Қайднома

Қидирув

Ўхшамаса қийин ёки «АТАЛАНТА» ОМАДСИЗЛИГИ ҳақида

Ўхшамаса қийин ёки «АТАЛАНТА» ОМАДСИЗЛИГИ ҳақида

  29.10.2019 03:01
  0
  383
Ўхшамаса қийин ёки «АТАЛАНТА» ОМАДСИЗЛИГИ ҳақида

ЕЧЛда илк марта иштирок этаётган Бергамо клуби Италия «А» серияси 8-тур ўйинини Римда «Лацио»га қарши ўтказиб, чинакам омадсизликка йўлиқди. Жамоа аввалига, учрашувнинг 37-дақиқасига қадар 3:0 ҳисобида олдинга чиқиб олди, якунда эса ўта ажойиб имкониятдан гол уролмай, ғалабани қўлдан чиқарди. Бергамоликлар ўша лаҳзада атиги 15 сония ичида «Лацио» дарвозасини нақ 4 марта ўққа тутишди, аммо самара йўқ. Ҳа, футболда бир ўхшамаса, қийин-да...

«А» серияда маҳсулдор ўйини билан барчани ҳайратга солаётган «Аталанта» ЕЧЛда ўта омадсиз старт олди. Дастлабки 2та турда «Динамо» Зг. ва «Шахтёр»га тегишлича 0:4 ҳамда 1:2 ҳисобида ютқазган Бергамо клуби ўтган ҳафта «Манчестер Сити» олдида мутлақо ожиз қолди - 1:5. Бу натижада «А» серия 8-турида рўй берган чинакам омадсизлик таъсири ҳам бор, албатта. Зеро, «Аталанта» футболчилари «Лацио» майдонида ўйиннинг 37-дақиқасигача 3та жавобсиз гол уришди, бироқ якунда ғалабани аламли тарзда қўлдан чиқаришди. Қисқаси, улар «Ал-Иттиҳод» аренасига ғоят тушкун ҳолатда йўл олишди. Ахир енгил ғалабага эришиши муқаррардек кўринган «Аталанта» охир-оқибат, 1 очко билан чекланди. Боз устига, ўта ачинарли сценарий остида...

Ҳа, Римдаги ўйиннинг иккинчи бўлимида ҳаммаси «Аталанта» учун бирдан чаппасига кетди. Ваҳоланки, асосий вақт тугашига 20 дақиқа қолганида ҳам, стадион таблосида 0:3 ҳисоби порлаб турганди. Кейин Чиро Иммобиле пенальти воситасида «Лацио»нинг биринчи жавоб голини урди, яна 1 дақиқа ўтгач, Хоакин Корреа ҳисобдаги фарқни минимал кўринишга олиб келди - 2:3. Бу натижа охирги лаҳзаларгача сақланиб турди. Ҳакам томонидан қўшиб берилган 3-дақиқа: «Лацио» мағлубиятдан қутулиб қолиш илинжида бутун жамоа бўлиб олдинга ташланди ва тўпни йўқотди. Натижада рақиб тезкор қарши ҳужумга ўтиб, осонгина Рим клуби жарима майдонига бостириб кирди. Кейинги лаҳзаларда ақлга сиғмас ҳолат кузатилди - атиги 15 сония ичида кетма-кет 4та зарба, аммо самара йўқ:

- Алехандро Гомес зарбасидан кейин дарвозабон ўзини кўрсатди;

- Руслан Малиновсий уринишидан кейин тўп йўлига Луис Фелипе ташланди;

- Рафаэль Толой эса Патрисио Габарронни мўлжалга олди;

- Рафаэль Толойнинг дарвозабон ҳудуди чизиғидан йўллаган тўпи Луис Фелипега тегди.

Диққат қилинг, бу вақтда «Аталанта»нинг 5 нафар вакили ҳужумга қўшилган бўлса, «Лацио» 4 нафар футболчи билан ҳимояланди. Ўйинни томоша қилганлар воқеаларнинг кейинги ривожини яхши билишади. Қисқача айтганда, «Лацио» сеҳрли тарзда 4-голдан қутулиб қолгач, охирида яна бир бора пенальти тепиш ҳуқуқини қўлга киритди ва Чиро Иммобиле ундан унумли фойдаланди. «Ўйин давомида 3та гол фарқини йўқотганимизни назарда тутсак, 3:3 ҳисобини ғалаба сифатида қабул қилсак бўлаверади», - деди пенальтилар воситасида «дубл»га эришган ҳужумчи учрашувдан сўнг. Алам ва ғазаб ўтида ёнган «Аталанта» бош мураббийи Жан Пьеро Гасперини эса ҳакамларни танқид остига олди: «Тўғриси, рефери томонидан «Лацио» фойдасига белгиланган пенальтилардан бири адолат мезонларига асло тўғри келмайди».

***  «Аталанта»Италия чемпионатида дуч келган рақиб дарвозасига 2тадан кам гол урмаяпти, лекин ЧЛда биринчи голни 118 дақиқа куттирди.

***  «Аталанта» ўтган мавсум «А» серияда ҳаммадан кўп гол урганди (ҳаттоки,  «Ювентусдан» ҳам), бироқ жамоа ҳимояси ҳам етарлича «насиба» олди.

***  «Аталанта» жорий мавсум «Фиорентина»га 0:2 ҳисобида ютқаза туриб, якунда дуранг натижа қайд этди - 2:2. Мана, энди Римда 3та гол фарқи билан олдинда бориб, якунда ғалабадан мосуво бўлди.

***  «Аталанта» сафарда «Сассуоло»га қарши ўйиннинг 34-дақиқасига қадар 4та гол урди.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz