Қайднома

Қидирув

Рекордга уйғун жароҳат

Рекордга уйғун жароҳат

  25.10.2019 01:48
  0
  622
Рекордга уйғун жароҳат

Неймар яқинда Бразилия миллий жамоасининг яна бир рекорд кўрсаткичи муаллифига айланди. «ПСЖ» ҳужумчиси бу сафар ҳаттоки, Пелега насиб этмаган натижани «бўйсиндирди». Ҳамма Неймарнинг асосан жароҳатланиши ва жанжалларига кўпроқ эътибор қаратиши сир эмас. Лекин бразилиялик юлдуз ўйин бобида ҳам зўр, барибир. «Пентакампеонлар» 13 октябрь куни Нигерия термасига қарши ўртоқлик ўйини ўтказиб, 1:1 ҳисоби билан чекланишди. Бу Неймар учун миллий жамоа либосидаги 101-учрашув бўлди. Афсуски, «ПСЖ» вакили баҳснинг 12-дақиқасида жароҳатланиб, сафдан чиқди. Нигерияликлар билан бўлган аламли ўйиндан атиги 3 кун олдин Неймар Бразилия футболи тарихида ўзига хос натижага эришганди. Яъни у Сенегал термаси билан баҳсда миллий жамоа сафида 100-марта майдонга тушди. Шу тариқа жароҳатланишга мойил ҳужумчи Бразилия бош жамоаси сафида 100та ўйин маррасини энг қисқа вақтда забт этган футболчига айланди.

 

Рекорд

Неймар Бразилия миллий жамоаси либосидаги юбилей - 100-ўйинини 27 ёш 8 ой 5 кунлигида нишонлади. Таққослаш учун айтсак, афсонавий Пеле ҳаттоки, бутун фаолияти давомида ҳам мамлакат бош жамоаси формасида 100та ўйин ўтказган эмас. Аниқроғи, футбол қироли 92-учрашув (77та гол)дан кейин тўхтаган. Умуман олганда, Бразилия футболи тарихида атиги 7 нафар ўйинчига 100та учрашув довонига етиш насиб этган, холос. Хуллас, Неймар «пентакампеонлар» гвардиячилари рўйхатида кучли еттиликка қўшилди. Аниқроқ айтсак, Робиньони ортда қолдириб, 5-ўриндаги Клаудио Таффарелга тенглашди. Унинг ўйинлар сони бўйича мутлақ етакчи бўлиш-бўлмаслиги эса вақт ҳукмидаги масала, албатта. Ҳозирча рўйхатни «Рома» ва «Милан» клублари собиқ ҳимоячиси Кафу бошқариб турибди - у Бразилия миллий жамоасининг 142та ўйинида иштирок этган.

Неймарнинг ўзи юзлик довонига етгани хусусида тўхталиб, мамлакат бош жамоаси сафида 100 марта майдонга тушиш қандай бўлишини олдин ҳаттоки, тасаввур ҳам қилмаганини таъкидлади: «Очиғи, энг ёрқин орзулар оғушида сузган кунлар ҳам бундай натижага эришиш хаёлимдан ўтган эмасди. Албатта, ҳозирги кўрсаткичим билан фахрланаман ва миллий жамоа тарихига янги битиклар туширишда давом этишни хоҳлайман. Зеро, олдинда мен интиладиган чўққилар ҳали кўп. Мисол учун, ҳали жаҳон чемпионатида ғалаба қозонганим йўқ».  

Неймар охирги вақтлар фаолиятининг энг оғир дамларига юз тутгани кўпчиликка маълум. Ҳужумчи «Барселона»дан кечиб, «ПСЖ» сафига қўшилгач, аввалига уругвайлик янги клубдоши Эдинсон Кавани билан сира келишолмади. Хусусан, Жанубий Америка футболининг икки вакили пенальтини ким амалга ошириши масаласида тортишди ва бу ўртадаги можаронинг кульминацион нуқтасидек кўринди. Кейинчалик бундай можаролар Неймар учун гўёки, оддий ҳолатга айланди, ҳисоб. Ҳар ҳолда, юқори савияда тўп суриш салоҳиятига эга футболчи охирги йилларда бир қатор нохуш воқеаларни бошдан ўтказди:

— Ҳакамни кескин танқид қилгани учун дисквалификацияга учради.

— Ўзини ҳақоратлаган мухлислардан бирининг юзига зарба бергани учун дисквалификацияга учради.

— Ўртоқлик ўйинида оғир жароҳатга йўлиқди.

- Маҳбубасини калтаклаганликда айбланди.

— Солиқ маҳкамаси футболчига тегишли 36та кўчмас мулк объектини «қора рўйхат»га олди.

— Футболчи турли жанжаллар таъсирида Бразилия миллий жамоаси сардорлик боғичидан маҳрум бўлди.

— «ПСЖ» хўжайини билан оғзаки жангга киришди.

Охирги кўнгилсизлик ҳақида қисқача: «ПСЖ» президенти июнь ойида юлдуз футболчиларнинг инжиқликларига бошқа тоқат қилолмаслиги, улар ишга нисбатан ёндашувни ўзгартиришлари шартлиги хусусида гапирди. У шунинг баробарида ҳеч ким Неймарни «ПСЖ» билан шартнома тузишга мажбурламаганини қўшиб қўйди. Бразилиялик футболчи бунга жавобан Париж клубида бошқа ўйнашни хоҳламаслигини баралла таъкидлади. Шунга қарамай, Неймарнинг «Барселона»га қайтиш режаси амалга ошмади. Эътиборлиси, «ПСЖ»да мажбуран қолгандек таассурот уйғотган ҳужумчи Бразилия терма жамоасининг охирги йиғинига қадар нақ 3та ўйинда парижликларга ғалаба келтирган ягона гол муаллифига айланди ва яна жамоада бахтиёр эканлигини таъкидлай бошлади. Ҳаттоки, бразилиялик юлдуз Франция чемпионати етакчиси билан шартномаси муддатини узайтиришга тайёр тургани ҳақида хабарлар тарқалди. Лекин бу анча фантастик вариантдек кўринмоқда. Ҳар ҳолда, ҳужумчи кеча ҳам Испания чемпионатига қайтиш илинжида эди. Айтишларича, Неймар бу фикридан ҳали қайтмаган ва келаси ёз парижликлар билан хайрлашса керак, барибир. Дейлик, яқиндагина тарқалган хабарларга кўра, Лионель Месси «Барселона» раҳбариятига мурожаат қилиб, Неймарни ортга қайтаришни сўраган. Аргентиналик голеадор шунинг баробарида бразилияликнинг «Реал»га трансфери амалга ошмай қолганидан ҳайратланганини яширмади.

Умуман олганда, Неймарга биринчи навбатда, жанжалкаш «фигура» сифатида қарашмоқда. Айниқса, жорий йил давомида шундай бўлди. Лекин факт шуки, унинг футбол бобидаги шахсий кўрсаткичлари ҳам чакки эмас. Қолаверса, Неймарни ҳамон жаҳон футболининг бўлажак бош юлдузи (32 ёшли Лионель Месси ва 34 ёшли Криштиану Роналдудан кейин) ўрнида кўришмоқда.

Жароҳат

«Шишадан ясалган» бразилиялик яна жароҳатланди. Маълум бўлишича, «ПСЖ» ҳужумчиси Бразилия ва Нигерия миллий жамоалари ўртасидаги ўртоқлик учрашувининг дастлабки қисмида орттирилган жароҳат туфайли энди чамаси 1 ой майдонга тушолмайди. Диққатга сазовор факт шуки, бразилиялик юлдуз Франция жамоаси билан шартнома тузганидан буён турли даражадаги жароҳатлар оқибатида жами ўйинлардан ярмини ўтказиб юборди. «ПСЖ» тиббий штаби баёнотига кўра, футболчининг навбатдаги жароҳати ҳам оддий эмас. Ҳар ҳолда, у чамаси 4 ҳафта давомида клубга ёрдам беролмайди. Тўғри, яқин кунлар ичида Неймарни такрорий тиббий текширув кутмоқда. Айнан шу жараён унинг тикланиш муддатига аниқлик киритса, ажабмас. Агар биринчи тахмин тўғри бўлиб чиқса, Неймар «ПСЖ»нинг нақ 6та ўйинини четдан кузатишга мажбур бўлади. Жумладан Европа ЧЛ доирасида «Брюгге»га қарши кечадиган 2та учрашувни ҳам. «ПСЖ» ички биринчиликда эса «Ницца» (бу ўйин ортда қолди), «Марсель», «Дижон» ва «Брест» билан баҳсларда Неймар хизматидан фойдаланолмайди. Бразилия миллий жамоасининг 10-рақамли футболчиси шунингдек, ўз ҳамюртларига кейинги 2та «ўртоқлик»да ёрдам беролмаса керак. Бразилияликлар 15 ва 19 ноябрь кунлари тегишлича Аргентина ҳамда Жанубий Корея термаларига қарши майдонга тушишади.

Алоҳида таъкидлаш керак, Неймар «ПСЖ» сафига қўшилганидан буён, яъни охирги 2 йил ичида жароҳат туфайли 7-марта сафдан чиқди. Диққат қилинг, футболчининг жароҳатдан кейинги тикланиш жараёнига умумий ҳисобда деярли 1 йил кетди. Бразилиялик юлдуз Парижга кўчиб келганидан атиги 1 ой ўтиб, янги клубида илк жароҳатга йўлиққанди. Умуман олганда, AS нашри ҳисоб-китобига мувофиқ, у шундан буён 322 кун «шифохона режими»да бўлди (янги жароҳатини қўшсак, даволаниш давомийлиги 352 кунга етади). Оддий айтганда, бу ўтказиб юборилган 51та ўйин демакдир. Бошқача ифодалаганда, барчаси Неймар «ПСЖ»нинг 2017 йилдан кейинги жами ўйинларидан деярли ярмини «лазарет»да қарши олганига далил. Эҳтимолки, «Барселона» раҳбарияти бразилияликни ортга қайтариш масаласида биринчи навбатда, унинг доимий тарзда жароҳатланишини ўйлаб, иккилангандир...

Агар Неймарнинг Европадаги фаолиятида орттирган барча жароҳатларига назар солсак, «дам олиш» кунлари етарлидан кўп эканлиги ойдинлашади. Бразилиялик футболчи еврофутболга 2014 йили қадам ташлаган бўлса, шундан буён жами 16 марта турли даражадаги жароҳатлар туфайли маълум вақтга сафдан чиқди. Дейлик, Marca нашри маълумотлари бўйича айтсак, у жорий йилнинг ўзида 175 кун «лазарет»да бўлди.

 

Бразилия миллий жамоаси сафида 100та

ўйин маррасини забт этган футболчилар

 

1-ўрин. Кафу (142та ўйин)

2-ўрин. Роберто Карлос (125та ўйин)

3-ўрин. Дани Алвеш (116та ўйин)

4-ўрин. Лусио (105та ўйин)

5-ўрин. Клаудио Таффарел (101та ўйин)

            Неймар (101та ўйин)

7-ўрин. Робиньо (100та ўйин)

 

Неймарнинг барча жароҳатлари

(2014 йилдан эътиборан)

 

Сана             Муаммо                                              Даволаниш

                                                                                муддати

 

16.01.2014    Болдир суяки шикастланиши               32 кун

17.04.2014    Товон шикастланиши                           25 кун

05.07.2014    Умуртқа шикастланиши                        30 кун

21.08.2014    Болдир суяги ва  бўғим шикастланиши  7 кун

07.12.2015    Сон шикастланиши                              7 кун

10.12.2015    Мушаклар шикастланиши                    11 кун

21.01.2016    Сон шикастланиши                              7 кун

05.12.2016    Мушаклар шикастланиши                    7 кун

09.03.2017    Мушаклар шикастланиши                    7 кун

21.09.2017    Енгил шикастланиш                             4 кун

02.11.2017    Енгил шикастланиш                             11 кун

26.02.2018    Товон суяги синиши                             90 кун

21.11.2018    Мушаклар шикастланиши                    25 кун

24.01.2019    Оёқ юзи шикастланиши                        85 кун

07.06.2019    Болдир суяги пайлари чўзилиши         90 кун

13.10.2019        Сон шикастланиши      30 кун (тахмин)

А.АҲМЕДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz