Қайднома

Қидирув

Роналду: «КЕЙИНЧАЛИК ҲАМ МЕНИ ГАПИРИШЛАРИНИ ИСТАЙМАН»

Роналду: «КЕЙИНЧАЛИК ҲАМ МЕНИ ГАПИРИШЛАРИНИ ИСТАЙМАН»

  06.11.2019 09:14
  0
  762
Роналду: «КЕЙИНЧАЛИК ҲАМ МЕНИ ГАПИРИШЛАРИНИ ИСТАЙМАН»

France Football журналистларининг Туринга ташрифлари ўз-ўзидан «Олтин тўп»га даъвогарлик қилаётган Криштиану Роналду коэффициентини кўтариб юборди. Обрўли нашр «Юве» етакчисидан алоҳида интервью олгач, кўпчилик Роналдуга нуфузли совриннинг янги соҳиби сифатида қарай бошлади. Шу-шу машҳур тўпурар хорижлик касбдошларимиз қуршовида бўлиб турибди. Қуйида унинг France Football нашри вакиллари билан мулоқотига бирров назар ташлаб, энг эътиборли фикрларига эътибор қаратишни лозим кўрдик.

Энг юксак шахсий натижалари

- 19-20 ёшли пайтда футболнинг асосий моҳиятини тушундим - рақамлар, совринлар, рекордлар ва голлар. Бунинг учун эса алоҳида иқтидор керак, истеъдодсиз ҳеч вақога эришиб бўлмайди. Лекин иқтидорнинг ўзи наф бермайди, меҳнат ҳам зарур. 700та гол - ҳайратланарли натижа, бу маррани саноқли футболчилар забт этишгани мендаги фахр ҳиссини янада оширади. Айтингчи, қайси футболчи менинг ёшимда «Ювентус»дек номдор жамоада бинойидек тўп сурган?

Энг чиройли голи

- Шахсан ўзимга «Ювентус» дарвозасига урган голим маъқул. Дарвозани қайчи усулида ишғол этишни йиллар давомида орзу қилганман. Эҳтимол, «Юве»га қарши баҳсда урилгани фаолиятим давомидаги энг чиройли голдир. У узоқ вақт хотирамда қолиши аниқ.

Бошқа чемпионатлар

- Англия футболи Испания ва Италияникидан кескин фарқланади. Умуман, шу 3та чемпионатда ҳам тўп сурганим камолотга эришишда муҳим роль ўйнади. Агар янги синовлар, янги рақиблар билан куч синашиш, қийинчиликларни бартараф этишни ёқтирмаганимда, ҳозирги даражага кўтарилолмасдим. 33 ёшда Туринга йўл олганим кўпчиликни ажаблантиргани ҳам рост. Амалда ўтган мавсум «А» сериянинг энг яхши футболчиси бўлдим. Демак, янги жамоага ҳам, янги мураббийга ҳам тезда мослашаман. Жумладан, клубдан терма жамоа ўйинига ҳам.

«МЮ»даги даври

- Агар инсонда озгина фаросат бўлса, у ёнидаги шеригининг ишлари, ҳаракатларидан ибрат олади. Шу маънода айтсам, «МЮ»да Гиггз, Скоулз, ван Нистелрой, Фердинанд каби жамоадошларимдан кўп нарсалар ўргандим. Йўқ, тақлид қилмадим, шунчаки, уларнинг усулларини ўз ўйинимга мосладим. Шунингдек, янги даражага чиқишимда сэр Алекс Фергюсоннинг ҳиссаси салмоқли. Айнан у туфайли нафақат рақибларимни алдаб ўтиш ва узатмалар бериш, балки гол уришни ҳам уддалай олишимга кучлироқ ишона бошладим.

Маҳорат сайқали

- Бу борада заиф томоним йўқ, менимча. Дейлик, оёқларим ва бошим билан гол уряпман, жисмоний қувватим, тезлигим талаб даражасида.

Месси билан рақобат

- Бу баҳс бор куч маҳоратимизни ишга солишни тақозо этди. Юксак рақобат  таъсирини «Реал»да «МЮ»дагидан кучлироқ ҳис этдим. Босим шунга яраша эди. Қисқаси, рақобат иккимизга ҳам катта манфаат келтирди.

Омадсизлик ва жароҳатлар

- Ёш футболчиларга эътибор беринг. 25-27 ёшли юксак салоҳият соҳиблари жароҳатланиб, майдонга тушолмаяптилар. Нима, бу тасодифми? Кўпчилик жароҳатни омадсизликка йўяди. Сабаби нима? Ҳаётда ҳар ким танлаш имкониятига эга - кимдир омадга талпинади, бошқаси омадсизликка йўлиқади. Мен эса биринчисини танлаганман. Демакки, омад келтирадиган ишга қўл уриш муҳим. Яратган ҳаммасини кўриб туради. Барчасига қатъий тартибга амал қилиш орқали эришдим. 2-3 йил юксак спорт формасида юриш бошқа, 16-17 мавсум барқарорликни сақлаб туриш бошқа. Нима, бу ҳам иқтидорга боғлиқми? Йўқ, бундай эмас.

«Локомотив»га қарши ўйин

- Ҳа, биз футбол ўйнашдан воз кечиб, ўз дарвозаси олдида «автобус»ни кўндаланг тўхтатиб қўйган жамоага қарши тўп сурдик. Гол уришга қийналдик, мен уролмадим, бундан роса аччиқландим. Муҳими, жамоам якунда ғалаба қозонди ва кийиниш хонасида ғазабим чекинди.

Интизом масаласи

- «Локомотив»га қарши баҳсдан кейин дўстларим билан тамадди қилиб, тонгги соат 4да уйга қайтдим. Бир стакан муздек сув ичиб, уйқуга кетдим. Соат 10гача ухладим, 11да нонушта қилиб, машғулотга йўл олдим. Хуллас, интизомга амал қилмасангиз, 15 йил чўққида юролмайсиз...

Иштиёқ ва бурч

- Ўзимга қолса, фақат энг муҳим учрашувларда тўп суришни хоҳлайман -  - Португалия терма жамоаси ва ЕЧЛда. Бундай ўйинлар қўшимча куч, иштиёқ бағишлайди. Чунки улар кўп нарсани ҳал қилади. Умуман, менга мураккаб вазиятда, босим остида ўйнаш ёқади. Аммо профессионаллик бурчим ўз вазифамни ҳалол адо этиш, оилам, клубим ва жамоадошларимга ҳурмат сақлашни талаб этади.

Нобель мукофоти

- Бу соврин ҳақидаги мақолаларни қизиқиш билан ўқийман, одамлар нималарни кашф этишгани, яратишгани ва ривожлантиришганини билиш қизиқарли. Изланувчан ихтирочиларнинг Нобель мукофоти мен учун «Олтин тўп»дир.

Истиқбол

- Қачондир фаолиятим якунига етгач, мухлислар мен ҳақимда гапиришларини, фантастик ўйинчи сифатида эътироф этишларини истайман. Ҳозир улар нималар дейишаётганини эшитиб юрибман. Лекин фаолиятим охирида бундай бўлмайди. Бу аниқ. 15 йил ичида футбол йўлида кўп неъматлардан воз кечдим. Вақти келиб, ушбу қурбонликлар мевасини татиб кўраман. Яқинларим даврасида ҳаётдан лаззатланиб, фарзандларим нималар билан банд эканликлари, қандай ўқишаётганини кузатаман. Бироқ ҳозир эмас. Ҳали футболга кўп нарса бера олишимга ишонаман.

А.ҲАМИДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz