19 октябрь оқшомида бўлиб ўтган «Мальорка» - «Реал» учрашуви арафасида мухлису, мутахассислар япониялик Такефуса Кубога алоҳида эътибор билан қарашди. Июнь ойида Мадрид жамоаси билан шартнома тузган қитъадошимиз мавсумолди хориж сафарида иштирок этиб, кўпчилик олқишига сазовор бўлди. Кейин эса «Қироллик клуби» ўринбосарлар жамоаси - «Кастилья»да тўп суришни истамай, раҳбариятдан Ла Лига вакилларидан бири сафида ижара келишуви асосида ўйнашни сўради ва Мальорка оролига йўл олди. Marca нашри эса қулай фурсат туғилиши билан Кубони суҳбатга чорлади.
- Сени қандай аташ маъқулроқ: Таке ёки Такефуса?
- Таке, қисқа ва содда.
- 10 ёшли пайтинг «Барселона» сени ўз академиясига таклиф этган ва номдор клубнинг Япониядаги лагерида барчани лол қолдиргансан. 2011 йилги дебют мавсумингда эса «Алевин С» таркибида 30 марта майдонга тушиб, 73та гол уриш асносида «Япон Мессиси» мақомини олдинг. Нуфузли лақабни эшитгач, аввало, нималарни ўйлагандинг?
- Айрим журналистлар ҳозир ҳам мени шундай аташади. Мессидек даҳога қиёслашлари ёқимли, албатта.
- Сизлар танишмисиз?
- Шахсан таниш эмасман. Лекин болалигимда ундан дастхат олганман.
- Барселонада Ансу Фатига дуч келгансан. Бу футболчи ҳақида нима дея оласан?
- Ҳа, Ансу, Эрик ва бошқа тенгдошларим билан ёнма-ён тўп сурганман. Ансуни кўпинча тўп билан таъминлардим, у эса гол урарди.
- Унинг асосий таркибда тўп сураётгани хусусида қандай фикрдасан?
- Кантерано вакилининг асосий жамоада ўйнаши - қувонарли ҳолат. Ансуми ёки Аленья - фарқи йўқ. Бу клуб учун ҳам ижобий натижа, шундай эмасми?
- Японияда ўзингдан 1-2 ёш катта футболчиларга қарши ўйнашга одатлангансан, шундайми?
- 2015 йили 1 ёш катта болалар гуруҳида ўйнадим. Кейинги мавсум эса балоғат ёшидаги рақибларга қарши тўп сурдим.
- Япония чемпионатида майдонга тушган иккинчи энг ёш ўйинчисан (15 йил 11 ой). Мухлислар кумирига айланиб улгурдингми, юртингда сени танишадими?
- Бундай ҳолатни сезганим йўқ. Чунки Японияда деярли бўлмадим. Келаси йили ватанга қайтгач, бу жиҳатга эътибор қаратаман.
- Лекин терма жамоага чақиришганида, сендан умидвор эканликларини сезгандирсан...
- Тўғри, терма жамоа йиғини пайти илиқ фикрлар билдиришди, мени ёқтиришларига амин бўлдим.
- Ўтган мавсум Иньеста ва унинг «Виссел Кобе»сига қарши тўп суриб, гол ургандинг. Бу сен учун ўзгача аҳамият касб этдими?
- Ҳа, юксак савияли ўйинчиларнинг Япония лигасида ўйнашлари муҳим аҳамиятга эга. Бу мухлислар қизиқишини оширади, футболчиларга туртки беради. Иньеста билан ёнма-ён тўп сураётган футболчиларга ҳам яхши - ундан кўп нарса ўрганадилар.
- «Мадрид» билан июнда шартнома имзоладинг. Бу ҳақда нима дея оласан?
- Трансфер расман эълон қилинган пайт терма жамоа билан Америка кубогида эдим. Бу борада бошқа гап айтолмайман.
- Бошқа грандлардан ҳам таклиф олгандинг. Дейлик, «ПСЖ»дан. Қизиқ, нега айнан «Реал»ни танладинг?
- Шунчаки, «Реал» лойиҳаси кўпроқ ёқди. Клуб келажагимни инобатга олган ҳолда, бир неча йиллик ажойиб режа таклиф этди.
- Асосий сабаб шуми? Ахир «Барселона» кантерасида 3 йил тўп суриб, якунда «Реал» сафидан жой олдинг.
- Тўғри, чунки мадридликлар астойдил интилишди. Қолаверса, улар тақдим этган режа маъқулроқ кўринди.
- Бошқа клубларга шартноманг муддатига оид чалкашлик халал бергани ростми?
- Йўқ, бу борада маълумотга эга эмасман.
- Янги шартномага имзо чекишдан аввал 2 ёки 3-мавсумда асосий таркиб вакили бўлиш хусусида шарт қўйганинг-чи?
- Яна бир сохта маълумот. Қандай мақомга эришиш футболчининг ўзига, боғлиқ ахир.
- Якунда «Кастилья»да қолишни истамай, «Мальорка» сафига қўшилдинг.
-Қаерда тўп суришни охир-оқибат, футболчининг ўзи ҳал қилади. Агентим ва клуб вакиллари билан маслаҳатлашгач, «Мальорка»нинг энг мақбул вариант эканлигига шубҳам қолмади.
- «Мадрид» вакилига айлангач, нуфузинг янада ошгани билиндими?
- Албатта. Масалан, «Реал» сафига ўтганим эълон қилингач, «Инстаграм»даги обуначиларим сони 20 баравар кўпайди.
- ФИФА 2014 йили «Барселона»ни хорижлик ёш футболчиларни ўз тизимига таклиф этишда мавжуд қоидаларга амал қилмагани учун жазолаб, Ла Масиянинг 10 нафар тарбияланувчисини ўз юртига қайтариб юборганди. Жумладан, сени ҳам. Можародан сўнг ўзингни қандай ҳис этдинг?
- 13 ёшли болакай учун оғир синов. Фақат футбол ўйнашни истаган болаларни мамлакатдан чиқариб юборишгани сабабини тушунолмагандим. Нима, айбимиз савияли клубда таҳсил олишни истаганимизми?
- Японияда «Реал» мухлислари кўпми?
- Ҳа, нафақат Япония, балки бутун дунёда. Бунга ёзги хорижий сафарлар чоғида амин бўлдим. Қаерга бормайлик, «Реал» либосидаги мухлисларга дуч келдик.
- Японияда бўлганингда, Ла Лига ўйинларини томоша қилдингми?
- Нафақат Ла Лига, балки АПЛ, Бундеслига ва бошқа чемпионатларни ҳам кузатдим, албатта.
- «Эль-класико»ничи?
- Бу ўйинни ҳамма томоша қилади.
- 14 июнь куни ўтказилган таништирув маросимида сени дунёнинг энг келажаги порлоқ футболчиларидан бири сифатида таърифлашди. Бу масалада қандай фикрдасан?
- Иқтидоримга ўта юқори баҳо бериб юборишгани ҳақида ўйлашни истамайман. Яхшиси, шу эътироф бежиз эмаслигини исботлашга уринаман.
- Бу қадар жиддий талаблар 18 ёшли футболчи учун кучли босим эмасми?
- Босим янада кучлироқ иштиёқ билан ишлашимни тақозо этади. Уни қўшимча масъулият ўрнида кўраман.
- «Реал» сафидаги мавсумолди сафарлари қандай таассурот қолдирди?
- Олис парвозлар ва тиғиз тақвимга дош бериш осон эмас, лекин ажойиб тажриба тўпладим.
- Қайси жамоадошинг кўпроқ ҳайратлантирди?
- Иско сафимизга бироз кечроқ қўшилган бўлсада, айнан унинг маҳоратидан лол қолдим.
- Мадридлик мухлислар ўртоқлик учрашувларидаги ўйинингга юқори баҳо беришди. Чунончи, ёрқин юлдузлар қуршовида уятчан боладек шумшайиб қолмадинг.
- «Бавария»дек грандларга қарши баҳсларда «Реал» либосида майдонга тушиш - қўшимча мотивация. Балки аввалгидан-да яхшироқ тўп сурганим боиси шудир.
- «Тоттенхэм» билан ўйинда атиги 8 дақиқа ҳаракатландинг ва дарвозага 3 марта зарба йўллашга улгурдинг.
- Вақт жуда оз эди, шунчаки, майдонга тушгандан кейин нимадир қилишга уриндим.
- Зидан ўша ўйиндан кейин сени авайлаш кераклиги ҳақида гапирди: «Кубо - келажагимиз. У худди Родриго ва Винисиус каби ҳали анча ёш. Бу йигитни асрашимиз лозим».
- «Реал» бошқа жамоаларга ўхшамайди. Унда фақат таниқли ўйинчилар тўп сурадилар. Зидандек мутахассис менга эътибор қаратганидан беҳад мамнунман.
- У билан мавсумолди машғулотларида гаплашганмидинг?
- Зидан барчага алоҳида ёндашади. Умуман, унинг «Реал»га қайтгани жуда яхши иш бўлди.
- Азар ўйинларини томоша қилишингни унинг ўзига айтганинг ростми ёки ҳазил?
- Ҳақиқат. Чиндан ҳам, Америка кубогидан аввал Азар ижросидаги видеолавҳалари кўргандим.
- Сенингча, Испания ва Япония чемпионатлари ўртасида қандай тафовут бор?
- Асосий фарқ суръатда. Суръат - бу кескинлик. Испанияда ўйин аритмияси юқори, Японияда эса анча сокин.
- Сенга қай бири кўпроқ мос келади - Ла Лига аритмиясими ёки япон лигаси сокинлиги?
- Япония лигасида шаклланганман, энди Испанияга мослашяпман. Турли услубларга кўникиш ривожланишимга ёрдам бермоқда.
- Кубо «Мальорка»га нима бера олади?
- Жамоа Ла Лигага энди қайтган бўлсада, улкан тарихга эга. Вақтида пешқадамлик қилганини ҳам биламан. Ўйлашимча, жамоанинг менга фойдаси кўпроқ тегади.
- Мухлислар сендан фақат юксак савияда ўйин кутадилар. Чунки энг номдор дебютантсан.
- Шундай. Ўйинлар чоғи ўриндиқ томон йўл олганимда, камералар менга қаратилади...
- «Мальорка» сафидаги 6та ўйинни қандай баҳолайсан? 3 марта бошланғич таркибда майдонга тушдинг, қолган 3тасида захирадан.
- Тўлиқ қониққаним йўқ. Чунки яхшироқ ўйнай олишимни яхши биламан. Лекин бошланиши чакки эмас.
- Терма жамоалар ўйинлари туфайли юзага келган танаффус қўшимча қийинчилик туғдирмадими?
- Гарчи Япония терма жамоаси таркибида шуғулланган бўлсамда, клубга мослашиш жараёни бироз ортга сурилди.
- Номдор жамоаларга қарши ўзгача иштиёқ билан майдонга тушишинг «Атлетико» билан ўйинда яққол кўзга ташланди...
- Ҳар қандай рақиб билан баҳсда ундан қолишмаслигимизни исботлашга уринаман.
- Футболдаги бош кумиринг ким?
- Месси. Очиғи, унинг ҳозир неча ёшда эканлигини билмайман, лекин сермаҳсулликни давом эттираётганидан ҳайратдаман.
- Яна қайси футболчи билан танишишни истардинг?
- Погбага қарши майдонга тушиб, кейин суҳбатлашишни истайман.
- Ёш футболчилардан айнан кимни ёқтирасан?
- Мбаппени. Унинг тенги йўқ!
---------------------------------------------
P.S.: Такефуса Кубо «Мальорка» - «Реал» ўйини (1:0)нинг 59-дақиқасида захирадан майдонга тушиб, ҳозирги жамоаси ғалабасига озми-кўп ҳисса қўшди.
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20