«Ливерпуль» клуби ва Бразилия миллий жамоаси вакили Алиссон Беккер ФИФА томонидан 2019 йилнинг энг яхши дарвозабони сифатида эътироф этилди. У ўтган мавсум жами 51та ўйинда майдонга тушиб, атиги 27та гол қўйиб юборди. Жорий мавсум стартидаги жароҳат туфайли 2 ойча майдонга тушолмаган голкипер ниҳоят, «МЮ»га қарши кечган муҳим баҳс (АПЛ 9-тур)да сафга қайтди. Бразилиялик футболчининг Англиядаги дебют мавсумида қайд этган статистикасини такрорлаши осон эмаслиги муқаррар. Бинобарин, у «Ливерпул»нинг ЕЧЛда ғалаба қозонишида беқиёс роль ўйнади. Қолаверса, Алиссон Бразилия термаси сафида Америка кубоги соҳибига айланди. Энди 27 ёшли кипер АПЛдаги муросасиз беллашувлар ва Клублар ўртасидаги ЖЧда янада ёрқинроқ «сэйв»лар кўрсатиб, ўз мухлисларини ҳайратга солишда давом этмоқчи, албатта.
- Аввало, 2019 йилнинг энг яхши дарвозабони мақоми муборак бўлсин. Совринни қабул қилиш пайти биринчи навбатда, нималар ҳақида ўйладингиз?
- Футболдаги асосий мақсадим - жамоа муваффақиятларига муносиб ҳисса қўшиш. Албатта, жамоаларим ютган совринлар умумий ютуғимиз ҳисобланади. Лекин сараларнинг сараси сифатида тан олиниш ва шарафли мақомга эришишнинг гашти ўзгача-да, барибир.
- Махсус сўровда ҳамюртингиз Эдерсон ва Марк-Андре тер Штегендек машҳур амплуадошларингизни ортда қолдирдингиз. Уларнинг қайси фазилатларини алоҳида эътироф этасиз?
- Ҳар иккиси ўз касбининг чинакам устаси. Гап энг юқори талабларга тўлиқ жавоб берадиган дарвозабонлар ҳақида кетмоқда. Эдерсоннинг дарвоза ҳудудидан дадил олдинга интилишига қойил қоламан. Тер Штеген эса ўзгача шиддати ва тажовузкорлиги билан ажралиб туради, тезкор ҳаракатланиб, рақибларини хато қилишга мажбур этади.
- Мавсум-2018|2019даги муваффақиятлар учун Юрген Клоппдан чексиз миннатдор эканлигингизни кўп бора таъкидладингиз. Клуб футболидаги устозингиз ҳақида нима дея оласиз?
- У ўз касбдошларидан яққол ажралиб турадиган ажойиб мураббий. Дейлик, футболчиларни қачон қўллаб-қувватлаш, қачон уларга қатъий талаблар қўйишни яхши билади. Шунингдек, шогирдларида қўшимча иштиёқ уйғотиш сирини ҳам. Юрген ҳаттоки, голни нишонлаш жараёнида ҳам ўйинчиларнинг ҳаяжондан қутулишларига кўмаклашади. Масалан, «Эвертон»га қарши баҳсда урилган антиқа голдан кейин у бутун майдонни кесиб ўтиб, мени қучоқлаб олди. Бундай лаҳзаларни унутиш мумкин эмас.
- «Энфилд»га дунёнинг энг қимматбаҳо дарвозабони сифатида келишингиз кўплаб мунозараларга сабаб бўлганди. Бу ҳолат ўзингизга қандайдир ноқулайлик туғдирмадими?
- Футболда босимга дуч келмасликнинг иложи йўқ. Аслида энг қимматбаҳо дарвозабон мақоми ҳақидаги ўйлардан атиги 2 ҳафтадан кейин бутунлай қутулдим. Лекин улкан трансферга сабабчи бўлганимни асло унутмаганман. Айни шу ҳолат менга нисбатан қизиқиш даражасини ҳам кескин кучайтириб юборди. Муҳими, ташқаридаги гап-сўзларга эътибор қаратмаган ҳолда, аввалгидек шуғулланишда давом этдим. Оддий айтганда, трансфер бобида рекордчига айланганимни кўп ўйламадим. Чунончи, асосий вазифам тайин - ҳар бир ўйинда бор куч-маҳоратимни намойиш этишим керак.
- Хўш, жаҳоннинг тенгсиз дарвозабони мақомини сақлаб қолиш учун қайси жиҳатларга эътибор беришингиз керак?
- Талаб даражасидаги техник ва жисмоний кўрсаткичлардан ташқари, ҳушёрлик, ақлга таяниб ҳаракатланиш муҳим аҳамият касб этади, менимча. Дарвозабон бутун учрашув давомида эътиборини фақат ўйинга қаратиши лозим. Қандайдир сониялар ичидаги хотиржамлик қимматга тушиши ҳеч гап эмас. Шундай экан, концентрацияга жиддий ёндашиш шарт.
- Мана, барча амплуадошларингиздан ўзиб кетдингиз. Маҳоратингизни ошириш йўлида яна нималардан фойдаланасиз?
- Бошқа лигаларда урилган голларни томоша қилишни ёқтираман. Шу тахлит ҳужумчилар ҳаракатини таҳлил қиламан, дарвозабонлар қандай хатога йўл қўйишганини ўрганаман ва якунда тегишли хулоса чиқараман. Шунингдек, халоскор ролини ижро этишни хуш кўраман.
- Декабрь ойига белгиланган Клублар ўртасидаги ЖЧга қандай режалар билан бормоқчисиз?
- Бу турнирни ҳаяжон ва интиқлик билан кутяпман. Ёшлик пайтим, яъни 2006 йили турнирда бизнинг жамоа - «Порту Аллегри» ғолиб чиққанди. Клублар ўртасидаги ЖЧ бош соврини жамоа қўлга киритган энг нуфузли мукофотдир, худди Либертадорес кубоги каби. Хуллас, бундан 13 йил олдин бу совринни бошим узра баланд кўтаришни орзу қила бошлагандим, мана, буни рўёбга чиқаришга яқин турибман.
- Нуфузли совринга даъвогарлик қилаётган Жанубий Америка жамоалар сони «Гремио» - «Фламенго» ва «Бока Хуниорс» - «Ривер-Плейт» қарама-қаршиликларидан сўнг қисқаради. Қатарда айнан қайси жамоага қарши майдонга тушишни маъқул кўрасиз?
- Орзумдаги рақиб - «Бока», бироқ бу клуб билан «Бомбонеро»да ҳисоб-китоб қилиш ниятидаман (кулади). Зеро, у дунёнинг энг ҳашаматли стадионларидан биридир. Шундай бўлсада, ЖЧда айнан «Бока»га қарши ўйнаш вариантига қарши чиқмайман.
- Собиқ жамоангиз - «Интернасьонал» «Гремио» тўсиғидан ўтиш учун қандай ўйин кўрсатиши керак?
- Биринчидан, ғолиб чиқиш учун аввало, майдонга тушиш талаб этилади (кулади). Ярим финал иштирокчилари орасида заифи йўқ. Либертадорес кубогини доимо кузатиб бораман. Мусобақа савияси ўта юқори. Шундай экан, Қатар йўлланмасини қўлга киритган жамоа Жанубий Америка шарафини муносиб ҳимоя қилишига шубҳа йўқ.
А.Аҳмедов тайёрлади.
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20