Қайднома

Қидирув

Уго Льорис: «Почеттино келгач, «Тоттенхэм»дан кетиш фикридан воз кечганман»

Уго Льорис: «Почеттино келгач, «Тоттенхэм»дан кетиш фикридан воз кечганман»

  24.10.2019 10:45
  0
  425
Уго Льорис: «Почеттино келгач, «Тоттенхэм»дан кетиш фикридан воз кечганман»

Франция термаси дарвозабони Уго Льорис мана еттинчи мавсумдирки, «Тоттенхэм» шарафини ҳимоя қилмоқда ва France Football нашрига берган интервьюсида ҳали бу клубдан кетиш нияти йўқлигини билдирди. Унинг таъкидлашича, «шпорлар»нинг узоқ муддатли лойиҳасида қатнашмоқда ва лондонликлар тўғри йўлдан кетишмоқда.

- 15 июлда Россиядаги жаҳон чемпионлигининг бир йиллигини нишонладингизми?

- «Тоттенхэм» мавсумолди тайёргарлигини 12 июлда бошлади, бор эътибор ишга қаратилгани боис нишонлашга вақт бўлмади. Умуман, бундай натижа шундоқ ҳам хотирада умрбод сақланиб қолади.

- Ёз сиз учун яхши ўтди - турнирлар йўқ, футболдан дам олишингиз мумкин эди...

- Бу жуда муҳим. Ахир ҳордиқ чиқаришга вақт бўлмайди, бир турнир ортидан бошқаси бошланади. Ҳар қандай ҳолатда ҳам формани йўқотмаслик лозим - ҳам клубда, ҳам термада. Ҳам жисмонан, ҳам руҳан. Лекин биз робот эмасмиз-ку! Шундай экан, бироз танаффус қилиб, мароқли дам олиш учун вақт топиш жуда муҳим.

- Таътил пайтида Чемпионлар Лигаси финалидаги мағлубиятни миянгиздан чиқариб юбордингизми?

- Ўтмиш билан яшаш керакмас! Албатта, бундай мағлубиятлар жуда аламли, айниқса, дастлабки икки суткада жуда билинади. Аммо финалдан кейиноқ термага йўл олдим - туркларга қарши баҳсга тайёрландик. Афсусланиш учун вақт бўлмади, шуниси маъқул - акс ҳолда, ақлдан озиш ҳеч гапмас. Евро-2016 финалида ютқазганимизда (Португалия - 0:1), олти кун ўзимга келолмаганман.

- Шундай пайтларда журналистлар сизга яқинлашмасалар яхши бўлармиди?

- Ҳа, бир-икки кун ҳолат ёмон бўлади. Ўз қобиғингизга кириб қоласиз. Кейин барчаси аста-секин ўтиб кетади. Агар фарзандларингиз бўлса, вазият осонроқ кечади, эътиборингиз уларга қаратилади. Болалар - энг муҳими. Кичкинтойлар орқали ҳаётга қайтасиз.

- ЕЧЛ финалида ютқазганинглар - ёмон, аммо ҳал қилувчи баҳсга қандай етиб борганинглар - ахир бу ажойиб-ку! Чемпионлар Лигасида барибир ижобий таассуротлар қолган бўлса керак?

- Албатта. Ахир, «Тоттенхэм» - ҳар мавсум ЧЛда ғолиб чиқишни мақсад қиладиган клуб эмас. Финалга етиб борганимизнинг ўзи катта ютуқ. Оддий эмас, улкан муваффақият! Бу тажриба албатта асқотади, жамоанинг кейинчалик ўсишида трамплин вазифасини ўтайди.

- ЧЛ финали ва ЖЧ финали - адреналин бир хилми?

- Йўқ. (Кулади.) Албатта, ҳар иккисида ҳаяжон бир хил бўлади, аммо мундиал финали - бу ўзгача баҳс, бунақаси тўрт йилда бир марта кузатилади. Одатда, бир йил кейин нима бўлишини ҳам тахмин қилолмаймиз, фаолиятимиз унгача якунланиши ҳеч гапмас. Футболда ниманидир олдиндан айтиш қийин.

- Аммо ўйинларга тайёргарлик бир-бирига ўхшашми?

- Йўқ, албатта! Финал ярим финалдан уч ёки тўрт кун кейин бўлиб ўтади. Чемпионлар Лигасида эса бу учрашувлар ўртасида бир ойлик тафовут бор. Тайёргарлик мутлақо бошқача кечади.

- Европадаги қайси стадионда ҳис-ҳаяжон кўпроқ бўлади?

- Мадриддаги «Сантьяго Бернабу»да. Унинг майдонига чиққанда, тарихга дахлдорликни ҳис этасан. Бошқача нафас олинади, муҳитнинг ўзида нимадир бордек, тушунтириш қийин. Бу каби ҳислар «Олд Траффорд»да ҳам кузатилади. Шунингдек, Дортмунддаги ажойиб стадионни эътироф этаман. «Аякс»нинг аренаси ҳам ёқади.

- Ўтган йилги ЕЧЛдаги қайси ўйин сиз учун қадрлироқ - сизларнинг дарвозангизга киритилган тўп VAR ёрдамида бекор қилинган «Манчестер Сити»га қарши баҳсми ёки Лукас сўнгги дақиқаларда ғалаба голини урган «Аякс» билан учрашувми?

- Ўйлашимча, Амстердамдаги ўйин қимматлироқ. Албатта, «Сити»га қарши кечган баҳс ҳам кутилмаган сценарий остида ўтди. Лекин барибир, энг ҳаяжонли ҳолатлар «Аякс» билан учрашувда рўй берди. Фаолиятимда кўплаб қувончли ва қайғули вазиятлар бўлган, аммо буниси - ўзгача. Ўшанда маҳаллий мухлислар «Аякс»ни тинмай олқишлашаётганди, лекин Моуранинг голидан сўнг бирданига жим бўлиб қолишди. Бунақаси яна бир марта рўй беришига ишониш қийин.

- ЧЛ фаворити бўлмаган «Тоттенхэм» қандай қилиб финалга чиқишни уддалади?

- Энг асосийси - умумжамоавий кайфият. Мабодо, кимдир бошқа клуб ҳақида ўйлаб, ишни назардан четда қолдирса - шунда муаммолар туғилиши мумкин. Барча 100 фоиз куч билан ўйнаса - бу муваффақият омили.

- Демак, тўғри ёндашув орқали ҳар қандай жамоа ЕЧЛ финалига чиқа олар экан-да?

- Ўз имкониятингизга эга бўлиш учун муайян футбол концепцияси зарур, ниманинг ҳисобига ғалаба қозонмоқчилигингизни тушуниш муҳим, мустаҳкам тартиб-интизом керак. Яъни умумжамоавий кайфият - бу фақатгина ишнинг ярми, холос. Ва албатта, кўп нарса мураббий, унинг штабига боғлиқ - бизнинг ютуғимиз буни исботлаб турибди. Мураббийлар «Тоттенхэм»да шундай муҳитни яратишганки, барча футболчилар ўз ўйинларини кўрсатишлари мумкин.

- Маурисио Почеттино билан муносабатларингиз яхшими?

- Ҳа. Менга унинг футбол концепцияси ёқади, шунингдек, шахс сифатида ҳам яхши. Почеттино жамоасида ўйнаётганимдан бахтиёрман.

- Унинг қўл остида қандайдир ўзгача машғулотлар ўтказиладими?

- Баъзида шундай бўладики, интенсивлик ўйинлар пайтидагидан ҳам кўпроқ бўлади. Албатта, машғулотларнинг ҳаммаси ҳам бундай ўтмайди - акс ҳолда, Премьер-лига баҳслари учун куч қолмайди. Умуман олганда, бундай ёндашувнинг ўзига яраша фойдали томонлари ҳам бор.

- Айни пайт Почеттинога талабгорларнинг кўплиги ажабланарли эмас. Ҳатто топ-клублар ҳам ушбу мураббийга эга бўлмоқчилар.

- Ҳайрон қолиш керакмас! У барчасини яхши уддаламоқда. Чиндан ҳам, энг нуфузли клубларда ишлашга муносиб. Бироқ ҳозир бор эътибори «Тоттенхэм»га қаратилган, таъбир жоиз бўлса, ушбу лойиҳа билан банд, клубга 200 фоиз содиқ.

- «Тоттенхэм» сўнгги пайтларда мунтазам равишда Чемпионлар Лигасида қатнашмоқда, шунга қарамай, Европа элитасига киритилмайди. Шу фикрга қўшиласизми?

- Қарийб 30 йил ичида йўқотилган нарсани тўрт-беш йилда қайтариш мумкинмас. Клуб обрўси бунча тез тикланмайди. Асосийси - бошлаш, қандайдир нуфузли турнирда муваффақият қозониш керак. Биз ЧЛда шундай имкониятга эга бўлдик, бир неча йиллар аввал Англия чемпионатида ғолиб чиқишимиз мумкин эди. Ҳар ҳолда, қандайдир барқарорлик бор. Клуб ривожланмоқда. Мен келганимда, инфратузилма қандай эди-ю, ҳозир қандай кўринишда? Ер билан осмончалик фарқ бор! Маурисио Почеттинога раҳмат айтиш керак - унинг меҳнатлари эвазига кўп жиҳатдан шундай мунтазамликка эришдик. Президент (Даниэль Леви)га ташаккур - у клубга ажойиб стадионни туҳфа этди. Машғулотлар маркази - жаҳондаги энг яхшиларидан бири. Одамлар катта фарқни кўришмоқда - «Тоттенхэм» 10-15 йил аввал қандай эди-ю, ҳозир қай кўринишда. Авваллари барқарорликка эришолмаган бўлсак, сўнгги уч мавсумда вазият ижобий томонга ўзгарган.

- Сиз терма дарвозабонисиз, лекин камтарликни йўқотмагансиз, кучли клубларга ўтмайсиз. Нега?

- Бу ҳақда ўйлаб кўрмаган эканман. Европада, умуман, бутун дунёда маҳоратли киперлар оз эмас. Ўзимни ким биландир солиштириш, рейтингдаги ўрнимни аниқлашга уринмаганман. Менинг ишим - дарвозани қўриқлаб, мураббийлардан юқори баҳо олиш, айнан уларнинг олдида исботлашим зарур бўлган нарсалар бор. Шунингдек, ишқибозлар ҳақида ҳам шундай дейишим мумкин. Қолгани билан ишим йўқ.

- Фаолиятингиз давомида фақат иккита турнирда зафар қучгансиз - Франция кубоги (2012) ва жаҳон чемпионати. Бироз камроқ... Алам қилмайдими?

- Бунинг оз ёки кўплигини қандай аниқлайман? Қолаверса, кўп нарса омадга ҳам боғлиқ. Яъни керакли пайтда керакли жойда бўлиш даркор. Ғалабалар балки камдир, аммо улар орасида кўпчилик эриша олмаганлари ҳам бор - жаҳон чемпионлиги. Бу ҳар қандай футболчининг орзуси. Эверест чўққиси! Шу билан тўхтаб қолмоқчимасман, яна нимадир ютиш керак. Эҳтимол, бошқа клубда натижаларим салмоқлироқ бўлармиди... аммо «Тоттенхэм»да ўйнаётганимдан афсусланмайман. Бор кучимни сафарбар этяпман.

- Қачондир нисбатан машҳурроқ клубга ўтишга хоҳиш туғилганми?

- Лондондаги иккинчи мавсумимдан кейин шу каби фикр пайдо бўлганди. Лекин Почеттино келгач, ушбу масала кун тартибидан олиб ташланди. Ахир айни пайт «Тоттенхэм» ва Европа топ-клублари ўртасидаги тафовут унчалик катта эмас. Буни майдонда ҳам ҳис қиляпмиз. Жаҳонда шундай клублар борки, уларнинг тарихидан келиб чиқиб, фақат биринчи ўринни эгаллашлари кутилади. «Реал», «Юве» «Бавария», «Барселона» кабиларни назарда тутяпман... Биз ҳозирча ушбу рўйхатга кирмаймиз, аммо умид қиламанки, бизнинг ҳам давримиз келади.

- Бошқа клублардан ҳам таклифлар олдингизми?

- Ҳеч қачон «Тоттенхэм»дан кетиш ниятим борлигини билдирмаганман. Бу мақсадларим йўқлигини англатмайди, шунчаки, бизда узоқ муддатли лойиҳа бор, ҳар мавсум кучайишда давом этяпмиз - демакки, ҳаммасини тўғри бажаряпман. Агар эртага жамоа ўсишдан тўхтаб қолганини сезсам - шундагина клубимни алмаштириш масаласини кўриб чиқишим мумкин.

- Балки, фаолиятингиз шу тариқа «Тоттенхэм»да якунланар?

- Бу ҳақда ўйламаяпман. Аммо яна бир неча мавсум тўп суришим аниқ. Албатта, ўз вақтида нуқта қўйишни ҳам билиш даркор, лекин шошилиш ярамайди. Бироқ исталган пайтда вазиятни ўзгартириш, янги мамлакатларга сафар уюштириш эҳтимоли ҳам бўлади. Масалан, АҚШга бориш мумкин. Ҳеч қачон келгусидаги ишлар бўйича режа тузмаганман. Бугунги кун билан яшайман. Аммо футболда ҳамма нарса шу қадар тез ўзгаряптики. Бугун бу ердасиз, эртага - бошқа жойда. Башорат қилиш керакмас. Эҳтимол, фаолиятимни шу ерда якунлаш қисматимга ёзилгандир. Яшасак, кўраверамиз.

- Сиз учун қайси турнирдаги ғалаба қадрлироқ - Евродами ёки ЕЧЛда?

- (Кулади.) Унисида ҳам, бунисида ҳам курашга астойдил киришдикми, демак ғалаба қозонишимиз шарт. Афсуски, ҳамма нарса менга боғлиқ бўлмайди. Лекин уриниб кўраман.

- Хўш, қайси ютуқ қимматлироқ?

- Ҳар иккисида зафар қучишга ҳаракат қиламиз.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz