Қайднома

Қидирув

Азиз Турғунбоев: «Охиригача кураш олиб борамиз»

Азиз Турғунбоев: «Охиригача кураш олиб борамиз»

  30.10.2019 06:32
  0
  600
Азиз Турғунбоев: «Охиригача кураш олиб борамиз»

«Навбаҳор»нинг маҳоратли ярим ҳимоячиси Азиз Турғунбоев маълум муддатли танаффусдан кейин яна Ўзбекистон миллий жамоасига чақирилди. Аниқроқ айтсак, у бош мураббий Вадим Абрамовнинг кенгайтирилган рўйхатидан ўрин олди. «Лочинлар» айни пайт клуб қароргоҳида Сoca Cola Суперлига 23-туридан ўрин олган «Насаф»га қарши баҳсга жиддий тайёргарлик кўришмоқда. Жамоа жумладан, 27 октябрь куни «Марказий» стадионида икки таркибга бўлинган ҳолда, назорат-синов баҳси ўтказди. Азиз Турғунбоев бу учрашувда гол муаллифига айланди, аммо у тўп сурган таркиб 1:2 ҳисобида мағлубиятга учради. Учрашув якунлангач, ярим ҳимоячини суҳбатга тортдик.

 

- Азизбек, ўйин кўнгилдагидек кечдими?

- Ҳа, ҳаммаси жойида. Мураббийлар назорат-синов баҳси орқали футболчиларнинг жисмоний ҳолатини яна бир бора кўздан кечириш имкониятига эга бўлишди.

- Сиз ўйнаган таркиб якунда мағлубиятга учради, лекин гол уриб, ўзингизни кўрсатдингиз...

- Натижа муҳим эмасди. Асосийси - ўйин амалиётини йўқотмаслик ва жисмоний ҳолатни тиклаш. Бундан ташқари, жароҳатланмаслик учун эҳтиёткорлик билан тўп сурдик. Қисқаси, натижага аҳамият қаратишнинг ҳожати йўқ, менимча.    

- «Навбаҳор»ни олдинда «Насаф»­га қарши жиддий учрашув кутиб турибди. Бўлажак баҳс борасида нима дея оласиз?

- Икки жамоада ҳам ҳали совриндорлар сафига кириш имконияти бор. Демак, бўлажак ўйиннинг кескин курашлар остида ўтиши эҳтимоли юқори. 31 октябрь кунига белгиланган учрашувни ўз мухлисларимиз қаршисида ўтказамиз. Шундай экан, қаршиликларни мағлубиятга учратиб, фанатларга қувонч улашиш учун бор имкониятларни ишга соламиз. Фақат мухлислар ҳар доимгидек, жамоамизни бевосита стадионда муносиб қўллаб-қувватлашса, бас.

- Маълум танаффусдан сўнг яна миллий жамоамиз таркибига жалб этилдингиз. Бу қўшимча куч бағишласа керак...

- Албатта, миллий жамоада тўп суриш ҳар бир футболчининг орзуси. «Навбаҳор»даги ўйинларим орқали бош жамоамиз бош мураббийи Вадим Абрамов назарига тушганлигимдан хурсандман. Бунгача термамизнинг 7та ўйинида майдонга тушгандим. Шунингдек, Осиё кубогида иштирок этдим. Мана, энди илк марта ЖЧ саралаш баҳсларида қатнашиш имкониятига эгаман ва бундан максимал даражада фойдаланиш, ишончни оқлашга интиламан.

- Жорий  мавсум якунланишига 4та тур қолди. Сизнингча,  ўз олдига юксак мақсадларни қўйган «Нав­баҳор»да совриндорлар сафидан жой олиш имконияти пасайиб кетмадими?

- Умид сўнгги паллада сўнади. Айни пайт жамоамизда назарий жиҳатдан бронза медалини қўлга киритиш имконияти бор. Демак, охиригача курашамиз. Ўз ўрнида айтишим жоиз, айни пайт «Навбаҳор»да молиявий тарафдан ҳеч қандай муаммо йўқ. Раҳбарлар барча шароитларни яратиб бериш­япти. Биздан эса фақат майдонга тушиб, муносиб ўйин намойиш этиш талаб этиляпти. Ўз навбатида, «Навбаҳор» вице-президенти Ойбек Саматовнинг бир қатор ислоҳотларни амалга ошираётгани ижобий натижалар қайд этилишида муҳим роль ўйнаётганини таъкидлашим лозим. Худо хоҳласа, биз - футболчилар клуб раҳбарияти ишончини оқлаш учун охиригача курашамиз.              

- Мухлисларга айтар гапингиз бўлса, марҳамат...

- Наманган - футболсеварлар вилояти. «Навбаҳор» мухлислари сафар учрашувларида ҳам бизни ёлғизлатиб қўйишмаяпти. Ўз майдонимиздаги ўйин­ларда эса стадионни тўлдириб ўтиришади. Мухлисларга тўла аренада тўп суришнинг гашти ўзгача, албатта. Буни қадрлашимиз ва муносиб ўйин билан мухлисларни хурсанд қилишимиз шарт. Бахтимизга улар ҳамиша соғ бўлишсин ва жамоамизни қўллаб-қувватлашдан чарчашмасин.

У.УМАРОВ суҳбатлашди, "ИнтерФутбол" нашри 


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz