Қайднома

Қидирув

Ўйин савиясини ҳисоб белгиламайди

Ўйин савиясини ҳисоб белгиламайди

  30.10.2019 04:28
  0
  434
Ўйин савиясини ҳисоб белгиламайди

- Футбол тарихида ҳисоблар сақланиб қолади, ўйин жараёни эса унутилади,  қабилидаги шаф­қатсиз хулоса тез-тез қулоққа чалинади. Бу узоқ тарих учун - чинакам ҳақиқат. Аммо ҳар бир авлод футбол борасида, жумладан, алоҳида ўйинлар масаласида ўзининг ҳақиқатлари билан яшаши бор гап. Масалан, кекса авлод вакиллари «Пахтакор»да гуллаб-яшнаган Андрей Якубик ва бир порлаган Виталий Жилкин тандеми қандай ҳаракатланганини ҳали-ҳануз унутмайди, завқ-шавқ билан эслайди. Кези келганда таъкидлаш жоиз,  мухлислик бобида ҳам айни шу авлодга қийин. Чунки у «Пахта­кор»­га мухлислик туфайли футболни таниган. Энди эса бу авлодни иккига бўлиниш изтиробга солади. Бугун «Насаф», «Бухоро», «Сурхон», «Андижон», «Нефтчи» ёки «Навбаҳор»ни десинми ёки болалик ва ўсмирлик хотиралари билан қалбига муҳрланган «Пахтакор»га мухлислик қилсинми кекса авлод? Балки шу иккига бўлиниш сабаб, ёши катта мухлислар кўпроқ катта ҳарфлар билан ёзилувчи ФУТБОЛни қўллаб-қувватлашади. Улар учун ҳисоб олдинги ўринда турмайди...

 

Футболимиз афсонаси Биродар Абдураимовдан ҳозирги «Пахтакор» ҳужум чизиғи ҳақида сўраб кўрингчи, қандай жавоб оласиз? Ишончимиз комилки, «Кўриб қувонасиз, холос. Лекин қойил қололмайсиз» - мазмунида жавоб эшитишингиз аниқ. Ҳолбуки, «Пахтакор» айни чоғда мамлакатимиздаги энг кучли жамоа, ҳақли равишда 2019 йилги чемпион ва кубок соҳиби. Шу маънода айтсак, кубок финалидаги бир томолама ўйин учун «шерлар»ни айблаш нотўғри асло. Ҳал қилувчи учрашувда жон куйдириб тўп сурмагани - АГМК виждонига ҳавола. Жамоанинг нима сабабдан шижоат кўрсатмагани сабабини билмаймиз, билолмаймиз. Миржалол Қосимов шогирд­лари иккинчи бўлимни нимагадир тушкун кайфиятда бошлашди. Ваҳоланки, ҳали вазиятни ўнглаш ва ҳисобни тенглаштириш имкони мавжуд эди. АГМК эса мухлисларни ажаблантириб, ҳужумга бормади, аниқроғи, жамоанинг олдинга интилишини ҳужум, деб бўлмасди. Бу ҳаракатлар тўпни узоқлаштириш ва шармандали йирик ҳисоб олдини олувчи ҳимояланиш учундир...

Тушунамиз, жамоа рақиби қаршисида қалтирабди, тушкунликка тушибди ва мағлубиятга учрабди. Ҳа, ҳаммаси тушунарли. Бироқ финалга муносабат шуми? Қани мухлисларга ҳурмат? Бунақада Ўзбекистон кубоги обрўси ошармиди? Жамоа лоақал финалда ўзидан устун туриши керак эмасми? Ҳаттоки, Ўзбекистон кубоги учун кечган баҳсда турли сабабларни рўкач қилиб, очиқдан-очиқ ўйнамаслик нима дегани? Бу кетишда футболимизда қачон тонг отади? Финал учрашуви якунлангач, бетараф мухлисларда байрамона кайфият кузатилмади ва бу ҳолатга АГМК айбдор. Мазкур хулоса тўғри қабул қилиниши учун Ўзбекистон Лига кубоги ярим финалидан сўнг бетараф мухлислар «Қўқон-1912» ва «Пахтакор»ни олқишлашганини эслаш даркор. Ўша учрашувда «Қўқон-1912» «шерлар»ни наъра тортиб ўйнашга мажбурлади, роса терлатди.

Хўш, бундан кимга фойда? Бизнинг­ча, аввало, «Пахтакор»га! Майдон эгаларининг кучли қаршилиги «шерлар»нинг шиддатига шиддат қўшди, дарвоза устунини зириллатган зарбалар уларни бамисоли завқлантирди, ғайратлантирди, олға ундади. «Пахтакор»ни ОЧЛга шундай ўйинлар тоблайди. Агар АГМК ҳам «Қўқон-1912» каби шиддатли ўйин намойиш этганида, «Пахтакор»нинг ҳаракатларида яширин қолаётган камчиликлар кўзга ташланарди ва Шота Арвеладзе бундан тегишли хулоса чиқарарди.

 Кубок финали ва Лига кубоги ярим финалининг қиёси яна бир бор тасдиқлайдики, ўйин савиясини ҳисоб белгиламайди. Икки ўйин - икки хил манзара. «Қўқон-1912» ва АГМК таркиб масаласида деярли бир хил савияда эканини ҳисобга олсак, нима учун бу мавзуни танлаганимиз ойдинлашади. Ҳа, гап таркиб ва савияда эмас, балки муносабатда. Ижобий ёндашув ҳисобдан қатъий назар, ўйин қизиқарли кечишини таъминлайди. Лига кубоги ярим финалида «Қўқон-1912» юксак савияда ўйин кўрсатмаган бўлсада, шижоат эвазига мухлислар эҳтиромини қозонди. «Пахтакор» эса АГМК эмас, балки «Қўқон-1912»га қарши кучлироқ тўп сурди. Шунинг учун Ўзбекистон кубоги финалида ўйин савиясига таркибдаги тафовут таъсир ўтказганини айтиш ноўрин. Масалага бу тахлит ёндашув «Лечче» - «Ювентус» учрашуви воқеликларини изоҳлай олмайди. Зеро, «Юве» таркиби Роналдусиз ҳам ҳаддан зиёд кучли. Хуан Куадрадо - Пауло Дибала - Гонсало Игуаин триосининг сўнгги дақиқалардаги босимини «Лечче» муваффақият билан кўтарди. Муҳими, камтарона таркибга эга жамоа дуранг натижани ушлаб қолишни уддалади. «Лечче» каби одмигина «Унион» эса «Бавария»га муносиб қаршилик кўрсатди. Агар Нойер пенальтини тўсмаганида, Берлин клуби ҳам 1 очко оларди. Хуллас, таркиб ва савия ўртасидаги фарқ ўйиннинг қизғин кечишига таъсир ўтказмайди, аслида. Қачонки, ўйин зерикарли ўтиб, унда бир жамоанинг қаршилиги сезилмадими ёки алдамчи таассурот уйғотдими, демак, ўша жойда қандайдир муаммо мавжуд. Эктор Купердек тажрибали мураббий айни шундай, яъни ташқаридан қараганда, сезилмайдиган муаммолар туфайли терма жамоамиздан кетди. Вадим Абрамов эса гўёки, бош жамоамиздан завқ-шавқ тўғонини очиб юборди. Таркибга чорланаётган янги номлар бу хушхонликни янада кучайтириши табиий. Таъкидламоқчимизки, терма жамоа ўйини Жамшид Искандеров таркибда бўлса, қизиқарлироқ, акс ҳолда, академизмга мойилроқ кечмоқда. Изланишлар эса давом этади...

Муҳаммад ВАЛИ, "ИнтерФУТБОЛ" газетаси


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz