Қайднома

Қидирув

ЎФАнинг европадаги вакили: «Ўзбек футболи тирик»

ЎФАнинг европадаги вакили: «Ўзбек футболи тирик»

  31.10.2019 05:21
  0
  503
ЎФАнинг европадаги вакили: «Ўзбек футболи тирик»

Бир неча вақт муқаддам ОАВда ўзбек спорти, аниқроғи, футболидаги янги лавозим ҳақида хабар тарқалди. Ўзбекистон футбол ассоциациясининг энди Европада ўз вакили бор. У - «Известия» нашри журналисти сифатида машҳур бўлган Дилшод Рўзметов. Энди бу мутахассис футболимизнинг «кўҳна қитъа»даги ривожи йўлида ҳам меҳнат қилади. Яқинда sports.ru сайти блогери Евдоким Раимов ЎФАнинг янги вакили билан катта интервью ташкил этди. Қуйида ана шу суҳбатни ўқишингиз мумкин.

- Салом, Дилшод! Обуначиларимизга лавозимингиз ҳақида батафсил гапириб берсангиз.

- Салом! Мен Ўзбекистон футбол ассоциациясининг Европадаги ваколатли вакилиман.

- Вазифангиз нималардан иборат?

- Биринчи навбатда, «кўҳна қитъа»даги футболчилар, мураббийлар, шифокорлар ҳамда менежерларнинг тайёргарлиги ва назоратини акс эттирган замонавий технологиялар бўйича тажриба ва маълумотларни тўплайман.

* Европадаги футбол федерацияларининг ЎФА билан ҳамкорлик бўйича қизиқишларини ўрганаман.

* Мастер класс ўтказадиган хорижий эксперт ва мутахассисларни қидираман. Улар ёрдамида ўзбек футболининг рақобатбардошлигини ошириш, Ўзбекистон терма жамоалари ҳамда клубларининг йирик халқаро турнирларда муваффақиятли қатнашишларини таъминлаш мумкин.

* Профессионал футболнинг юқори сифатли ички маҳсулотини ташкил этиш ва мухлислар қизиқишини оширишни таъминлашда фаол қатнашаман.

* Турли футбол ташкилотлари ҳамда ЎФА ўртасида учрашувлар ташкил қилишда иштирок этаман.

Мана шу функциялар лавозим йўриқномасида кўрсатиб ўтилган.

- Маълум бўлишича, айнан сиз Ўзбекистон ФА билан ҳамкорлик ташаббускори бўлган экансиз. Тошкент билан музокара ўтказиш жараёни қандай кечганди?

- Музокаралар икки ойга чўзилган, қоғозбозлик масаласи бироз халал берганди.

- Маҳаллий ассоциациянинг ишқибозлар орасидаги обрўси юқори эмаслигидан хижолат бўлмадингизми?

- Норозилар ҳар доим, ҳамма ерда топилади. Мухлис орзуси - миллий жамоасини жаҳон чемпионати финал босқичида кўриш. Ҳозирча бу воқеа содир бўлмади. Ассоциация ҳамиша ишқибозлар босими остида туради. Муаммо шундаки, мухлисларда терманинг юқори натижалар қайд этишини кутишга сабр етишмайди, улар ҳаммаси бирданига, дарҳол бўлишини хоҳлашади.

- Европаликлар ўзбек футболи билан ҳамкорлик ўрнатишни рад этган ҳолатлар ҳам учраганми?

- Яширмайман, шунақаси ҳам бўлган. Аммо бу Ўзбекистон билан боғлиқ эмас, шунчаки, Европадаги федерацияларнинг воситалари чекланган.

- «Кўҳна қитъа»даги футбол функционеридан ўзбек футболи манзилига йўлланган энг ёқимли эътироф...

- Оливер Каннинг U-23 термамизни Осиё чемпионатидаги ғолиблиги билан табриклагани. У футболчиларимизнинг салоҳияти юқори эканини таъкидлаганди. Катта эҳтимол билан, ўша учрашувимиздан кейин у ўзбек футболини ўрганишни бошлаган.

- Нима деб ўйлайсиз, нега Европада японлар, эронликлар, корейслар, ҳаттоки, сурияликлар ҳам ўйнаб кетишади-ю, бизнинг ўйинчилар бармоқ билан санарли даражада кам?

- Баҳорда «Бавария» академияси билан музокаралар ўтказдик. Ўшанда Европа клубларининг ўзбек футболига қизиқиши учун нималар кераклиги ҳақида сўрадим. Бунга жавобан, ҳеч бўлмаганда ўзбекистонлик бир футболчи кучли бешлик чемпионатларида яхши ўйин кўрсатиши лозимлигини айтишди. Шундагина скаутлар Ўзбекистонда ҳам иқтидорларни ўрганиб, қидиришни бошлашади.

- Айни дамда Европада бемалол ўйнаб кета оладиган 3 нафар ўзбек футболчисини санаб беринг.

- Икки нафарини ажратиб кўрсатишим мумкин: бу, албатта, «Ростов» сафида тез ўсишга эришаётган ҳужумчи Элдор Шомуродов. Шунингдек, Одил Аҳмедов ҳам. «Шанхай СИПГ» ярим ҳимоячиси Европа чемпионатларининг бирида камида бир мавсум юқори даража тўп сура олади.

- Танқидларга қандай қарайсиз?

- Қадимий юнон файласуфи Арасту шундай деганди: «Ҳеч нима гапирмай, ҳеч нарса қилмай, ҳеч ким бўлмаган ҳолда танқидлардан холи бўлиш мумкин».

- Ўзбекистон ФАнинг янги раҳбарияти билан гаплашишга улгурдингизми?

- Ҳа, биз таништирув учрашуви ўтказдик

- Аҳмаджонов билан Эрматов ўртасида қандай фарқ бор?

- Уларни ўзаро солиштиришга ҳали эрта. Умумий бажарилган ишлар бўйича олсак, жамиятнинг танқидларига қарамай, Умид Муҳаммаджонович ассоциация раҳбари сифатида кенг кўламли ишларни амалга оширди. Унинг қўл остида ҳам катталар, ҳам болалар даражасида оммавий ҳаваскорлик футболида ривожланиш йўлига ўтилди. Турли ёш тоифаларидаги турнирлар сони ошди. Болалар ва ўсмирлар ўртасида чемпионат ташкил этилди, бутун мамлакат бўйлаб ҳудудий академияларга асос солинди. Фикримча, икки лавозимнинг бирлашиши сабабли ҳаёт қалтис ҳазил қилди. Бизнинг давримизда, айниқса, қарорлар чиқарадиган шахслар учун вазият мураккаблашган. Улар катта миқдордаги маълумотлар қуршовида қолишган, фикрларини жамлашга қийналишмоқда ва бу натижаларга ҳам таъсир кўрсатмоқда.

- Ўзбек футболининг бугунги кундаги асосий муаммоларини қисқача таърифлаб берсангиз.

- Вилоятларда болалар ва аёллар футболини ривожлантириш оқсамоқда. Клублар давлат бюджетидан молиялаштирилмоқда. Ишқибозлар билан ишлаш тўғри йўлга қўйилмаган.

- Германияда яшаш орқали қандай тажриба тўпладингиз?

- Тўлиқ мустақил бўлиб, фақат ўз кучимга ишонишни ўргандим. Бу яхшигина ҳаёт мактабига айланди.

- Бундеслига ўйинларига ташриф буюрдингизми? Агар борган бўлсангиз, немислардаги мухлислик маданияти хусусида гапирсангиз.

- Германияда футбол энг машҳур спорт турларидан бири ҳисобланади. Ҳар бир ўйинда аншлаг кузатилади, баҳснинг бошидан охиригача ишқибозлар шовқини тинмайди. Немисларнинг мухлислик маданияти Европадаги энг яхшиларидан. Трибуналардаги тик туриб кўриладиган жойлар «кўҳна қитъа»даги аксарият мамлакатлар учун тарихга айланган, фақат Германия бундан мустасно. Бу футбол ихлосмандлари учун ўзига хос молиявий имтиёз саналади. Олмон ўлкасида миллионлар ўйини аҳолининг барча қатламига тегишли. Немислар бу билан фахрланишади. Яна шуни ҳам алоҳида таъкидлаш жоизки, Германия футболи Европадаги мухлислар учун энг хавфсизларидан бири ҳисобланади.

- У ерда яна нималар сизни ҳайратда қолдирди?

- Барча инфратузилма ва менежмент. Стадионлардаги овқатланиш нуқталари, атрибутикалар сотуви ажойиб, футбол клублари мухлисларга ҳақиқий байрам уюштириш учун кўп иш қилишади.

- Одил Аҳмедовдан интервью олгандингиз. Унинг ҳаётда жуда камтар эканлиги ҳақиқатми?

- Ҳа, бу футболчи билан танишиш ва суҳбатлашишдан фақат ижобий таассуротлар қолган. Одилнинг бутун Ўзбекистон бўйлаб болалар-ўсмирлар футболи ривожига жуда катта ҳис қўшаётганини алоҳида эътироф этиш керак.

- Шахсан сиз учун фаолиятингизда рўй берган энг эсда қоларли воқеа қайси?

- «Известия» газетасида илк мақоламнинг чоп этилиши. Фикримча, ҳар бир журналистнинг ҳаётида дастлабки қадам жуда муҳим саналади, у умрбод ёдда қолади. Ҳар ҳолда, мен шундай деб ўйлайман.

- Сизга интервью беришни хоҳламаган энг машҳур шахс ким?

- Мино Райола. Аслида, ўшанда интервью олишни эмас, ўзбек футболи билан ҳамкорлик ўрнатиш имкониятларини муҳокама қилишни хоҳлагандим. Аммо қаердадир эшиклар ёпилса, бошқа ерда очиларкан. Шу кузда Жорже Мендеш билан учрашув белгиладик.

- «Известия» нашрида ишлаганингизда, цензурага йўлиққанмисиз?

- Шу кунгача бундай бўлмади, келгусида ҳам шундайлигича қолишидан умидворман.

- Келажак касби - бу ...?

- Шундай давр келдики, сунъий интеллект иш жойини эгаллаш йўлида инсониятнинг асосий рақобатчисига айланмоқда. Тез орада кўп юмушларни роботлар бажариши мумкин. Аммо шундай тармоқлар борки, у ерда ҳеч қайси машина одамнинг ўрнини босолмайди, масалан, меҳмоннавозлик. Ўзбекистонда меҳмондорчилик борасида маҳаллий аҳолига ҳеч қайси робот бас келолмаслиги аниқ. Бу меҳмонхона, ресторанлар ва сайёҳлик тармоқларига тааллуқли масала.

- Дарвоқе, ўзингиз қайси жамоага ишқибозлик қиласиз?

- Айни пайт фақат Ўзбекистон термасига мухлислик қиламан. Клублар орасида аниқ биттасини кўрсатолмайман. Тўғри, иккита жамоанинг ўйинларига қизиқишим юқори, уларнинг натижаларини кузатиб бораман: «Вердер» ва «Краснодар». Биринчиси билан ҳаммаси аниқ - бу футбол ихлосманди сифатидаги илк жамоам. Россия клубига келсак, унга Одил Аҳмедов ўйнаган даврда боғланиб қолганман.

- Ўзбек футболи тирикми?

- Ҳа, тирик ва ривожланишнинг янги импульсига кираётгани ёқимли. Менежментни тўғри йўлга қўйсак, ҳаммасини уддалашимизга ишонаман.

А.Аҳмедов тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz