Қайднома

Қидирув

Дуранглар барчаси «Сўғдиёна» фойдасига

Дуранглар барчаси «Сўғдиёна» фойдасига

  05.11.2019 01:26
  0
  437
Дуранглар барчаси «Сўғдиёна» фойдасига

3-ўрин учун курашаётган барча клублар бу сафар дуранг ёки мағлубият ортидан қимматли очколарни йўқотди, биргина «Сўғдиёна» бундан мустасно. Улуғбек Бақоев жамоаси «Динамо» дарвозасига жавобсиз 3та гол уриб, «бронза» ютиш имкониятини анча яхшилаб олди. 23-тур шунингдек, 13-14-ўринларда бораётган «Бухоро» ва «Динамо» аҳволини янада оғирлаштирди.

2-КУН: «ҚЎҚОН-1912» РЕАЛ ХАВФДАН ЙИРОҚ...

«Андижон» - «Бунёдкор» учрашувида мухлислар 90 дақиқа давомида гол кўришгани йўқ, кейин эса томонлар навбати билан дарвозани 1 борадан ишғол қилишди. Аввалига Вадим Абрамов жамоаси водийдан 3 очко олиб қайтадигандек кўринди. Яъни 90+2-дақиқада Нурилло Тўхтасинов 3-ўрин учун курашаётган «қалдир­ғочлар» учун жуда зарур голни юзага келтирди. Лекин «Бунёдкор»нинг қувончи узоққа чўзилмади - «Андижон» тўпурари Шаҳзод Убайдуллаев кейинги ҳужумда ўртадаги мувозанатни тиклади - 1:1. Дарвоқе, шу билан «Бунёдкор»нинг ғалабасиз серияси 3та ўйинга етди. Яна бир факт: «Андижон»нинг охирги 9та голидан 6таси Шаҳзод Убайдуллаев ҳисобига ёзилди. Умуман, Александр Хомяков жамоаси охирги 4та турда 4та гол урган бўлса, уларнинг ҳаммасига айнан шу ёш ҳужумчи муаллифлик қилди.

«Бухоро» - «Қўқон-1912» учрашувида эса 3 очко тақдирини ягона гол ҳал қилди. 28-дақиқада белгиланган пенальтини Мурод Холмуҳаммедов аниқ амалга оширди. Бухороликлар шундан кейин ҳужумлар сонини ҳам, хавфлилик даражасини ҳам оширишди, аммо қўқонликлар ҳимояда мустаҳкам туришди. Иккинчи бўлимда эса «Қўқон-1912» вакиллари ўйиннинг боришини нисбатан тенг­лаштиришди ва бир қатор вазиятлар ҳам яратишди. Муҳсин Муҳаммадиев жамоаси ҳам мағлубиятдан қутулиш учун бор имкониятларни ишга солди, аммо бефойда. Хуллас, «Бухоро» якунда қаторасига 2-мағлубиятни тан олиб, турнир жадвалидаги умумий ҳолатини янада оғирлаштирди. «Қўқон-1912» эса реал хавфдан бироз йироқлашди. Ҳар ҳолда, жамоа энди 13-ўриндаги жамоадан 5 очко олдинда...

 

3-КУН - ЯНА 2та 1:1

«Сурхон»га қарши ўйинни Ўзбекистон кубоги-2019 соҳиби сифатида бошлаган «Пахтакор» ғолибона юришини давом эттирди муаммосиз. «Шерлар» биринчи бўлимдаёқ 2та гол уришди. 12-дақиқада Жалолиддин Машарипов жарима зарбасини ижро этгач, Драган Черан икки уринишда термизликлар дарвозасини иш­ғол қилди. 32-дақиқада эса Фаррух Сайфиев - Драган Черан -Игорь Сергеев комбинацияси самарали якунланди. Бунда якуний нуқтани охирги вақтлар анча самарали тўп сураётган Игорь қўйди. Иккинчи бўлимда вақеалар ривожи айтарли ўзгаргани йўқ. Фақат «Сурхон» хавфли ҳужумларидан бирини муваффақиятли якунлади: тиниб-тинчимас Шавкат Саломов қанотдан узатилган тўпни дарвозага йўллади. Орадан кўп ўтмай, Драган Черандан тўп қабул қилиб олган Игорь Сергеев ерлатиб зарба йўллаб, Асилбек Омоновни яна бир марта доғда қолдирди. Эътиборли факт: «Пахтакор» шу билан жорий мавсум Суперлигада барча рақиблар дарвозасига гол уришни уддалади. Қолаверса, «Сурхон» янги чемпионга ютқазган 13-рақиб бўлди. Умуман, «шерлар» охирги 5 ой давомида барча расмий учрашувларни ғалаба билан якунлашди. Шота Арвеладзе жамоаси сўнгги марта 31 май куни Лига кубоги гуруҳ босқичи доирасида мағлубиятга учраганди. Шундан кейинги 21та учрашув (чемпионатда 13та, кубок турнирларида 8та)нинг 11тасида йирик ҳисобли ғалаба расмийлаштирилди, 11тасида эса жамоа гол қўйиб юбормади. Рақиблар дарвозаси нақ 69 марта ишғол қилинди. Умуман, «Пахтакор»нинг мавсум давомидаги статистикаси шунчаки, ажойиб: 33та ғалаба, 4та дуранг, 3та мағлубият, 105та гол. Дарвоқе, Игорь Сергеев Суперлиганинг охирги 3та ўйинида 5та гол урган бўлса, Драган Черан 4та турга чўзилган «қуруқ» сериясини узди.

«Навбаҳор» - Насаф» қарама-қаршилигига 3-ўрин учун кураш нуқтаи назаридан турнинг марказий ўйини сифатида қаралганди. Кутилганидек, мухлислар муросасиз кураш гувоҳига айланишди. Илк дақиқалардан ҳужумкорликка зўр берган «Навбаҳор» кетма-кет хавфли вазиятлар яратди. Фақат Муҳаммад Султонов, Азим Аҳмедов (2 марта), Азиз Турғунбоев (2 марта) зарбаларига аниқлик етишмади. Меҳмонлардан эса Шароф Муҳиддинов яхши имкониятни қўлдан чиқарди. Иккинчи бўлимда ҳужумкорликни пасайтирмаган Андрей Канчельскис шогирдлари бир неча марта ҳисобни очишга яқин келишди, аммо якуний нуқтани қўядиган футболчи топилмади. Қаршиликлар аксинча, ўз омадларини қарши ҳужумлардан излашди. Дейлик, Шароф Муҳиддинов томонидан йўлланган 2та зарбани дарвозабон Ўткир Юсупов бартараф этиб, «лочинлар» жонига оро бўлди. 79-дақиқада Андрей Канчельскис жамоаси ниҳоят, ҳисобни очди: россиялик ҳужумчи Александр Касьяннинг зарбасидан кейин дарвозабон Абдувоҳид Неъматов тўпни қайтарди ва захирадан майдонга тушган Азиз Ибрагимов такрорий уринишда мақсадга эришди - 1:0. Ҳакам томонидан қўшиб берилган вақтнинг сўнгги сониялари ўтаётган бир паллада эса Бобур Абдухолиқов «Навбаҳор»ни тайёр ғалабадан маҳрум этди.

Кубок финалида енгилиб, амалдаги ғолиб мақомини топширган АГМК ўз майдонида чемпионлик мақомидан айрилишга улгурган «Локомотив» билан куч синашиб, муроса кўчасини танлади. Ҳисоб 36-дақиқада Жамшид Искандеров томонидан очилди - унинг узоқ масофадан йўллаган кучли зарбаси эффектли чиқди. Миржалол Қосимов жамоаси эса танаффусдан кейин ташаббусни ўз қўлига олиб, финал ҳуштаги янграшига 9 дақиқа қолганида, бунинг самарасини ҳам кўрди. Грузиялик Элгужа Григалашвили жарима майдони атрофидан дарвозанинг юқори бурчагини нишонга олиб, Игнатий Нестеровни ожиз қолдирди. Якуний натижа - 1:1. Диққатга сазовор факт: бу «Локо» учун охирги 8та турда қайд этилган 6-шундай ҳисобдир.

 

«СЎҒДИЁНА» - «ДИНАМО» - 3:0 (0:0)

«ҚИЗИЛҚУМ» - «МЕТАЛЛУРГ» - 1:1 (0:0)

 «АНДИЖОН» - «БУНЁДКОР» - 1:1 (0:0)

«БУХОРО» - «ҚЎҚОН-1912» - 0:1 (0:1)

«ПАХТАКОР» - «СУРХОН» - 3:1 (2:0)

«НАВБАҲОР» - «НАСАФ» - 1:1 (0:0)

АГМК - «ЛОКОМОТИВ» - 1:1 (0:1)


ТУР ҚАҲРАМОНИ - «СЎҒДИЁНА»

23-тур доирасидаги бир неча ўйинда сўнгги дақиқаларда муҳим голлар урилди ва уларнинг муаллифларини бемалол қаҳрамон сифатида эътироф этиш мумкин. Мисол учун, Шаҳзод Убайдуллаев («Андижон») ва Бобур Абдухолиқов («Насаф») сўнгги лаҳзаларда ўз жамоаларини мағлубиятдан қутқариб қолишди. Лекин бу сафар жамоавий ўйин эвазига «Динамо»ни 3:0 ҳисобида енгиш асносида 3-ўринга кўтарилган «Сўғдиёна»ни мақташни лозим топдик. Зеро, Улуғбек Бақоев жамоасининг тур доирасидаги ягона йирик натижани қайд этиш баробарида чиройли ўйин кўрсатгани бетараф мухлисларни ҳам бефарқ қолдирмади.

ТУР ИҚТИБОСЛАРИ

- Одатда бундай учрашувларда барчасини биргина гол ҳал қилиши мумкин. Шуни инобатга олган ҳолда, тактика танладик ва режамиз ўзини оқлади. Азиз Тўхтабоев («Қўқон-1912» бош мураббийи в. б.).

- Профессионал клуб билан шартномаси бор футболчи қанақасига университет жамоасида ҳам ўйнаши керак? Мана, сизга натижа, унда университет ректорининг ўзи келиб, мураббийлик қилсин ўрнимга... Муҳсин Муҳаммадиев («Бухоро» бош мураббийи).

- Ўйлашимча, ҳисоб ўйинга мос бўлди. Икки жамоа ҳам ғалабага ҳақли эмасди. Вадим Абрамов («Бун­ёдкор» бош мураббийи).

- Шаҳзод Убайдуллаев... Кечирасиз-ку, Ўзбекистон миллий жамоасида Элдор Шомуродов бор. Шаҳзод терма жамоада ўйнаш учун ўз устида ишлаши керак, ишламоқда, ўсишга эришди. Александр Хомяков («Андижон» бош мураббийи).

- Ноқулай тақвим - жамоанинг жисмоний ҳолатини бироз мувозанатдан чиқарадиган ҳолат. Исталган жамоани фақат машғулотлар билан ушлаб туриш қийин... Самвел Бабаян («Локомотив» бош мураббийи).

— Ўйлайманки, таблодаги 1:1 ҳисоби ўйинга мос ва адолатли натижа. Хайрулла Каримов (АГМК ёрдамчи мураббийи).

- Мевали дарахтга тош отилади. Кимлардир жамоамиз ва менинг обрўмга путур етказишга ҳаракат қилишмоқда. Ҳалол ўйнаганимизга шубҳаси бор киши қўл остимда ўйнаб кетган ва айни пайт тўп сураётган футболчилардан сўрасин. Рўзиқул Бердиев («Насаф» бош мураббийи).

- Тақвимга кўра, энди 24 кун дам олиб, кейин 1 ҳафта оралиғида 3та ўйин ўтказар эканмиз. Бунақада футболчилар қандай тикланишади? Бу хусусда ўйлаб кўриш лозим эди. Андрей Канчельскис («Навбаҳор» бош мураббийи).

- Бугун қўлимиздан келгани - 1та гол уриш бўлди. Владимир Андреев («Сурхон» бош мураббийи).

- Кимдир гол уради, бошқаси «пас» беради. Яна кимдир тўпни олиб қўяди. Масалан, Черан 30тадан кўп голга муаллифлик қилди. Машарипов эса самарали узатмалар бобида даҳшатли кўрсаткич қайд этмоқда. Шота Арвеладзе («Пахтакор» бош мураббийи).

Ўйин:
7

Гол: 16  (ўртача: 2,28...)

Томошабинлар сони: 24503 (ўртача: 3504)

Мезбонлар ғалабаси: 2

Меҳмонлар ғалабаси: 1

Дуранг: 4

Йирик ҳисобли ғалаба: 1 («Сўғдиёна» - 3:0)

Энг сермаҳсул ўйин: «Пахтакор» - «Сурхон» (4та гол)

Энг кўп томошабин кирган ўйин: «Андижон» - «Бунёдкор» (6425)

Огоҳлантириш: 31 (ўртача: 4,42...)

Четлатиш: 1 (ўртача: 0,14...) 

Энг «қўпол» ўйин: «Андижон» - «Бунёдкор» (7та «сариқ» + 1та «қизил»)

Пенальти: 3 (барчаси самарали)

«Дубль»: 1 (Игорь Сергеев, «Пахтакор»)

«Хет-трик»: -

«Покер»: -

Автогол: -

 

 

1       Пахтакор                     23           21           2              0             71-14           65

2       Локомотив               23           11           9              3             35-17           42

3       СўҒдиёна                      23           11           5              7             26-25           38

4       Бунёдкор                     23           10           6              7             30-28           36

5       Насаф                              23           9             5              9             31-22           32

6       Сурхон                           23           9             5              9             24-29           32

7       Навбаҳор                    23           7             10           6             24-19           31

8       Металлург                  23           7             7              9             26-26           28

9       АГМК                                   23           7             5              11          28-33           26

10     Андижон                      23           5             9              9             21-32           24

11     ҚўҚон-1912                     23           6             6              11          28-40           24

12     ҚизилҚум                     23           5             8              10          22-42           23

13     Бухоро                           23           4             7              12          15-35           19

14     Динамо                          23           4             6              13          21-40           18



Тўпурарлар

Драган Черан («Пахтакор») - 23та (5та - пен.)

Игорь Сергеев («Пахтакор») - 14та

Ҳумоюн Муртазоев («Насаф») - 13та

Зафар Полвонов (АГМК) - 11та

Темурхўжа Абдухолиқов («Локомотив») - 11та (1та - пен.)

Александр Касьян («Навбаҳор») - 10та (2та - пен.)

Хуршид Ғиёсов («Бунёдкор») - 10та (6та - пен.)

Шаҳзод Убайдуллаев («Андижон») - 9та...



23 ноябрь (шанба)

МЕТАЛЛУРГ - ДИНАМО

ҚИЗИЛҚУМ - БУХОРО

ҚЎҚОН-1912 - АГМК

24 ноябрь (якшанба)

БУНЁДКОР - НАВБАҲОР

АНДИЖОН - ЛОКОМОТИВ

НАСАФ - ПАХТАКОР

Давоми бор. Мазкур таҳлилий мақолани тўлиқ ҳолда "ИнтерФУТБОЛ"нинг 5 ноябрдаги сешанба сонида ўқишингиз мумкин.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz