Қайднома

Қидирув

«Томоша»лар тажрибаси

«Томоша»лар тажрибаси

  06.11.2019 05:08
  0
  505
«Томоша»лар тажрибаси

Ҳозир мамлакатимиз футбол аҳлининг фикр-ёди Вадим Абрамов бошқарувидаги миллий жамоамиз ва Саудия Арабистони термаси ўртасида кечадиган ЖЧ-2022 саралаш баҳси билан банд. Ҳамманинг хаёлида битта савол: «Ўйин жараёни қандай бўлади?» Дарҳақиқат, муҳим баҳс сценарийсини қайси терма жамоа белгилайди? Учрашув дебютида қайси бири муҳим: ҳимояланишми ёки ташаббусга эришиш? Гарчи Саудия Арабистони ва Қирғизистон терма жамоалари савиясини солиштириш бироз ноўрин бўлсада, Вадим Абрамов 9 ноябрь кунига белгиланган «ўртоқлик»да мана шу саволларга жавоб излайди, назаримизда. Дейлик, терма жамоамиз учрашув бошидаёқ ташаббусга эришиб, рақиб дарвозасига гол урди ва ғалабани кўзлаб келган саудлар қутуриб олдинга ташланишди. Хўш, бундай вазиятда жамоамиз қайси йўлни танлайди: ҳужумга ҳужум билан жавоб қайтаришними ёки ҳимояланишни? Бу масала янги саволларни туғдиради: ҳимояланиш жараёнида футболчиларимиз руҳияти босимга қай даражада дош беради ёки мунтазам ҳужумкор ўйнаш ҳолатида жамоамиз жисмоний жиҳатдан толиқиб қолмайдими?

Агар Вадим Абрамов фақат ўзигагина аён сценарий асосида иш тутса, Қирғизистон термаси билан ўтказиладиган ўртоқлик учрашувида бу каби саволларга жўяли жавоб топиш имкони мавжуд. Фикримизча, ўтган ҳафта якунида евроанераларда юз берган футбол воқеалари бу борада Вадим Абрамовга тажриба мактаби вазифасини бажариши мумкин. Масалан, «Манчестер Сити» - «Саутгемптон» ва «Астон Вилла» - «Ливерпуль» учрашувларида АПЛ турнир жадвали қуйи қисмида жойлашган жамоалар биринчи бўлиб гол урди. Ҳар икки етакчи эса ирода кўрсатди ва ғалаба қозонди. Гоҳо ўйлаб қоласан киши: Хосеп Гвардиола ва Юрген Клопп каби тажрибали мураббийлар кучсизроқ жамоаларга қарши кечадиган учрашувларда футболчилар иродасини шу тахлит синовдан ўтказишмасмикан? Очиқроқ айтсак, атайлаб биринчи бўлиб гол қўйиб юбориш тактикаси бордек уларда. «Сити» ёки «Ливерпуль» ЕЧЛ доирасидаги муҳим учрашувда кутилмаганда, биринчи бўлиб гол қабул қилиши мумкин-ку?! Шундай қалтис вазиятда Муҳаммад Салоҳ ва Жоржиньо Вейналдумни алмаштириш қандай наф келтиради? «Астон Вилла»га қарши кечган баҳсда Юрген Клопп шу саволга жавоб излади ва натижадан кўнгли тўлди. Аниқроғи, у ўтган мавсумдаги тажрибаси эскирмаганини яна бир бора синаб кўрди. Умуман олганда, юқоридаги ҳолатлар балки Юрген Клопп ёки Хосеп Гвардиола тафаккур оламига боғлиқ эмасдир. Эҳтимол, АПЛ раҳбарияти рақобатни кучайтириш мақсадида етакчи жамоаларга шундай талаблар қўяр...

Ҳарқалай, Европада футболни бизнес бошқаради ва ўйинларнинг қизиқарли ўтишидан ҳамма манфаатдор. Инглизлар бу борада қандайдир қизиқарли усулларни ўйлаб топишдан эринишмайди. Шарт шуки, аввал гол қўйиб юборасан, кейин эпласанг, ғалаба қозонавер. Бу ҳам мухлисларни стадионга чорлашнинг бир йўлидир. Акс ҳолда, кучли жамоалар «гегемон»лиги таъсирида ўйинларга қизиқиш сусайиб кетади. Албатта, мабодо ютқазсанг, «МЮ» каби ўйиндан ўпкала! «Сити» ва «Ливерпуль» вазиятига тушган «МЮ» камтарин, лекин қайсар «Борнмут»ни енголмади. Ҳолбуки, енгишига имкон йўқ эмасди. Енголмадими, айб - «МЮ»нинг ўзи ва ўйинида. Қонун-қоида барча учун бир хил.

Қарангки, АПЛ бу каби ёндашувда ёлғиз эмас, шекилли. Ютиб турган «Барселона» қандай қилиб, «Леванте»дан кетма-кет 3та гол қабул қилди? Гап бош мураббийдами ёки «Барселона»га қайсидир кучсиз жамоадан енгилиш навбати келганди? «Реал»-чи, у нима сабабдан «Бетис»ни аяди? Ёки бу жамоани енгишга ўзида куч тополмади? Абсурд! Чўпчак!

Тўлиқ бўлмаса-да, футбол бизнес дунёси хархашаларига қулоқ тутмоқда, чоғи... Ана, қасос учун «Айнтрахт»га айнан 5:1 ҳисоби керак эди ва учрашувда «Бавария», ҳа, «Бавария» шу ҳисобда мағлубиятга учради. Бу сунъий саҳналаштирилган спектаклми ёки ҳақиқий томоша?! «Навбаҳор» - «Насаф» учрашуви-чи? Голидан қувониб мингга қўйиб югурган Азиз Ибрагимов сўнгги сонияларда юз беражак голни тасаввур қилармиди? Тасаввур қилганида, бундай қувониб югуролмасди. Унда гол Голбаннинг виждонига ҳаволами ёки «Насаф»нинг иштиёқи шу тариқа тақдирланди? Билмадик... Билмадик... Бу - шунчаки, бизнинг мулоҳазаларимиз. Ўйинга пул тикиб роҳатланадиган евротомошабин бу хусусда ўйламагани аниқ.

Муҳаммад ВАЛИ, "ИнтерФУТБОЛ" нашри 


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz