Қайднома

Қидирув

Станислав Черчесов: «Таркибни ҳадеб ўзгартираверишни ўзимиз ҳам хоҳламаймиз»

Станислав Черчесов: «Таркибни ҳадеб ўзгартираверишни ўзимиз ҳам хоҳламаймиз»

  26.10.2019 05:21
  0
  404
Станислав Черчесов: «Таркибни ҳадеб ўзгартираверишни ўзимиз ҳам хоҳламаймиз»

Россия термаси Евро-2020 саралаш босқичини муваффақиятли ўтказиб, навбатдаги қитъа биринчилигининг финал раундига йўл олди. Таъкидлаш жоизки, руслар миллий жамоаси мураббийлар штаби ўйинлар арафасида таркиб борасида кўплаб муаммоларга учради, лекин Станислав Черчесов ҳар сафар жароҳатланганлар ўрнини муносиб тарзда тўлдириб, барқарорликни сақлаб қолди. Яқинда россиялик ҳамкасбларимиз Россия термаси устози билан суҳбатлашиб, асосан таркиб билан боғлиқ саволларга жавоб олишди.

- «Ростов» ҳимоячиси Дмитрий Чистяков сизни нимаси билан қизиқтириб қолди?

- Биз Димани Миллий футбол лигасида ўйнаётганидаёқ кўз остимизга олгандик. Россия Премьер-лигаси клуби сафига қўшилганидан сўнг, у илк ўйинларидаёқ ҳимояда мустаҳкам тура олиши, шунингдек, терма жамоа учун муҳим бўлган сифатларни намойиш этиши билан ажралиб турди. Бундан ташқари, Роман Нойштедтернинг ўйнамаслиги, Илья Кутеповнинг ҳозирги жисмоний ҳолати терма жамоа даражасида эмаслиги боис, вазият Дмитрий Чистяковни терма жамоага жалб этишни тақозо этди.

- Чистяков билан бирга термага биринчи марта «Локомотив» ярим ҳимоячиси Рифат Жемалетдинов ҳам чақирилди...

- Жемалетдиновни Россия ёшлар терма жамоасида намойиш этган ўйин­лари орқали яхши биламиз. У барқарор ўйнай олади. Чемпионат бошланганидан буён «Локомотив»нинг ўнг қанотини ўзиники қилиб олди. Рифат Леверкузенда ўйнади, «Зенит»га қарши кечган баҳсда муносиб тўп сурди. Ерохиннинг бетоблиги боис шундай қилишга тўғри келди. Менимча, бу объектив қарор.

- Сизга терма жамоага янги номзодлар борасида тез-тез маълумот бериб туришади. Мухлислар гоҳ Фёдор Чалов, гоҳ Александр Соболевни чақиришни сўрашади. Бош жамоага номзод футболчини кузатиш ва якуний қарорга келиш учун сизга қанча вақт керак бўлишини айта оласизми?

- Янги номзодларни 3 ой давомида кузатиш, ўз навбатида, бир кунда қарор чиқариш ҳам мумкин. Вазиятдан келиб чиқиб иш тутамиз. Бунинг яққол универсал рецепти йўқ. Барча йигитлар соғ бўлишганида, таркибга янгилардан ҳеч кимни жалб этмасдик ҳам.

- Россия термасининг сўнгги ўйин­лардаги таркибида чап қанот ҳимоячиси бўйича аниқ позиция йўқлиги билинди. Бу чизиқда фақатгина Фёдор Кудряшов бор, холос. Ушбу масалада нима дея оласиз?

- Юрий Жирков ҳам чап қанот ҳимоячиси ҳисобланади.

- Аммо рўйхатда у ярим ҳимоячи сифатида қайд этилган.

- Бу борада матбуот хизматига мурожаат қилишингиз мумкин. Чап қанот ҳимоясида Кудряшов ҳамда Жирков бор. Уларнинг ўрнини шунингдек, «Краснодар» аъзоси Сергей Петров ҳам кафолатлайди.

- Вячеслав Караваевчи? Унинг номзодини чап қанот ҳимоячиси сифатида кўрмаяпсизми?

- Нега энди? Караваев ҳимоянинг ўнг ва чап қанотларида ўйнай олади. Биз буни олдинги йиғинларимизда синаб кўргандик.

- Александр Максименко ҳамда Матвей Сафонов барқарор ўйин намойиш этишаётган бир пайтда, Андрей Лунёвни кўп танқид қилишмоқда. Дарвозабон бўйича фикрингиз ўзгармадими?

- Бу ҳақда доимо бир сўзни такрорлайман. Миллий жамоадан ташқари Россия ёшлар термаси ҳам бор ва Сафонов ҳамда Максименко унинг аъзолари ҳисобланишади. Тўғри, Россия чемпионатида бошқа дарвозабонлар ҳам бор. Аммо РПЛ билан ЕЧЛнинг фарқи катта. Айнан Чемпионлар Лигаси баҳсларида дарвозабоннинг маҳоратига тўлиқ баҳо бериш мумкин. Айтиш жоизки, Андрейга нисбатан айрим танқидлар ўринли. Лунёв билан кейинги йиғинларда ушбу масалаларни муҳокама қиламиз.

- Александр Головин ва Денис Черишевнинг позицияларида қандайдир ўзгариш бўладими? Олдинлари ушбу футболчилар терма ихтиёрига клубларидаги омадсиз баҳс­лардан сўнг етиб келишарди. Айни пайтда эса улар тўп сураётган жамоалар ҳам муваффақиятга эришмоқда...

- Бу йигитлар хусусида ҳеч қачон хавотирланмаганмиз. Биз учун клуб эмас, термага номзод футболчининг ўйини муҳим. Черишев секин-аста формасини тиклаяпти, илк дақиқаларданоқ майдонга тушишга тайёр. Умид қиламанки, Денис ке-йинги йиғинларга ҳам яхши ҳолатда келади. Головиннинг терма жамоадаги фаолиятида эса ажойиб баҳслар билан бирга ёмон ўйин­лар ҳам бўлган. Кўп ҳолларда у гол уролмаганди. Мана энди, Александр тўп киритди ҳамда назарга тушди.

- Ака-ука Алексей ва Антон Миранчукларнинг майдонга тушмасликлари Россия термасининг ўйинларига қанчалик таъсир кўрсатди?

- Албатта, ака-ука Миранчукларнинг жароҳат олишгани афсусланарли ҳолат. Мамлакат шарафини ҳимоя қилаётган ҳар бир футболчининг бирор сабаб билан майдонга тушолмаслиги терма жамоа учун жиддий йўқотиш ҳисобланади. Яқинда Антон билан гаплашдим, у жароҳатини даволатаётганини айтди. Миранчукларнинг жароҳатларидан тезроқ фориғ бўлишларини кутамиз, албатта.

- Александр Ерохин бу сафар тарикбга жалб этилмади. Бироқ унинг ўрнига Далер Кузяев чақирилди. Ушбу ротация нима билан боғлиқ?

- Далер формасини тиклаб олган бўлса, Ерохин хасталаниб қолди. Александрда инфекция борлиги боис, у сўнгги учрашувларда майдонга туша олмади. Бундай вазиятда ўйинга тайёр бўлмаган футболчини таркибга жалб этишдан маъно йўқ эди. Таъкидлаш жоизки, ўтган йиғинда Ерохин ўзининг ижобий жиҳатларини намойиш этганди. Тўғри тушунинг, биз ҳам доимо таркибни ўзгартираверишни хоҳламаймиз. Таъкидлаш жоизки, айни пайт умумий рўйхатимиздан 12та клуб вакиллари жой олишган.

- Айтганча, терма жамоани шундай шакллантириш принципи сизга қулайми? Бунинг бошқа вариантлари ҳам бор-ку, масалан, профессионал ва ҳаваскор спортчилар учун мўлжалланган бир йиллик машғулот босқичининг ноанъанавий усули...

- Балки сиз таъкидлаган усул қулай ҳамда терма жамоанинг ўйинига мосдир. Лекин биз илк кунларданоқ бундай услубда иш олиб бормаганмиз ва ҳозирги кунда ўз режамиз бўйича фаолият олиб боришга кўникдик. Қайси футболчини нима сабабдан терма жамоа таркибига жалб этишни биламиз.

- Николай Комличенко яна бош жамоага жалб этилди. Бу унинг ўйи-нидан қониқиш ҳосил қилаётганлигингизни билдирадими?

- Аввалги йиғинларда Комличенконинг ўйинида қандайдир пасайиш юз берди, дея олмайман, лекин у ўзини қулай сеза бошлади. Бу барча муносабатларда намоён бўлди. Николай тўғрисида тўлиқроқ тўхталадиган бўлсам, у Чехия чемпионатидаги сўнгги учрашувни ҳисобидаги сариқ карточкалар сабабли ўтказиб юборишга мажбур бўлди. Афсус, унинг жамоаси «Млада-Болеслав» Комличенко майдонга тушмаган турда «Славия»га қарши ажойиб ўйин ўтказди ва биз ўша баҳсда Николайнинг ўйинини кузатиш имкониятига эга бўлмадик.

- Александр Соболевнинг нега таркибга жалб этилмаганлиги борасидаги саволдан ўзимни тия олмадим...

- Келинг, Сашанинг барқарор ўйин намойиш этишини кутайлик. Арифметика ва статистика, шунингдек, реаллик ҳамда биз у ёки бу футболчининг имкониятларидан қандай фойдалана олишимиз борасидаги тушунча бор. Ҳар сафар битта нарсани сўрашаверади. Барчага Соболевни қачон терма жамоага чақиришимиз қизиқ. Лекин олдимизда муҳим вазифа тургани сабабли биз шундай қарорга келдик.

- Терма жамоанинг «Лужники» стадионига қайтиши муносабати билан қандайдир ўзгача ҳиссиётларни ҳис қилдингизми?

- Албатта, «Лужники» - ўз тарихига эга стадион ҳамда биз бу ҳақда ЖЧ пайтида ҳам эсладик.

- Кейинги ўқув-машғулот йиғинларига қандайдир ўзгаришлар киритиб, машғулот дастурини ўзгартирасизми?

- Барчаси кимнинг қандай ҳолатдалигига боғлиқ. Футболчиларнинг терма жамоа ихтиёрига етиб келгунларича бўлган функционал ҳолатларини текшириб олишимиз лозим. Чунки йиғин пайтида бундай нарсаларга ўралашмаганимиз маъқул.

- Дарвоқе, йигитлар терма жамоадаги баҳслардан сўнг ўз клубларига тарқаб кетишлари олдидан уларга бирорта вазифа берасизми?

- Вазифалар турлича бўлади. Масалан, Черишевга ўтган сафар хайрлашаётганимида айрим нарсаларни таъкидладим. Футболчиларнинг ўзларига кўринмайдиган жиҳатларини уларга уқтираман. Катта мусобақалар арафасида футболчиларга топшириқлар берамиз. Лекин йиғинлар оралиғида бундай қилмаймиз.

- РУСАДА (Россия миллий антидопинг агентлиги) билан боғлиқ муаммолар бошланганида, футболчиларга бу борада қандайдир ички йиғилишлар ўтказдингизми?

- Йўқ. Мен кўпроқ ўз ишимга эътибор қаратаман. Нимага таъсир ўтказа олишимга қизиқаман. Акс ҳолда, биз нимага тўпланганлигимизни ҳам эсдан чиқариб қўйишимиз мумкин.

Черчесов ҳайрон...

 

Россия терма жамоаси бош мураббийи Станислав Черчесов ҳамюртимиз Элдор Шомуродовга боғлиқ битта қизиқ суҳбат тафсилотини баён этар экан, чинакамига ҳайрон қолганини таъкидлади. «Қандайдир мухлис қўнғироқ қилиб, жароҳатланган Смолов ўрнига Шомуродовни чақиришим лозимлигини узоқ тушунтирди. Унинг гапларини охиригча тингладим ва лол қолган бўлсамда, барчасини мулойимлик билан тушунтирдим: «Шомуродов иқтидорли футболчи, бу борада мутлақо ҳақсиз. Аммо тушунинг, Ўзбекистон миллий жамоаси аъзосини чақиролмайман». Шунда суҳбатдошим жим бўлиб қолди. Афсуски, ўша пайт унинг юзини кўролмадим-да», — деди Черчесов. Ҳа, кўринишидан, Россияда Элдорнинг Ўзбекистон фуқароси эканлигини билмайдиган мухлислар ҳам бор экан-да...

Улуғбек УМАРОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz