Қайднома

Қидирув

Евротур: Томошанинг тулкича талқини

Евротур: Томошанинг тулкича талқини

  31.10.2019 07:10
  0
  396
Евротур: Томошанинг тулкича талқини

Октябрдаги охирги «уик-энд» топ-чемпионатлар мухлисларига бир қатор қизиқарли спектаклларни тортиқ этди. Англияда «Лестер» «Саутгемптон» дарвозасига 9та гол урди, унинг икки вакили «хет-трик»ка эришди. Испанияда етакчиларнинг ўзаро ҳисоб-китоби кечиктирилганидан унумли фойдаланган «Гранада» 1-ўринга кўтарилиб олди. Германияда етакчилар қувлашмачоғи давом этди, Италия грандлари эса ўзаро ҳурматни сақлаган ҳолда ягона очколар билан кифояланишди.

Англия. Қай бири ноёброқ: 9:0 ёки икки «хет-трик»?

АПЛ 10-турини бошлаб берган «Саутгемптон» - «Лестер» учрашувининг 10-дақиқасида меҳмонлар ҳисобни очишгач, «тулкилар» тарафкашларида навбатдаги 3 очкога умид уйғонган бўлса, ажабмас. Лекин баҳс турнинг тарихий томошасига айланиши ўта ашаддий мухлисни ҳам лол қолдиришига шубҳа йўқ: 9:0 ва бир жамоа вакилларининг битта учрашувда иккита «хет-трик» қайд этиши - «анқонинг уруғи» мақомидаги кўрсаткичлар!

Шунингдек, «Бёрнли» - «Челси» учрашувида (2:4) ҳам мухлислар меҳмонларнинг яққол устунлигига гувоҳ бўлишди. Пулишичнинг 3 голи ва Виллианнинг аниқ зарбасидан кейин мезбонлар бироз хотиржамликка берилган меҳмонлар дарвозасини икки марта забт этиб, йирик мағлубиятдан қутулиб қолдилар.

«Этиҳад Стэдиум»да «Астон Вилла»ни қабул қилган «Манчестер Сити» 3:0 ҳисобидаги йирик ғалабани расмийлаштирди. Тўғри, танаффусга қадар ҳисоб очилмаганди, лекин кейинчалик меҳмонлар Гвардиола шогирд­ларини тўхтата олмадилар - Стерлинг, де Брюйне ҳамда Гюндоганнинг аниқ зарбалари ўйин тақдирини ҳал қилди.

«Арсенал» бу турда ҳам ғалабани қўлдан чиқарди. Ваҳоланки, «Кристал Пэлас»га қарши дерби Унаи Эмери жамоаси учун ўта муваффақиятли бошланиб, «канонирлар» 9-дақиқадаёқ 2:0 ҳисобида олдинга чиқиб олишганди. Лекин Рой Хожсон шогирдлари танаффусга қадар фарқни қисқартириб, кейин мувозанатни тиклашди.

Турнинг марказий беллашуви - «Ливерпуль» - «Тоттенхэм» қарама-қаршилигида омад лондонликларга кулгандек эди. Ўртамиёналар орасида ўралашиб қолган Почеттино шогирдларининг дастлабки ҳужумлари ҳисобнинг очилишига олиб келди. Сон Хюн Миннинг зарбасидан сўнг дарвоза устунидан қайтган тўпни Гарри Кейн голга айлантирди. Бироқ шундан кейин «шпорлар» асосан ҳимояланишди, мезбонларнинг тинимсиз ҳужумлари эса Гассаниганинг сэйвлари туфайли самара бермади.

Эътиборли жиҳати шундаки, Юрген Клопп танаффусга мағлубият билан йўл олган таркибга ўзгариш киритмади. Ниҳоят, Хендерсоннинг ўнг қанотдан йўллаган зарбасидан сўнг ҳисоб тенглашди. Табиийки, дурангга рози бўлмаган майдон эгалари ҳужумни янада кучайтиришди. Натижада меҳмонлар ўз жарима майдончалари ичида қўполлик ишлатишга мажбур бўлишди. Муҳаммад Салоҳ пенальтини хотиржамлик билан амалга ошириб, жамоасини олдинга олиб чиқди. Фақат шундан кейин германиялик мураббий захира ўриндиғига мурожаат қилиб, Салоҳ ва Фирмино ўрнига Гомес ҳамда Оригини майдонга туширди. Таблодаги ҳисоб эса ўзгаришсиз қолди.

Аввалги турда «Ливерпул»ни дурангга имзо чекишга мажбур этган «МЮ» бу гал «Норвич» майдонидан зафар билан қайтди ва турнир жадвалидаги ҳолатини нисбатан яхшилаб олди.

Қизиғи шундаки, ўйин давомида меҳмонлар икки марта пенальти тепиш ҳуқуқига эга бўлишди, аммо Рэшфорд ва Мартиаль уни голга айлантира олишмади. Акс ҳолда, ҳисоб янада йириклашиши мумкин эди. Шунга қарамай, айнан шу ҳужумчилар кейинги дақиқаларда барибир, рақиб дарвозасини ишғол қилишни уддалашди. Натижада, ўйин «МЮ»нинг 3:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди.

Испания. Энди навбат «Гранада»га

Ла Лигада яна пешқадам ўзгарди. Етакчи икки поғонани банд этиб турган «Реал» ва «Барселона»нинг «Камп Ноу»даги баҳси 18 декабрга қолдирилгани «Гранада»га қўл келди. Жамоа аутсайдерлардан бири бўлган «Бетис» дарвозасига урган ягона голи эвазига пешқадамликка эришди. Қизиғи, юқори 5та ўринни эгаллаган барча жамоалар навбатдаги 3 очколарини расмийлаштиргач, кескинлик максимал даражага кўтарилди. 1 ва 7-ўринларни бор-йўғи 3 очко ажратиб турибди. «Атлетико» - «Атлетик», «Севилья» - «Хетафе» учрашувларида 2:0, «Вильярреал» - «Алавес» баҳсида 4:1 ҳисоблари қайд этилди, «Реал Сосьедад»нинг «Сельта» дарвозасига йўллаган аниқ зарбаси 3 очко учун етарли бўлди. Натижада «Қироллик клуби» 6-ўринга тушиб кетди.

Германия. «Боруссия» Менхенгладбах бўш келмаяпти

Бундеслиганинг 9-турида «Бавария» дебютант «Унион»­нинг жиддий қаршилигига дуч келган бўлсада, навбатдаги ғалабани расмийлаштирди. Боиси, меҳмонлар вакили пенальтини голга айлантира олмади - 2:1. Ана шу хатолик чемпионга 2-поғонада қолиш имконини берди - 2:1. «Фрайбург» - «РБ Лейпциг» беллашуви ҳам шундай ҳисобда майдон эгалари фойдасига ҳал бўлди. «Шальке» - «Боруссия» Дортмунд ҳамда «Вольфсбург» - «Аугс­бург» жуфтликлари нурсиз дурангга рози бўлишди. Менхенгладбахнинг «Боруссия»си эса «Айнтрахт»ни 4:2 ҳисобида маҳв этиб, етакчилик мақомини сақлаб қолди. Сўнгги поғонани эгаллаб турган «Падернборн» ўз майдонида «Фортуна» дарвозасига 2та жавобсиз гол уриб, ниҳоят, мавсумдаги дастлабки ғалабасини қайд этди.

Италия. Етакчилар дурангга рози

«А» сериянинг 9-турида очиқ футболни хуш кўрадиган «Аталанта» «Удинезе»ни 7:1 ҳисобида мағлубиятга учратди ва ўз мавқеини мустаҳкамлаб олди. «Хет-трик» қайд этган Муриэль энг яхши тўпурарлар учлигига кўтарилди, Иличич «дубл»га эришди, Пашалич ҳамда Траоренинг голлари ҳисобни янада йириклаштирди. Эътиборлиси, «Ювентус» сафарда камтарин «Лечче»ни енга олмади - 1:1. Шунингдек, «Интер» ўз майдонида «Парма (2:2), «Наполи» Феррарада СПАЛ билан (1:1) муроса кўчасини танлашди. «Рома» Римда «Милан» устидан, «Лацио» сафарда «Фиорентина» устидан бир хил - 2:1 ҳисобида зафар қучиб, еврокубоклар ҳудудига чиқиб олишди. Юқори поғоналардаги рақобат бирмунча кескинлашди.

Франция. «Лилль» ўзига келмоқда, «Монако» ҳам

Бу турда Нантга йўл олган «Монако»нинг сафардан зафар билан қайтишини кўпчилик кутмаган бўлса керак. Бироқ футбол кутилмаган натижалари билан мафтункор. Лига 1 тўпурарлари етакчиси Бен-Йеддернинг ягона аниқ зарбаси «Князлик клуби»га қимматли 3 очкони тақдим этди ва жамоа жадвалнинг иккинчи ярми етакчисига айланди. «Нант» эса пешқадамнинг янада олислаб кетишига имкон яратди. Кутилганидек, «ПСЖ» Парижда азалий рақиби - «Марсель» дарвозасига 4та жавобсиз тўп йўллади. Қизиғи, барча голлар танаффусга қадар (10, 26, 32, 44,) амалга оширилди. Навбатма-навбат - аввал Икарди, кейин Мбаппе «дубль» расмийлаштиришди. Иккинчи поғонага кўтарилиб олиш имкониятига эга бўлган «Реймс» ўз майдонида «Ним» дарвозасига йўл топа олмай, нурсиз дурангга имзо чекишга мажбур бўлди.

МУҲАММАДСОДИҚ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz