Қайднома

Қидирув

Мирзоҳид ҒОФУРОВ: «Канчельскис билан ҳали кўплаб ютуқларга эришамиз»

Мирзоҳид ҒОФУРОВ: «Канчельскис билан ҳали кўплаб ютуқларга эришамиз»

  27.10.2019 03:05
  0
  184
Мирзоҳид ҒОФУРОВ: «Канчельскис билан ҳали кўплаб ютуқларга эришамиз»

Жорий йилги миллий чемпионат баҳслари ҳам аста-секин финишга яқинлашмоқда. Чемпион аниқ - «Пахтакор». Аммо қолган ўринлар учун курашда ҳамон интрига сақланиб турибди. Мавсум бошида ўз олдига юқори мақсад ва вазифаларни қўйган Наманганнинг «Навбаҳор» клуби учун мавсум барқарор ўтмаяпти. Биринчи давра охирида россиялик мутахассис Андрей Канчельскиснинг кутилмаганда ишдан олиниши, унинг ўрнига Деян Журжевичнинг тайинланиши жамоа ўйинига ижобий таъсир қилди, дейиш қийин. Оқибатда бундай ўзгаришлар мухлислар томонидан катта эътирозларга сабаб бўлди. Канчельскиснинг қайтиши эса йўқолиб бораётган ишонч ва футболчилардаги иштиёқнинг қайтишига сабаб бўлди. Яқинда «Навбаҳор» етакчиларидан бири Мирзоҳид Ғофуровдан интервью олиб, унга ушбу мавзуда ҳам саволлар бердик.

 

- Мирзоҳид, даставвал «Сурхон»­га қарши кечган ўйин ҳақида гапирсангиз...

- Ўйин қийин бўлди. Кўряпсиз, биз учун бу йили ҳеч қайси баҳс осон ўтаётгани йўқ. Ғалаба қозонган беллашувларимизда ҳам жиддий қаршиликка дуч келяпмиз. Умуман олганда, рақиблар бизга қарши икки ҳисса куч билан майдонга тушишади. Боз устига, айрим жамоалар ҳимоявий футбол таклиф қилаётгани боис очко ишлаш қийин бўляпти. Энди қолган турларда максимал очколар жамғариб, турнир жадвалидаги ўрнимизни яхшилаб олишимиз зарур. Назарий жиҳатдан кучли учликка кириш имконияти бор. Аммо бу ҳам осон бўлмаслиги аниқ.

- Суперлига-2019 баҳслари сизга нимаси билан манзур бўлмоқда?

- Бу йилги чемпионат анча қизиқарли ва шиддатли кечмоқда. Кўриниб турибдики, кучсиз клубнинг ўзи йўқ. Жумладан, Суперлигага маълум фурсатдан сўнг қўшилган «Андижон» ва «Сурхон», шунингдек, «Динамо» жамоалари яхши ўйин намойиш этиш­япти. Тўғри, самарқандликларнинг иккинчи даврада унчалик омадлари келмаяпти. Бироқ чемпионат бошида улар барча клублар учун «чақилмас ёнғоқ»қа айланишганди. Ёдингизда бўлса, 2:2 ҳисобидаги дуранг билан якунланган «Динамо» - «Навбаҳор» қарама-қаршилиги жорий мавсумнинг энг қизиқарли ўйини сифатида эътироф этилганди. Гарчи биринчиликда «Пахтакор» аллақачон чемпионликни қўлга киритиб улгурган бўлсада, кумуш ва бронза медаллари ва элитада «жон» сақлаш учун кураш сўнгги тургача давом этиши эҳтимоли катта. Шундан билса бўладики, Суперлига-2019 кескин курашлар остида давом этмоқда.

- Андрей Канчельскисни ўзбекис­тонлик мураббийлардан ажратиб турадиган қандайдир жиҳат борми? Унинг қайси фазилатларини юқори баҳолайсиз?

- Андрей Антанасович футболчилик фаолияти давомида кўплаб кучли жамоаларда тўп сурган. Киевнинг «Динамо», Донецкнинг «Шахтёр», Англия­нинг «Манчестер Юнайтед», «Эвертон», Шотландиянинг «Глазго Рейнжерс» ҳамда Италиянинг «Фиорентина» клубларида улкан тажриба тўплаган. Валерий Лобановский ва сэр Алекс Фергюсон каби ўз даврининг етук «профессор»ларидан сабоқ олган. Шу омиллар сабаб у жамоага Европа ҳавосини олиб кирди. Машғулотларга ранг-баранглик бағишлади.

- Мураббийни кучли психолог дея таърифласак бўладими? Бир неча учрашувларда кўрдикки, «Навбаҳор» ирода кўрсатиб, қийин вазиятдан чиқиб кетишни уддалади...

- Канчельскис бизга футбол 90 дақиқа давом этишини кўп уқтиради. Учрашувда қандай ҳисоб қайд этилишидан қатъий назар, таблога қарамасликни буюради. Унинг ушбу ўгитлари ҳар сафар самара келтирмоқда. Айниқса, «Пахтакор» билан сафарда 2:0 ҳисобида ортда бораётиб, Тошкентдан бир очко билан қайтишни уддаладик. Қисқаси, Канчельскис ажойиб инсон. У билан келажакда кўплаб ютуқларга эришамиз, деб ўйлайман.

- Ўтган мавсумдаги натижа (3-ўрин)ни яхшилаш клубнинг асосий мақсади эди, бироқ «Навбаҳор» бу йил турнир жадвалининг ўрта поғоналаридан жой олиши эҳтимолдан холи эмас. Сизнингча, жамоа­га барқарорликка эришиш учун нима етишмади?

- Биринчи навбатда, аксарият учрашувларда омад биздан юз ўгирганини алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман. Чунки кўп ўйинларда хавфли вазиятлар яратиш ва тўпни назорат қилиш бўйича катта ташаббусга эга бўлсакда, улардан самарали фойдалана олмадик ва бу ҳол ҳамон давом этмоқда. Бундан ташқари, мураббийнинг алмашиши ҳам таъсир кўрсатмай қолмади. Канчельскиснинг услубига эндигина мослашаётганимизда, у истеъфога чиқарилиб, ўрнига Деян Журжевич тайинланди. Янги мураббийнинг фалсафасини тушуниш ҳам озмунча вақт талаб қилмасди. Сербиялик мутахассис бошчилигида ўз ўйинимизни намойиш этолмай, сов­ринли ўринлар учун курашда имкониятларимизни пасайтириб юбордик. Нима бўлганда ҳам таслим бўлмай, охиргача курашишни ният қилганмиз.

А.ИСКАНДАРОВ суҳбатлашди


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz