Қайднома

Қидирув

Доменико Тедеско: «Интизомсиз ҳеч нарсага эришиб бўлмайди»

Доменико Тедеско: «Интизомсиз ҳеч нарсага эришиб бўлмайди»

  02.11.2019 01:33
  0
  364
Доменико Тедеско: «Интизомсиз ҳеч нарсага эришиб бўлмайди»

Яқинда Москванинг «Спартак» клуби янги бош мураббийини таништирди. Бу - германиялик мутахассис Доменико Тедеско. У Россия чемпионатлари тарихида «Спартак»да фаолият юритган энг ёш мураббий ҳисобланади. 34 ёшли Тедеско ҳеч қачон профессионал даражада футбол ўйнамаган, фақат ҳаваскорлар жамоасида тўп сурган. Аммо болаларни шуғуллантиришни навқиронлик даврида бошлаган, мураббийлик билан параллель равишда бош-қа соҳаларда ҳам ишлаган. Жумладан, репортёр сифатида фаолият юритган. Журналистлар «қизил-оқлар»нинг янги устози билан катта интервью уюштиришди.

- «Штутгарт»даги фаолиятингиз қай тарзда бошланган?

- Клубга 9 ёшли болалар жамоасида ишлаш учун мураббий керак бўлган. Ўша пайтга келиб, бу борада тажрибам бор эди ва болалар билан машғулот ўтказишни яхши кўрардим. «Штутгарт»га ўзимни тавсия қилдим. Машғулотим болаларга ёқди ва шу соҳада фаолиятимни давом эттирдим.

- «Шальке»дан сизни жорий йилнинг март ойида истеъфога чиқаришганди. Шундан сўнг таклифлар бўлдими? ОАВда «Сампдория» клубини бошқаришингиз тўғрисида маълумот пайдо бўлганди...

- Ҳозир ҳам фаолиятимни Бундеслигада давом эттириш имкониятига эгаман.

- Бу воқелик нимага юз бермади?

- Чунки мен «Спартак»ни бошқаришни истадим.

- УЕФА рейтингида Германия чемпионати Россияникидан юқорида туради-ку!

- Бу оддий статистика, мени унчалик қизиқтирмайдиган рақамлар. Муҳими, клубни қандай ҳис этишингда. Сени «Спартак» сингари жамоа чақираётган бўлса, бу ҳақда ўйлашга мажбурсан. Боиси, клуб ўз анъналарига, кўплаб мухлисларга эга. 15-17 ёшимда «Спартак»нинг Чемпионлар Лигасидаги ўйинларини томоша қилганман. Шунинг учун Моквага келиб, жаноб Федун ва Цорн билан суҳбатлашиш, ўз кўзим билан шаҳарни, маданиятни, инсонларни кузатиш менга қизиқарли эди.

- «Қизил-оқлар» томонидан қизиқиш бўлганлигини қачон билдингиз?

- Уч ҳафтача олдин.

- Бу ҳақда сизга ким маълум қилди?

- Томас Цорн қўнғироқ қилди.

- Сўнгра у Германияга ташриф буюрди. Музокаралар қаерда олиб борилди?

- Цорн билан ресторанда учрашдик. У менга клуб ҳақида гапирди. Бизнинг мамлакатда Россия чемпионати баҳсларини кам кузатишади, немислар Германия, Италия, Англия ва Испания биринчиликларидаги ўйинларни кўришга одатланишган. РПЛ учрашувлари кабель телевидениелари орқали ҳам намойиш этилмайди. Томас менга «Спартак», жамоадаги ўзгаришлар, ёш футболчилар ҳақида гапириб берди.

- Сиз 5 хил - немис, итальян, француз, инглиз ҳамда испан тилларида сўзлаша оласиз. Бутун ҳаётини фақатгина бир мамлакатда ўтказган шахс учун бу ҳайратланарли хусусият...

- Аслини олганда, испанчани унчалик яхши билмайман. Қолган тўртта тилда эса яхшироқ гапира оламан. Умуман олганда, тил ўрганиш менга шунчаки ёқади. Испанчада гаплашадиган дўстларим бор. Улардан бири мексикалик Тито ва у билан болаликдан буён биргамиз.

- «Спартак» мухлислари жамоа ҳаттоки, янги мураббий қўл остида ғалаба қозонган тақдирда ҳам клубнинг собиқ устози Массимо Карреранинг номини айтиб олқишлашди. Шундай ҳолат сиз билан ҳам юз берса, бунга қандай муносабат билдирасиз?

- Ишқибозларни тушунаман. Карреранинг қўл остида жамоа чемпионатда зафар қучганди. Буни тўғри қабул қилиш керак. Ўйинлар пайтида хаёлим бошқа нарса билан банд бўлади. Мен «Спартак» билан ғалаба қозонишим ва очколар йиғишим лозим. Шундагина мухлислар ҳам фаолиятимдан қониқиш ҳосил қилишади.

- Германияда «Шальке-04» мухлислари секторига чиққанингизда, бутун трибуна қўшиқлар айтиб, сизни олқишлаганди. «Спартак»да ҳам шуни давом эттиришни хоҳлайсизми?

- Ўшанда бу охирги шундай ҳолат эканлиги борасида ўзимга ваъда бергандим (кулади). Ушбу воқелик юз берганида жамоамиз Дортмунднинг «Боруссия»сини мағлубиятга учратганди. Менимча, Рур дербисидаги ютуқни ҳеч нарсага қиёслаб бўлмайди. Ўшанда кайфиятимиз аъло даражада эди. Боиси, биз Чемпионлар Лигаси йўлланмасини қўлга киритгандик ва тўғри йўналишда кетаётгандик. Шу боис, ҳиссиётлар таъсирида ўзимни бошқара олмаганман. Ўшанда буни давом эттирмасликка қарор қилгандим.

- Нима учун? Видеотасвирдан бу сизга ёққанга ўхшаяпти...

- Ҳа, ҳолат ёқимли бўлган. Айни воқелик ҳиссиётларга берилган вақтда юз бериши мумкин, холос. Бундай ҳолатларни режалаштириб бўлмайди. Ҳозир тинч хонада, хотиржам муҳитда бу хусусда сўраяпсиз. Шунинг учун жавобим қуйидагича: ўша вазият биринчиси ва охиргиси.

- Жамоанинг натижаси футболчиларнинг жисмоний ҳолатлари, тактика ва бошқа кўплаб нарсаларга асосланади. Муваффақиятнинг неча фоизи интизомга боғлиқ: 10, 20 ёки 40?

- Бу база. Асос. Интизомсиз ҳеч нарсага эришиб бўлмайди.

- Германияда журналистлар билан тактика борасида очиқ-ойдин гаплашасиз. Россияда ҳам буни амалга ошира оласизми?

- Ҳаммаси вазиятга боғлиқ. Умуман олганда, ҳар бир жиҳат муҳим: менталитет, ҳаракат, тактика. Оддий айтганда, тактикани кўпчилик футболдаги асосий омил деб ўйлайди. Умуман олганда, ўйин муҳокамасини таҳлил қилишга тайёрман.

- Ўйиндан сўнг айрим мураббийлар «Футболчини шундай қарорга келганлигим учун алмаштирдим», дейишади. Баъзилари эса ўз қарорларини тушунтириб беришади...

- Менимча, журналистлар ҳақиқатни ёзишлари учун мураббийлар ўз қарорларини тушунтириб беришгани маъқул. Мен эса ҳар бир қарорим борасида ўйлайман. Нима учун буни сизлар билан баҳам кўрмаслигим керак?! Журналистларнинг айрим жиҳатларни юз фоиз тушунмасликлари табиий ҳол, чунки улар мураббий эмаслар. Афсуски, шу сабабдан айрим омилларни уларга тушунтириш қийин кечади.

- Ҳимоявий ёки аксинча, ҳужумкор футболни ёқтирадиган мураббийлар бор. Дейлик, Сульшер ҳужумкор ўйин хусусида гапирса-да, аслида «МЮ» унинг қўл остида қарши ҳужумга асосланган футбол намойиш этмоқда. Сизга қайси услуб яқин?

- Нимани хоҳлаётганлигим борасида жуда яхши тушунчам бор. Барчаси таркибни шу усулга қандай мослаштиришимга боғлиқ. Футболчилар майдонда ўзларини қулай ҳис этишса, демак мен бахтлиман. Миямда турлича ёндашувлар бор. Биз қарши ҳужум, прессингга асосланган ўйинни танлаш ёки тўпни назорат қилишга интилишимиз мумкин. Буларнинг барчасини ўйлайман. Муҳими - қўл остингизда қандай футболчилар ўйнаётганлигини англаш. Уларга нима ёқиши, нимани билишлари, ниманинг ҳисобига гол уришимиз - биз учун аҳамиятлиси шу.

- Сўнгги йилларда «Тоттенхэм» ўз услубида ўйин намойиш этолмаяпти. Почеттино ҳар бир учрашувда рақиб тактикасига мослашган ҳолда ўйнамоқда. Мазкур услуб сизга ҳам яқинми?

- Албатта, йўқ. «Спартак»нинг бош-қа катта клублар сингари ўз ДНКси бор.

- Менимча, бу «Барселона»га бўлган муносабатни билдирмоқда...

- Ҳа, бу классик намуна. Сен турли рақибларга қарши ўйнаб, ниманидир ўзгартиришинг мумкин. Масалан, айни пайт кўпроқ майдон маркази ва ўнг қанот бўйлаб ўйин ташкил этяпмиз. Ҳимояни эса кейинроққа қолдиряпмиз. Муҳими - мавжуд ДНКни сақлаш. Буни амалга ошириш эса вақт талаб қилади. Ҳозир биз учун очколар муҳим. Ўз навбатида, футболчиларга қайси услуб нисбатан қулайроқ эканлигини белгилаб олишимиз керак.

- Охирги пайтларда «Спартак»да аниқ ўйин тактикаси йўқолиб бормоқда. Каррера кўпроқ ҳимояга урғу берган ҳолда, совринларни қўлга киритди, Кононов эса ҳужумкор футбол тарафдори эди. Ўйин услуби ҳам совринларни қўлга киритишда муҳим омил саналадими?

- Менимча, шундай. Совринга эга бўлиш - муваффақиятнинг энг яхши кўрсаткичи. Аммо сен сўнгги поғонада бораётиб, ўз услубингни намойиш этган ҳолда, турнир жадвалининг ўрта поғонасига кўтарила олсанг, шу мен учун муваффақият ҳисобланади. Бу кейинги тараққиёт учун ҳам муҳим омил саналади.

- «Шальке» стадионидаги ўриндиқда мураббийлар учрашувни жонли равишда томоша қилишлари учун махсус экран ўрнатилган. «Спартак» раҳбариятидан шундай мониторни «Откритие Арена»да ҳам ўрнатилишини сўрайсизми?

- Ушбу экрандан Германияда кам фойдаланганман. Учрашувни бевосита майдондан кўришни ёқтираман. Бизда баҳсни камера орқали томоша қиладиган йигитлар бор, шунингдек, ўйинни марказий трибунадан кузатиб, танаффусда сафимизга қўшиладиганлар ҳам. Монитор масаласини ўйлаб кўамиз. Балки бу борада клуб раҳбариятига мурожаат этармиз.

- «Шальке»да фаолият юритганингизда, жамоа мавсумни 4-поғонада якунлаган бўлишига қарамай, беш ҳимоячи тактикасини қўллагандингиз. «Спартак»да ҳам мазкур услубдан фойдаланасизми?

- Бунинг барчаси футболчиларга боғлиқ. Таркибимизда ўшанда Налдо, Стамбули, Керер ҳамда Настасич сингари футболчилар бор эди. Ихтиёрингда 4-6 нафар марказий ҳимоячи бўлса ва уларга ҳимояда 5 киши бўлиб тўп суриш ёқса, бунда маъно бор. Ушбу усул футболчиларга қулайлик туғдирган ва биз натижага эришгандик. «Спартак»да эса буни синовдан ўтказиш лозим.

- Бир томондан, «Спартак»да учинчи ҳимоячи Кутепов бор ва у ЖЧ-2018 мусобақасида яхши ўйин кўрсатганди. Бошқа тарафдан эса, жамоада бир хил савиядаги 4-6 нафар марказий ҳимоячи йўқ...

- Балки ротация ҳам талаб қилинмас. Қизил карточка ва жароҳатлар йўқ бўлса, уч нафар марказий ҳимоячи билан ҳам ўйнаш мумкин. Тўғри, бундай ҳолатда прессинг қўллаш қийин ва рақиб жарима майдончаси ичида ўйинчиларимиз етарлича бўлмайди. Тўрт нафар ҳимоячи билан ўйнайдиган бўлсанг, рақибнинг қарши ҳужумини қайтариш қийин кечади. Бу борада тенгликни таъминлаш даркор. Аввало, шогирдларимнинг имкониятларини тўлиқ ўрганишим керак. Шундагина бу саволингизга тайинли жавоб беришим мумкин.

А.АҲМЕДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz