Қайднома

Қидирув

«2+2» квотасини қайтариш учун

«2+2» квотасини қайтариш учун

  30.10.2019 08:36
  0
  257
«2+2» квотасини қайтариш учун

Таниқли футбол мутахассиси Алишер Никимбаевнинг «Телеграм» каналидаги фикрлари билан танишишда давом этамиз. У ҳафта давомида одатдагидек, ўзбек ва Осиё футболи теграсида рўй берган турли воқеа-ҳодисалар юзасидан маълумот бериб, уларга муносабат билдирди.

***

- Ҳисоб бўйича 24 марта ташкиллаштириладиган Кўрфаз кубоги Қатарда, минтақадаги мамлакатлар ўртасида дипломатик инқироз кузатилаётган паллада бўлиб ўтади. Бунинг оқибатида турнирда 8та эмас, фақат 5та жамоа иштирок этади. БАА, Саудия Арабистони ҳамда Баҳрайн вакиллари Қатарга киришмайди. Яман термасининг иштироки эса сўнгги дақиқаларгача сўроқ остида турганди. Якунда мазкур жамоанинг мусобақада қатнашиш масаласи ижобий ҳал қилинди. Турнир 24 ноябрь куни Қатар - Яман ўйини билан бошланади. Сўнгги тур баҳси 6 декабрга - Клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати стартидан 5 кун олдинга белгиланган.

***

- ФИФА палатаси «Бунёдкор» клубига рад жавоби берди. Гап шундаки, Тошкент жамоаси Достон Ҳамдамов трансфери учун компенсация олиш илинжида «Анжи» клуби устидан шикоят ёзганди. Эслатма, «Анжи» Ҳамдамовнинг шартномасида белгиланган товон пули - 300 минг еврони тўлиқ «Бунёдкор»­га тўлагани ҳақида хабар берилганди. Афтидан, Тошкент жамоаси маҳачқалъаликларнинг кўпроқ тўлашларини хоҳлашган, бироқ шикоятга рад жавоби берилди. Мазкур ҳолатда тушунтириш бериш лозим. Ҳамдамовнинг «Бунёдкор» билан шартномани бекор қилишига клуб унинг шартларини бузгани сабаб сифатида кўрсатилган. Боз устига, жамоа футболчидан қарздор бўлган. Шу боис, Достон «Бунёдкор»дан эркин агент сифатида кетган ва клуб унинг бошқа жамоага ўтгани учун ҳеч қандай пул олмаган. «Бунёдкор» раҳбарияти ҳаракатидан шуни тушуниш мумкинки, клуб шартномада кўзда тутилган товон пулини ҳам олган эмас. «Бунёдкор» ФИФАга ушбу масалада мурожаат этиб, якунда ютқазди...

***

- ФИФА Ижроий қўмитаси бир неч­та қизиқарли қарорлар чиқарди. Янги формат ва кенгайтирилган таркиб (жами 20та жамоа қатнашади)да ўтказиладиган Клублар ўртасидаги ЖЧ-2021 мезбонлик ҳуқуқи кутилганидек, Хитойга берилди. Ёшлар ўртасидаги ЖЧ-2021ни эса Индонезия қабул қилади. Саудия Арабистони, БАА ва Баҳрайн ушбу турнирни бирга ўтказиш илинжида «заявка» топширганди. Ўсмирлар ўртасидаги ЖЧ-2021 Перуга топширилди. Аслида худди шу турнир жорий йили ушбу мамлакатда ўтказилиши керак эди, аммо объектларнинг тайёр эмаслиги сабаб, ФИФА ЖЧ ташкилотчилигини Бразилияга олиб берди. Афтидан, кейинги 2 йил ичида Перудаги стадионлар қуриб битказилади.

Ижроқўмнинг энг қизиқ қарори сифатида трансферлар бўйича ислоҳотларни кўрсатиш мумкин. Унинг қисқача мазмуни:

ФИФА футболчилар ижараси ва трансферлар учун агентлар оладиган пул бўйича чеклов ўрнатди. Янги қоидаларга кўра, мавсум-2020|2021дан эътиборан битта клуб 22 ёш ва ундан катта футболчилардан кўпи билан 8 нафарини ижарага бериши ёки олиши мумкин. Мавсум 2022|2023дан эҳтимолли ижара келишувлари сони 6тагача камайтирилади. Мазкур ҳолатда 2та клубга 3 нафардан кўп футболчини ўзаро алмаштириш ман этилади. Ижара чекловларидан ташқари, агентларга ажратиладиган тўловлар бўйича ҳам максимал кўрсаткич белгиланди. Яъни ўйинчини сотаётган клуб агентга кўпи билан трансфер суммасининг 10 фоизини ажратади. Воситачи шунингдек, футболчига тегадиган мукофотнинг 3 фоизидан кўпини ололмайди.

***

- Осиё футбол конфедерацияси иккинчи марта ОФК кубоги финали манзилини ўзгартирди. Бунга қадар фақат ўйин жойи алмашганди (Пхеньян ўрнига Шанхай танланган), энди эса ҳам манзил (Куала-Лумпур), ҳам сана (2 ноябрь ўрнига 4 ноябрь) ўзгарди. Ҳозирча фақат финалчилар ўзгаришсиз турибди: КХДРнинг «25 апрель» ҳамда Ливаннинг «Ал-Аҳад» клублари.

***

- ОЧЛ ярим финалидан сўнг Осиё клублар футболи мавсумида режалаштирилган 3та ўйин қолди. Булар - ОФК кубоги финали ва ОЧЛнинг 2та финали. Демак, ОФК­нинг 2021 ва 2022 йиллар учун квоталар рўйхати якуний кўринишга келиб улгурди. Ҳар ҳолда, «Ғарб» минтақасида ҳеч қандай ўзгаришлар бўлмайди. Ҳаттоки, «Ал-Ҳилол» ҳар икки учрашувда ғалабага эришса ҳам, Саудия Арабистони ўз ҳисобига 1,5 балл қўшиб олади, бу эса Қатардан ўзиб кетиш учун етарли эмас. «Ал-Аҳад» эса Ливанга кўпи билан 0,8 балл келтириши мумкин, бу ҳам Туркманистонни ортда қолдириш учун камлик қилади.

«Шарқ»да эса «интрига» сақланиб турибди. КХДР минтақанинг кучли олтилигига кириши мумкин. Бу эса мамлакатнинг 1та клуби ОЧЛ мавсумини гуруҳ босқичидан бошлашини англатади (КХДР «плей-офф» босқичидаги иштирокни кафолатлаб улгурган). Бунинг учун «25 апрель» клуби ОФК кубоги финали асосий вақтида ғалаба қозониши керак. Натижада муваффақият КХДР жамғармасига 1,6 балл келтиради. Агар воқеалар ривожи шундай кўриниш олса, ОФК олдида ҳал қилиниши лозим яна бир муаммо туғилади. Ҳар ҳолда, ЖЧ-2022 саралаши ва ОФК кубоги финали арафасида рўй берган воқеалар ҳамманинг ёдида. Шимолий кореяликларни ОЧЛга қўйишармикан? Эҳтимол, ўйинларни нейтрал майдонда ўтказиш талаб қилинар...

***

- Ўзбекистон футболи учун кейинги мавсумларни минтақанинг 4-поғонасида бошлаш жуда муҳим. Яъни ушбу позиция бизга «2}2» квотасини қайтариб бериши мумкин. Бунинг учун 2021 йилги мавсум якунигача 4-ўринни сақлаб туриш талаб этилади.

Қатар - 35,750

Саудия Арабистони - 34,850

Эрон - 30,350

Ўзбекистон - 18,400

Ироқ - 16,933

БАА - 15,733

Иордания - 15,600

Туркманистон - 12,850

Ливан - 10,067

Бангладеш - 8,367

Ҳиндистон - 7,633

Тожикистон - 7,433

***

- ОФК Ижроий қўмитаси ОЧЛ иштирокчилари сонини 40тагача ошириш бўйича қарор чиқарди. Бунинг натижасида ҳар бир минтақага биттадан гуруҳ қўшилади ва даст­лабки 6та мамлакатнинг квоталари ўзгаришсиз қолади. Жумладан, Ўзбекистон квотаси 2021 ва 2022 йилларда ўзгармайди - «1}1». Бундан кўринадики, қўшимча жойлар рейтинг ўрталаридаги мамлакатларга ажратилади. Қайси мамлакатга неч­та - буни билиш жуда қизиқ.

***

- «Пахтакор» Ўзбекистон кубогини қўлга киритди. Энди мамлакатнинг 12 карра чемпиони 12 карра кубок соҳибига айланди. Қизиғи, «Пахтакор» сўнгги 8 йилда илк марта кубокни қўлга киритди. «Дубль» эса Тошкент жамоаси учун 2007 йилдан буён дастлабкиси бўлди. Мавсум ҳали давом этмоқда ва «Пахтакор» ўз тарихидаги илк «требл»ни қайд этиши ҳам мумкин.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz