Қайднома

Қидирув

Қойил, Мемфис!

Қойил, Мемфис!

  25.10.2019 09:11
  0
  414
Қойил, Мемфис!

Нидерландиялик Мемфис Депай яна энг сара футболчилар сафидан жой олмоқда. У шунинг баробарида санъатнинг рэп йўналишида ҳам бинойидек ижод қилмоқда. Мана, вақтида мегаиқтидор сифатида катта умид уйғотган, бироқ орада бир муддат «пана»га ўтган ҳужумкор футболчи Евро-2020 саралаш бос-қичида «Гол ] пас» тизими бўйича энг юқори кўрсаткичга эришиб турибди. Қисқаси, Мемфис Депай - жорий куз футболининг бош ижодкорларидан бири.

Депай аслида ўтган мавсум ҳам чакки ўйнамаганди. Ҳар ҳолда, Франция элит дивизиони - Лига 1 баҳсларида 10та гол уришдан ташқари, яна 10тасига ассистентлик қилди. Энди эса Мемфиснинг ўйини янада ёрқинроқ чиқмоқда. Дейлик, Франция чемпионатининг дастлабки 9та турида «Гол } пас» тизими бўйича 5 очко йиғди: 4та гол ва 1та самарали узатма. Қолаверса, «Лион» вакили Европа ЧЛда ўз номига 2та гол ёздириб қўйди. Асосийси, Депай Нидерландия миллий жамоасининг Евро-2020 саралашидаги учрашувларида янада самарали тўп сурди: 3та гол ёнига 3та самарали «пас» қўшиб қўйди. Шу тариқа унинг саралаш довони мобайнида «Гол } пас» тизими  бўйича тўплаган очколари миқдори 12тага етди ва бу борада пешқадамликни қўлга олди.

Франциялик журналистлар охирги вақтларда Мемфисни мақташдан асло чарчамаяптилар, мутахассислар ҳам. Мисол учун, «Лион»нинг собиқ бош мураббийи Силвиньо унинг ўйинидан ҳайратланаётганини яширмаганди: «Мемфис айни пайт мутлақо фантастик даражада тўп сурмоқда. У аввалги мавсум ҳам жуда яхши таассурот уйғотганди. Янги чемпионат стартида эса аслида нималарга қодирлигини тўла-тўкис намойиш этишга тушди. Лекин битта хавотирим бор: шундай ўйнашда давом этса, футболчини кучлироқ клуб ўз томонига оғдириб олади. Ҳа, бундай тақдирда Мемфис чинакам муваффақият сари катта қадам ташлаган ҳисобланади. Шундай экан, ҳар қандай ҳолатда ҳам, унинг учун чин юракдан хурсанд бўламан».  Депайнинг бирданига қайта «қўзғалиши» (албатта, футбол нуқтаи назаридан)да бир неча салмоқли сабаблар бор. Футболчининг ўзи улардан айримларига махсус ёзган китобида алоҳида тўхталди ҳам.

Биринчи тахмин  - Мемфис бунга қадар ўзига мос мураббий ихтиёрига тушмаганди, энди эса ҳаммаси жойида. «Шундай вақт бўлдики, назаримда, бутун Англия менга қаршидек туюлди. Дейлик, сиқилганимдан Луи ван Гални ҳам, Жозе Моуриньони ҳам ўйиним моҳиятини тушунмасликда айбладим. Ўзи «Юнайтед» раҳбарияти Нидерландия майдонларида намойиш қилган хусусиятларимни тўлақонли ишга солишимдан умидвор эканлигини яширмаганди. Бироқ амалда бошқача бўлди - мендан ўзгача услубда ўйнаш талаб этилди. Оқибатда майдонга тушиб, бутун чап қанот бўйлаб тинмай югурдим, аммо мураббийлар мендан айнан нимани хоҳлашларини сира тушунганим йўқ», - дея ёзди Депай ўз китобида. Францияда эса футболчи айни шу масалада қандайдир муаммога дуч келмади. Чунончи, Женезио ҳам, Силвиньо ҳам унга билганича тўп суриш имкониятини беришди. Яъни Мемфисни «қолип»га солиб қўйишмади.

Иккинчи тахмин - Мемфис бунга қадар ўзига мос жамоадошларга дуч келмаганди. Депай ўз юртида жамоадошлари айнан ўзи орқали ўйнашларига ўрганиб қолганди. «МЮ»да эса ижрочилар кўп, шунинг учунми, Мемфисга нисбатан эътибор анча пасайди, унинг яққол кўзга ташланиш имконияти ҳам ҳаминқадар эди. Бунга қўшимча тарзда мураббийлар Депай зиммасига жамоадошлари билан кенгроқ ўйнаш ва ҳужумчиларга вазиятлар яратиш мажбуриятини юклашди. Лига 1даги ҳолат эса, мутлақо бошқача. «Лион» чемпионатда гарчи яхши старт олмаган бўлсада, клубда ўта қудратли ҳужум учлиги шаклланмоқда: Депай - Дембеле - Траоре. Қолаверса, Opta маълумотларига таяниб айтсак, «тўқувчилар» ҳужумларнинг 53 фоизини айнан Депай орқали ривожлантирмоқдалар. Энг муҳими, ҳужумни қайси йўналишга буриш нидерландиялик футболчининг ихтиёрида. Депайнинг кўрсаткичлари - бундай эркинлик жамоа маҳсулдорлигига ижобий таъсир қилаётганидан далолат. Бинобарин, «Лион»нинг Лига 1да урган голларидан деярли ярми Мемфис иштирокида юзага келди.

Учинчи тахмин - Францияда ҳеч ким футболчининг асосий хоббисига ёпишиб олмаяпти. Депай айнан шундай муносабатдан бағоят хурсанд. Гап шундаки, у 18 ёшидан рэп йўналишида хониш қилмоқда. Олдинлари кўпроқ нидерландиялик машҳур ижрочилар клипларида кўриниш берарди. Ҳозир эса яккахон треклари сони анча кўпайди. Футболчи «Юнайтед»да ўйнаган вақт мусиқани унутишга мажбур бўлганди. Чунки мухлислар Мемфисни бошқа юмушларга чалғиб, ўз ишини сидқидилдан бажармаётганликда айблашганди. Шунингдек, клуб раҳбарияти ҳам футболчига ўзгача ҳузур бағишлайдиган ушбу хоббисини сира ёқламади. Мана, Депай Францияга кўчиб ўтгач, бу масалада тўлиқ эркинликка эга бўлди. Дейлик, у «Лион» сафига қўшилганидан атиги 2 ҳафта ўтиб, ўзининг яккахон трекини ёзди. Айни пайт Мемфиснинг ижтимоий тармоқдаги шахсий каналида турли видеоклиплар «айланмоқда». Футболчи уларда бойлик, ўз авлоди ва йўқотилган муҳаббат ҳақида куйлайди. 90min сайтида ёзилишича, «Лион» раҳбарияти Депайнинг майдондан ташқаридаги ишларига сира аралашмаяпти. Асосий шарт битта - мусиқага нисбатан қизиқиши футбол билан бинойидек шуғулланишига халақит бермаса, бас.

А.ҲАМИДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz