Қайднома

Қидирув

Бахт мактуби ёки 16 ёшли футболчи Пау Бабот ҳақида (ВИДЕО)

Бахт мактуби ёки 16 ёшли футболчи Пау Бабот ҳақида (ВИДЕО)

  03.11.2019 09:30
  0
  476
Бахт мактуби ёки 16 ёшли футболчи Пау Бабот ҳақида (ВИДЕО)

Германиялик 16 ёшли футболчи Пау Бабот Андорра футбол федерациясига ўзи гол урган ҳолат тасвирланган видеоёзувни электрон почта орқали жўнатиш натижасида Андорра ёшлар термасидан таклиф олди. У 19 ёшлилар жамоаси таркибида Европа чемпионати саралаш баҳсларида қатнашишга ҳам улгурди. Эътиборлиси, Бабот илк ўйинини Германия термасига қарши ўтказди.

Ҳа, футболда шундай мўъжизалар ҳам учраб туради. 16 ёшли Бабот Франкфуртда яшайди, маҳаллий «Карбенер» клубининг ўсмирлар жамоасида ярим ҳимоячи позициясида ўйнайди. Ҳар дам олиш кунлари Гессен минтақавий лигаси ўйинларида қатнашиб, қўшни шаҳардаги тенгдошларига қарши тўп суради. У каби келажаги порлоқ, аммо нотаниш йигитлар мамлакатда бисёр, уларнинг барчаси қачонлардир муваффақият қозонишни орзу қилишади.

Албатта, Бабот бу футболчилардан ажралиб туради. Унинг онаси Андоррадан, шу сабабли волидасининг қариндошларини йўқлаш учун бу мамлакатга тез-тез бориб туришади. Ушбу ҳолат футболчига умид бағишлади: Германия термасида тўп суриш имконияти топилмаса, ҳеч бўлмаганда, хал­қаро аренада Андорра шарафини ҳимоя қилиши мумкин эди.

Аммо Бабот онасининг ватани жамоасидаги дебют дарҳол амалга ошиши мумкинлигини хаёлига ҳам келтирмаганди. Барчаси ўсмирлар чемпионати доирасидаги Оффенбахнинг «Киккерс» жамоасига қарши кечган баҳсдан сўнг ўзгарди. Ўша учрашувда Бабот майдон марказида тўпни эгаллаб олиб, бироз олдинга интилди ва чамаси 30 метрлар узоқликдан дарвоза томон зарба йўллади. Натижада бир неча марта такроран томоша қилишга арзигулик гол амалга оширилди.

Ўшанда Бабот ҳаракатни бошлаш зарурлигини тушунди. Холасининг дўсти орқали Андорра футбол федерацияси ходимларидан бирининг электрон манзилини топди. Пау дарҳол мактуб ёзиб, ўзи ҳақида озгина маълумот берди ва қўшимча тариқасида қойилмақом голи ёзилган видеони жойлади. Жавоб ўзини узоқ куттирмади: уни, германиялик ёш футболчини 17 ёшлилар термасига кўрикка таклиф қилишди.

«Пау жамоавий ҳаракатларда ўзини яхши намоён этади. У оғир-вазмин, техник жиҳатдан иқтидорли ва «иккинчи қават»да анча фаол, - унинг «Карбенер»даги мураббийи Торстен Дор янги андорралик шогирди ҳақида шундай фикр билдирди.

Шу билан мўъжизалар якунланмади. Дастлабки машғулотлардан кейиноқ Баботга 19 ёшлилар термасига қўшилиш таклифи берилди. Ушбу жамоани олдинда Европа чемпионати саралаши кутиб турган, аммо тўлиқ таркибни тўплаш муаммо бўлиб турганди. Мураббий Давид Родриго ёши кичик футболчилар хизматига мурожаат этди ва улар орасида Бабот ҳам бор эди.

Кўп ўтмай андорраликлар ўзларининг янги ярим ҳимоячилари билан Шотландиядаги мусобақага йўл олишди. Тақдир тақозоси билан митти князлик вакиллари Германия термаси билан бир гуруҳга жойлашишди. Андорра жамоаси биринчи ўйинни айнан немисларга қарши ўтказадиган бўлди. Бабот бу ўйинни захира ўриндиғида бошлади, лекин барибир, уч дақиқага бўлсада майдонга туширилди. Бу пайт­га келиб унинг термаси 0:3 ҳисобида ютқазаётганди.

«Майдонга тушишдан аввал жуда ҳаяжонландим, хатога йўл қўйишни хоҳламасдим. Аммо якунда ҳаводаги курашларнинг бирида устунликка эришишни уддаладим», - деганди собиқ ватандошларига қарши тўп сурган Бабот - улар орасида ҳатто Бундеслига клуби ўйинчилари ҳам бор эди.

Шотландияга қарши кечган кейинги ўйинда Пау ўйнамади, аммо беларуслар билан баҳсда 15 дақиқа тўп сурди. Унга самарали ҳаракатларни амалга ошириш насиб этмади, андорраликлар эса қаторасига учинчи учрашувда мағлубият аламини тотишди. Бироқ бу тажриба Бабот учун ижобий бўлди дейиш мумкин, ахир бундан бир ой аввал терма сафида майдонга тушиш, боз устига, ўзидан ёши каттароқ бўлган футболчиларга қарши тўп суришни хаёлига ҳам келтирмаганди.

Эндиликда Андоррадагилар миллий жамоанинг одатий аутсайдер мақомидан қутулишида Баботнинг ҳам ёрдами тегиши, унинг янги ватани шарафини яна ҳимоя қилишига умид боғлашмоқда.

«Пауни машғулотга таклиф қилдик ва унинг услубимизга тўлиқ мос тушишини шу заҳоти тушундик. Умид қиламизки, у узоқ йиллар мобайнида бизнинг сафимизда тўп суради», - деди Родриго ўйиндан сўнг.

Ноябрда яна бир саралаш турнири бўлиб ўтади - бу сафар 17 ёшлилар ўртасидаги Европа чемпионатига. Мазкур мусобақада ҳам Баботнинг иштирокини кўрсак, ажабмас. Андорра термаси Ирландия, Исроил ва Черногория билан бир гуруҳдан жой олган.

Мабодо, ярим ҳимоячи Германия миллий жамоасида тўп суришни ихтиёр этса, унда қайтиш имконияти бўлади. УЕФА қоидалари ўсмирлар даражасида бир жамоа шарафини ҳимоя қилиб, катталар миқёсида бош­қа терма либосида тўп суришни тақиқламайди.


А.АБДУВАЛИХЎЖАЕВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz