Қайднома

Қидирув

Кашфиёт бўлишга 4 номзод

Кашфиёт бўлишга 4 номзод

  04.11.2019 02:49
  0
  566
Кашфиёт бўлишга 4 номзод

Жорий йилги Суперлига баҳслари шиддатли ва муросасиз руҳда ўтаётганини алоҳида таъкидлаш лозим. «Ҳар ким экканин ўрар», деганларидек, мавсум бошида ўзига яраша мақсадлар билан йўлга чиққан жамоалар энди меҳнатлари самарасини кўришмоқда. Тўғри, айрим клублар юқори вазифаларни кўзлаганликларига қарамай, қуйи поғоналардан жой олишга мажбур бўлишмоқда. Бироқ бу уларнинг Суперлигада ёмон иштирок этишаётганидан далолат бермайди. Ҳар ҳолда, миллий ва олимпия термаларига иқтидорли футболчиларни тарбиялаб беришмоқда. Мазкур ҳолатда ПФЛ регламентида  қайд этилган «Жамоалар таркибида 1997 ва ундан кейинги йилларда туғилган футболчиларни мажбуран ўйнатиш» тўғрисидаги алоҳида банд қайсидир маънода футболимиз фойдасига ишламоқда. Эндиликда мураббийлар ёшларга ҳам етарлича имконият беришга ҳаракат қилишяпти ва бунинг самараси ўлароқ, бу йилги ички чемпионат ўзбек футболига бир қанча ёш футболчиларни кашф қилиб бермоқда. Қуйида шундай иқтидор соҳибларининг айримлари ҳақида сўз боради.

ЖАСУР ЖАЛОЛИДДИНОВ

Сўзсиз, Суперлиганинг жорий мавсумида асосий кашфиёт бўлишга биринчи рақамли даъвогар. Жасур - «Бун­ёдкор» академияси тарбияланувчиси, яқинда The Guardian нашрининг эътирофига сазовор бўлди. Ўтган йили «Қўқон-1912»га қарши кечган баҳсда миллий чемпионатдаги дебютини нишонлаган ярим ҳимоячи орадан бир йил ўтиб барчанинг назарига тушди. Гарчи жуда ёш бўлсада, Вадим Абрамов уни асосий таркибга киритишга қўрқмади. Илк турда Жиззахда «Сўғдиёна» билан учрашувда илк марта бошланғич таркибдан жой олди. Учинчи турдаёқ «Навбаҳор» дарвозасини ишғол қилиб, жамоадаги голлари ҳисобини очишга эришди. Уни Абрамов турли нуқталарда синаб кўрди. «Андижон»га қарши баҳсда ҳужумчи ортида ҳаракатланган футболчи Виталий Мирний қўриқлаётган дарвозага чамаси 25 метрлар узоқликдан гол урди. Иккинчи даврада мураббий унга бироз дам беришга қарор қилди. Чунки ёшига нисбатан кўп юкламалар олиши унинг келажагига салбий таъсир кўрсатиши ҳеч гапмас. Кейинчалик Суперлигадаги барқарор ўйинлари сабаб Любинко Друлович уни олимпия термасига чақирди. Бир сўз билан айтганда, келажакда миллий жамоамиз учун яхши кадр етишиб чиқмоқда.

ҲУМОЮН МУРТАЗОЕВ

Бу футболчини ёш дейиш ўринли бўлмаса керак. Шунга қарамай, Ҳумоюн ҳам мавсумнинг энг ёрқин футболчиси сифатида мухлису мутахассислар эътирофига сазовор бўлмоқда. Аввалги йилларда Муборакнинг «Машъал» жамоасида фаолият юритган ҳужумчи қишки трансферлар вақтида «Насаф»га кўчиб ўтди. Тўғри, янги жойга кўникиш маълум вақтни талаб қилади. Бироқ Ҳумоюн Қаршида шериклари билан тезда чиқишиб кетгани ҳолда, голеадорлик хусусиятларини ҳам кўрсатишга киришди. Гарчи кетма-кет голлар уриб, тўпурарлар рўйхатининг юқори поғоналарида борган бўлсада, миллий термамизнинг собиқ устози Эктор Купер уни бирор маротаба, ҳаттоки, ўртоқлик учрашувларига ҳам чақирмади. Ҳужумчининг биринчи галдаги вазифаси - гол уриш. Ҳумоюн муҳим баҳсларда бу вазифани аъло даражада бажарди. Муртазоев Суперлигада тўп сураётган айрим тажрибали ҳужумчилардан ҳам кўпроқ тўп киритяпти. Ниҳоят, буни Вадим Абрамов ўз вақтида баҳолаб, гол сезиш қобилиятига эга футболчини навбатдаги йиғинга чақирди.

АСАДБЕК СОБИРЖОНОВ

«Пахтакор»нинг яна бир тарбияланувчиси. 2016 йили Ҳиндистоннинг Гоа штати мезбонлик қилган ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионатининг гуруҳ босқичида ажо-йиб ҳаракатлари билан ёдда қолганди. Унинг иккинчи турда Яман дарвозасига урган голи термамизни муддатидан олдин кейинги босқичга олиб чиққанди. Келажагига умид билан қаралган Асадбекни «Бухоро»нинг собиқ бош мураббийи Бахтиёр Ашурматов жамоага таклиф қилганди. Кутилганидек, ярим ҳимоячи берилган имкониятдан унумли фойдаланди. Унинг чаққон ҳаракатлари ва дриблинглари тажрибали ҳимоячиларга анча бошоғриқ бўлди. Албатта, бу орада Собиржонов олимпия термасининг Мисрга қарши ўртоқлик учрашувларида иштирок этди. Иккинчи даврада «Насаф» дарвозасини узоқдан ишғол қилиб, жамоаси ғалабасига муносиб улуш қўшди. Давралар оралиғидаги ўзгаришлар натижасида «Бухоро»даги кўплаб футболчилар бошқа клубларга йўл олишди. Аммо Муҳсин Муҳаммадиев уни олиб қолди ва янги қирраларини очишига кўмаклашди. Ёш футболчи «ИнтерФутбол» нашрига берган интервьюсида шундай деганди: «Клубимизда ҳозир ҳаммаси яхши кетмоқда. Бизнинг мақсадимиз - жамоани Суперлигада олиб қолиш. Муҳсин Муҳаммадиев буни эплай олади. Чунки у яхши мураббий ва ажойиб инсон, футболчиларни ғалабага ишонтира олмоқда. Агар шу тарзда ўйнашда давом этсак, «Бухоро»ни кучлилар сафида олиб қоламиз». Ҳа, Собиржоновда юксак иқтидордан ташқари, жамоасига бўлган фидойилик ҳам мужассам.

АБДУВОҲИД НЕЪМАТОВ

Айни дамда олимпия термаси ўзагини «Насаф» ва «Бун­ёдкор» футболчилари ташкил қилмоқда. Бу борада айниқса, қаршиликлар етакчи. Аслида U-19 терма жамоаси аъзоси бўлган Неъматов жароҳатланган Умид Эргашевнинг ўрнини эгаллади. Рўзиқул Бердиев клубда ёш пос­бонни асосий таркибга киритди. Абдувоҳид ўз вақтида ойнинг энг яхши дарвозабонларидан бири сифатида эътироф этилди. Маълумот ўрнида айтиш жоизки, ёш кипер худди Асадбек Собиржонов сингари 2015-2016 йилларда Темур Олимхўжаев мураббийлигидаги Ўзбекистон ўсмирлар термасида тўп сурган.

Юқоридаги рўйхатни истаганча давом эттиришимиз мумкин. Мавсум кашфиёти бўлишга даъвогарлар сафига Шаҳзод Убайдуллаев («Андижон»), Достон Ибрагимов («Қизилқум»), Аббос Ғуломов («Навбаҳор»), Ҳожимат Эркинов («Қўқон-1912») кабиларни ҳам киритсак бўлади. Ўзбекистондан ҳар доим иқтидорли футболчилар чиққан. Шунчаки, уларга ўз вақтида эътибор қаратилса, кучли мутахассислар қўл остида тарбиялансалар, нималарга қодирликларини кўрсатишади.

АБДУЛАЗИЗ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz