Қайднома

Қидирув

Қаерда футболни кўпроқ севишади?

Қаерда футболни кўпроқ севишади?

  28.10.2019 01:39
  0
  621
Қаерда футболни кўпроқ севишади?

Кўпчилик Европада футбол учрашувларига энг кўп мухлислар ташрифи Англияда кузатилади, деб ўйлашади. Футбол ихтирочиларининг айни пайт жаҳондаги энг қимматбаҳо лигага эга эканликлари сабабли, у ердаги ўйинчиларнинг ҳар ҳафта намойиш этадиган спектаклларини кўришга иштиёқ ортадигандек, гўё. FootballHD.ru сайти вакиллари шуни инобатга олган ҳолда, «кўҳна қитъа»­даги миллий лигаларда ҳар бир ўйинда ўртача ҳисобда энг кўп томошабин жалб этаётган клубларни таҳлил қилиб, кучли йигирматаликни ажратишди. Мазкур ҳолатда фақат элит тоифасидаги дивизионлар эмас, нисбатан қуйироқдаги лигалар ҳам рўйхатга киритилган. Хулосалар билан мақола якунида танишишингиз мумкин.

20. «Пари Сен-Жермен» Франция. Лига 1 - 47 411

19. «Бетис» Испания. Ла Лига - 47 763

18. «Кёльн» Германия. Бундеслига 1 - 49 900

17. «Айнтрахт» Ф. Германия. Бундеслига 1 - 50 750

16. «Штутгарт» Германия. Бундеслига 2 - 50 826

Рейтингнинг энг қуйи қисмидан учта мамлакат клублари жой олишди. Бу ерда энг кўп вакил Германиядан, бинобарин, 16-поғонадан топ-20даги ягона қуйи дивизион вакили ўрин эгаллаган. Аввалги мавсум якунларига кўра, иккинчи Бундеслигага тушиб кетган «Штутгарт» мазкур лигада ҳозирча «Гамбург»дан кейин 2-ўринда боряпти. Албатта, мазкур жамоа аншлаглар гувоҳига айланмаяпти, зеро «шваблар»нинг қадрдон «Мерседес-Бенц Арена»си ўз бағрига 60 449 нафар мухлисни сиғдиради. Шунга қарамай, Франция­нинг амалдаги чемпиони ва ЧЛ иштирокчиларидан бири ҳисобланган «Пари Сен-Жермен» билан солиштирганда, «Штутгарт»нинг уй ўйинларга ўртача ҳисобда нисбатан кўпроқ томошабин ташриф буюради.

Адолат юзасидан айтиш жоизки, «ПСЖ»нинг уй учрашувларида ҳар сафар аншлаг кузатилади, чунки «Парк де Пренс» стадионининг сиғими 48 712га тенг. Шунинг­дек, максимал имкониятидан фойдаланаётган клублар орасида «Кёльн» ва Франкфуртнинг «Айнтрахт»и ҳам бор. Ушбу жамоаларнинг уй стадионлари мос равишда 49 968 ва 51 500 нафар ишқибозга мўлжалланган. «Бетис» эса ўзининг спорт мажмуасидаги имкониятлардан тўлиқ фойдаланяпти, дейиш қийин. Севильядаги «Бенито Вильямарин» стадионида 60 720та ўриндиқ бор, Ла Лиганинг жорий мавсумида эса «яшил-оқлар»нинг уй учрашувларига ўртача ҳисобда 48 минг томошабин келмоқда. Умуман, бу статистика яқин орада яхшиланиши эҳтимоли юқори, чунки жорий чемпионатда «Бетис» ҳали Испания грандларидан ҳеч бирига мезбонлик қилмади.

15. «Боруссия» М. Германия. Бундеслига 1 - 51 004

14. «Ливерпуль» Англия. Премьер-лига - 52 846

13. «Манчестер Сити» Англия. Премьер-лига - 54 399

12. «Милан» Италия. «А» серия - 58 499

11. «Атлетико» Испания. Ла Лига - 59 352

Рейтингнинг иккинчи «саватчаси»да кучли бешликнинг тўрттасидан вакил бор, аммо бироз устунлик инглизлар томонида. Менхенгладбахнинг «Боруссия»си, «Ливерпуль» ҳамда «Манчестер Сити»нинг уй учрашувларида деярли ҳар сафар стадион лиқ тўлади. Германия клубининг аренаси - «Боруссия Парк» 54 000 мухлисга мўлжалланган бўлса, Ливерпулдаги «Энфилд» 53 394, Манчестердаги «Этихад» 55 017 томошабинни сиғдиради.

Мадриднинг «Атлетико» ва айниқса, «Милан»да иш-қибозларни стадионга жалб этиш бўйича муаммолар бор. Испания пойтахтида жойлашган «Ванда Метрополитано» 67 703 мухлисга мўлжалланган бўлсада, жорий мавсум унинг фақат 88 фоиз қисми тўлмоқда. Қизиғи, Ла Лига-2019|2020да «Атлетико»нинг уй стадионида ажойиб аншлаг кузатилиб, у 28 сентябрь куни - «Реал»га қарши кечган дербига тўғри келди. Ўшанда, расмий маълумотларга кўра, стадионга 67 942 нафар мухлис ташриф буюрган, яъни трибуналарга ишқибозлар сиғмай қолишган. Умуман, бу ҳолатни истисно тариқасида қабул қилиш жоиз, зеро Испания чемпионатининг қолган ўйинларида «Атлетико»га стадионда мухлислик қилувчилар сони ўртача 55-57 мингни ташкил этмоқда.

«Милан»нинг бу борадаги аҳволи анча аянчли, чунки «Сан-Сиро» 80 018 нафар томошабинга мўлжалланган. Афсуски, миллий биринчиликдаги муваффақиятсиз иштирок, клубда анчадан буён кузатилаётган инқироз фанатларнинг трибуналарга жалб этилишига халал бермоқда. Албатта, жамоанинг энг содиқ мухлислари ҳамон ўз суюклиларини қўллаб-қувватлашмоқда. Бунинг натижасида «Милан» энг кўп мухлис йиғиш бўйича Италия чемпионати вакиллари орасида иккинчи ўринда бормоқда («Ювентус»дан ҳам юқорида. Туринликлар мезбонлигида ўтаётган учрашувларга ўртача ҳисобда 39 381 томошабин ташриф буюрмоқда, лекин «кекса синьора»нинг уй аренаси 41 507 мухлисга мўлжалланганини эътиборга олсак, бу борада «Юве»нинг кўрсаткичлари яхши эканлиги ойдинлашади). Шунга қарамай, «россонери» фанатларни стадионга чорлаш бўйича муаммоларга эга ва клуб раҳбарияти вазиятни ўнглаш учун жиддийроқ чораларни кўрмаса бўлмайди.

10. «Тоттенхэм» Англия. Премьер-лига - 59 777

9. «Вест Хэм» Англия. Премьер-лига - 59 917

8. «Арсенал» Англия. Премьер-лига - 60 301

7. «Шальке» Германия. Бундеслига 1 - 60 429

6. «Реал» Испания. Ла Лига - 62 617

Учинчи бешликда тотал устунлик инглиз клубларида, бу ерда улар учта. Аммо уларнинг ҳаммаси қуйи поғоналарда боришмоқда, чунки бу гуруҳда Мадриднинг «Реал» ва Гельзенкирхеннинг «Шальке-04» жамоалари пешқадам ҳисобланишади. Бу ерда барча клублар ўз имкониятларидан максимал даражада фойдаланишади. «Тоттенхэм» стадиони ўз бағрига 62 062 мухлисни сиғдирса, «Вест Хэм»ники - 60 000, «Арсенал»ники - 60 704, «Шальке»ники - 62 271 томошабинга мўлжалланган. Бошқача айтганда, юқорида номи қайд этилган беш клубдан тўрттаси жорий мавсум уй стадионларини 96 фоиз ва ундан кўпроқ кўрсаткич билан тўлдиришаётгани билан мақтанишса бўлаверади.

Мадриднинг «Реал»и - алоҳида мавзу. «Сантьяго Бернабеу»нинг номинал сиғими 81 044ни ташкил этади, аммо ҳозирча «бланкос»нинг аренани тўлдириш фоизи бўйича «Тоттенхэм», «Вест Хэм», «Арсенал» ёки «Шальке»га етиб олишлари учун анча бор. Мавжуд вазиятнинг сабабларини ахтаришни «Реал» раҳбариятига қолдирамиз. Маълумот ўрнида айтиш керакки, «Осасуна»га қарши кечган баҳсда мадридликларнинг уй стадионига 57 520 томошабин ташриф буюрди, яъни 23 мингга яқин ўриндиқ бўш қолган. Умуман, сўнгги йилларда «Реал» мезбонлигида ўтаётган учрашувларда мухлислар ташрифи тобора камаймоқда. Мисол учун, мавсум-2007|2008да Испания чемпионати ўйинларидаги ўртача кўрсаткич 76 595 мухлисни ташкил этганди, мавсум-2018|2019да эса - 60 645 нафарга тушди. Ишқибозлар қизиқишининг сусайиши орқали даромаддан мосуво бўлиш ҳатто замонавий «Реал» каби бадавлат ва буюк клубга ҳам тўғри келмайди. Демак, Флорентино Перес ва унинг қўл остидаги ходимлардан бу борада зарур чораларни кўриш талаб этилади.

5. «Интер» Италия. «А» серия - 63 569

4. «МЮ» Англия. Премьер-лига - 73 432

3. «Бавария» Германия. Бундеслига 1 - 75 000

2. «Барселона» Испания. Ла Лига - 78 106

1. «Боруссия» Д. Германия. Бундеслига 1 - 81 365

Ниҳоят, рейтингнинг энг юқори қисмига етиб келдик! Бу ерда Италия, Англия ва Испания биттадан, Германиядан иккита вакил бор. Мазкур вазиятда трибуналарни тўлдириш бўйича ажойиб кўрсаткичга эга клубларнинг ҳолатлари турлича. Масалан, «Манчестер Юнайтед», жамоадаги инқирознинг давом этаётганига қарамай, томошабинлар ташрифи бўйича ҳар қанча мақтанса арзийди - «Олд Траффорд» 74 879 мухлисга мўлжалланган. «Бавария» эса, умуман, арена сиғими ва унга ишқибозларни жалб этиш бўйича 100 фоизлик кўрсаткичга эга.

«Интер» эса, худди «Милан» сингари, мюнхенликларнинг натижаларини фақат ҳавас қилиши мумкин. Ҳа, «россонери» билан битта аренани бўлишиб турган «нерадзурри» трибуналарга мухлис йиғиш борасида ҳамшаҳарларини ортда қолдиришмоқда, лекин 81 минг ишқибозга мўлжалланган стадионга 64 минг томошабин келаётгани - фахрланишга арзигулик кўрсаткич эмас. Уй стадионини максимал даражада тўлдириш «Барселона» учун ҳам осонмас, зеро «Камп Ноу»нинг сиғими 99 354га тенг. Адолат юзасидан айтадиган бўлсак, Ла Лиганинг бир ўйинидаги ўртача томошабинлар сони унчалик ёмонмас, чунончи, мавсум-2017|2018да рақамлар нисбатан камтарона тус олганди - 66 854.

Рейтингнинг сўзсиз етакчиси - Дортмунднинг «Боруссия»си. Жамоанинг қадрдон аренаси «Сигнал Идуна Парк» 81 365 фанатга мўлжалланган ва ҳозирча «қовоғарилар»нинг барча уй учрашувларида аншлаг кузатилмоқда - рақиб «Аугсбург» бўладими, «Байер» ёки «Вердер»ми, фарқи йўқ.

***

Қисқа хулосаларни чиқарамиз. Демак, энг кўп томошабин ташрифини қайд этаётган клублар йигирматалигида Германиядан 7 (6таси Бундеслига 1дан ва Бундеслига 2 иштирокчиси «Штутгарт»), Англиядан 6, Испаниядан 4, Италиядан 2 ва Франциядан 1 вакил бор. Ўртача кўрсаткичлардан келиб чиқсак, бу ерда устунлик Германияда экани ойдинлашади. Топ-20даги Бундеслига клублари уй учрашувларида ўз ареналарига ўртача ҳисобда 419 274 мухлис йиғишмоқда. Англиянинг натижаси - 360 672, Испанияники - 247 838. Франция ҳамда Италиядан вакил озлиги сабабли солиштирувда уларнинг номи тилга олинмади.

Кўриб турганингиздек, Германия ва Англияда томошабинлар ташрифи анча юқори. Демакки, ушбу мамлакатдаги клублар абонемент, чипта, атрибутика кабилар сотувидан яхшигини даромад орттиришлари турган гап. Испания, Италия ва Франция футболида эса бу борада ижобийликка эришиш учун ҳали кўп меҳнат қилишга тўғри келади, чоғи.

Ж.Абдувалихўжаев тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz