Қайднома

Қидирув

Маурисио Почеттино: «Ҳар бир ўйин – адреналин манбаи»

Маурисио Почеттино: «Ҳар бир ўйин – адреналин манбаи»

  29.10.2019 01:56
  0
  380
Маурисио Почеттино: «Ҳар бир ўйин – адреналин манбаи»

Ўтган мавсум «Тоттенхэм»ни ЕЧЛ финалига олиб чиқиб, катта шов-шув кўтарган аргентиналик мутахассис Маурисио Почеттино ФИФА талқини бўйича 2019 йилнинг энг яхши мураббийи мақомига даъвогар бўлиб турибди. Ҳа, Почеттинонинг ҳозирги ишлари унча яхши эмас, лекин кўпчилик унинг жамоаси еврофутболдаги энг нуфузли турнир финалига қадар барча тўсиқларни қандай енгиб ўтганини ҳали унутгани йўқ. Хуллас, аргентиналик мураббий ҳақли равишда махсус сўровнинг сўнгги босқичига етиб келди, бунда ажабланадиган томони йўқ. Тўғри, ЧЛнинг амалдаги финалчиси янги мавсумни ўта тушунарсиз бошлади: «шпорлар» гуруҳ босқичи 1-турида ўз майдонларида «Бавария»га шармандали тарзда ютқазишди (2:7), кейин Грецияда «Олимпиакос» билан баҳсда дуранг натижага кўнишди. Ниҳоят, 3-турга келиб, Лондонда «Црвена Звезда» дарвозасига жавобсиз 5та гол уришди ва «Тоттенхэм» бирданига 2-ўринга кўтарилди. Тушунарлики, Почеттино шогирдлари ўтган мавсумдаги зафарли юришни такрорлашни исташса, буёғига анча жиддийлашишлари шарт. FIFA.com сайти журналистлари яқинда мураббий билан айни шу мавзуда суҳбатлашишди.

 

- Айтингчи, жамоани ўз кучи, юксак салоҳиятга ишонтириш учун мураббий қандай фазилатларга эга бўлиши лозим?

- Ўйлашимча, кўп нарса мураббийнинг шахси, феъл-атвори ва табиатига боғлиқ. Сиздаги етакчилик маҳорати, жонкуярлик, табиий қувват маълум даражада жамоангизга юқади. Яна мураббий ва футболчилар ўртасидаги аҳиллик, ҳамжиҳатлик ва ягона мақсад сари интилиш каби жиҳатлар муҳим аҳамиятга эга. Айни шу омиллар ўзаро ҳурмат ва ўйин савиясини белгилаб беради. Футболдек мураккаб спорт турида ўйинчиларга ҳамиша тўғри йўл кўрсата оладиган йўлбошчи керак. Мураббий шунинг баробарида футболчиларни ўз кўрсатмалари аниқ бажарилган тақдирда жамоа ғалаба қозонишига ишонтириши шарт. Албатта, ҳар бир жамоа устози аввало, ана шу уйғунликни таъминлашга ҳаракат қилади.

- Сизга қайси бири кўпроқ маъқул тушди - ўйнашми ёки устозлик қилиш?

- Менимча, ҳар иш билан ўз вақтида шуғулланган маъқул. Навқиронлик давримда тўп суриш мен учун оиламдек муҳим эди. Энди мураббийлик касбидан завқ оляпман, умрим беҳуда ўтмаяпти. Ҳар қандай инсон ортда қолган йиллардан афсусланмаслик учун вақт қадрига етган ҳолда, тўлақонли ҳаёт кечиришга интилиши лозим. Умуман, умрнинг ҳар бир босқичи инсон учун алоҳида аҳамият касб этади. Мана, ҳозир ён чизиқ ташқарисидаман. Шундай экан, шогирдларимга яшил майдонда бевосита ёрдам беролмайман, аммо уларга йўл-йўриқ кўрсатишим мумкин.

- Почеттино - футболчи ва мураббий сифатида Испанияда шуҳрат қозонган аргентиналик. Хўш, АПЛдан қандай сабоқлар олдингиз?

- Ўйлайманки, шахс сифатида ижобий ўзгаришларга юз тутдим. Ҳар ҳолда, Англияда ўзга халқ маданияти, тилини ўргандим, билим ва малакамни оширдим. Футбол хусусида тўхталсам, у бутун дунёни қамраб олган. ОАВ ҳамда ижтимоий тармоқлар ёрдамида турли мамлакатлар футболи, хилма-хил иш услублари хусусида етарлича маълумот олиш мумкин. Энг муҳими, футбол ватанида истиқомат қилишнинг ўзи сизни ўқиш ва изланиш, малакангизни ошириб боришга даъват этади.

- Аргентина терма жамоаси сизни нечоғли қизиқтиради?

- Инсон борки, ўз ватанини севади. Аргентина ҳамиша қалбим тўрида. Лекин эҳтирослар ҳар доим юзага чиқмаслиги - айни ҳақиқат. Миллий жамоага асло бефарқ эмасман, иштиёқ бор. Аммо ҳозир кундалик юмушлар билан бандман, менга ишониб топширилган жамоада шогирдларим билан ҳафтада ёки 3 кунда бир марта майдонга тушиш орқали олаётган адреналин ҳаётимга мазмун бағишламоқда. Агар учрашувлар орасидаги вақт 1-2 ойга чўзилса, етарли иштиёқ ҳосил қилиш  қийинлашади. Хуллас, фаолиятим ва ҳаётимнинг ҳозирги босқичида ҳар 3 кунда адреналин олиш мен учун меъёрга айланиб улгурди.

- Жорий мавсум нималарга умид боғлаяпсиз?

- Кўзланган мақсад ва орзулар бобида муаммо йўқ. АПЛда чемпионлик шоҳсупасига кўтарилиш - «Тоттенхэм» учун юксак натижа, тарихий воқеа. Бас шундай экан, биринчи навбатда, шунга эришишни хоҳлайман. Орзум - жамоамни АПЛда ғолиблик сари етаклаш!

У.УМАРОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz