Қайднома

Қидирув

АПЛда старт чакки чиқмади, бироқ...

АПЛда старт чакки чиқмади, бироқ...

  02.11.2019 03:52
  0
  153
АПЛда старт чакки чиқмади, бироқ...

Англия Премьер-лигасининг жорий мавсуми аллақачон қизғин паллага кириб улгурди. Албатта, «шпорлар», «канонирлар» ва «қизил иблислар» мухлислари суюклилари қайд этаётган натижалардан мамнун эмаслар. Аммо қуйида тақдим этган қуйидаги мақола омадсизлар эмас, балки АПЛ стартида муваффақиятга эришаётганлар ҳақида.

Лэмпард - ажойиб мураббий

Шунчаки, хулоса чиқарамиз. Ушбу мутахассиснинг ишончни оқлашига шубҳа билан қараганлар йўқ эмасди. Аслида «Дерби Каунти» устози сифатида Бьелсанинг «Лидс»и устидан ғалаба қозонган Лэмпарднинг ЧЛда ишлаш имконини берадиган лицензиясиз ҳам келажаги порлоқ мураббий эканига шубҳа қолмаганди. Фрэнк УЕФА Суперкубогида «Ливерпул»га қарши муносиб курашди, иш пенальтиларгача етиб борди, клубига трансферлар тақиқи қўйилганидан нолимаяпти, ёшларга ишон­япти, Амстердамда «Аякс»ни мағлубиятга учратди - бу ютуқларнинг АПЛга дахли йўқ, аммо мураббий учун «плюс» эканлиги аниқ. «Челси» чемпионатда топ-4даги жойни кафолатламаган, лекин ЧЛ йўлланмаси учун астойдил курашади. Мураббий Фрэнк Лэмпард кўпчилик ўйлаганидан кучлироқ экан. Навқирон футболчилар билан ишлашни қойиллатяптими, демак «аристократлар»нинг келажакдан умидлари бор, Чемпионлар Лигаси «плей-офф» босқичида ҳам бирорта фаворитга «бошоғриқ» бўлишлари турган гап.

Рожерснинг «Лестер»ига Қаранг

Вишай Шривадданапрабха бир йил муқаддам - 2018 йилнинг 27 октябрь куни вертолёт ҳалокати туфайли вафот этганди, аммо ўғли Айяват отасининг хотираси ҳурмати унинг футболдаги ишини муносиб давом эттирмоқда. «Лестер» ўз ҳолига ташлаб қўйилмади. Албатта, Брендан Рожерс АПЛга қайтиш учун машҳур «Селтик»ни тарк этиб, Глазгодагиларнинг ғазабини қўзғаганди. Ўшанда мураббий чемпионни келажаги йўқ ўртамиёнага алмаштиргани ҳақида гапиришганди. Аммо Англия клубларида пул етарли ва «Лестер»да ҳам, дейлик, «Эвертон» сингари юқори ўринлар учун курашиш имконияти мавжуд. Айнан «тулкилар» ҳозир тўртинчи ўринни эгаллаб туришибди, Рожерснинг жамоаси томошабоп ўйин кўрсатмоқда! Бугунги «Лестер» - бу Рикардо Перейранинг фаоллиги, Ндидининг чапдастлиги, Мэддисоннинг паслари, Вардининг голлари, Тилеманснинг зарбалари, Чиллуэллнинг рейдлари ва Суюнчунинг ҳар бир тўп учун курашиши. «Лестер» яхши ўйнаяпти, Шимолий Лондондаги йигитларнинг ишлари қовушмаётган бир паллада АПЛга рангбаранглик бахш этяпти.

 

Маҳаллий футболчилардаги стабиллик

Сўнгги йилларнинг энг кучли футбочилари ҳақида гап бораркан, АПЛ британияликларга тегишли эмасдек тасаввур уйғонади. Ўтган мавсум бош қаҳрамонлар сифатида бельгиялик, голландиялик, мисрлик, аргентиналик ва сенегаллик ўйинчилар қайд этилган. Ушбу рўйхатдагилардан фақат Азар кетди, лекин Эденнинг ўрнини тезда бошқаси эгаллади - жароҳатдан қутулиб қайтган де Брюйне «Манчестер Сити» ўйинини бошқармоқда. Мазкур ҳолатда, сермаҳсуллик мавзусига тўхталсак, тўпурарлар рўйхатининг юқори қисмида «Челси» форварди Абрахамни кўришни кўпчилик кутмагани аниқ. Стерлингдан голлар кутилганди, унга Варди, Уилсон ва Кейн ҳам рақобатчилик қилишмоқда. Демак, англияликлар жилла қурса битта шахсий соврин учун курашсалар бўлаверади. Самарали узатмаларнинг аксарияти хорижликларга тегишли, аммо голлар маҳаллий йигитлар ҳисобига тўғри келмоқда. Кейн ва Стерлингнинг тўпурарлик бобида юқори ўринларни эгаллашларига ҳеч ким шубҳа қилмаганди, лекин айни пайт Эшли Барнс ҳам астойдил енг шимарган кўринади. Моунтнинг ҳисобидаги голлар сони эса Рэшфордники билан бир хил.

Мудофаадаги мустаҳкамлик

«Ливерпул»нинг 9та турда атиги 7та гол ўтказиб юборгани ҳеч кимни ҳайрон қолдирмади - ахир, ҳимоя марказида ван Дейк ва Матипдек футболчи бўлса, асосий дарвозабон жароҳатга йўлиққанига қарамай, мудофаадаги ижобий кўрсаткичлар нормал ҳолат сифатида қабул қилинади. «Лестер»нинг Манчестер клубларидан камроқ гол ўтказиб юборгани ҳайрон қолдириши мумкин, аммо «тулкилар» Магуайрдек ҳимоячини ўйнатишган - мудофаада ишлашни билишади. Лигадаги янги клубнинг ўтказиб юборилган голлар бўйича етакчилик қилаётгани бошқа гап. Ваҳоланки, «Ливерпуль» ва «Арсенал» Хендерсон қўриқлаётган дарвоза олдида хавфли вазиятларни яратишга қийналишганди - айниқса, «канонирлар». Крис Уайлдер анчадан буён ушбу жамоада ишлаяпти, иккинчи рақам остида тўғри ўйнашни йўлга қўйган, баъзан эса «Шеффилд»нинг омади келяпти - 11-12тадан гол ўтказиб юборишлари мумкин эди, лекин кўпчиликка намуна бўлишмоқда, ҳатто ЧЛ финалчиси «Тоттенхэм»га ҳам.

Икки янги клуб «МЮ»дан юҚорида

«Норвич» жасур ва омадсиз - Пукки ва Бэундия ажо-йиб футболчилар, АПЛнинг учта дебютанти ҳам ёмон кўринмаяпти. Ушбу жамоаларнинг мураббийлари ҳам яхши ишлашяпти. Иши қовушмаётганлар орасида «Арсенал» устози Унаи Эмерини кўрсатиш мумкин - унинг бошчилигида қайд этилаётган натижалар мухлисларни қониқтирмаяпти, қимматбаҳо янги футболчи Пепе ҳам вазифасини қойиллатяпти, дейиш қийин. Шунингдек, «Уотфорд» Хави Грасияни истеъфога чиқарди. Лигадаги янгилар - «Астон Вилла» ҳамда «Шеффилд Юнайтед» учун старт ёмон бошланмаганди, ахир бу икки жамоа кези келганда жадвалда «Вулверхэмптон»дан - Европа Лигасида қатнашаётган жамоадан юқорида жойлашгандилар. Ва албатта, «МЮ»дан ҳам. Мавсум бошида мураббийлар Уайлдер ва Смит мухлисларни хурсанд қилишди, Сульшер ҳақида эса бундай деб бўлмайди.

Ёш инглизлар оқими тўхтамаган

Тўғри, Стерлинг, Александер-Арнольд, Ван-Биссака, Рэшфорд, Уинкс ва Алли сингари футболчилар бор, яна ким етишмаяпти? Аслида Люк Шоу эндигина 24 ёшда - ҳали ҳам навқирон, яқин йиллар ичида барқарорликка эришиши мумкин. Айни пайт АПЛда жуда ёш ёки ҳали «кексайиб» улгурмаган маҳаллий йигитлар бисёр, улар ҳали ўсишга эришишлари, номдор жамоалар таркибига қўшилишлари мумкин. «Челси»да Абрахам, Моунт, Хадсон-Одои ва Томори бор, «Лестер»да эса - Мэддисон, Барнс ҳамда Чилуэлл, «Вест Хэм» таркибидан Райсни, «Ньюкасл»дан икки Лонгстаффни ажратиб кўрсатиш мумкин. Шунингдек, «Астон Вилла»да ҳам бир-икки нафар англиялик ёш футболчилар тўп суришмоқда. Жеймс Мэддисонни жорий мавсум кашфиётлари сафига қўшмаётганимизга ажабланманг, зеро у ўтган йили ҳам яхши ўйин кўрсатиб, шерикларига қулай вазиятлар яратиб берганди. Умуман олганда эса, ёшлар эришаётган муваффақиятлар Мэддисон кабиларни ҳам руҳлантирмоқда.

 

«Манчестер Сити» тез-тез ҚоҚилмоҚда

«Шаҳарликлар» ҳар учта учрашувнинг бирида очко йўқотишяпти. Бунинг қувонарли жиҳати нимада? Қўлига 800 минг евролик соат тақиб олган Гвардиоланинг мағлубиятлари ҳар қандай жамоани енгиш мумкинлигидан далолат бермоқда. «Кўҳна мактаб» даврида АПЛ ҳар бир клуб ҳар бир рақибини енгиши мумкинлиги билан мақтанарди. Аммо ўтган мавсум бу борада кўпчиликнинг ҳафсаласини пир қилди. Энди эса, «Манчестер Сити» қанчалик кўп қоқилса, чемпионлик учун кураш шунчалик қизғин тус олаверади. Хатолардан эса ҳеч ким кафолатланмаган, ахир АПЛда омади кулган Зинченко бир неч­та ўйинларни ўтказиб юборади, у Каталонияда операция қилинди.

Ҳазилни четга суриб, мулоҳаза юритадиган бўлсак, халқ «Ливерпул»нинг сентябрь-октябрь ойларида сезиларли фарқ билан олдинга чиқиб олишини юқори баҳоласа, Хосеп шунчаки кулиб қўяди - тўғри-да, олти очколик тафовутни иккита ўзаро учрашувда бартараф этиш мумкин-ку. «Қизиллар»нинг ўзлари сўнгги ўйинларда ғалабаларни қийинчилик билан қўлга киритишмоқда, Клопп эса ўйин сифатидан ва ҳимоя чизиғидаги ҳаракатлардан ҳар доим ҳам қониқавермайди. Аммо факт шуки, ўтган мавсум 16та турга келибгина биринчи мағлубиятини тан олган «Манчестер Сити» бу мавсум 9та тур мобайнида «Норвич» ва «Вулвз»га ютқазди, «шпорлар» билан дуранг ўйнади ва мазкур ҳолат четдан кузатаётганларни қувонтириши табиий. Стартдаги ўзгача ҳолат ва янги мавсумдаги интрига. Бунга қадар сизни Англия Премьер-лигасида нима ўзига қаратаётганди?

 

 А.ИСРОИЛХОНОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz