Тарихий ўйинлардан бири Пхеньянда жойлашган Ким Ир Сен номидаги стадионда бўлиб ўтди. ЖЧ-2022 саралаши доирасида Шимолий ва Жанубий Корея термалари 29 йиллик танаффусдан сўнг ушбу шаҳарда ўзаро куч синашишди. Сўнгги марта улар 1990 йили шимолдаги пойтахтда ўртоқлик ўйини ташкил этишганди. Маҳаллий ҳукумат тузуми жанублик мухлис ва журналистларнинг учрашувни кузатишларига йўл қўймади, қолаверса, баҳс жонли эфир ёки Интернет орқали трансляция қилинмади. КХДРга фақат футболчи ва мураббийлар киритилди, охир-оқибат ўйин бўм-бўш аренада ўтказилди.
Жанубий Корея футбол ассоциациясига мазкур ҳолатда истисно қўлланиб, икки ходимнинг «Твиттер» орқали маълумотларни янгилаб туришига изн берилди. Шунингдек, учрашувни ФИФА президенти Жанни Инфантино ҳам стадиондан кузатди ва ушбу тарихий воқеа ташкилотчилигидан кўнгли тўлмаганини билдирди. «Шундай муҳим ўйинда стадионнинг мухлислар билан тўлишини кутгандим, аммо трибуналарнинг бўшлигини кўрдим. Қолаверса, трансляция, виза ҳамда хорижий журналистларнинг киритилмаслиги билан боғлиқ муаммолардан ҳайрон бўлдик. Биз учун матбуот ва сўз эркинлиги биринчи даражали масала ҳисобланади, бошқа томондан эмас, дунёни бир дақиқада ўзгартира олмаслигимизни ҳам назардан четда қолдирмадик», - деди Инфантино.
КХДР Жанубий кореялик журналистларнинг ўйинни ёритишларига изн бермади: ҳукумат футболчи ва мураббийлар штабидан бошқа ҳеч кимга виза беришни хоҳламади. Шимолий Кореядаги расмий шахслар ўзларини оқлаш мақсадида учрашув трансляцияси ва матн янгиланиши интернет тармоғининг ёмон ишлаши сабабли имконсиз эканини таъкидлашди, аммо жанублик расмийлар мамлакатни тарк этишгунига қадар учрашув видеоёзувини уларга тақдим этишга ваъда беришди.
Даставвал, стадионда 40 мингга яқин мухлис тўпланиши кутилганди (Ким Ир Сен номидаги арена ўз бағрига 50 минг мухлисни сиғдиради): бу ҳақда ўйиндан бир кун аввал Шимолий Корея томони ташкилотчилар ва хавфсизлик бўлими йиғилишида маълум қилганди. Бироқ «Рёнхап» агентлигининг маълумотига кўра, КХДР беллашув куни трибуналарга киришни тақиқлади ва бу ҳақда Осиё футбол конфедерациясини огоҳлантирмади. Бу борада, албатта, ҳеч ким тушунтириш ҳам бергани йўқ.
Ўтган йили Шимол ва Жануб икки мамлакатдаги келишмовчиликни бартараф қилиш учун спортдан фойдаланишганди. Қишки Олимпиадада битта жамоа сифатида қатнашишга уриниб кўришди, аммо Шимолий Корея ва АҚШ ўртасида ядро арсенали бўйича музокаралар узилиб қолгач, Сеул билан ҳамкорлик ҳам тўхтади.
Жанубий Кореянинг ўз журналист ва мухлисларини КХДРга киритиш бўйича уринишларини Шимолий Корея вакиллари беэътибор қолдиришди. «Шимол томонидан ҳеч қандай жавоб бўлмади ва биз буни таассуфли ҳолат сифатида қабул қиламиз», - деди Жанубий Корея вазирлиги вакили.
Ҳаммаси электрон мактублар орҚали
Стадионда KFA вакиллари учун интернет тармоғига уланган матбуот маркази ташкил этилди, лекин «Рёнхап» агентлигининг хабар беришича, алоқа кўп ҳолларда узилиб қолган, интернет тезлиги эса фақат электрон мактублар жўнатишга яраган, холос. Маълумот етказишнинг энг осон усули - телефон орқали боғланиш эса мутлақо имконсиз эди, зеро ушбу мамлакатлар ўртасидаўзаро қўнғироқлашиш мумкин эмасди.
Ўйиннинг ўзига тўхталсак, Шимолий ва Жанубий Корея термалари ўртасидаги баҳс голсиз якунланди - 0:0. Умуман, учрашувнинг қандай ўтгани ҳақида аниқ маълумот бериш қийин, чунки интернетда тузукроқ матнли трансляция ҳам йўқ. Эътиборга молик фактлардан бири - ўйинда «Ювентус» U-23 жамоаси шарафини ҳимоя қилаётган шимолий кореялик ҳужумчи Хан Кван Сон ҳам тўп сурди. Ушбу жамоалар иштирокидаги жавоб учрашуви кейинги йилнинг 4 июнига белгиланган.
Жанубликларнинг асосий юлдузи Сон Хюн Мин ўйинни жароҳатларсиз якунлаб олганидан мамнун эканини билдирди. «Шимолий кореялик футболчилар жуда қўпол ҳаракат қилишди, сўкинишлар ва тўқнашувлар кўп кузатилди. Афсуски, ғалаба қозона олмадик, аммо ортга жароҳатсиз қайтганимизнинг ўзи катта ютуқ бўлди», - деди «Тоттенхэм» вакили.
Жанубий Корея футбол ассоциацияси вице-президенти Чой Ен Ир ҳам шимоллик футболчиларнинг ҳаракатларини кескин танқид қилди. «Бу гўёки урушга ўхшарди. Шу кунга қадар футболда бундай агрессив ўйинни кўрмагандим», - деди функционер.
ЖЧ-2010 саралашида КХДР Жанубий Кореяга қарши баҳсни нейтрал майдон - Шанхайда ўтказишга қарор қилган, ўз заминида жанубликларнинг байроғи ҳилпираши, уларнинг мадҳияси янграшини истамаганди. ЖЧ-2022 саралашида ҳам улар бир гуруҳдан жой олишгач, ўйинларнинг Пхеньян ва Сеулда ўтказилиши бўйича дарҳол келишиб олишганди.
1950-1953 йиллар мобайнида давом этган Корея уруши сулҳ билан якунланганди, аммо томонлар ўртасидаги тинчлик расман тасдиқланмаган. Бироқ спорт, хусусан, футбол орқали мамлакатлар муносабати дўстона кўриниш олиши мумкин. Ўз навбатида, тўлақонли ярашув учун бу давлатлар ҳали кўп нарса қилишларига тўғри келади.
Ўйин сари йўл
Сеул ва Пхеньянни 1906 йили қурилган Кёнъисон темир йўл тизими ўзаро боғлайди. Поездлар 1945 йилга қадар муваффақиятли қатновни амалга оширишганди, аммо Кореянинг жанубий ва шимолий қисмга бўлиниши йўлнинг ёпилишига олиб келди. 2007 йили Сеул КХДРга нисбатан «қуёш илиқлиги» сиёсатини илгари сурди ва темир йўл орқали жанубдан шимолга юклар ташилди. Лекин бу ҳолат узоққа чўзилмади ва поездлар қатнови яна тўхтади. Орадан 10 йил ўтиб, йўлнинг ҳолатини баҳолаш учун Сеулдан расмий шахслар ва экспертлар гуруҳи борди. Бу муносабатларни яхшилаш бўйича қўйилган навбатдаги қадамдир, лекин одамлар қатнови ҳақида ҳозирча гап-сўз йўқ.
Икки пойтахт ўзаро авиахабарлардан ҳам холи. Жанубий Корея ўйин арафасида терма жамоанинг КХДРга самолётда бориши бўйича келишувга эришишга уринди, аммо шимолликлар ушбу таклифни беэътибор қолдиришди. Футболчилар айланма йўл орқали манзилга етиб боришди: аввал Пекинга учишди, у ердан эса - Пхеньянга.
Сафар олдидан тавсия
CNA агентлигининг хабар беришича, Жанубий Корея делегацияси вакилларидан мобил телефонларини Пекиндаги элчихонада қолдиришни сўрашган. «Бизга бирор-бир коммуникация воситаларидан фойдаланиш бўйича кафолат беришмади, шундай экан, бошқа чораларни излаб, электрон мактубларга мурожаат этамиз», - деди федерация вакили.
Шунингдек, сафар олдидан жанублик футболчиларга ўзларини қандай тутишлари кераклиги бўйича тавсиялар берилиб, юкларига ҳушёр бўлишлари, тасодифан ниманидир ёддан чиқармаслик уқтирилди. Ҳаттоки, пайпоқларни ҳам. Ким билади, нималар бўлиши мумкинлигини. Бундай чора-тадбирлар айрим футболчиларни чўчитгани ҳам бор гап. «Пхеньянга боришга бироз қўрқяпман. Умид қиламанки, у ердан тирик қайтаман», - дея хавотирини яширмади Жанубий Корея термаси ҳимоячиси Ли Чже Ик.
Яхшиликдан умид бор...
Сўнгги йиллар мобайнида шимол ва жануб вакиллари ўртасидаги музокаралар ижобий якун топгандек, икки мамлакат тинчлик тарафдори эканини бир неча бор таъкидлади. «Корея яриморолида энди ҳеч қачон уруш бўлмайди, осойишталикнинг янги даври бошланди. Жанубий Корея ва КХДР бир-бирига нисбатан ҳар қандай душманлик ҳаракатларини якунлади», дейилади томонлар ўртасида тузилган декларацияда.
Барчаси, албатта, тасаввур қилганимиздан ўта мураккаб, вазият тез фурсатда яхшиланиши амримаҳол. Боз устига, ушбу икки мамлакатнинг бирлашиш бўйича қарашлари турлича. Буни яқинда бўлиб ўтган футбол учрашуви ҳам исботлаб турибди. Шунга қарамай, ҳар қандай ҳолатда ҳам, мазкур ўйинни тинчликни мустаҳкамлаш йўлида қў-йилган навбатдаги қадам сифатида қабул қиламиз.
Ў.УМАРОВ тайёрлади
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20