Қайднома

Қидирув

Яшил майдон "шварценеггери" ёхуд яна Левандовски ҳақида

Яшил майдон "шварценеггери" ёхуд яна Левандовски ҳақида

  04.11.2019 04:01
  0
  146
Яшил майдон

Замонасининг энг ёрқин ва сермаҳсул ҳужумчиларидан бирига айланган Роберт Левандовски бундай юксак мартабага ўзининг тиришқоқлиги ва меҳнатсеварлиги туфайли эришди. Чексиз иштиёқ, тинимсиз машғулотлар ва бир қатор неъматлардан воз кечиш бир пайтлари «Легия»дек камтарин жамоа ишончини қозона олмаган польшалик тўпурарга «Бавария»дек гранд ва терма жамоа эшикларини очиб, халқаро эътирофни туҳфа этди.

31 ёшли футболчини бироз қўполроқ бўлсада чарчоқ нималигини билмайдиган жинга қиёслашади: қачон қарасанг, ё жисмоний қувватни оширувчи машқлар билан шуғулланаётган ёки кикбоксинг машқини амалга ошираётган бўлади, ширинлик ва сут маҳсулотларини умуман истеъмол қилмайди. Натижа - хушбичим қомат, абадий двигатель мақомидаги аъзолар, фантастик маҳсулдорлик. Марҳамат, Левандовскининг охирги 5 мавсумдаги (клуб миқёсида) натижалари билан танишинг:

2019|2020 - 12 учрашув, 16 гол;

2018|2019 - 47 учрашув, 40 гол, 13 самарали узатма;

2017|2018 - 48 учрашув, 41 гол, 5 самарали узатма;

2016|2017 - 47 учрашув, 43 гол, 10 самарали узатма;

2015|2016 - 51 учрашув, 42 гол, 6 самарали узатма.

Ҳозир Бундеслигадаги 10-мавсумини ўтказаётган польшалик мерган бирорта мавсумда 30 мартадан кам майдонга тушмаган. Шундай юқори кўрсаткични «Хоффенхайм» вакили Оливер Бауман ҳам қайд этган. Бироқ у дарвозабон. Жорий мавсумда Роберт бирорта учрашувни қуруқ якунлагани йўқ.

Левандовски - мукаммал атлет

Унинг танаси - ўтда тобланган кристалл, ёши нафақага яқинлашиб қолган бўлсада, ҳамон навқирон. «Робертнинг бадани худди Арнольд Шварценеггерники каби», - дейди «Бавария» директорлар кенгаши раиси Карл-Хайнц Румменигге. Кекса афсона ёлғон гапиришга одатланмаган.

Дортмунднинг «Боруссия»сида Нури Шахин польшалик касбдошига «чайир» лақабини лойиқ топган: «Лёванинг бадани ҳайратланарли, фақат соф мушаклардан иборат. Бу унинг жамоадошларини лол қолдирмоқда».

Киши ўз организмига нисбатан тўғри муносабатда бўлиши, қатъий интизомга риоя этиши ва ҳар бир аъзосига меҳрибонлик қилиши мақсадга мувофиқ. Бу қоидага оғишмай амал қилган Роберт тубдан ўзгарди. Дам олиш кунлари у кикбоксинг ва оғир атлетика билан шуғулланади.

Левандовскининг бугунги ҳолати жисмоний тарбияни доимий ҳамроҳига айлантирган нимжон йигитни эслатади. 18 ёшида «Легия» ундан воз кечганди: клуб мутасаддилари Робертни ҳужумчи позициясида тўп суриш учун яроқсиз, деб топишди. «У ўта озғин, оёқлари чўпга ўхшарди. Мен доимо бирор-бир футболчи унинг оёғини синдириб қўйишидан ташвишланиб юрардим», - дейди полякнинг илк устозларидан бири бўлмиш Кшиштоф Сикорски.

«Легия»дан кейин Роберт Польшанинг 3-лигасига қадар пастлади, 2 марта «Знич»нинг энг яхши тўпурари бўлиб, жамоанинг юқори дивизионга кўтарилишига салмоқли ҳисса қўшди. Шу тариқа у «Лех»нинг эътиборини тортди. Лекин уни кўрикдан ўтказган мураббий Францишек Смуда жиддий эътироз билдирди: «Чўп оёқли болани бошимга ураманми? Менга ҳеч бўлмаса бензин учун сарфлаган пулларимни қайтаринг».

Эътирозда ҳақиқат ва маккорлик жам бўлганди: шу йўл билан Смуда бошқа жамоалар эътиборини Левандовскидан чалғитиб, Робертга катта футболда муваффақиятга эришиш учун жисмоний куч кераклигини уқтирди.

Германияга кўчиб ўтиш - ижобий ўзгаришлар дебочаси

Ҳа, чиндан ҳам олмон юртида Робертнинг ўзига бўлган муносабати кескин ўзгарди. У Анчелотти, Хайнкес ва Гвардиолалардан таҳсил олди, аммо топ-ҳужумчи мақомига уни Юрген Клопп олиб чиқди: «Шу даражада тўп сура олишимга бўлган ишончни менга айнан Юрген берди. Унинг далдаси билан таниқли ҳужумчига айландим. Фаолиятим Клопп даврида бошланди, десам тўғрироқ бўлади».

«Боруссия Д.» Левандовскини Дортмундга таклиф этишдан аввал 30 мартадан кўпроқ кузатганлиги муболаға эмас. Юрген Клопп эса бир неча марта хуфёна тарз­да Польшага бориб, Робертнинг «Лех»даги ўйинларини таҳлил қилган. Трибунадаги мўйна капюшонли немис Познань стадиони мухлисларига яхши таниш бўлсада, Левандовски тамоман бехабар эди. Дортмунддаги дастлабки 4 ойни у Клопп тақдим этган гипермотивация ва рок-н-ролл билан ўтказди. Мураббий у билан ўртага пул тиккан ҳолда пенальти тепиш бўйича беллашди: кўпроқ гол урган 50 евро оларди. «Фақат шундан кейин мен машғулотларнинг қанчалик муҳим эканлиги тушундим», - дейди ҳужумчи. Устоз-шогирд ўртасидаги бир неча ойлик беллашувлардан кейин Робертнинг ҳолати талаб даражасига чиқди, Клопп баҳсга нуқта қўйди.

«Робертнинг жаҳон миқёсидаги ҳужумчи даражасига кўтарилишида меҳнат интизоми, машғулотлар ва иззатталаблик хислатлари асосий ўрин тутади. Машқ пайтида у ҳамма нарсани унутади», - дейди Клопп собиқ шогирди ҳақида. Дарҳақиқат, ҳужумчини доимо спорт заллари ёки маш­ғулот майдончасидан топасиз. Бунинг сабаби оддий: «Ҳужумчи ролини рисоладагидек адо этиш учун мен бақувват бўлишим шарт. Шу сабабли доимо спорт залларида бўламан. Менга нима кераклиги ва қандай шуғулланишни яхши биламан».

Ишдан бўш пайтлари ва дам олиш кунларини футболчи рафиқаси Анна ҳамкорлигида машқ қилиш билан ўтказади, уйида машғулот зали бор, оилавий машғулотларда олинган фотосуратлар мунтазам равишда «Инстаграм»дан жой олади.

«Баъзан мен эътиборимни бир жойга тўплаш учун алоҳида машқ қиламан. Ҳужумчи учун бу жуда фойдали машғулот. Бақувват ҳимоячилардан устун келишим учун мен улардан кучлироқ бўлишим шарт», - дейди Роберт.

Оғир атлетика ва кикбоксинг маш­ғулотлари клуб ва терма жамоадаги тайёргарликка қўшимча сифатида ўтказилади. Болалик пайтида Роберт волейбол, гандбол ва дзюдо билан шуғулланганлиги ҳам унга қўл келмоқда. Жароҳатлардан фориғ бўлиш учун икки ҳафтадан озроқ вақт сарф­лайди.

Хосеп Гвардиола ўз вақтида польшалик шогирдига шундай баҳо берганди: «У - асл профессионал! Бундай футболчига шу пайтгача дуч келмаганман. Роберт ҳар куни 24 соат тўғри овқатланиш ҳақида ўйлайди. Ҳатто уйқуси ва тушларида ҳам. Шу боис, доимо жиддий шикастланишлардан четда юради, спорт формасини қандай сақлашни билади».

Каталониялик мураббий ҳақ: Левандовски фаолиятида шу пайтгача икки ҳафтадан кўпроқ узилиш ёки қаторасига 2тадан ортиқ ўйинларни ўтказиб юбориш ҳолатлари кузатилмаган. «Бавария»даги 5 йиллик иштирокида у 11 марта жароҳат олди, Дортмунддаги 3,5 йил ичида эса атиги 1 марта. Умуман, Германиядаги 9 йил давомида ҳужумчи 12 марта шикастланди. Улардан фориғ бўлиш учун 79 кунни майдон ташқарисида ўтказди. 13та учрашувни Левандовски ўтказиб юборди.

Фаолиятининг дастлабки босқичида Левандовскига унинг кучуги яқиндан ёрдам берган экан: «Дарҳақиқат, мустақил машқлар жараёнида итим мендан тўпни олиб қўяр ва тез қайтариб берарди», - дея хотирлайди футболчи. Шунингдек, жароҳатлардан фориғ бўлиш жараёнида ҳам ақлли жониворнинг кўмаги сезиларли бўлган - Роберт у билан югуриш эвазига соғайиш суръатини тезлаштирган.

Ширинликлар ва сут

маҳсулотларидан воз кечган

Левандовскининг қандай таомлар истеъмол қилишини унинг рафиқаси белгилаб беради. 2009 йилда каратэ бўйича ЖЧнинг бронза медалига сазовор бўлган Анна ҳозирда фитнес-мураббий лавозимида фаолият юритмоқда, тўғри овқатланиш борасида асар яратмоқда. Роберт эса рафиқасининг ижодий изланишлари маҳсулини амалда синаб кўради.

«Бавария» футболчилари Левандовскининг индивидуал меню асосида таомланишини маъқуллаб, Аннадан маслаҳат олиб турадилар. Машғулотлар арафасида Роберт бўтқа истеъмол қилади, янги тайёрланган мева шарбатларини хуш кўради. Ҳужумчининг таомларни қабул қилиш тартиби нафақат жамоадошлари, ҳатто турмуш ўртоғини ҳам ҳайратга солади: аввал мевалар, кейин суюқ таом, салат ва гўштли овқат. Мазкур тартибдаги овқатланиш организмда ёғ тўпланиб қолишига имкон бермайди. Чунки углеводлар оқсилларга қараганда тезроқ ҳазм бўлади. Левандовскининг ишончи комил: «Агар тушликни ширинлик билан якунласам, ошқозонда у оқсилларга аралашиб кетади ва ҳазм қилиш жараёни қийинлашади. Мен учун тўғри таомланиш муҳим аҳамиятга эга, ҳазм қилиш тизимига қийинчилик туғдирмайди. Шу усулга риоя қилиш орқали гавда ихчамлигини сақлаган ҳолда керакли кучни тўплаяпман».

Тўғри, «Яшил майдон Шварценеггери» истеъмол қиладиган таомлари тури ва тартибини босқичма-босқич ўзгартирди. Лекин ҳеч қачон кескин чораларни қўлламади. У ширинликлар ва спиртли ичимликлардан воз кечди, рафиқасидан ибрат олиб, сут ва буғдой маҳсулотларини ҳам рўйхатдан ўчирди: «Авваллари «Сникерс» ва «Марс» каби ширинликларга, оқ шоколадга ўч эдим. Шунингдек, қаймоғи олинмаган сутни ҳам хуш кўрардим. Ҳозир уларни жуда оз ейман, какаодан тайёрланган қора шоколаднинг бир бўлаги билан қаноатланишга одатландим. Мен спорт учун яшайман».

Польшалик тўпурарнинг таомномасида сигир сути ҳамда соя шарбатига ҳам жой йўқ, гуруч, кокос ва бодомдан тайёрланган ичимликларни ёқтиради. «Бир пайтлари нонуштани серқаймоқ сутсиз тасаввур қила олмасдим. Лекин вақти келиб машғулот арафасида ўзимни ўта ланж, лохас сеза бошладим», - дея хотирлайди ҳужумчи. Энди у эрталаб тариқ бўтқаси ва тухум билан таомланади, тушлик ва кечки тамаддида балиқ ва денгиз маҳсулотлари, қовоқ уграсини маъқул кўради.

«Бунга қадар мен ҳафта давомида 3та учрашувда тўлиқ тўп сура олмасдим. Ҳозир бемалол ўйнай оламан. Чунки ҳар тарафлама пухта тайёргарлик кўряпман» - парҳезнинг самарасини қаҳрамонимиз шу зайл изоҳлади. Яна 10 йилдан кейин Анна ва Роберт Левандовскилар саломатлик академияси ташкил этишни мўлжалламоқдалар. Мақсад - соғлом турмуш тарзини янада оммалаштириш. Анна оддий бир ҳақиқатни тилга олишни лозим топди: «Саломатлик - туман бойлик! Мақсадимиз - кишиларнинг узоқ ва соғ-саломат яшашларига кўмаклашиш».

С.РАҲМОНОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz