Қайднома

Қидирув

17 ёшли Буффонга мактуб

17 ёшли Буффонга мактуб

  01.11.2019 03:14
  0
  374
17 ёшли Буффонга мактуб

«Ювентус»нинг афсонавий дарвозабони Жанлуижи Буффон яқинда матбуот орқали болалик таассуротлари, ёшлик хатолари ва ҳаётий сабоқлари билан ўртоқлашди. Унинг 17 ёшли Буффонга мактуб сифатида айтган маслаҳатлари бугунги ёш футболчиларга қаратилганига шубҳа йўқ. Марҳамат, буюк Жижи ўзининг ўсмирлик пайтига йўллаган мактубида нималарга эътибор қаратгани билан танишиб, ўзингиз хулоса чиқаришингиз мумкин.

- 17 ёшли азизим Жанлуижи! Бу мактубни сенга ҳаётда кўплаб воқеалар гувоҳига айланган, бир қатор хатоликларга йўл қўйиш асносида унинг мазмун-моҳияти хусусида озми-кўп тушунча тўплаган 41 ёшли Жанлуижи жўнатмоқда. Унда сенга оид яхши ва ёмон гаплар бор, албатта. Очиғи, бугун сенинг қалбинг хусусида гаплашмоқчиман. Ҳа, мавзу - сенинг қалбинг. Ишонасанми-йўқ, катта қалб эгасисан.

Кел, ҳикояни салбий воқеликлардан бошлай қолай. Мана, 17 ёшга тўлдинг, тез орада профессионал футболчи мақомини оласан. Яъни орзунг рўёбга чиқади. Ҳозир ўзингни ҳамма нарсани биладигандек ҳис этяпсан. Бироқ аслида азиз дўстим, ҳеч нимани билмайсан. Бир неча кундан кейин «А» серияда дебютингни нишонлаш имконияти туғилади ва «Парма» либосида илк бора майдонга тушасан. Албатта, ўша пайт қўрқув нималигини етарли даражада ҳис этолмасдинг, илиқ сут ичиб, хотиржам дам олиш кераклигини ҳам. Хўш, сен нима қилдинг? Примаверадаги энг яқин дўстинг билан тунги клубга йўл олдинг. Бироздан кейин кўнглинг пиво ичишни тусаб қолди, тўғрими? Шу тариқа ўзингга ўзинг қўшимча мураккабликлар ярата бошладинг. Негадир ўзингни фильм қаҳрамонидек, йўқ, суперқаҳрамондек сеза бошладинг. Босим маъносини тўлиқ англашга улгурмаган бўлсангда, уни шу йўл билан бартараф этдинг-да, гўё. Тунги соат 1да эса полиция ходими билан баҳслашишгача бординг.

Жўна уйингга, уйқуга кет! Ҳа, айтганча, полиция ходими машинасининг ғилдиракларини тешишга уринма. Полициячилар буни сира ёқтиришмайди, клуб раҳбарияти ҳам. Бу бемаънилик ортидан шу пайтгача эришган нарсаларингдан айрилишинг ҳеч гап эмас. Яна бир неча кундан кейин тақдир сенга эс-ҳушингни ўғирлайдиган, лекин ўта хавфли 3та неъматни инъом этади: бойлик, машҳурлик ва орзунгдаги ишингни.

Энди бу ёғига ҳеч қандай муаммо юзага келмайди, деб ўйлаяпсанми? Асосий муаммо шундай ўйлаётганингда. Бир томондан, дарвоза пос-бони доимо ўзига ишониши, жасур ва қўрқмас бўлиши керак. Агар мураббийдан энг моҳир дарвозабон ва энг ботирдан бирини танлашни сўрашса, у ҳеч ўйлаб ўтирмай, иккинчисини танлайди. 41 ёшли Жанлуижи сифатида бунга кафолат бераман. Лекин иккинчи томондан, ҳеч нарсадан тап тортмайдиган киши ўз қалбини унутиб қўйиши мумкин. Фақат футболни ўйлаш билан яшаш ярамайди асло. Бундай турмуш тарзи қалбни «ўлдиради». Охир-оқибат, тушкунликка тушиб, ўрнингдан туришни ҳам истамай қоласан.

Эҳтимол, гапларим сен учун кулгили туюлар. Лекин шундай ҳолатга тушиб қолишинг ҳеч гап эмас. Бу ҳолат фаолиятинг чўққига кўтарилган, орзуларинг юзага чиққан паллада рўй беради. У пайт 26 ёшга тўлган, «Ювентус» клуби ва Италия терма жамоасининг асосий дарвозабонига айланган бўласан. Маблағинг ҳам, ҳурматинг ҳам етарли. Кишилар эса сени «Супермен», дея улуғлайдилар. Бироқ ҳали суперқаҳрамон эмассан, ҳамма қатори оддий инсонсан. Ҳақиқат шуки, касбинг туфайли юзага келган босим туфайли роботга айланиб қолгансан. Кундалик иш тартиби сен учун қамоқхона режимидек туюлади. Машғулотга борасан, уйга қайтасан, телевизор томоша қиласан, уйқуга кетасан. Ҳар куни шу манзара такрорланаверади. Гоҳ ғалаба, гоҳ мағлубият, бу ҳам жонингга тега бошлайди.

Бир куни ўрнингдан туриб, машғулотга йўл олмоқчи бўласан. Аммо кутилмаганда, оёқларинг қалтираб, автомашинани бошқаришга ҳам ҳолинг бўлмайди. Буни чарчоқ ёки қандайдир вирус таъсири, деб ўйлайсан. Лекин тез орада вазият оғирлашади, негадир фақат ухлашни истайсан. Машғулотларда ҳар бир тўпни қайтариш азобга айланади. Шу тахлит 7 ой давомида ҳаёт завқини мутлақо унутасан.

Кел, энди бироз нафас ростлаб, дам олайлик. Юқоридагиларни ўқиб, хаёлингдан нималар ўтишини биламан. Ҳайрон ҳолда сўрашинг мумкин: «Қанақасига шундай азобларга йўлиқаман? Ахир бахтли инсонман, туғма етакчилик қобилиятим бор. «Ювентус»да миллионларни қўлга киритаётган пайт тушкунлик домига ғарқ бўлишим ақлга сиғмайди...». Шу боис, ўта муҳим савол билан мурожаат қиламан: «Нима учун ҳаётингни футболга бағишлашга аҳд қилдинг, Жижи? Бу ёдингдами?»

Фақат илтимос, шунчаки, Томас Н~Коно туфайли шундай қарорга келганингни айтма. Яхшироқ ўйлаб кўр, ҳар бир икир-чикирни эслашинг лозим. Ҳа, ўшанда 12 ёшли болакай эдинг. Ҳа, 1990 йилги ЖЧга Италия мезбонлик қилди. Ҳа, «Сан Сиро»даги илк учрашувда Аргентина ва Камерун термалари ўзаро куч синашди. Ўша куни қаерда эдинг? Кўзларингни юм. Меҳмонхонада ёлғиз қолгандинг. Нима учун доимий ўртоқларинг ёнингда эмасдилар? Эслолмайсан, тўғрими? Бувижонинг ошхонада тушлик тайёрлаш билан овора эди. Ҳаво исиб кетгач, у уйдаги салқинликни сақлаш мақсадида деразаларни ёпиб қўйди. Қоронғи хонани телевизор экранидан таралаётган сариқ шуъла ёритиб турарди. Ўшанда нимани кўрдинг? Ажабтовур ёзувни - КАМЕРУН. Ўзи Камерун қаерда жойлашганидан хабардор эмасдинг, шундай мамлакат борлигини тасаввур ҳам қилолмасдинг. Албатта, Аргентина ва Марадонани яхши биласан, аммо Камерун футболчилари афсунгарларни эслатардилар. Ҳаво иссиқлигига қарамай, камерунлик дарвозабон қалин кийиниб олганди: қора тусли узун трико, пушти ёқали кўк футболка. Унинг ғалати мўйлови, дарвоза олдидаги чаққон ҳаракатлари сени сеҳрлаб қўйганди. Бир зумда уни ўзинг учратган одамлар орасида энг зўри сифатида кўрдинг. Шарҳловчи дарвозабонни таништирди - Томас Н~Коно. Кейин унинг сеҳргарлиги бошланди. Аргентиналиклар бурчак зарбасини амалга оширишгач, Томас рақиблари билан курашга киришиб, тўпни муштлари билан нақ 30 метрга уриб юборди. Ана шу лаҳзада нима билан шуғулланишинг лозимлигини тушундинг. Яъни дарвозабонликни касб этишга аҳд қилдинг, ёввойи, қўрқмас, эркин кипер бўлишни дилингга туйдинг. Ўша беллашувнинг ҳар бир дақиқасини диққат билан кузатган ҳолда, хотирангга муҳрлай бошладинг. Лекин ўзлигинг шаклланаётгани, ҳаёт йўлинг белгиланаётганидан бехабар эдинг. Камерун термаси гол ургач, янада кучлироқ куюна бошладинг, худди хонага сиғмай қолаётгандек, гоҳ телевизор ёнига югурар, гоҳ дивандан сакраб тушардинг. Бутун иккинчи бўлимни шундай бесаранжомликда кузатдинг, камерунлик иккинчи футболчи майдондан четлатилганида эса, умуман жим туролмай қолдинг. Охирги 5 дақиқани овози ўчириб қўйилган телевизорни қучоқлаб олган тарзда кўрдинг, эшитишга ҳолинг йўқ эди. Лекин нималар бўлаётганини билиш учун баъзан экранга қараб қўярдинг. Ниҳоят, хавотирли сониялар поёнига етиб, камерунликлар шодиёнасига кўзинг тушди. Кейин кўчага отилдинг, қўшни уйлардаги икки ўртоғинг ҳам чиқди. Улар тинмасдан қичқиришарди: «Камерун термасини кўрдингми, ўйинни кўрдингми?»

Ўша куни қалбингда олов сачради. Камеруннинг борлиги - ҳақиқат. Томас Н~Коно ҳам бор. Энди Буффон ҳам мавжудлигини исботлашинг керак. Шунинг учун ҳам футболни танлайсан. Пул ва машҳурлик учун эмас. Томасдан, унинг қалбидан илҳом олиб, албатта. Шуни унутмаслигинг лозим: пул ва шон-шуҳрат - асосий мақсад эмас. Агар қалбингни авайламасанг, футболга алоқаси йўқ ишлардан ҳам илҳомланишга одатланмасанг, ўз-ўзидан заифлашиб борасан. Маслаҳатим - ёшлигингда атрофдагиларни ўрган, улардан ибрат ол. Бу сени кераксиз кечинмалардан халос этади. Дарвозабонлик жасурликни талаб этади - бу рост. Лекин Жижи, жасурлик жоҳилликни англатмайди.

Тушкунлик ҳолатининг энг оғир палласида яна ажабтовур ўзгаришга дуч келасан. Кутилмаганда, ўз одатингдан воз кечиб, нонушта учун нотаниш ресторанга йўл оласан. Бошқа кўчадан кетар чоғинг бадиий музей ёнидан ўтиб, у ерда Шагал номли улкан суратга кўзинг тушади. Бу номни эшитган бўлсангда, санъат бобида саводсизсан. Сен ўз йўлингда давом этишинг керак, ахир Буффонсан. Аммо айтчи, ким у Буффон? Аслида кимлигингни биласанми?

Мактубнинг асосий мағзи шу. Сен айнан шу куни музейга киришинг шарт. У ҳаётингдаги ҳал қилувчи қарорга айланади. Агар музейга кирмасанг, футболчи, «Супермен»лигингча қолиб кетасан, салбий ҳиссиётларингдан қутулолмайсан, қалбинг емирилиши давом этади. Агар кирсанг, Шагалнинг юзлаб картиналарини кўрасан. Уларнинг кўпига нисбатан қалбингдан акс-садо янграйди. Жумладан, шундай суратга дуч келасанки, у сенга яшин зарбасидек таъсир этади. Бу сурат номи - «Сайр» У болалар чизган картинани эслатади. Боғда сайр қилиб юрган эркак ва аёл. Аёл фаришта каби ҳавода муаллақ турибди, ерда жилмайиб турган эркак эса унинг қўлини ушлаб олган. Бу манзара болаларга хос тушни эслатади. Сурат худди ўзга оламникидек. Уни кўргач, ўзингни ёш боладек сезасан, бахтли дамларинг ёдингга тушади. Кейин тўпни 30 метрга учириб юборган Томасни эслайсан, ошхонага чорлаётган бувижонингни ҳам. Шунингдек, телевизорни қучоқлаб олганча Камерун жамоасига мухлислик қилганинг ҳам ёдингга тушади. Улғайгач эса, буларни унутасан. Лекин музейга яна боришинг керак. Паттачи аёлнинг таажжубига эътибор берма, ташрифни эса канда қилма. Шунда санъат қалбинг учун энг яхши малҳамга айланади. Ички изтиробларинг худди Шагал суратидаги аёл каби парланиб кетади.

«Парма»да ўйнаган даврингда кўрсатган айрим бемаъни қилиқларинг кейинчалик доғдек туюлаверади. Бироқ бундай бўлишини билмасдинг. Эсла, муҳим учрашувда ўзингни ҳаммага кўрсатиб қўйиш учун ички футболкангга асло ярашмайдиган шиор ёзиб олгандинг: «Қўрқоқларга ўлим». Ваҳоланки, бу фашистлар шиори эди. Ўша қилиғинг нафақат ўзинг, балки оила аъзоларингга ҳам маломатлар келтирди. Тўғри, ҳаётда хатолар ҳам муҳим ўрин тутади. Улар кўп нарсалардан бехабар эканлигингни, оддий кишилардан фарқ қилмаслигингни эслатиб туради. Ҳаётда ҳаммаси бир-бирига боғлиқ эканлигини тушуниб етишга ёшлик қиласан, Жижи. Худди 4 ёшли пайтинг илк марта қорга дуч келганингда, шамоллаб қолишинг мумкинлигини билмаганингдек. Эрталаб тун бўйи тинмай ёққан қорга кўзинг тушгач, енгил кийимда ўзингни кўчага урганинг ва оппоқ уюмга сакраганингни унутганинг аниқ. Кейин 1 ҳафта юқори ҳарорат билан ётгандинг.

Ҳа, майли, ҳаммаси ўтиб кетди. Бу - сенсан, Буффонсан. Ҳали кимлигингни бутун дунёга намойиш этасан, албатта!

А.Ҳамидов тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz