Қайднома

Қидирув

Жанни РИВЕРА: «Милан»да ёшларга эътибор қаратиш керак»

Жанни РИВЕРА: «Милан»да ёшларга эътибор қаратиш керак»

  03.11.2019 05:28
  0
  352
Жанни РИВЕРА: «Милан»да ёшларга эътибор қаратиш керак»

1960-1970 йилларнинг машҳур футболчиси, Италия­нинг «Милан» клуби собиқ ҳужумкор ярим ҳимоячиси Жанни Ривера La Gazzetta dello Sport нашрига интервью бериб, миланликларнинг «А» сериядаги иштироки борасида фикрлари билан ўртоқлашди.

- Нима учун «Милан»нинг топ-савияга қайтиши қийин кечяпти?

- Бунга жавоб бериш учун, аввало, клуб ташкилотчилиги, жамоа олдига қандай мақсадлар қўйилганлигига аниқлик киритиб олиш лозим. Мальдини ва Бобан футболни яхши тушунишади, қолганларни эса танимайман. Жамоадаги ҳолат барчага таъсир кўрсатиши аниқ. Футболчилар клубда нима юз бераётганлигини ҳис этиб туришибди.

- Ушбу қийин ҳолатдан чиқиб кетиш учун ёшларга кўпроқ эътибор қаратиш керакми ёки жамоани топ-футболчи атрофида шакллантириш лозимми?

- Таркибда Пеле ўйнайдиган бўлса, иккинчи вариантни танлаш мумкин. Аммо «Милан»да айни пайт футбол қироли даражасидаги ўйинчи йўқ. Шу боис, ёш футболчилар танлови ижобий ҳолат. Клуб раҳбарияти ва ходимлари кўп йиллар давомида ўз тарбияланувчиларига яхши эътибор қаратишмади. Ваҳоланки, «Милан» академиясида кўплаб истеъдодли ёшлар бор.

- «Сан-Сиро» стадионининг бузилиш эҳтимоли борлиги ҳамда янги арена қурилиши борасидаги фикрингиз қандай?

- Менга бу ғоя ёқмади. Ўйлашимча, «Сан-Сиро»ни сақлаб қолиш шарт. Балки бу борада мен билмайдиган қандайдир муаммо бордир. Бироқ ушбу стадион - футбол саҳнаси. Мазкур аренага меҳр қўйган шахс сифатида менинг фикрим шундай.

- Ушбу масала юзасидан Милан шаҳри мэри Жузеппе Салага қандай маслаҳат берган бўлардингиз?

- «Сан-Сиро» - бу улкан қадрият, ҳар қандай нуқтасидан футбол учрашувларини томоша қилиш учун қулай бўлган арена. Футбол баҳсларини трибунада ва мухлислар орасида кузатганлигим боис, нима ҳақда гапираётганимни жуда яхши биламан.

- Ушбу стадионда илк марта қачон тўп сургансиз?

- «Алессандрия» клуби таркибида меҳмон сифатида ўйнаганман. Аммо ўша вақтда бир оёғим билан «Милан»да эдим.

- «Сан-Сиро»да футболчи нимани ҳис қилади?

- У ўзини худди ўз уйидагидек сезади. Стадион ҳудуди катталигига қарамай, мухлисларнинг доимо ёнингда эканлигини ҳис этасан.

- Шундай бўлса-да, барибир, янги стадион қуришга тўғри келса, нима бўлади?

- «Сан-Сиро»ни бузмаслик керак. Уни ёдгорлик сифатида қолдириш шарт. Бу иккинчи вариант. Одамларнинг барча нарсани тезда унутишлари бўлмағур гап. Хотиралар унутилмайди. Менимча, кўпчилик мазкур стадионнинг бузилишига қарши. Айниқса, унинг ён-атрофида истиқомат қилаётганлар.

- Италия футболи айни пайт қандай ҳолатни бошдан кечирмоқда?

- Мамлакатимиз клублари анча йиллардан буён Чемпионлар Лигасида ғолибликни қўлга кирита олишмаяпти. Олдинлари жаҳоннинг энг яхши футболчилари Италияга ошиқишарди, ҳозир эса бу жараён тўхтаган. Шунинг учун бўлса керак, Роналдунинг мамлакатимизга келиши барчани карахт аҳволга солиб қўйди.

- Роберто Манчини бошқараётган Италия термаси эса умид бағишламоқда. Шундайми?

- Манчини аъло даражада фаолият олиб бормоқда, эътиборини кўпроқ ёшларга қаратмоқда. Менимча, бош жамоамизда бу ишни аввалроқ амалга ошириш лозим эди.

- Италия термаси 1968 йили ўз тарихидаги ягона Европа чемпионлигини қўлга киритганда жамоа таркибида сиз ҳам бор эдингиз. «Скуадра Адзурра» ўша муваффақиятни 2020 йилги қитъа чемпионатида ҳам такрорлай оладими?

- Доимо ғалаба ҳақида ўйлаш керак. Италия термаси қийин кунларни бошидан кечирди. Аммо «мовий гвардия» айни пайт Роберто Манчини бошчилигида тўғри йўлга қайтмоқда.

- Яқинда мураббийлик дипломига эга бўлдингиз. Уни қўлга киритишда қийналмадингизми?

- Йўқ, қийин бўлмади. Ким юқори савияда ўйнаган бўлса, унда доимо устунлик сақланиб туради. Айрим вазиятлар, жумладан, тиббиёт ва психология йўналиши бироз қийинчилик туғдирди. Лекин бу ишларни мен эртароқ бажаришим ҳам мумкин эди.

- Мураббий Риверада қандай ғоялар бор?

- Мен техника муҳим бўлган футболни ёқтираман. Бу эса қолган барча жабҳаларда ёрдам беради. «Милан» клубидаги машғулотларда жамоадошим Нильс Лидхольм билан тўпга тегиниш машқини қандай бажарганимизни ҳалигача эслайман.

- Тасаввур қилинг, сизни «Милан» бошқарувига чақиришди...

- Мабодо, таклиф этишадиган бўлса, бу борада гаплашиб оламиз. Лекин айни пайт «Милан»нинг ўз мураббийи бор.

Ҳ.АТАВУЛЛАЕВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz