Bild журналисти Кай Траманн 2018 йилнинг май ойида эътироф рукни остида серияли мақолалар ёзганди. Уларнинг бири ёш мутахассис Юлиан Нагельсманн фаолиятига бағишланган эди. Ушбу мураббий жорий йил ёзда «РБ Лейпциг» бошқарувини қўлга олди. Айтиш жоиз, шундан буён клуб ўйини нисбатан яхшиланди, тўғри, бу ҳозирча натижаларда сезилмаётгандир, аммо лейпцигликлар муносиб мураббий топишганидан хурсандлар.
Тоғ велосипеди фойдаси
Юлиан Нагельсманн - табиат ва тоғларни хуш кўрадиган асл бавариялик. Дейлик, у тоғ велосипедида сайрга чиқишни одатга айлантирган. Мутахассиснинг фикрича, айнан шу чигалёзди машғулоти уни маълум муддат футбол ташвишларидан озод этиб, хотиржам ҳордиқ чиқаришига имкон беради. У тоғ бўйлаб сайр жараёнида ўз жамоасининг навбатдаги рақиби ҳақидаги ўй-хаёллардан фориғ бўлади. Дарвоқе, Нагельсманн вақтида шогирдлари ҳамроҳлигида баланд чўққиларни забт этишга ҳам уринган.
Жонли ижро маъқул
Юлиан бўш вақт юзага келса, фарзандига оммавий қўшиқлардан парчалар куйлайди. Аслида митти Макс машҳур Жастин Тимберлейк қўшиқларини ёқтиради, Юлиан эса замонавий ашулаларни афзал кўради. Одатда қўшиқлар кайфият ва ўша пайтдаги об-ҳаво шароитига қараб танланади.
Турмуш ўртоғи билан танишуви
Нагельсманн рафиқаси Верена билан 2007 йили учраша бошлаган. Умуман олганда, улар мактаб давридаёқ танишишганди: «У танаффуслар пайти доимо ёнимдан ўтиб кетарди. Веренанинг гавдаси унча катта бўлмасада, қадами салмоқли эди. Унинг буфетда навбатда турганида, биринчи бўлишга интилиши эътиборимни тортганди. Веренанинг қомати талаб даражасида, лекин у булочка ва шницелни ёқтирадигандек туюлганди. Хайриятки, ўйларим хато бўлиб чиқди».
Машғулотларда тажовузкор
Юлиандан фарзандига ўзининг қайси хусусиятини раво кўрмаслиги ҳақида сўраганларида, у оддий жавоб қайтарган: «Энг заиф жиҳатларим - сабрсизлик ва қарорларни тез қабул қилиш одати. Баъзан иш жараёни ёки майдон четидан ўйинни бошқаришда ортиқча қизишиб кетаман, тажовузкор бўлиб қоламан. Чунки ҳаммаси бирданига яхшиланиши, тезроқ натижага эришишни истайман. Умидворманки, ўғлим менга нисбатан сабр-қаноатли бўлиб улғаяди».
Отасининг вафоти
Юлиан 20 ёшга тўлганида, отаси Эрвин Нагельсманн оламдан ўтди. Мусибат оилага кучли таъсир ўтказди, албатта. Аввалига унинг қисқа хасталикдан сўнг ҳаётдан кўз юмгани айтилди. 1 ойдан кейин эса Юлиан аслида отаси ўз жонига қасд қилганини ошкор қилди: «Фожиа уйимизда юз берди. Бошқа ҳеч нарса деёлмайман ва бу ҳақда гапиришни истамайман. Чунки барчаси шахсий масала. Жумладан, шу баҳона уйимизни иложи борича тезроқ сотишга қарор қилдик. Хотираларимиз у билан боғлиқ эди. Онам учун янги ҳаётни бошлаш муҳимроқ ва бунга эришдик». Юлиан ўз муваффақиятларини отаси кўрмаганидан афсусда. «Ҳозир Бундеслига клуби устозиман. Отамга шу ютуқларимни кўриш насиб этмагани қалбимни тирнайди. Ўша пайт у менинг ўтиш даврида эканлигимни билмасди, чунки бор-йўғи ёшлар жамоасида бош мураббий ёрдамчиси эдим. Отам иқтисодиёт факультетидаги ўқишдан воз кечганимдан роса ранжигани рост. У шунчаки, келажагимдан хавотирланиб, ташвишга тушарди. Отам тез орада ёруғ дунёни тарк этди ва 28 ёшда Бундеслига мураббийи бўлганим, ажойиб стадионда ишлаётганимдан бехабар қолди. Тасаввуримда у «Ганновер» устидан қозонган ғалабамизни кўриб тургандек. Отам шу кунларга етиб келганида, ўзимни қўярга жой тополмасдим. Ҳа, унинг орамизда эмаслигига кўникиб улгурдим, лекин ёнимизда бўлганида эди...».
Болалик хотиралари
Юлиан Нагельсманн ёшлигидан «Бавария»га мухлислик қилган. Бунинг асосий сабабчиси - немис гранди тарафдори саналган акаси. Ўша пайтлар Юлиан айниқса, Ален Сюттерга алоҳида мухлислик қиларди: «Тўғриси, унинг соч турмагига маҳлиё эдим. Ёрқин ва узун сочлари ўзгача таассурот қолдирганди». Кейинчалик анча улғайган Нагельсманн жарима зарбаларини моҳир ижрочиси Меҳмет Шолль ўйинларини ёқтириб қолди: «Болалар ва ўсмирлар кўпроқ ҳужумчиларга мухлислик қиладилар. Мен ҳам улардан бири эдим».
Дастлабки футболка
Шолль ва Сюттерга мухлислик қилган Юлианнинг дастлабки футболкасига Маттеус шарифи ёзилганди: «Сариқ-кўк рангли сафар учрашувлари либоси. Очиғини айтганда, кўк рангли шорти ва сариқ гетра - умуман мос тушмайдиган уйғунлик. Қолаверса, либос парашют учун мўлжалланган ялтироқ ипак матосидан тикилган эди. Уни ўзим ишлаб топган пулга сотиб олганман. Лекин ўша футболка бисотимдаги энг яхши форма эмас, барибир».
Севимли сериали
Нагельсманн немисларнинг «Тентаклар» комедияли сериали хуштори: «Сериалнинг битта сериясини қайнонам ҳамроҳлигида томоша қилгандим. Албатта, унда 1-2та одоб-ахлоққа зид иборалар ҳам бор эди. Хуллас, қайнонам олдида ноқулай ҳолатга тушиб қолдим. Шунингдек, онахоннинг кулгули ҳолатлар ва номаъқул сўзларга муносабатини кузатдим. Менимча, бу жуда ғаройиб. Баъзан фильмлар ҳаётга жуда яқин...».
ТВга интилиш
Юлиан вақтида «Мени кутгил» кўрсатувининг немисча талқинини ташкил этишга уринган. Чунки у «Йўқолганлар» кўрсатувидан бағоят таъсирланган: «Бу кўрсатувни мунтазам кўриб бораман - 20-30 йил кўришмаган одамларнинг қайта учрашувлари жуда қизиқарли. Эҳтиросли лаҳзалар! Табиатан ўта кўнгилчан одамман, шу боис, телевизор қаршисида ўтирганча улар билан теппа-тенг йиғлайман. Бошловчи вазифасини нечоғли уддалай олишимни билмайман, аммо 30 йилдан кейин дийдор кўришган кишилар суҳбатида қатнашиш таклифини мамнуният билан қабул қилишим аниқ».
Операциядан воз кечиш
Юлиан навқирон футболчилик даври маъшуқаси туфайли тиззасидаги муаммога боғлиқ жароҳатдан халос этадиган жарроҳлик амалиётига кўнмаган. Аниқроқ айтсак, суюкли маҳбубаси ёнида кўпроқ парвона бўлишини хоҳлаган. Ҳозир эса ўша қарорини жиддий хатолик сифатида тилга олади. Зеро, саломатлигини тиклаш учун нақ 10 ой даволанишига тўғри келган, бу вақтда майдон юзини ҳам кўрмаган.
Тарбияси оғир футболчиларга муносабати
Мақолада турли саволларга алоҳида жой ажратилган. Мана, улардан бири: «Салом, Юлиан. Сандро Вагнерман, сен устозлик қилган шогирдлар орасидаги энг яхши ўйинчи. Айтчи, мен кетгач, «Хоффенхайм» машғулотларига сокинлик қайтдими? Мени қўмсаяпсанми?» Бу вақтда Вагнер «Бавария» сафида тўп сураётганди. Юлиан у билан ҳамон доимий алоқада. Мураббийнинг фикрича, Сандро бошқариш қийин, лекин қизиқарли бўлган футболчилар сирасидан: «У билан ёзишиб тураман. Шунингдек, соғинаман ҳам. Чунки Сандро ажойиб йигит. Ваҳоланки, майдонда уни бошқариш осон эмас. Буни ўзи ҳам яхши билади. Бироқ қайсарлиги фаолиятимга кучли таъсир этди. Ўйлашимча, у ҳам орзусига етиб, «Бавария»дан жой олди. У билан фахрланаман». Кристиан Треш саволи: «Мюнхен-1860» сафида тўп сурган пайтимиз қандай лақабларни олганимиз эсингдами?» Юлианнинг жавоби: «Жон Терри ва Патрик Виейра. У Патрик эди, мен Жон. Ҳа, биз улар каби иқтидорли эдик»
Шахсий мураббий ва руҳшунос
Мураббий ҳаёт йўлида шахсий мураббий ва руҳшунос хизматидан фойдаланади: «Ҳа, шахсий мураббийим бор. Бироқ у футбол эмас, баскетбол оламидан. Шунингдек, дам олишим, кучимни тиклашим ва юмушларни унутишимга ёрдам берадиган руҳшуносим ҳам йўқ эмас. Керакли пайт улар билан маслаҳатлашаман. Томас Тухель билан ҳам».
Гвардиола ва Почеттино
Нагельсманн қайсидир касбдошини намуна сифатида кўрсатолмасада, Хосеп Гвардиола ва Маурисио Почеттино фаолиятини юксак баҳолайди. Йохан Кройффни ҳам ҳурмат билан тилга олади.
Дронлардан наф йўқ
Нагельсманн вақтдан ортда қолмаган ҳолда, юксак технологиялардан фойдаланади. «Хоффенхайм»нинг машғулотлар майдонида улкан экран ва камера ўрнатилганди. Бироқ улар ҳар доим ёрдам беравермайди. «Хоффе»да машқлар жараёнини дронлар кўмагида тасвирга тушириш йўлга қўйилганди. Тез орада улардан воз кечишди - дронлар шовқини ўйинчиларга халал берар экан.
Немис тилини ўрганиш талаби
«Бавария» легионерлари немис тилини ўрганишлари шарт. Мураббийлар ҳам бу мажбуриятдан озод эмаслар. Дейлик, Гвардиола ва Анчелотти ишга киришишдан бир неча ой аввал тил ўрганиш билан шуғулланишган. Нагельсманн ҳам шундай фикрда. Қолаверса, у шогирдлари нутқини ҳам диққат билан назорат қилади: «Майдонда футболчилар бир-бирларини осон тушунишлари учун бу муҳим аҳамиятга эга».
МУҲАММАДСОДИҚ тайёрлади
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20