - Ҳатто алкоголсиз пиво таклиф қилганимда ҳам ичишни хоҳламади. Ҳаво иссиқ эди, кафеда ўтиргандик. Шунингдек, ўз вақтида ухлайди, эрта туради, машғулотларга ҳаммадан олдин бориб, ҳаммадан кейин кетади. Аксарият футболчиларга уни намуна сифатида кўрсатаман, чунки айнан шундай майда-чуйда нарсалар катта натижалар сари етаклайди»,

Мақола охирида Шомуродовнинг ҳужжатларини таксида унутиб қолдиргани, кейинчалик уни ўзбекларнинг шаурма сотадиган дўкончасидан топгани ҳақида гаплашамиз.

«Отамнинг ўзбек танишлари бор, - дейди Кириленко. - У менга шундай деб ёзди: «Шомуродовдан сўраб кўр-чи, ҳужжатларини йўқотмаганмикин?». Ўйин тугагач, Элдорнинг ёнига келиб сўрагандим, у «Ҳа, ака, ҳужжат ва карточкаларимни йўқотиб қўйдим», деди.

Шомуродов таксичига қўнғироқ қилган, аммо у кетгани, гўё ҳеч нимани билмаслигини айтган. Элдорга отамнинг танишлари афтидан ўша йўқолган нарсани топишганини айтдим. У эса «Келинг, эртага гаплашиб, бориб, уни оламиз», деди.

Воқеа шундай бўлган экан: таксичи Элдор нарсаларини унутиб қолдирганини кўрган. Инсофли одам бўлганида, қайтарарди, аммо ҳамённинг ичида таксичининг икки ойлик маошига тенг пул бор эди. Элдор қўнғироқ қилганида, у ҳеч нима йўқлигини айтган. Таксичи ҳамённи олиб, қолган буюмларни Ростов четига ташлаб кетган. Ўша ерда бўлган ўзбеклар буталар орасидан сумкани топишган. Ичида Шомуродовнинг ҳужжатларини кўришган. Бошқа ўзбекларга олиб бориб беришган, улар эса бошқасига, натижада буюм шаурма дўкончасигача борган. Унинг эгаси эса отамнинг таниши бўлган. Шу тариқа воқеа менга бориб тақалди. Биз биргаликда Элдорнинг нарсаларини олиш учун бордик. У ўша ерга кирди, ўз тилларида гаплашишди, ҳаммасини олди. Шомуродов миннатдорчилик мақсадида пул бермоқчи бўлди, аммо улар олишмади».

Элдор, сен суперсан!

Уткир УМАРОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz