Қайднома

Қидирув

Евротур: Кузги спектакллар жилваси

Евротур: Кузги спектакллар жилваси

  26.10.2019 22:18
  0
  341
Евротур: Кузги спектакллар жилваси

Ортда қолган «уик-энд» оқшомларида топ-чемпионатлар мухлислари турфа хил томошалар гувоҳига айланишди. Жумладан, қисқа вақт ичида амалга оширилган «хет-трик»лар, йирик ҳисобдаги «камбэк»лар ва кутилмаган натижалар ҳисобот турига ўзгача жило бағишлади.

Англия. «Ливерпуль» енгилмади, очко йўқотди

АПЛнинг 9-турида йирик ҳисоб умуман қайд этилмади, деярли барча жамоалар рақибларига муносиб қаршилик кўрсатишди. Жумладан, «Челси» ўз майдонида «Ньюкасл» дарвозасига атиги бир марта йўл топа олди. Аутсайдерлар сафини тарк этишга интилаётган меҳмонлар тенгма-тенг тўп суришди. Лекин Лондондан ҳеч бўлмаганда бир очко билан қайтиш уларга насиб этмади.

Сўнгги ўринни банд этган «Уотфорд» «Тоттенхэм» меҳмони бўлиб, очколари сонини 4тага етказиб олди. Бошқачароқ айтганда, нақд ғалабани қўлдан чиқарди - Дукуренинг 6-дақиқадаги тезкор голи меҳмонларга қимматли 3 очкони тақдим этадиган вазиятда бунгача бир қатор сэйвларни намойиш этган Бен Фостер қўпол хатоликка йўл қўйиб, тўпни Деле Аллига бериб қўйди. Шу тариқа «шпорлар» 86-дақиқада мағлубиятдан қутулиб қолишди.

Ўз майдонида «Манчестер Сити»ни қабул қилган «Кристал Пэлас» чемпионга жиддий қаршилик кўрсатишга уринди. Бироқ танаффус арафасидаги озгина сусткашлик Рой Хожсон жамоасига қимматга тушди. Икки дақиқа ичида Габриэль Жезус ва Давид Сильва томонидан урилган голлар «шаҳарликлар» ғалабасини таъминлади. Танаффусдан кейин мезбонлар вазиятни ўзгартиришга уринган бўлсаларда, ҳисоб ўзгармади. Мазкур ғалабадан кейин Манчестер аҳли бор эътиборини «Олд Траффорд»га қаратганига шубҳа йўқ. Шунингдек, «Сити»нинг ашаддий мухлислари ҳам «МЮ»ни қўллаб-қувватлаганларига ҳам. Чунки бу оқшом Манчестерга бошқа бир азалий рақиб - «Ливерпуль» ташриф буюрганди. Учрашув кутилганидек муросасиз тарзда кечди. Тўғри, жароҳатлар туфайли жиддий муаммоларга дуч келган Сульшер шогирдлари асосан ҳимоя билан машғул бўлишди, Рэшфорднинг ҳисобни очувчи баҳсли голи 85-дақиқага қадар мезбонлар устунлигини таъминлаб турди. Аммо 71-дақиқада майдонга тушган Лаллана мувозанатни тиклаб, етакчини мағлубиятдан қутқариб қолди. Дурангни манчестерлик мухлислар ижобий натижа сифатида қабул қилган бўлсалар, ажабмас - пешқадам мавсумда илк бор очко йўқотди, Клопп яна «Олд Траффорд»­да зафар қуча олмади, «Сити» етакчига оз бўлсада яқинлашиб олди.

Шеффилдда меҳмон бўлган «Арсенал» сафардан кичик (0:1) ҳисобдаги мағлубият билан қайтиб, 3-поғонага кўтарилиб олиш имкониятини йўққа чиқарди.

 

Испания. Қиймати 3 очкога тенг зарба

Ла Лига вакиллари ҳам бу турда ўз мухлисларига голлар шоусини тақдим эта олмадилар. Фақат амалдаги чемпион бундан мустасно, албатта. Аста-секин ўз ўйинини топаётган «Барселона» Эйбардан 3:0 ҳисобидаги йирик ғалаба билан қайтди ва зафарлар сериясини 4тага етказиб олди. Умумий ҳисоб ҳам ҳавас қилгудек - 11:1. Эътиборли жиҳати шундаки, жамоа тўпурарлари ҳам мерганлик маҳоратини ошириб боришмоқда. Бу гал Антуан Гризманн ҳамда Луис Суарес биттадан гол уришди, Месси эса голдан аввал самарали узатмани амалга оширганди.

Бир кундан кейин Эйбардаги 3 очко нафақат мухлисларни қувонтиргани, балки жамоани 1-поғонага олиб чиққани маълум бўлди. Боиси, Пальма-де Мальоркада «Реал» дебютантга имкониятни бой бериб қўйди - 0:1.

Қизиғи шундаки, илк дақиқалардан бошлаб мезбонлар, аввало, ўз дарвозалари хавфсизлиги хусусида бош қотиришди, 7-дақиқадаги тезкор қарши ҳужум эса Жунион Лагонинг кучли зарбаси эвазига ҳисобнинг очилиши билан якунланди. Шундан кейин «Мальорка» фақат ҳимояни ўйлади. Якунда ана шу ягона аниқ зарба қимматли 3 очкони олиб келди. Зидан шогирдлари кўплаб ҳужумлар уюштиришди. Лекин голга тортадиган вазиятлар жуда оз бўлди, Карим Бенземанинг зарбасига дарвоза тўсини тўғаноқ бўлди. Умуман, меҳмонлар қандайдир иштиёқсиз, шижоатсиз тўп сураётгандек таассурот қолдиришди. Натижада «Қироллик клуби» Ла Лига мавсумидаги дастлабки мағлубиятини тан олишга мажбур бўлди.

«Осасуна» устидан камтарин (1:0) ғалабага эришган «Гранада» очколари сонини 17тага етказиб, совриндор ўринга кўтарилиб олди.

«Ванда Метрополитано»да «Валенсия»ни енга олмаган (1:1) «Атлетико» эса азалий рақибига тенглашиб олиш имкониятини кўкка совурди.

 

Германия. Интрига янада кучайди

Ортда қолган 8 турдан кейин Бундеслига турнир жадвалидаги вазият янада кескинлашди. Етакчи билан 9-ўриндаги жамоани бор-йўғи 2 очко ажратиб турибди. Бунинг сабаби шуки, ҳисобот турини етакчи жамоалар суст ўтказишди.

Жумладан, Дортмундга сафар қилган «Боруссия М» номдош рақибига имкониятни бой берди - 0:1. Марко Ройснинг аниқ зарбаси мезбонларни 4-ўринга олиб чиқди. Етакчи эса таъқибчиларнинг сусткашлиги эвазига ўз ўрнида қолди. Чунки номдор гранд Аугсбургдаги баҳснинг сўнгги сонияларида ғалабани бой берди: «Аугсбург» - «Бавария» - 2:2. «РБ Лейпциг» эса ўз майдонида «Вольф­сбург» билан дурангга (1:1) имзо чекди. Дебютант «Унион» мавсум кашфиёти сифатида тилга олинаётган «Фрайбург» дарвозасига 2та жавобсиз гол уриб, 17-ўриндан 14-поғонага кўтарилиб олди. «Фрайбург» эса пешқадамга айланиш имкониятидан фойдалана билмади.

 

Италия. 9 даҚиҚада «хет-трик»

Кучли бешлик вакиллари орасида ҳимоявий услуби билан ном қозонган «А» сериядаги ҳисобот тури голларга бой тарзда ўтди. Уни бошлаб берган «Лацио» - «Аталанта» баҳсида мухлислар 6та гол кўришди. Қизиғи, барча голлар битта дарвозага урилди, танаффусгача меҳмонлар 3:0 ҳисобида олдинга чиқиб олишди. Иккинчи бўлимда эса мезбонлар «камбэк» эвазига мағлубиятдан қутулиб қолишди - 3:3.

Аввалги турда ўзаро ўрин алмашган «Ювентус» ва «Интер» бу турда навбатдаги ғалабаларини расмийлаштириб, ўз мавқеларини сақлаб қолишди. Бироқ «Болонья»ни маҳв этишда чемпион қийинчиликка дуч келган бўлса, «Интер» Режо-Эмилияда «Сассуоло» дарвозасига 4та гол урди. Мезбонлар эса 3та аниқ зарба билан жавоб қайтаришди.

Яна бир сермаҳсул ўйин «Парма» - «Женоа» беллашувида кузатилди. Еврокубоклар ҳудудига интилаётган мезбонлар аутсайдер дарвозасини 5 марта ишғол этишди, меҳмонлар эса битта гол билан жавоб қайтаришди. Майдон эгалари вакили Корнелиус 9 дақиқа ичида 3та гол ургани алоҳида эътиборга молик. Аввалига у 2та гол учун 4 дақиқа сарфлаганди. Танаффусдан кейин шунча вақт ичида 3-голини урди.

 

Франция. «Монако» юксалмоқда, Бен-Йеддер - тўпурарлар етакчиси

Лига 1нинг 10-туридан кейин пешқадам «ПСЖ» янада эркинроқ нафас олиш имкониятига эга бўлди. Боиси, чемпион сафарда «Ницца»ни енгишда қийинчиликка дуч келмади. Анхель ди Мариянинг биринчи бўлимдаги (15, 21-дақиқалар) «дубл»и меҳмонларга хотиржамлик билан тўп суриш имконини берган бўлса, мезбонларнинг жавоб тўпидан кейин майдонга туширилган Килиан Мбаппе ҳисобдаги фарқни яна 2тага етказди. Пойтахт клубининг янги ҳужумчиси Мауро Икарди эса бу ўйинда ҳам рақиб дарвозасига йўл топа олди. Шу тариқа беллашув 4:1 ҳисобида «ПСЖ» фойдасига ҳал бўлди.

Чемпионнинг асосий таъқибчиси - «Нант» кутилмаганда «Мец»га имкониятни бой бериб, пешқадамга қўшимча қулайлик яратди. «Мец» эса 3 очко эвазига «қора гуруҳ»­дан кўтарилиб олди.

Тобора нуфузини тиклаб бораётган «Марсель» «Страсбур»дан устун келиб (2:0), 4-поғонага чиқиб олди.

Яқинда аутсайдерлар сафида юрган «Монако» бу турда анчайин жиддий рақиб - «Ренн»ни маҳв этиб, 14-ўринга кўтарилиб олди. Тўғри, 3 очкони қўлга киритиш князлик клуби учун осон бўлмади. Бироқ қўшимча вақтнинг 3-дақиқасида Виссам Бен-Йеддер томонидан урилган гол «Монако»га муҳим 3 очкони, ҳужумчига эса тўпурарлар етакчилигини тақдим этди.

А.Аҳмедов тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz