Қайднома

Қидирув

Қўрқоқ эмас ботир ёки ўзлигини топган "Раҳимбой" ҳақида...

Қўрқоқ эмас ботир ёки ўзлигини топган "Раҳимбой" ҳақида...

  07.11.2019 09:08
  0
  855
 Қўрқоқ эмас ботир ёки ўзлигини топган

«Манчестер Сити» Европа ЧЛ гуруҳ босқичи 3-турида «Аталанта»ни чинакамига маҳв этди - 5:1. Бу ўйинни такроран эсга олишимизнинг асосий сабабчиси - Раҳим Стерлинг. Чунончи, атиги 11 дақиқа ичида «хет-трик» қайд этган вингер нуфузли турнирда шундай натижага эришган англиялик 8-футболчи бўлди.

Раҳим жорий мавсумни «Вест Хэм»ни 3та гол билан «сийлаш» асносида бошлаганди. 14 октябрь оқшоми эса Англия миллий жамоасининг Болгария термасига қарши ўйинида яна 3 балл (2та гол + 1та самарали узатма) тўплади. Мазкур кўрсаткичлар ҳужумкорликни хуш кўрувчи Стерлингнинг турли мусобақаларда бирдек сермаҳсул тўп сураётганидан далолат. Талабчан Хосеп Гвардиоланинг юксак эътирофи ҳам бежиз эмас, албатта. «Раҳимнинг клуб футболида ҳам, терма жамоа сафида ҳам самарадорликни ўрнига қўяётганидан беҳад мамнунман. Умид қиламанки, бу мақтовим унга салбий таъсир қилмайди. Тан олайлик, ҳозир ҳам ҳеч қайси футболчи Роналду ёки Мессига тенглашолмайди. Хўш, Стерлинг Англияда тенгсизми? Буни билмайман. Билганим шуки, у доимо меҳнатсеварлиги билан ажралиб туради - ажойиб йигит. Аввало, унинг айни шу фазилатидан ҳайратдаман», - деганди каталониялик мураббий Стерлинг ва дунёнинг етакчи ҳужумчилари хусусида берилган саволга жавобан. Дарҳақиқат, Пепнинг суюкли шогирдига айланган Раҳим август - октябрь оралиғида клуби ва терма жамоасида жами 18та гол уришдан ташқари, 9та самарали узатма муаллифига айланди. Қойилмақом статистика, тўғрими?

Лекин танганинг иккинчи томони ҳам бор: Раҳим ҳанузгача болаларга хос қитмир қилиқларидан воз кечолмаяпти. Қолаверса, у турли можаролар, ўзига нисбатан ҳурматсизлик муҳитида ана шундай самарадорлик қайд этмоқда.  Ўзи англиялик мухлислар Стерлингни «Ливерпуль» сафидаги номақбул хатти-ҳаракатлари туфайли ёқтирмай қўйишган. Ўсмирлик чоғиёқ асосий таркибдан ўрин олган иқтидор соҳиби кейинчалик клуб билан шартнома масаласида келишолмади. Ўша вақт «Танқидлар бир томондан келиб, иккинчи тарафдан кетаверади...», - деганди Стерлинг хотиржам оҳангда. «Ливерпуль» 2015 йили ҳозиргидек барча мусобақаларда фақат ғалабага интиладиган қудратли жамоа эмасди. «Муаммо илдизи моддий манфаатга бориб тақалмайди. Ҳа, 20 ёшли йигитчаман, аммо мени пулга ўч очкўз футболчи ўрнида кўрманглар. Шунчаки, ҳамиша ғалаба қозониш ва совринлар ютиш ҳақида ўйлайман. Мен учун энг муҳими шу...» - ҳужумкор ўйинчи «Ливерпул»дан кетиш чоғи шундай дангал фикр билдирганди. Қисқаси, ёш футболчи кейинчалик тажрибасизлиги ортидан мухлислар ўртасидаги обрў-эътиборига путур етказиб қўйди. Яъни танқидларга сабр билан чидаш ўрнига ҳаммага заҳарханда киноялар воситасида жавоб қайтарди. Энг ёмони, «даҳанаки» жанглар асосан ижтимоий тармоқларда авж олди ва қисқа вақт ичида кенг ёйилиб кетди. Жумладан, Стерлинг 2014 йили чарчоқ азоб бераётганини рўкач қилиб, Эстония термасига қарши ўйинда майдонга тушмади. Боз устига, «Твиттер» орқали ўзини оқлаб, узр сўраш оқибатида мухлислар нафратини янада кучайтириб юборди: «Тушунинглар, худди сизлардек оддий инсонман. Ўйнолмаганим учун кечиринглар».

2015 йилнинг ёзига келиб, Раҳим 63 млн. евро эвазига «Манчестер Сити» сафига қўшилди. Бу келишув «Ливерпуль» учун ўта самарали бўлди: чунки Стерлингда  «қизиллар» шарафини ҳимоя қилиш иштиёқи умуман сўнганди. Вингер «шаҳарликлар» либосидаги дастлабки мавсумда камтарона статистика қайд этди - 6та гол ва 2та самарали узатма. Эҳтимолки, қимматбаҳо футболчининг бу статистикаси «Ливерпуль» мухлисларини беҳад қувонтиргандир... Аслида Стерлинг айни ўша паллаларда руҳий муаммоларга дуч келган, Евро-2016 арафасида ҳаттоки, таниқли психиатор Стив Питерс қабулида бўлганди. Англия терма жамоаси футболчилари билан яқиндан ҳамкорлик қилувчи шифокор уни якка тартибда кўрикдан ўтказди. Тўғри, Раҳим «Ливерпул»да ўйнаган вақт ҳам Питерсдан маслаҳатлар олиб турганди. «Шифокорнинг ёрдами яққол сезилди. Терма жамоада у билан кўришиб турардим. Питерснинг устун жиҳати -  футболчини айрим камчиликлардан бутунлай халос этиш. У эътиборимни фақат футболга қаратишимга ёрдам бермоқда. Бу борада муайян ўзгаришлар йўқ эмас», - деганди Стерлинг ўша муолажалар вақти. Шундан ке-йин вингернинг маҳсулдорлиги орта бошлади. У 2016 йилнинг ёзига қадар асосан ижтимоий тармоқларда болаларча фаоллик кўрсатиши билан танилганди. Табиийки, бундай ўйинқароқлик футбол бобидаги тараққиётига салбий таъсир ўтказмай қолмади. Умуман, Стерлинг таблоидларнинг доимий «ўлжа»сига айланиб қолганди. У ҳаттоки, Европа чемпионатидан кейин ҳам ўз ташвишларини турли кўнгилхушликлар эвазига унутишга ҳаракат қилиши ҳақида рўй-рост ёзганди.

Хосеп Гвардиола «Манчестер Сити» бошқарувини қўлга олганидан кейингина Стерлингнинг фаолияти тўғри йўлга туша бошлади. Айтиш мумкинки, испаниялик мутахассис Англия футболига қадам қўйишига қадар бир қатор мураббийлар Раҳимнинг иқтидоридан унумли фойдаланолмадилар, унинг тезкорлиги қанотда кўпроқ манфаат беришини таъкидлайвердилар. Натижада Стерлинг кўпроқ ўз жамоадошларини тўп билан таъминлаш ҳақида ўйлайдиган, ташаббусни ўз қўлига олишдан чўчийдиган бўлиб қолди. Охир-оқибат, унинг маҳсулдорлиги паса-йиб кетди. Гвардиола эса «Сити»даги илк кунлардан  Раҳимнинг етакчиликка мойил эканлигини сезди. Янги бош мураббий давридаги ижобий ўзгаришларга ҳаммадан кўра, Стерлингнинг ўзи аниқроқ таъриф беради: «Пеллегрини мендан тўпни олишим билан уни жамоадошимга узатишимни талаб қиларди. Бунинг оқибатида ўзим ёқтирган услуб - рақибларни алдаб ўтиш имкониятидан маҳрум бўлдим. Мураббий маш-ғулотларда ҳам ўйинимга умуман бегона одатларни сингдиришга уринди. Шу тариқа бутун мавсум азоб-уқубат ичида тўп сурдим». Орадан 1 йил ўтди, яна ўша куз фасли, яна ўша Раҳим Стерлинг. Аммо оҳанг тамоман ўзгача: «Сўнгги пайтлар «Ниҳоят, янги Стерлингни кўряпмиз» қабилидаги гапларни кўп эшитяпман. Дастлабки мавсум мен учун ўта мураккаб кечди. Лекин ҳозир Гвардиола ҳар бир ҳаракатимни олқишламоқда. Арзимас икир-чикирлар ҳам унинг эътиборидан четда қолмаяпти». Каталониялик мураббийнинг саъй-ҳаракатлари 1,5 йилдан кейин яққол бўй кўрсата бошлади. Ўшанда Пеп илк бор англиялик шогирдининг талаб даражасида тўп сурганини эътироф этди. У «Борнмут» устидан эришилган йирик ҳисобли ғалаба (4:0)дан сўнг асосан голлардан бирига муаллифлик қилган Стерлинг хусусида фикр билдирди. Гвардиоланинг энг муҳим ибораси қуйидагича янграганди: «Назаримда, у қўрқув ҳиссидан қутулгандек». Стерлингнинг охирги 5 мавсумдаги кўрсаткичлари мураббий 100 фоиз ҳақ эканлигини исботламоқда. Боз устига, Раҳим илк мавсумда бир қатор ноаниқ зарбаларни ҳам амалга оширганди. Кейин ҳаммаси изга тушди:

Мавсум-2014|2015 («Ливерпул»да) - 35та ўйин, 7та гол, 9та самарали узатма

Мавсум-2015|2016 («Манчестер Сити»да) - 31та ўйин, 6та гол, 2та самарали узатма

Мавсум-2016|2017 («Манчестер Сити»да) - 33та ўйин, 7та гол, 12та самарали узатма

Мавсум-2017|2018 («Манчестер Сити»да) - 33та ўйин, 18та гол, 15та самарали узатма

Мавсум-2018|2019 («Манчестер Сити»да) - 34та ўйин, 17та гол, 13та самарали узатма

Энди Стерлингга оид қўшимча қизиқарли маълумотлар билан танишиб чиқамиз. Аҳамиятли жиҳати шундаки, Гвардиола унга бошқа шогирдларига нисбатан кўпроқ ишонч билдирмоқда. Жорий мавсум старти арафасида Раҳим «шаҳарликлар»нинг Гвардиола давридаги энг фаол футболчиси эканлиги ойдинлашди. Яъни 174та учрашувда 144 марта майдонга тушди. Унинг энг яқин таъқибчиси - Давид Сильва ҳисобида 135та ўйин бор эди. Лерой Сане, Фернандиньо ва Кевин де Брюйне ҳам 100та ўйин маррадан ўтишган, аммо факт шуки, бу борада Стерлинг яққол пешқадам.

Мунтазам иштирок мунтазам тан-қидлардан далолат беради. Фикримиз исботи сифатида Англия кубоги финалини келтириш мумкин. «Сити» 6:0 ҳисобида зафар қучди, Стерлинг «хет-трик»ка эришди, мухлислар байрам билан бандлар. Лекин устоз шогирдини ҳимоя чизиғида йўл қўйган камчиликлари учун койиди! Гвардиола ўйиндан кейинги матбуот анжуманида ҳам Стерлинг хатолари хусусида тўхталиб, уни бежиз койимаганлигини тушунтириб берди. Мураббийнинг асосий мақсади - бир лаҳза бўлсин, тараққиётдан тўхтаб қолмаслик. Ҳаттоки, ҳал қилувчи баҳснинг бош қаҳрамони ҳам бундан мустасно эмас. Асосийси, Гвардиола билан тиғиз ҳамкорлик таъсирида вингерда ғолиблик менталитети шаклланди. 2018 йилнинг ноябрида Пеп бу борада шундай деганди: «Авваллари Стерлинг тўпни эгаллаганида, нима қилишини билмасди, доимо шеригини изларди. Мен эса унга гол уришга интилиши кераклигини уқтирдим, ҳаттоки, уролмаса ҳам, шундай қилишини тайинладим. Майдонда тажовузкор бўлиш лозим. Шунда аста-секин ғолиблик руҳияти шаклланади».

Раҳим Стерлинг энди 24 ёшга тўлди. Англия терма жамоаси аъзолари ундан маслаҳат сўрашади, мухлислар гол кутадилар, рақиблар эса қўрқадилар. Энди Стерлинг - универсал ҳужумкор жангчи. Ҳар ҳолда, тиниб-тинчимай тўп суриш асносида АПЛнинг энг ёрқин жамоаларидан бири ўйинини бошқармоқда. Шу ўринда Раҳимнинг барқарорлик фазилатини алоҳида эътироф этиш керак. Давид Сильва анчадан буён бемор фарзанди муаммолари билан овора, Серхио Агуэро ва Габриэль Жезус битта позиция бутунлигини таъминлашмоқда, Кевин де Брюйнега эса жароҳатлар халақит бермоқда, Фернандиньога фахрийлик ёши. Фақат Раҳим Стерлинг энди муаммолардан йироқ. Унинг биргина ташвиши - юксак савияда тўп суриш. Чунки кечаги қўрқоқликдан қутулиб, ботирга айланди, буткул ўзлигини топди. Гвардиола кўмаги билан, албатта...

А.ҲАМИДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz