Қайднома

Қидирув

ФУТБОЛДАН КЕЙИН ёки бошқа спортга ошно тутинган 16 нафар футболчи

ФУТБОЛДАН КЕЙИН ёки бошқа спортга ошно тутинган 16 нафар футболчи

  26.10.2019 01:05
  0
  278
ФУТБОЛДАН КЕЙИН ёки бошқа спортга ошно тутинган 16 нафар футболчи

Хоккейчи Петр Чех - бу ибора эндиликда унча ғалати эшитилмаяпти, тўғрими? Футбол ортидан ном қозонганлар кўпинча бутсаларини михга илганларидан сўнг роса қийналганлари хусусида гапиришади. Севимли ўйин ва ҳар кунлик одатий машғулотлардан бирданига четда қолиш осон эканми? Балки шунинг учун ҳам айримлар футболдаги фаолиятдан кейин ўзларини бошқа спорт турида синаб кўришга уринишар... Мана, охирги кунларда чехиялик афсонавий дарвозабон Петр Чехнинг хоккейга юз бургани етарлича муҳокама қилинди. Аммо у бошқа спорт турига ошно тутинган ягона футбол юлдузи эмас.

Петр ЧЕХ. Самарали фаолиятига шу йил хотима ясаган машҳур голкипер қадрдон клуби - «Челси»га қайтиб, техник маслаҳатчи ролида иш бошлади. Бироқ маъмурий лавозим буюк чехга етарли даражада роҳат бағишламади, чоғи. У тезда футбол жамоаси билан юксалиш ва пасайишларни қўмсай бошлади. Аммо миллионлар ўйинига қайтиш имкони йўқ экан, унда салоҳиятни синаб кўриш учун ...хоккей бор. Мана, Петр «Гилдфорд Феникс» клуби билан шартнома тузди ва дебютини нишонлашга ҳам улгурди. Ўзи Чех хоккей билан маълум даражада таниш: болалигида муз устида ҳам ўйнаб кўрган. 2004 йили Англияга кўчиб ўтгач эса, дарҳол «Гилдфорд Флеймс» хоккей клуби фанатига айланганди. «Профессионал футболдаги 20 йилдан кейин яна бир спорт тури билан бевосита танишиш ажойиб. Умуман, болалигимдан хоккейга меҳрим баланд», - деди Чех.

Паоло МАЛЬДИНИ. Ўз даврининг буюк ҳимоячиси - теннис шайдоси. Мальдини ҳаттоки, 2017 йили қўлига ракетка олиб, Миланда ташкиллаштирилган Aspria Tennis Cup профессионал турнирида қатнашди. Паолонинг мураббийи ва кортдаги шерики Стефано Ландонио собиқ футболчида заиф томонлари йўқлигини таъкидлашди. Демак, Мальдинининг 42 дақиқада 1:6, 1:6 ҳисобида ютқазганида, Ландонио айбдор экан-да...

Габриэль БАТИСТУТА. Футбол тарихидаги энг ёрқин голеадорлардан бири жароҳатлардан безиб, футболдан кетдию, 2009 йили ўзини поло спорт турига урди. Эътиборлиси, Габигол дебютидаёқ 2та гол урди ва яна бир йилдан кейин Copa Stella Artois кубогини боши узра баланд кўтарди.

Биксант ЛИЗАРАЗЮ. 5та чемпионлик унвони, ЧЛ кубоги, жаҳон ва Европа чемпионати олтин медаллари, яна бир қатор совринлар - булар тиниб-тинчимас Лизаразю учун камлик қилди, шекилли. Муҳими, Биксант Blue Belt Senior 1 турнирида жиу-житсу бўйича Европа чемпионига айланди. Патрис Эвра вақтида Лизаразюни «паразит»га чиқарганди. Ишқилиб, баск миллатига мансуб Биксант ўша «таъриф»ни эслаб қолмасин-да.

Ежи ДУДЕК. Польшалик дарвозабон 2013 йили футбол билан хайрлашгани ҳамоно пойга дубулғасини кийиб, мотоспортга мослашди. Айтишича, Ежи болалигидаёқ мотопойгани алоҳида севган ва энди турли трекларда «учиш»дан чинакамига роҳатланяпти.

Сантьяго КАНИСАРЕС. Пойгага кўнгил берган яна бир собиқ голкипер. Фарқи шуки, фаолиятининг катта қисмини «Валенсия»га бағишлаган ЧЛ ғолиби авторалли билан шуғулланиб, бир неча марта Валенсия чемпионатида қатнашди.

Найжел МАРТИН. «Лидс» тарихида ёрқин из қолдирган дарвозабон вақтида Дэвид Симэн туфайли Англия терма жамоаси таркибига киролмаганди. Мартин футболдан кетгач, крикет билан шуғулланиб, якунда «Лидс Модерниан» жамоаси билан шартнома ҳам тузди.

Жо ХАРТ. Англия миллий жамоаси мураббийлари сенга эҳтиёж сезишмаса, нима қилиш керак? Бундан зада бўлган Жо қўлига крикет таёқчасини олди. Инглизлар ЖЧда шведларга қарши ўйнаган вақтда Харт ҳам майдонда жавлон урди, фақат футбол эмас, крикет ўйинида.

Тим ВИЗЕ. Бундеслигада катта обрў орттирган голкипер футболдан кетгач, WWE йўналишидаги реслинг турнирларида кўриниш бера бошлади. Муҳими, футболда қатор совринлар ютган Визе янги йўналишда ҳам муносиб натижаларга эришди.

Иван ПЕРИШИЧ. Бу футболчи 2017 йили «Интер»даги келажаги хусусидаги хабарларни мутлақо инкор этиб, пляж волейболи бўйича профессионал турнирда қатнашди. «Бу азалий орзум. 10 ёшимдан пляж волейболини ёқтираман. Ҳар ёз дўстларим билан ўйнайман. Қум устида волейбол - ўзгача роҳат манбаи», - деган эди Перешич.

Лев ЯШИН. Бутун тарихдаги энг буюк дарвозабон - «қора ўргимчак» «Олтин тўп» совринига лойиқ кўринган ягона қўлқоп соҳиби. Билмаганлар учун маълумот: Яшин вақтида собиқ иттифоқ хоккей терма жамоаси шарафини ҳам ҳимоя қилган, албатта, дарвозабон сифатида.

Брюс АРЕНА. АҚШ футболининг энг кучли мураббийларидан бири футболчи сифатида айтарли муваффақият кўрмаган, аммо у 1974 йили жаҳон чемпиони бўлган лакросс миллий жамоасида ўйнагани билан мақтанишга ҳақли.

Клайв АЛЛЕН. Мавсум-1986Ғ1987да «Тоттенхэм» учун 49та гол урган Клайв «Лондон Монаркс» жамоасининг бир бўлаги эди. Ҳа, у америкача футболда ҳам фаолият юритган. Дарвоқе, Аллен «Тоттенхэм»нинг ҳозирги етакчиси Гарри Кейнга ўз йўлини такрорлашни тавсия этибди.

Грант ХОЛТ. «Норвич» сафидаги ўйинлари билан танилган ҳужумчи энди реслер билан шуғулланмоқчи. Холт янги спорт турида жорий йилиёқ дебют қилади.

Рио ФЕРДИНАНД. Англия футболи тарихидаги энг совриндор ўйинчилардан бири 2017 йилнинг сентябрида профессионал боксчи бўлишга ихтиёр этганини эълон қилди. «Ўзимни янги спорт турида кўрсатиш имконияти мени жуда қизиқтириб қўйди, - деди Рио. - Бокс ҳам қалб, ҳам бадан учун энг ажойиб спорт ҳисобланади». 

Кёртис ВУДХАУС. Бу футболчи яшил майдонларда Рио каби ёрқин из қолдиролмади, лекин рингга тушиб, 2014 йили енгил вазн тоифасида бокс бўйича Буюк Британия чемпионлик камарини ютди.

Айтганча... Петр Чехнинг хоккейдаги дебюти жуда омадли чиқди. «Гилдфорд Феникс» (Англия тўртинчи дивизиони иштирокчиси) клуби дарвозасини қўриқлаган «Челси» афсонаси ўйин давомида 2та буллит (хоккей пенальтиси)ни бартараф этиб, жамоасига ғалаба келтирди. Шу тариқа уни учрашувнинг энг яхши хоккейчиси сифатида эътироф этишди. Қолаверса, Чех оригинал дубулғаси билан алоҳида эътибор қозонди. Яъни муз майдонига «Арсенал» ва «Челси» размлари туширилган бош кийими кийиб тушди.

У.УМАРОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz