УЕФАнинг собиқ президенти ўзининг қадрдон шаҳри Нансидаги ресторанда «Экип» журналистларига интервью берди. Учрашувда Платинининг «Нанси» клуби ва Франция термасидаги собиқ жамоадоши Оливье Руйе ҳам қатнашди. Икки соат мобайнида давом этган суҳбат қизиқарли руҳда ўтди.
- 8 октябрь санасида (шу куни Платинининг 4 йиллик дисквалификацияси якунланди) нима билан шуғулландингиз?
- Байрам уюштирганимиз йўқ, ахир ҳеч қачон ўзимни айбдор деб ҳисобламаганман. ФИФАдаги - давлат ҳисобида бўлмаган ташкилотдаги нодонлар қайси ҳуқуқларга асосланиб менга ишлашни чеклашди, тушунмайман! Агар ўзим хоҳлаганимда, футболда қандайдир иш топардим, шунда ФИФА менга нисбатан санкциялар қўлларди, мен уларни судга берардим ва ишончим комилки, ютиб чиқардим.
- Лекин шу тўрт йил мобайнида ҳеч қандай чора қўлламадингиз. Қийин бўлгандир?
- Дастлабки ойларда, ҳа, қийналдим, кўчага қора кўзойнак ва шляпада чиқдим, худди мафиячиларга ўхшаб, гўёки мени ҳамма ҳар томонда қидираётгандек. Рафиқам, фарзандларим, бутун оилам ҳам мураккаб даврни бошдан кечирди. Даставвал ўзимни оқлаш имкониятига эга эмаслигимни тушундим, ФИФА менга нисбатан тил бириктирганди, барча учун мен жиноятчи эдим, ҳеч ким мени эшитишни истамаслиги аниқ эди. Нима ҳам дердим, ўз жонимга қасд қилмайман-ку! Буларнинг барини сабр билан енгишга тўғри келди. Гольф ўйнадим, дарвоқе, бу спорт турида маҳоратимни оширдим. Саёҳатга чиқдим, фарзандларим, набираларим билан тез-тез кўришиш имкониятига эга бўлдим. Яъни оддий пенсионер сингари яшадим, гарчи нафақага чиқмаган бўлсам ҳам. Тўрт йил тезда ўтиб кетди.
- Наҳотки, тез ўтган бўлса?
- Йил сайин вақт тез ўтмоқда. 64 ёшли «болакай» билан солиштирганда, икки ёшли боланинг куни 32 марта секинроқ ўтаркан (кулади)!
- Ҳамон ўзингизни «болакай»дек ҳис қиляпсизми?
- Ҳа, ахир 64 ёшда ҳам ёши катта болакай бўлиш зўр-ку - шунчаки, ҳаётдан завқ олиш, дўстлар билан суҳбатлашиш, оила даврасида вақт ўтказиш. Ҳар бир кун қадрли, ахир яқинлар қачондир кетишади. Биламан, ҳаётимнинг катта қисми ортда қолди, шу боис, умримнинг кейинги қисмини қувноқ кайфиятда ўтказишим керак. Ҳамма ҳавас қилиши учун ўзимга ёққан нарсаларни қиламан. Жак Вендру (машҳур спорт журналисти) менга шундай деганди: «Мишель, сен ФИФА президентлигига номзодингни қўйишинг лозим, сайловларда ютганингдан кейин халқни йиғиб, «Ҳаммангиздан нафратланаман», деб, сўнг шартта кетишинг керак». Яхши фикр, ўзимга ҳам ёқди. Албатта, бундай қилиб бўлмайди. Гарчи (кулади)...
- Бу тўрт йилдан қандай хотиралар қолди? Энг қайғули ва ёрқин воқеалар ҳақида гапиринг...
- Биринчи навбатда, ҳеч қаерга шошилмадим, вақтим етарли эди. Хоҳлаган жойимга истаган пайтда бордим. Автомобиллар тирбандлигида қолиб кетганимда ҳам қайғурмадим. Илк маротаба ҳаётимда иш юзасидан учрашувлар йўқ эди. Бунинг ҳақиқий озодлик эканини тушундим. Ахир бу ажойиб-ку!
- Энг ёмон хотиралар-чи? Айтишларича, сизни Евро-2016 қуръа ташлаш маросимига чақиришмаганидан ранжиган экансиз...
- Ҳа, бу энг ёқимсиз ҳолатлардан бири, ахир ушбу қуръани мен ўтказишим керак эди, Евро очилиш маросимида нутқ сўзлаб, турнирдан кейин ғолибларга кубокни топширишим режалаштирилганди. Аммо буларнинг барини менинг ўрнимга бошқалар бажаришди. Албатта, бундай муносабатга эътибор қаратмасам ҳам бўларди, лекин жуда алам қилди.
- Ўша йилнинг 18 июнида (ЖЧ-2022 ташкилотчилигини Қатарга бериш бўйича ўтказилган тергов пайти уни 15 соатлик сўроқ жараёнидан кейин қўйиб юборишганди) ҳибсда ушлашлари-чи? Бу ҳам ёқимсиз ҳолат...
- Жуда ҳам. Франция президенти мени тушликка чақирди, унга ЖЧ-2022 мезбонини аниқлаш жараёнида қайси мамлакатга овоз беришим ҳақида гапирдим - нима, шунинг учун ҳибсга олиш керакми? Шу тўрт йил ичида мен билан кутилмаган, жуда нохуш воқеалар рўй берди. Ахир машҳур одамман, мени ҳамма танийди - ҳеч қаерга яширинолмайман. Полиция мени қаерда қўлга олмасин, у хоҳ Дания ёки Таиландда бўлсин, бу биринчи рақамли янгилик бўларди, барча газета ва телевидениелар бонг уришарди: «Платини ҳибсга олинди!» Нега қамоқда ушлашганини ҳамон тушунмайман. Катта эҳтимол билан, катта одамлар билан суҳбатлашганим ёқмаган уларга.
- Николя Саркозини назарда тутяпсизми? Ахир у собиқ президент сифатида дахлсизликка эга эди.
- Улар мендан нима хоҳлашди? Ахир бу ишдан четда эдим. Агар чиндан ҳам коррупцион жиноятларда қатнашганимда, Швейцария ва АҚШ аллақачон қонунбузарликни аниқлаган бўлишарди. Улар тўрт йил давомида кўплаб маълумотларни қидиришди. Банкдаги ҳисобларимни текширишди, уйимда тинтув ўтказишди. Ваҳоланки, Швейцарияга Блаттер иши бўйича гувоҳ сифатида боргандим. Мен - топ-тозаман, менга қарши ҳеч нарса йўқ! Аммо улар айнан «ҳеч нарса»дан шунча можаро чиқаришди. ФИФА Блаттер билан боғлиқ жиноятни топиб, уни менга қарши ишлатди, гарчи мен ўша вазиятда гувоҳлик вазифасида турган бўлсам ҳам. Швейцария суди мени оқлаганидан кейин эса, ФИФА санкцияни бекор қилмади! Шу тариқа Платинини ишдан олишди, касбидан маҳрум қилишди - бу ҳақиқий ҳукм эди.
- Энди катта эҳтимол билан катта футбол сиёсатига тезроқ қайтмоқчи бўлсангиз керак?
- Тўрт йил давомида бу саволни ўзимга бир неча марта бериб кўрдим. Қачонлардир ФИФА президентлиги сайловларида қандай ҳолатда бўлсам, ҳозир ҳам шундайман, ўшанда номзодимни қўйишим керакми, йўқми, билмаганман. Бугун - хоҳлайман, эртага - йўқ... Бугун қанчалик истасам, эртага шунчалик хоҳламайман! Ёки аксинча. Бу шахсий иккиланиш!
- 6 сентябрь куни Швейцариянинг TSR каналига берган интервьюнгизда қатъийроқ кўрингандингиз. «Мен қайтаман», дегандингиз...
- Ҳа, мен қайтаман. Аммо вақтим етарли, шошилишга ҳожат йўқ. Ахир майда ФИФА президентини танлаб бўлишди, кейинги сайловлар тўрт йилдан сўнг ўтказилади.
- Аммо бошқа сайловлар ҳам бор - бунга бир йилдан камроқ вақт қолди...
- Нимага шаъма қилаётганингизни тушундим... Бу ҳақда менга кўпчилик гапирди (Оливье Руайе томон ўгирилди). Франция футбол федерацияси президентлигига сайловлар ўтказилади (Руйе жилмайганча: «Тушундим, аҳмоқ эмасман!») деди. Айримлар номзодимни қўйишимни тавсия қилишмоқда, бошқалар эса: «Бу фаолиятингда пасайиш бўлади! Федерацияда нима қиласан, ахир сен УЕФА президентлигида ишлагансан!» дейишмоқда. Аммо барибир, ушбу сайловларгача бир йил бор, мазкур масалани ҳали жиддий муҳокама қилиб улгурмадим.
- «Эскисига қайтиш йўқ, бошқа бирор нарса билан шуғулланаман», дея бир неча марта таъкидлагандингиз. Агар шундай бўлса, қайси вариантлар чиқариб юборилади?
- Рафиқам айтганидек, ҳақиқий муҳаббат ҳаётда бир марта бўлади. Шундай экан, айрим вариантлардан шу заҳоти воз кечиш мумкин, хусусан, УЕФАга энди кирмайман.
- Лекин на федерация, на ФИФАда ишладингиз...
- Шундай мақол бор: «Йўқотилган нарсага ачинма - олдинда бундан яхшироғига эришишинг мумкин». Кўрамиз, одамлар менга қандай муносабатда бўлишаркин, қандай таклифлар тушаркин.
- «Одамлар» деганда оддий мухлисларни назарда тутяпсизми ёки футбол жамоатчилигиними?
- Жаҳон, Европа, Франция футболида ҳукмронлик қилаётганларни назарда тутяпман... Мени ишдан олишганида ҳаммалари чўчиб қолишди. Кўрамиз, ҳозирги ҳолатимда ким мен билан боғланаркин. Сўнгги тўрт йил ичида кўплаб клубларнинг раҳбарлари ўзгарди. Вазият жуда жўшқин.
- Демак, 8 октябрдан кейин айрим «одамлар» сиз билан боғланиб, сизни қўллаб-қувватлашга тайёр эканликларини билдиришса, кўнишга (ва Франция футбол федерацияси президентлиги сайловида номзодни қўйишга) тўғри келаркан-да...
- Балки, кўпчилик ўзини намоён этишга уринмайди - аввалгидек, мени масофадан туриб яхши кўришаверади (кулади).
- Раҳбарликни қўмсаяпсизми?
- Дастлаб, ҳеч ким эмаслигимни қабул қилиш қийин кечди. Авваллари қандайдир ўзгаришлар, янги қоидаларни ўйлаб чиқиш жараёнида қатнашардим. Энди эса журналистларнинг ҳеч бири бу борадаги фикрим билан қизиқмаяпти.
- Франция футбол федерацияси президенти Ноэль Ле Гре билан муносабатингиз қандай?
- Ҳеч қандай яқинлигимиз йўқ.
- Унинг яқинда «ирқчилик кайфиятидаги ҳайқириқлар янграганда ўйинни тўхтатиш кераклиги» ҳақидаги гапларига қандай муносабат билдирасиз?
- Бу фикрларга қўшилмайман.
- Демак, сизга фарқи йўқ. Италияда ишқибозларнинг увиллаши, Францияда футболчиларнинг ҳақоратланиши ташвишлантирмайдими?
- Аҳамият бермайман. 50 йил мобайнида стадионлар эркин ҳудуд бўлган - нимани хоҳласангиз, шуни қиласиз. Футболчилар шундай хунук ҳолатлар, ҳақоратларни ҳазм қилишни билиши керак, ахир биз - «миллионерлармиз». Шундай яшаганмиз. Лекин ҳаёт ўзгармоқда, эндиликда ҳамжамият беҳуда нарсалар учун «лойга беланиш»га шунчаки қараб туролмайди. Бу ўз-ўзидан тушунарли.
- Оливье Руйе ноўрин баннер ва ҳайқириқлар учун жамоалардан очко олиб ташлаш ташаббуси билан чиқди. Шунга қўшиласизми?
- Инқилобий таклиф, аммо жасорат топиб, уни қабул қилиш керак. Муаммо шундаки, биргина санкциялар билан ҳеч нимага эришиб бўлмайди. Агар фарзандингизга шакар ейишни тақиқлаб, нега бундайлигини тушунтирмасангиз, у айтганингизни қилмайди, янада кўпроқ шакар истеъмол қилишга тушади. Мухлислар етакчилари билан алоқа ўрнатишингиз, ўз позициянгизни тушунтиришингиз, уларни тинглашингиз керак. Акс ҳолда, фанатлар барчасини қатъий ҳукм сифатида қабул қилишади, ўзларини мезбондек тутадиган трибуналарида бошқалар ҳукмронлик ўрнатишга интиляпти, деб ўйлашади.
- Мана, сизнинг сайловолди нутқингиз ҳам тайёр!
- Яхши нутқ... аммо арзимаган мавзуда (кулади).
А.ҲАМИДОВ тайёрлади.
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20