Қайднома

Қидирув

«Ницца» «доктор йўқ» тасарруфида

«Ницца» «доктор йўқ» тасарруфида

  26.10.2019 09:25
  0
  124
«Ницца» «доктор йўқ» тасарруфида

Англиянинг энг бадавлат кишиси сифатида эътироф этилаётган бизнесмен, INEOS кимё концерни соҳиби Жим Рэтклифф ўтган ой «Ницца» клубини харид қилди. Келишувнинг тахминий баҳоси - 110 млн. евро. Шу тариқа Франция футболи тарихида клублар олди-сотдисида янги рекорд ўрнатилди. Таққослаш учун айтсак, қатарлик шайхлар 2011 йили «ПСЖ»га эгалик қилиш учун 50 миллион сарфлашган, Дмитрий Риболовлев эса «Монако»нинг 66 фоиз акциясини  рамзий 1 еврога сотиб олганди.

Бу«Ницца» учун сўнгги 3 йил ичидаги иккинчи келишувдир. «Бургутлар»нинг узоқ йиллик президенти Жан-Пьер Ривер 2016 йили акцияларнинг 80 фоизини  Америка|Хитой конгломерати сармоядорларига 23 млн. еврога пуллаб, қолган улушни ўзида қолдирганди. 20 фоиз акция ҳамон Ривер ихтиёрида. Мухлислар энди Рэтклиффдан трансфер бозорида фаоллик кутадилар, албатта. Чунки «Ницца» ёзда бирор харидни амалга оширмади, таркиб жуда заифлашиб қолган. «Альянц Ривьер»­да қолганлар орасида фақат ўнг қанот ҳимоячиси Юсуф Атал ва бош мураббий Патрик Виейрани талаб даражасидаги кадрлар, дейиш мумкин. Юсуф анчадан буён «ПСЖ» ва «Реал» эътиборида турибди, «Арсенал»нинг собиқ сардори эса ижрочилар танқислиги даврини бошдан кечираётган «Ницца»да чуқур ҳимоявий услубни жорий этган ҳолда, чемпионатни 7-ўринда якунлаганди.

Рэтклифф ким? Моддий бойлиги 50 млрд. еврога баҳоланаётган бизнесмен. У 20 йил аввал ўз соҳасининг зукко билимдони саналар, ҳеч кимни қизиқтирмайдиган кўримсиз, нуфузи паст иншоотларни харид қилиб, қисқа вақт ичида илғор корхоналарга айлантирарди. Ҳозирда британиялик тадбиркор тасарруфида фаолият юритаётган завод ва фабрикалар вақтида «Бритиш Петролиум», «БАСФ», «Доу Хемикал» ва бош­қа гигантлар томонидан даромад келтирмайдиган муассасалар сифатида сармоядан маҳрум қолганди. Мана, Рэтклифф саноат наҳанглари катта хатога йўл қўйишганини исботлади. Музокаралар жараёнида ўжар услуби ва ҳеч кимга ён бермаслиги билан танилган тадбиркорни касаба уюшмалари хуш кўрмайди, маошларни ошириш борасидаги илтимосларига доимо рад жавоби оладиган ишчилар эса уни «Доктор йўқ« лақаби билан «сийлашган». Рэтклифф охирги 10 йил давомида фақат кимё саноати билан кифояланиб қолмай, бошқа тармоқларда ҳам ўз корхоналарига асос солди. Жумладан, шахсан Дэвид Бекхэм овоза қилаётган мотоциклчилар либослари ишлаб чиқаришни йўлга қўйди. Албатта, чинакам инглиз сифатида футболга меҳр қўйган тадбиркор севимли спорти ривожига ҳам ўз улушини қўшмоқчи. У аввалига АПЛнинг 2та жамоасини харид қилишга уринди. Бироқ Роман Абрамович «Челси»ни сотишни истамади, Майк Эшли эса «Ньюкасл» баҳосини шунчаки, кўтариб қўйди. Жим шундан кейин яна хорижий клубларга эътибор қаратди. Бинобарин, у 2017 йили Швейцариянинг «Лозанна» клубини сотиб олганди. Тўғри, Рэтклифф ҳозир ўша харидни хато ўрнида кўради. Гап шундаки, «Лозанна» ўша пайт иккинчи дивизион вакили бўлиб, янги соҳибдан жамоани бошдан-оёқ қайта шакллантириш талаб этиларди. Рэтклифф бунга уриниб кўрди, аммо уддалолмади - орадан 2 йил ўтган бўлсада, жамоа ҳамон қуйи лигада. Хуллас, британиялик уддабуро тадбиркорнинг спорт соҳасидаги муваффақияти сифатида велопойга спорти, аниқроғи, INEOS (собиқ Sky) жамоасини кўрсатиш мумкин. Бу жамоа вакиллари 2015 йилдан бери  «Тур де Франс» турнирида ғолибликни ҳеч кимга бермай келишмоқда. Янги «ПСЖ»ни кутиш мумкинми? Йўқ. Жим ўз анъанасига кўра, қисқа матбуот анжуманида «ПСЖ» эмас, «Лион» йўлидан боришини маълум қилди: «Биз «Лозанна» борасида айрим хатоликларга йўл қўйдик. Лекин улардан тўғри хулоса чиқардик ва бунинг натижасини кўряпмиз. Клублар нафақат яшил майдон, балки унинг ташқарисида ҳам ҳавас қилишга арзийдиган даражада бўлиши лозим. Бу «Ницца»га ҳам тааллуқли, яқин йиллар ичида барча жабҳаларни кучайтириш ниятидамиз. Пухта ўйланган режа асосида «Ницца»ни еврокубокларнинг доимий иштирокчисига айлантиришни истаймиз». Бу шуни анг­латадики, Рэтклифф йирик трансферлардан фойдаланиш ниятида эмас. Францияда ЕЛда иштирок этаётган жамоалар ҳар йили 40-70 млн. евро сарфлайди. «Ницца»нинг ўтган мавсумдаги бюджети эса 50 млн. эди. Демак, уни оширишга эҳтиёж йўқ.

Виейрага нима бўлади? Ҳозирча бу саволга аниқ жавоб йўқ. Гап Патрикнинг малакасига боғлиқ эмас - унга шубҳаланадиганлар йўқ. Фақат Рэтклиф клуб президенти лавозимига «Ницца» асосчиси -Жан-Пьер Риверни қайтариш ниятида. Ривер эса вақтида Виейранинг жамоага келишига қарши чиққанди. Табиийки, Патрик бундан қаттиқ ранжиган. Шу сабабми, у собиқ раҳбар билан ҳамкорлик қилишни истамаяпти. Балки Рэтклифф иккисини яраштириб қўяр. Шунингдек, бошқа бир вариант хусусида ҳам гап-сўзлар бор. Жим - Арсен Венгернинг азалий мухлиси. Маълумки, «Профессор» анчадан буён ишсиз. Францияда кўпчилик тажрибали мураббий тез орада айнан «Ницца»ни қабул қилишини тахмин қилишмоқда. Агар Венгер чиндан ҳам, собиқ шогирди ўрнини эгалласа, лойиҳанинг нуфузи янада ошади, ОАВ уни бутун дунёга овоза қилади. Иши юришиб кетган тақдирда мсье Венгер ҳаммасини қойиллатишига шубҳа йўқ. Бироқ бундай муваффақият Рэтклиффни қанчалик қониқтириши номаълум. Четдан қараганда, уни биринчи навбатда, даромад қизиқтирадиган, совринлар ортидан қувиш иккинчи масаладек кўринмоқда. Чунки бизнесмен қайсидир грандни эмас, камтарин «Ницца»ни харид қилди. Дейлик, «Марсель» каби иззатталаб жамоада моддий манфаатларни биринчи ўринга қўйгудек бўлса, мухлислар тошбўронига йўлиқиши аниқ эди. Қани кўрайликчи, воқеалар қандай ривожланаркин?

С.РАҲМОНОВ тайёрлади 


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz