Қайднома

Қидирув

Родриго Гоэс: «Зидан билан танишганимда, баданим титраганди»

Родриго Гоэс: «Зидан билан танишганимда, баданим титраганди»

  08.11.2019 01:56
  0
  996
Родриго Гоэс: «Зидан билан танишганимда, баданим титраганди»

«Реал»нинг 18 ёшли янги юлдузи Родриго Гоэс «Сантьяго Бернабеу»да мадридликларнинг бошланғич таркибида илк марта майдонга тушиб, ушбу стадиондаги дастлабки голини урди. У Примеранинг 11-туридан ўрин олган «Леганес»га қарши баҳс (5:0)дан олдин Бразилия порталига интервью бериб, Винисиус Жуниор ва Зайниддин Зидан билан муносабатлари, ЧЛда Неймар билан учрашиш эҳтимоли борлиги ва бошқа мавзулар юзасидан фикр билдирди.

- Ушбу ҳафта ЧЛ доирасидаги баҳсда бошланғич таркибда майдонга тушдингиз, Бразилия термасидан чақирув олдингиз, «Сантьяго Бернабеу»да илк голингизни урдингиз. Ҳозир нималарни ҳис қиляпсиз?

- Жудаям бахтлиман. Боиси, орзум амалга ошди. Мен учун майдонда бир неча дақиқа тўп суриш ҳам ижобий ҳолат. Аммо Зайниддин Зидан мени бошланғич таркибда майдонга туширди. Бундан-да ажойиб ҳафта бўлмаса керак. Берилган имкониятдан унумли фойдаландим, менимча. Бразилия термасига чақирилганим ҳам шундан далолат бериб турибди.

- Эрта муваффақиятга эришганларни омадли дея таърифлашади...

- Бу фикрларга қўшиламан ва шу руҳда давом этаман.

- «Реал» таркибида 10 нафар форвард бор. Ҳужум чизиғидаги рақобат борасида нима дейсиз?

- Бунга хотиржам қарайман ва ўз устимда ишлашда давом этаман. Зидан барчамизга бир хил муносабатда бўлмоқда, демак, ҳар биримизга имконият берилади. Мен билан худди шундай ҳолат юз берди. Биз жамоада ҳужумчилар ўртасида катта рақобат борлигини биламиз, мазкур ҳолатда энг маъқул йўл - берилган ҳар қандай имкониятдан самарали фойдаланиш.

- Винисиус Жуниор билан рақобатга қандай бардош беряпсиз?

- У билан ҳам клубнинг бошқа футболчилари каби рақобатдаман. Лекин бу соғлом рақобат. Жуниор билан яхши дўстлармиз, жамоадошмиз. Шу боис, ушбу мавзу бўйича гаплашмаймиз: буни муҳокама қилишга ҳожат йўқ. Бундан ташқари, Винисиус ҳар куни менга жуда кўп ёрдам беради: у «Реал»га мендан бир йил олдин келган. Одамлар бизни Бразилиядаёқ бир-биримизга қиёслашни бошлашган. Бироқ буни ҳеч қачон жиддий қабул қилмаганмиз: биз доимо дўст бўлиб қоламиз ва ҳар доим бир-биримизни қўллаб-қувватлаб, умумий муваффақият учун қўлимиздан келганича ҳаракат қиламиз.

- Зайниддин Зидан билан муносабатингиз қандай?

- Ўтган йили мадридликлар таркибидан ўрин олганимда, у билан танишишга имконият бўлмаганди, чунки Зидан ҳали жамоага қайтмаганди. У билан танишганимда эса баданимда титроқ турди. Зидан бошиданоқ менга яхши муносабатда бўлди, ундан кўп нарса ўргандим. Жорий мавсум аввалида жароҳатланиб, тушкунликка тушдим, ҳаттоки, ғамга ботдим. Бироқ Зидан ҳар куни мени қўллаб—қувватлаш ва суҳбатлашиш мақсадида тиббий қароргоҳга ташриф буюрди. Бу эса ўз фикрларимни жамлаш, жароҳатимдан тезроқ фориғ бўлишга ундади. Бош мураббийимизнинг мадади менга ишонч бағишлади ва «Реал»­га янада кучлироқ бўлиб қайтдим.

- Жамоада руҳлантирувчи вазифасини ўтайдиган футболчи ким?

- Шубҳасиз, бу - Каземиро: у муваффақиятини яна такрорлаш ниятида машғулотларда қандай эпчиллик билан машқ бажараётганлигини кўрсангиз эди! Каземиро - ўсишга эришишимиз учун ҳақиқий намуна, жамоа­миз етакчиси. Шунингдек, у бразилиялик футболчиларнинг дангасалиги борасидаги фикрларнинг ўзгаришига ҳам сабабчи бўлди. Каземиро доимо: «Тренажёр залига кетдик», «Келинг­лар, муз солинган тикланиш ваннасини қабул қиламиз», «Машғулот ўтказгани кетдик», дейди. У чиндан ҳам бизни руҳлантиради.

- Сиз билан суҳбат давомида Неймар ҳақида эсламасликнинг иложи йўқ: икковингиз ҳам «Сантос» клуби тарбияланувчилари ҳисобланасиз ва 26 ноябрь куни Мадридда «ПСЖ»га қарши кечадиган баҳсда бир-бирингизга қарши майдонга тушишингиз эҳтимоли ҳам йўқ эмас...

- Ҳеч қачон Неймарга қарши ўйнашимга тўғри келмаган, унга қарши майдонга тушишни хоҳламайман. Бўлажак баҳсда Неймар ўйнамаса яхши бўларди (кулади). Неймар - ўзгача футболчи, унинг иштирокидаги ҳар бир ўйин қизиқарли ва томошабоп кечади. Ҳимоячиларимиз 26 ноябрь кунги баҳсда Неймарни тўхтатишнинг уддасидан чиқишади, деган умиддаман.

- «Реал»га тўлиқ мослашдим, деб ўйлайсизми?

- Салкам 100 фоизга мослашдим. Чунки Мадрид - мўъжизавий шаҳар, «Реал» эса жаҳоннинг энг яхши клуби. Шунинг учун бу ерга ўрганиш осон бўлди.

- Ҳали анча ёшсиз. Шу сабабли, Каземиронинг йўлидан боришни истайсизми? У тажриба тўплаш ниятида Португалиянинг «Порту» клубида ижара асосида тўп сурганди...

- Бошқа клубга ижарага кетишни хоҳламайман, аксинча, «Реал»да қолиб, жамоадаги ўрним учун курашишни истайман. Айни пайт жаҳоннинг энг улкан клубидаман. Нима учун бу ердан кетишим керак?

У.УМАРОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz